«Тайёр туринг, барчангизни йўқ қиламан!». Туркиядаги ҳужумлар тафсилоти ва тадқиқотлар


Сақлаш
12:11 / 22.04.2026 12 0

Сўнгги йилларда мактаблардаги отишмалар бутун дунё, айниқса, қурол эркинлиги берилган АҚШни хавотирга солаётган, тез-тез содир бўлаётган муаммога айланди. Куни кеча Туркия таълим муассасаларида ҳам икки кун кетма-кет – 14-15 апрель кунлари ўсмирлар томонидан отишма ҳужуми содир этилди.

 

Ҳужумлар ортида қандай сабаблар ётади? Улар тўсатдан амалга ошириладими ёки режага асосланган ҳолдами? Қуйида отишмалар тафсилотлари ва тегишли тадқиқот таҳлиллари билан танишамиз.

 

Сиверек шаҳри

 

 

Биринчи ҳолат Туркиянинг жануби-шарқидаги Шонлиурфа вилояти, Сиверек туманида содир бўлди. Ҳужумчи касб-ҳунар мактабига бостириб кириб, тасодифий равишда ўқ уза бошлаган, оқибатда жами 16 киши яраланган. Улардан 10 нафари ўқувчи, тўрттаси ўқитувчи, полиция ва ошхона ходимлари бўлган.

Шонлиурфа губернатори Ҳасан Шилдак маълум қилишича, 2007 йилда туғилган Омер Кет айнан шу мактабнинг собиқ битирувчиси бўлган (9-синфдан кейин масофавий таълимга ўтган). Полиция уни қўлга олмоқчи бўлган вақтда Омер ўша қурол билан ўз жонига қасд қилган.

 

Мактабдагилар эвакуация қилинган. IHA агентлигининг гувоҳлар фикрига таянган ахборотига кўра, ҳужумчи аввалига мактаб ҳовлисидагиларга тартибсиз ўқ узиб, кейин бино ичида отишни давом эттирган.

 

Губернатор Шилдак ягона тасалли – ўлим ҳолатлари қайд этилмаганини таъкидлаб, ярадорлар шифохоналарга жойланганини айтган.

 

Ҳужумдан аввалги таҳдидлар

 

Ҳодиса юзасидан Туркия Ички ишлар вазирлиги ва Миллий таълим вазирликлари тергов ҳаракатини бошлаган. Ушбу жараёнда 19 ёшли Омер Кет мактабнинг инстаграм саҳифасида таҳдидли изоҳлар қолдиргани маълум бўлди:

 

 

«Тайёр туринг, бу мактабда бир неча кундан кейин ҳужум бўлади, кундуз куни тайёр туринг!», «кундузлари барчангизни йўқ қиламан», «ҳужум куни 50 кишини, биринчи бўлиб сени йўқ қиламан, мудир (директор)!» каби изоҳларига фойдаланувчилардан бири: «сен ақлан заифмисан, кимни йўқ қиласан?» деб ёзади ва «нима демоқчилигимни кўрасан» деган жавоб олади.

 

Бу таҳдидлар ҳужум аввалдан режалаштирилганини билдириб, огоҳлантирувчи сигнал бўлган бўлсада, унга эътибор қаратилмаган, тегишли чоралар ҳам кўрилмаган.

 

Тергов доирасида шунингдек, тўрт нафар амалдор: икки туман полицияси бошлиғи ва икки туман таълим бошқармаси раҳбарлари лавозимидан четлаштирилган, бир гумондор ҳибсга олиниб, дарслар тўрт кунга тўхтатилган.

 

Deutsch Welle нашрининг турк таҳририяти қайд этишича, ушбу қуролли ҳужумдан кейин таълим ва фан соҳаси вакиллари, касаба уюшмалари иш ташлаш (бир ёки бир неча кунлик) ва «Мактабларимизни зўравонликка топширмаймиз» деб ёзилган плакатлар билан норозилик намойишларига чиқиш орқали нотинч ҳолатга муносабатини билдирган.

 

 

Бундан ташқари, мамлакатдаги баъзи ОТМ фаоллари, хусусан, Анқарада 3500 дан ортиқ ўқитувчи ва талабалар ҳужумга қарши протест уюштириб, Миллий таълим вазирини истеъфога чиқишини талаб қилган.

 

Қаҳрамонмараш шаҳри

 

Юқоридаги ҳолатдан 24 соат ўтмай, 15 апрель куни Қаҳамонмараш шаҳрининг Айсер Чалик мактабида ҳам отишма содир этилди. Унда 14 ёшли (8-синф ўқувчиси) қуролланган шахс мактаб синфларига кириб ўқ узади. Гувоҳлар қайд этишича, ҳужум вақтида болада бешта қурол бўлган. Кейинчалик аниқланишича, қуроллар унинг илгари полиция инспектори бўлган отасига тегишли бўлган.

 

 

Ҳужум оқибатида 10-11 ёшли тўққиз нафар ўқувчи ва 55 ёшли бир нафар ўқитувчи вафот этди. Туркия ИИВ вазири Мустафо Чифтчи хабар беришича, 13 киши жароҳатланган. Ҳужумчи ҳам воқеа жойида ҳалок бўлган. Тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, ўзини қандай ҳимоя қилишни билмаган болаларнинг баъзилар юқори қават ойнасидан ўзини ташлаган.

 

 

Тергов доирасида ҳужумчининг онаси ҳам, собиқ полиция инспектори бўлган отаси ҳам 15 апрель куни судгача қамоққа олинган.

 

Ҳужум аввалдан режалаштирилган

 

Ҳодиса юзасидан ўтказилган терговда аниқланишича, ушбу ҳужум аввалдан режалаштирилган бўлиб, Қаҳрамонмараш Бош прокуратураси гумонланувчининг компьютерида 11 апрель санасига оид, унинг яқин келажакда кенг қамровли жиноят содир этиш ниятидалиги кўрсатувчи ҳужжат топган. Бундан ташқари, полиция ўсмирнинг WhatsApp мессенджерида 2014 йил АҚШ, Калифорния штатининг Санта Барбара шаҳри яқинида ҳалокатли ҳужум уюштириб, олти нафар талабани ўлдириб, кейин ўз жонига қасд қилган Эллиот Родгер суратига ишора қилувчи суратдан фойдаланган.

 

 

Баъзи манбаларга кўра, болада аутизм синдроми бўлган. Буни билган тармоқ фойдаланувчилари «уларни жамиятга мослашиши учун қолганлар қурбон бўлди», мазмунида норозилигини билдирган. Унинг синфдошларидан бири бу Мерсинлининг ғайриоддий ҳаракатлари ҳақида шундай дейди:

 

«7-синфда унинг жуда тушунарсиз хатти-ҳаракатлари бор эди. Биз унда психологик муаммолари бор деб ўйлаган эдик, чунки у ўзини нормал тутолмас эди. 8-синфда биз унинг видео ўйинларга қарам бўлиб қолганини, кунига 10-15 соат компьютер олдида ўтираётганини кузатдик».

 

Кейинчалик унинг инглиз тилини яхши билганлиги ва ЭРАСМУС дастури орқали Полшага боргани маълум бўлди. 14 ёшли матаб ўқувчиларидан бири Иса Арас Мерсинли дарсда баъзи ўқитувчиларга узоқ вақт тикилиб қараши ва ўқитувчилар билан конфликтларга дуч келган бўлиши мумкинлигини айтган.

 

 

Юқоридаги икки ҳолат ҳам дастлабки баҳолашларга кўра терроризм эмас, алоҳида ҳаракатга ўхшайди, деб баҳоланган. Ҳужумлар юзасидан ижтимоий тармоқлардаги 940 та аккаунт блокланиб, 93 та телеграм гуруҳи ёпилган.

 

Мамлакат бўйлаб мактабларда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. 81 вилоятдаги барча таълим муассасаларида полиция ходимларининг сони оширилиб, ҳар бир мактаб кириш қисмига камида иккитадан полиция ходими бириктирилган.

 

Мамлакат Таълим вазирлигига кўра, Туркияда 56 минг дан ортиқ расмий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, ҳар бир мактабга камида иккитадан (доимий тарзда) зобит тайинлаш учун 112 минг нафардан ортиқ ходим талаб этилади. Бу эса мамлакатнинг тахминан 280 минг кишилик полиция кучининг катта қисмини ташкил қилади.

 

Тадқиқот: Рад этилиш, умидсизлик ёки интизомий чоралар – йиғилган агрессия ва умумий «қасос»

 

Ушбу ҳолат Туркия учун бироз камёб бўлсада, дунё миқёсида, хусусан, АҚШ, Россия мамлакатларидаги мактабларда тез-тез кузатилиб туради. Жамиятда тизимли кузатиладиган муаммолар эса албатта, соҳа мутахассисларининг тадқиқот объекти бўлишга «арзийди». Мазкур ҳужумлар ҳам дунё тадқиқотчиларининг диққатидан четда қолмай, неча йилдирки, ўрганилаётган мавзуларидан саналади.

 

Тадқиқотларга кўра, бундай ҳужумлар одатда ягона сабабга кўра эмас, узоқ давр мобайнида йиғилиб қолган инқирозли хулосалар, норози кайфият, ўзини ортиқча ҳис қилиш, тан олинмаслик, ўз жонига қасд қилишга мойиллик, аввалги (шу каби) жиноятларга тақлид, қурол эркинлиги ва унга осон эришиш каби омиллар комбинациясига асосланади.

 

АҚШ Махфий хизматининг мактаблардаги зўравонлик таҳлили ва «Хавфсиз мактаб ташаббуси» ҳисоботида бу масалага алоҳида тўхтаб ўтилган. Унда энг муҳим нарса – тажовузкорни ҳужумга олиб борадиган жараён ва унинг хулқ-атвори эканлиги айтилади.

 

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мактабга ҳужум қилувчилар ягона таърифга эга эмас, улар ёши, жинси, синф даражаси, ирқи ва ижтимоий хусусиятлари жиҳатидан фарқ қилади. Бироқ уларнинг барчасида зўравонликка қизиқиш, тенгдошлари томонидан безориликка учраш ва мактабдаги муаммоларга мунтазам аралашиш ҳолатлари кузатилади. Яъни, ҳар қандай ҳужум импульсив (тўсатдан) амалга оширилмайди, у режалаштириб борилади.

 

Мазкур тадқиқот 2008-2017 йилларда содир этилган 41 та ҳодисани қамраб олиб, потенциал жиноятчиларда кузатиладиган белгилар рўйхатини ҳам қайд этган.

 

Унга кўра, ёмон хулқ атвордан ташқари, мактабдаги интизомий чоралар, хусусан, дарсдан, мактабдан четлаштириш ва буллинг, оиладаги носоғлом муҳит, зўравонлик ҳолатларини шахсан гувоҳига айланиш ёки наркотик (синтетик) моддалар истеъмоли – асосий таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида саналади. Лекин бу белгилар билангина ўқувчини ҳужум қилувчи сифатида кўриш ҳам ўринсиз.

 

2000-2015 йиллар оралиғида содир бўлган 132 та оммавий ҳужумни ўз ичига олган яна бошқа тадқиқотларда эса уни амалга оширганларнинг 70 фоизида очиқчасига агрессивлик, ғазаб белгилари аниқланиб, энг кўп ҳолатда рад этилиш, ташлаб кетиш, ҳақорат ва хўрлаш кабилар ғазаб қўзғатувчи омил сифатида кўрсатилган. 2020 йилги Аггрессион анд Виолент Беҳавиор журнали бўлса уят, обрўсизлантириш ва хўрлаш ҳолатлари ёш билан боғлиқ инқирозни бошидан кечираётган ўсмирларда тажовузга олиб келувчи асосий ҳис-туйғу бўлиши мумкинлигини қайд этади. Шундан кейин уларда ўзи учраган камситилишларнинг ўрнини тўлдириш истаги пайдо бўлиб, ҳолат зўравонликка олиб бориши мумкин.

 

Ҳуқуқ профессори Жеймс Силвер бу каби оммавий ҳужум содир этганларнинг аксарияти воқеа жойидан қочишга уринмаслигини, ҳаёти ўша ерда ниҳоясига етганини қабул қилишини, шунинг учун ҳам ё ўша жойда ўзини ҳам ўлдиришини якуний ҳаракат – қасос сифатида тасвирлайди. Юқоридаги ҳалокатли отишмани содир этган Эллиот Родгер ҳам ҳужумдан аввал бу иши уни рад этган аёлларга қарши қасос эканини айтиб видео тасвирга олган эди.

 

Ҳужум кайфияти юқумли(ми?) – зўравонликларда ижтимоий тармоқ, ОАВ ва видео-ўйинлар роли

 

Ижтимоий тармоқлар ривожланган замонда ижобий амаллар қанчалик тез тенденцияга айланиб борса, ҳужум, отишма ва шу каби зўравонлик ҳаракатлари ҳам потенциал агрессорларга қулай ва «истиқболли режа»га айланиши мумкин.

 

Тадқиқотчилар сўнги вақтларда ҳатто, тармоқлардаги суҳбатлар (твит, пост, тренд) билан ҳам ҳужум эҳтимоли ўртасида боғлиқлик борлигини аниқлаган. Ушбу соҳадаги энг фундаментал тадқиқотлардан бири – 2015 йилги ПЛОС Оне илмий журналида чоп этилган мақола таҳлилига кўра, мактаблардаги отишмалардан кейин тахминан 13 кун давомида янги ҳужум эҳтимоли ортади, ҳужум билан боғлиқ ҳар бир воқеа статистик жиҳатдан янги ҳодисаларни «қўзғатади».

 

Яна бошқа изланишлар натижасига кўра, анъанавий ОАВларда турли ҳужум, қотиллик, воқеаларнинг драматик ривожини кўрсатилиши ва тафсилотлар ҳақида қайта-қайта гапирилиши – ҳужум кайфиятининг юқиш механизмини шакллантиради.

 

Потенциал ҳужумчи учун шунингдек, видео-ўйинлар ҳам зўравонликни кучайтирувчи омил сифатида таъсир қилиши мумкин. Илмий тадқиқотлар, хусусан, 2023 йил АҚШнинг Стенфорд университети томонидан ўтказилган тадқиқот видео-ўйин ва ҳақиқий ҳаётдаги қуролли зўравонлик ўртасида боғлиқлик топмаган.

 

Бироқ аёвсиз отишма саҳналари ўйинчи учун бу жараённи нормаллаштириб, отиб, ўлдириш иштиёқини азарт даражасига олиб чиқиши жамиятни ва руҳшуносларни хавотирга солади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33766
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//