Дунё маънавий масканларининг юраги – янги қиёфа касб этган Имом ал-Бухорий мажмуаси


Сақлаш
09:30 / 22.04.2026 158 0

“Ўзбекистон – буюк алломалар юрти, биз эса уларнинг авлодларимиз”, деган фахр туйғуси ўзбекман деган ҳар ким қалбида бор бўлса керак. Бироқ уларнинг бутун бир миллатга ғурур, дунёга эса манфаатли илм, маънавий мерос қолдириш йўлида босган йўли, чеккан машаққати, умуман, тарихи ҳақида етарлича билимга эгамизми? Булар ҳақида таълим муассасаларидагина ўқиб-ўрганганларимиз билан чекланиш – муносиб тарихдан деярли бебаҳра бўлишдек гап, дейиш мумкин.

 

Тасаввуримизни кенгайтириш, билимларимизни бойитиш учун илмий-маърифий, тарихий адабиётлардан ташқари тобора янгиланиб, барча учун қулайлаштириб борилаётган муқаддас қадамжолар, мажмуа ва музейлар билан танишиш айни муддао. Шу мақсадда, Туризм қўмитаси ва Журналистлар уюшмаси томонидан бир гуруҳ журналистлар учун Самарқанд вилоятидаги янгидан бунёд этилган Имом ал-Бухорий мажмуасига медиа-тур ташкил этилди.

 

Бетакрор меъморий ансамбль. Имом ал-Бухорий мажмуаси

 

Шаффоф ҳовуз четидаги икки йўл байзо (оқ) бино, минорат ва кўк гумбазли муҳташам манзилга олиб боради.