У шаҳарга чопонининг енгида қишлоғининг чўлоғию, бева хаёллари билан келган – Жонтемирга мактуб


Сақлаш
17:29 / 24.07.2024 512 0

“Дарвеш қўшиғи”ни ўқиб...

 

Ичимдаги оғриқ экансиз, Жонтемир. Мен қочиб юрган руҳим экансиз, Жонтемир.

Мен қонимда бир телбалик, ишқ билан келганимни биламан. Мен саййидларданман, менинг хаёлот ва тафаккур дунёйим қадим аждодларимнинг илоҳий ишқ тарихи билан тўлган. Кўзи сузук арабий аждодларим бу заминга от устида кириб келганлар, туркий аждодларим жанговор от устида кутиб олганлар. Улар ҳануз ҳовуз бўйидаги отам эккан қадим садақайрағоч устида жойнамоз тўшаб, намоз ўқийдилар. Аммо...

менга айтдиларки, дарвешлик, девоналик сизга тўғри келмайди. Қиз боласиз, бундай ҳаёт тарзи сизга тушмайди. Девона бўлиб ўтганлар бор, Рауф Парфининг йўли шундай йўл эди. Сизга тўғри келмайди... Аммо...

шеър телбалик, девоналиксиз бўлмайди... Бу ҳасратнинг юкидан елкаларим эгилиб кетди, шеърлар, достонлар ёздим ва девоналикнинг нақ остонасигача бориб қолдим. Кейин бирдан ортга қайтдим. Ҳаётимни ютқазиб қўйсам, бошқа ҳеч нарсам қолмайди... Лекин ҳаёт барибир оламан деганини олди. Мен шоир бўлмадим, девона бўлмадим, девонахаёл бўлиб қолдим. Шеърларимдан қочдим.

 

Доим шундай бўлган:

Оғриқ ва шамол

Тасаввурга ўхшаш бир нима.

 

Доим шундай кечган:

Енгиллик, малол

Озроқ кажлик, ҳам озроқ гина.

 

Менга xудо етишмаётир

Шитирлаган сасларни туйдим

Уйғонолмас менда ғалаён.

 

Бу чақинлар кўп итоатли

Ё шовқинга қоқилиб кетган

Шеър сўнгидек менга ноаён.

 

 

Лекин сиз мени тутиб олдингиз. 

 

Қодир замин, масиҳ само,

Жобир қуюн, форам сабо,

Ёпинтириб жулдур қабо,

Табризга элтинглар мани.

 

Қазо топсин шаби андуҳ,

Кел, эй Дулдул, кемаи Нуҳ,

Тарк этмайин кўзани руҳ

Табризга элтинглар мани.

 

Мен увол даштида қуюндек жизғанак бўлиб юрганимда, сиз эрк тулпорларини Арш томонларга йўллаган экансиз. Мен ўзимдан “худони танлайсанми ёки у ато этган ишқними” дея кўп сўрардим. Бу худди “худони танлайсанми ёки у яратган эркни” дегандек ва жуда оғир.

 

Аё тангрим... қулингман, бироқ

Кўпроқ севдим тоғни Каъбадан.

Сенга яқин жойда яшамоқ

Насиб этсин унга абадий.

Ишонаман, чўққилар сахий,

Айғиримни улар эл қилар.

Қайлардадир яшар-ку ахир

Эркин чопиб юрган йилқилар (2016).

 

Ифодада бироз дағаллик бор, аммо оғриқ жуда аянчли. Бу аянч оғриқларга қайси сўқмоқлардан ўтиб келганингизни мен тасаввур қиламан.  Бу сор йигитга “Куйиб, ёниб, қувониб, қўмсаб // Шеър ёзишни ўргатди шамол”. Ичига шабнамлар тўлди: Шабнамга тўлдирай ичимни. Саводи-ю савдосида маъсумлигу мардоналик ва бир иштиёқ қоришиб кетди:

 

Сочларини ўпиб чиққан саводим,

Нима қилаётган экан Зубайди?!

 

 

У шаҳарга чопонининг енгида қишлоғининг чўлоғи-ю бева хаёллари билан келган. Унинг жўмард кўксини Шодиларнинг йўлбарси тимдалайди. Авлиёлар етаклаб юрган йўлбарслар ола-кула қараб туради шеърларидан. У улғайишни истайди, маъсум, мушфиқ туйғуларини улғайтиришни истайди:

 

...бинафша ҳидлаган паридек мушфиқ

жазбамни кулдонга босиб ўчирдим...

 

Сиз жазбангизни қанча гурлатманг, қўлига оловли чўқмор бериб қўйманг, унинг ич-ичида бир йигит бир қимтиниш ичида севади дунёни ва у кўпроқ шоирга ўхшайди: Сездирмасдан тераман гулдай // Кулгуларинг синиқларини... Ёки Мени сенга эслатган ўшал // Ёмғирларга қуллуқ, дилрабо.

 

 

Миллий шеъриятимизнинг муҳташам кўчаларида ҳар доим ҳам шоирлар учрайвермайди. Сизнинг мана бу мисраларингиз нақ миямга ханжардек санчилиб қолди:

 

Мен дайдиман, сиғинганим йўл...

 

Нигоҳимни уфққа тўшайман...

 

Юрагимга исмингдек, Аллоҳ,

Сизиб кирди осмоннинг ранги...

 

Тутзор мудрар афти буришиб...

 

Раббим яктагига бичилган енгман...

 

Илҳом берсанг бўлди бир сиқим

Тангрим, шеърлар ўқиб бераман!

 

Нима ҳам дердим. Баъзан мағрур қояларнинг ҳам Бойчечакка дўнгиси келар. Сўзлашгиси келар баъзида. О, Жонтемир, минг йиллик қайрағоч остида ўтирган иним, омон бўлинг!..

 

Шаҳноза НАЗАРОВА,

адабиётшунос

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

12:11 / 13.11.2024 0 43
Маънавий экспертиза керакми?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10018
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//