Ўзбекистонга келадиган сув ҳажми 15 фоизга камайиши мумкин – Қўштепа канали атрофидаги хавотирлар


Сақлаш
12:25 / 20.04.2026 17 0

Афғонистон давлатида 2021 йил 15 августда, АҚШ ва NATO қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетаётган пайтда, Толибон тезкор ҳужумлар орқали қайта ҳокимиятга келди. Ҳозирги кунда улар Афғонистон Ислом Амирлиги сифатида мамлакатни бошқармоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган вақтдан бошлаб қўшнилари, хусусан Афғонистон давлати билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга ҳаракат қилди. 2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятга келган “Толибон” ҳаракати минтақадаги барча давлатлар, жумладан Ўзбекистон билан ҳам яқин қўшничилик муносабатларини давом эттириш истагида эканлигини маълум қилди. Бу ҳаракат толибларнинг минтақавий жараёнларга бефарқ эмаслигини ва ўзаро ҳамкорлик ва алоқаларга хайрихоҳлигини намоён этди.

 

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон томони ва “Толибон” ҳаракати ўртасидаги ўзаро муносабатлар янги мазмун ва кўламда олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистоннинг асосий сув манбалари асосан дарёлар, ер ости сувлари, кўллар ва сунъий сув омборларидан иборат. Энг йирик дарёлар – Амударё ва Сирдарё бўлиб, сув ресурсларининг асосий қисми тоғлардаги музликлар ва қорларнинг эришидан шаклланади. Қишлоқ хўжалиги ва аҳоли эҳтиёжлари учун 600 дан ортиқ дарё ва кўплаб каналлар хизмат қилади.

 

Ўзбекистондаги энг катта ва серсув дарёлар – Амударё ва Сирдарё ҳисобланади. Хусусан, Амударё Марказий Осиёдаги энг йирик дарёлардан бири бўлиб, унинг узунлиги 2 600 км ни ташкил этади. Амударёнинг иккита асосий ирмоғи баланд тоғлардан бошланадиган Панж ва Вахш дарёларидир. Амударё шарқдан ғарбга чўзилган бўлиб, бир неча давлатлар ҳудудини кесиб ўтади. Амударё сувлари аввал Тожикистонни, кейин Туркманистон ва Афғонистонни кесиб ўтади.

 

Амударё Марказий Осиёдаги энг серсув дарё бўлиб, Орол денгизига қуйилади ва унинг асосий таъминотчиси ҳисобланади. Ўтган асрнинг ўрталаридан бошлаб Амударёнинг сувлари далаларни сўғоришга йўналтирилгани оқибатида унинг сатҳи кескин пасайди ва бугунги кунда дарё суви Орол денгизига етиб бормаяпти.

 

Амударё Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг асосий сув манбаи бўлиб, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларидаги юз минглаб гектар пахта, ғалла ва шоли майдонларини суғоришда ҳаётий аҳамиятга эга. Аму-Бухоро канали ва бошқа ирригация тизимлари орқали дарё суви чўл ҳудудларни ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имконини беради.

 

Дарёдан бошланадиган Аму-Бухоро канали ва бошқа йирик каналлар (Қурвонишжарма, Кегейли) орқали йирик деҳқончилик ҳудудлари сув билан таъминланади. Амударё делтаси (Қорақалпоғистон)да 400 минг гектардан ортиқ ерда шоли, пахта, дон ва ем-хашак экинлари етиштирилади.

 

Йиллар давомида экологик муаммоларнинг оғирлашуви натижасида Амударёнинг сув сатҳи йил сайин пасайиб бормоқда. Глобал миқёсда ҳаво ҳароратининг ошиши ва ёғингарчиликнинг камайиши минтақадаги экологик ҳолатни ёмонлаштирмоқда.

 

Минтақада сув тақчиллиги кузатилаётган бир вақтда, Толибон ҳукумати 2022 йил март ойидан бошлаб Балх вилоятида улкан Қўштепа каналини қуришни бошлади. Россиянинг “Известия” газетаси маълумотларига кўра, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон сув таъминотига таҳдид солаётган Афғонистондаги Қўштепа сув канали қурилишига яширинча ҳомийлик қилган.

 

2025 йил маълумотларига кўра, канал қурилишининг 80 фоизи якунланган.

 

Таъкидланишича, канал қурилишига 3,5 минг киши ва 3 минг техника жалб қилинган. Канални 2028 йилгача қуриб битказиш режалаштирилган бўлиб, унинг умумий қиймати 700 миллион долларни ташкил этади. Таҳлилчи Достон Аҳроров тайёрлаган маълумотларга кўра, янги каналнинг узунлиги 285 км, эни 100 метр, чуқурлиги эса 8,5 метр бўлиши кўзда тутилган.

 

Қайд этилишича, канал қурилишининг асосий мақсади – Балх, Жаузжон ва Фароб вилоятларидаги 3 миллион жериб (1 жериб – 2 000 квадрат метр) ерни суғориш ва 250 мингга яқин аҳолини иш билан таъминлашдир.

 

“Известия” газетаси маълумотларига кўра, Марказий Осиё давлатлари сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссия таҳлилига кўра, агар Қўштепа сув таъминоти тизими ишга тушса, Амударёнинг қуйи оқимидаги ҳавзалар зарур сувнинг атига 30 фоизини олади.

 

Маълумотларга кўра, дарё умумий оқимининг 30 фоизи Афғонистонда, 6 фоизи Ўзбекистонда ва 1 фоизи Туркманистонда шаклланади. Шу билан бирга, Афғонистон Амударё сув ресурсларининг атиги 2 фоизидан, Ўзбекистон 48,2 фоизидан ва Туркманистон 35,8 фоизидан фойдаланиб келган.

 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, агар Қўштепа канали лойиҳаси Афғонистон ҳукумати томонидан якунланиб, фойдаланишга топширилса, Ўзбекистонга келадиган сув ҳажми тахминан 15 фоизга камайиши мумкин. Бу эса Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва Навоий вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек Туркманистон учун жиддий оқибатлар яратади.

 

Амударё ҳавзасида мавжуд ерусти сувларининг умумий қисқариши Қўштепа канали қурилиши ва иқлим ўзгаришлари ҳисобига 2028 йилда 18,9 фоизга, 2030 йилда эса 29,4 фоизга етиши мумкин. Сув танқислиги Марказий Осиё давлатлари кун тартибидаги энг ўткир ва долзарб масалалардан биридир.

 

Амударё сувидан фойдаланиш ва уни тақсимлаш бўйича Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ўртасида умумий келишув имзоланган эмас. Юлдошева Бибиражаб ўзининг “1989–2007-йилларда Ўзбекистонда сув ресурсларидан фойдаланишнинг ҳолати ва ўзгаришлари” номли мақоласида қуйидаги маълумотларни келтиради: Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш бўйича келишмовчиликларни юмшатиш мақсадида 1992 йилда “Трансчегаравий сув ресурсларини мувофиқлаштириш бўйича келишув” имзоланган. Ушбу келишув сув ресурсларини давлатлар ўртасида адолатли тақсимлаш ва сувдан фойдаланишда ҳамкорлик қилиш тамойилига асосланган эди.

 

Бироқ келишув доим самарали ишламади, чунки республикалар ўз миллий манфаатларини устун қўйишда давом этдилар. Шундай бўлса-да, ўртада умумий келишув мавжуд эди. Бироқ Афғонистон ушбу келишувда қатнашмаганлиги сабабли сув тақсимоти бўйича муносабатлар жиддий сўроқ остига қўйилди.

 

Мутахассисларнинг фикрига кўра, “Сув канали Марказий Осиё мамлакатлари учун жиддий экологик муаммоларни келтириб чиқаради, чунки қурилиш ибтидоий усулда амалга оширилади ва суғориш тизимларини бузади.” Қўштепа канали қурилиш жараёнида сифатли қурилиш маҳсулотларидан фойдаланилмаслиги оқибатида канал сифат талабларига жавоб бермаслиги ва келгусида ортиқча сув сарфининг юзага келишига олиб келиши мумкин. Бу эса шундоқ ҳам мураккаб бўлиб турган сув муаммосини янада оғирлаштиради.

 

Бундан ташқари, Афғонистон Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сув келишувлари билан боғлиқ масалаларда иштирок этмайди, бу эса мавжуд вазиятни янада оғирлаштиради.

 

Ўзбекистон учун геосиёсий ва геостратегик жиҳатдан Афғонистонда тинчлик бўлиши жуда муҳимдир. Шунинг учун ҳам 2018 йилда “Толибон” ҳукуматга келмасидан олдин дипломатик алоқалар бошланган эди.

 

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрларига кўра, Афғонистоннинг демографик ўсиши жуда катта (бугунги кунда аҳолиси 38 миллионга етган). У шимолий учта вилоятига сув олиб, қишлоқ хўжалигини ривожлантирмоқчи ва бу орқали ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминламоқчи. Натижада ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Бу Афғонистонга фойдали бўлса-да, бу Ўзбекистон учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Афғонистон ҳукумати ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ижтимоий барқарорликка эришиш учун амалга ошираётган чора-тадбирлари ижобий жараён ҳисобланади. Аммо мавжуд вазиятда Толибон ҳукумати минтақадаги бошқа давлатларнинг ҳам манфаатларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳаларни амалга ошириши зарур.

 

Афғонистон масалалари бўйича 10 дан ортиқ илмий китоб муаллифи Суҳроб Бўронов Қўштепа канали масаласига оид фикр билдирар экан, қуйидагиларни таъкидлайди: Сув – келажак масаласи. Сувни сиёсий қуролга айлантириш ҳақидаги гаплар ҳам мавжуд.

 

“Глобал Wатер Интеллигенcе” журнали маълумотларига кўра, бир йилда сув бозорида айланадиган даромад ҳарбий мақсадларда фойдаланадиган пул миқдорига яқинлашиб қолган. Бу нарса келажакда чучук сув ва суғориш учун ишлатиладиган сув масаласини янада долзарблаштиради. Марказий Осиёда ҳам ҳозирдан бу ҳолат аён бўлаяпти.

 

Минтақа давлатлари ривожланиши учун ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва ишонч муҳитини кучайтириш кун тартибида туриб, мамлакатлар ўртасида эҳтимолий низоларни келтириб чиқариши мумкин бўлган масалаларни имкон қадар ижобий томонлама ҳал қилиш долзарб вазифа ҳисобланади.

 

Афғонистонда қурилаётган канал минтақада маълум қийинчиликларни юзага келтиради, бу эса Кобулга фойдали. Хусусан, қўшни Ўзбекистон ва Туркманистон билан кўплаб сиёсий масалаларни ҳал қилиш имконини беради, деб ҳисоблайди Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Сиёсий-таҳлил ва ижтимоий-руҳий жараёнлар факултети бошлиғи, Афғонистондаги жанговар ҳаракатлар фахрийси Андрей Кошкин.

 

Экспертнинг таъкидлашича: “Ушбу лойиҳада Афғонистон ўзи учун жиддий геоиқтисодий ва сиёсий имкониятларни кўрмоқда, чунки сув тақсимлаш масалаларида улар билан савдолашиш бошланади. Толибон ҳукумати Ўзбекистон ва Туркманистон ҳар қандай масалада муросали бўлишини кутмоқда”.

 

Бугунги кунда Тошкент Кобул билан сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича келишувга эришмоқчи, деб ҳисоблайди Андрей Серенко. Юқорида келтирилган фикрлар 2023 йилда берилган бўлса-да, 2026 йилда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда.

 

Қўштепа канали қурилишидан мақсад нафақат мамлакат қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, балки сиёсий мақсадларни ҳам амалга ошириш имконини бериши мумкин. Бу эса минтақадаги давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг кейинги ривожини жиддий сўроқ остига қўяди.

 

Қўштепа каналини қуриш ишлари Афғонистон шимолида амалга оширилмоқда, лойиҳа қурилаётган жой Мозори-Шариф шаҳридан тахминан 90 км шимоли-ғарбда жойлашган. Маълумки, Афғонистондаги кўп йиллик урушлар туфайли сув таъминоти тизими деярли ишдан чиққан бўлиб, амалдаги экин майдонлари икки баравар камайган.

 

Шу муносабат билан канал қурилиши ва умуман суғориш тизимини ривожлантириш Афғонистон учун катта аҳамиятга эга, дея таъкидлайди Солийва Азиза ўзининг “Қўштепа канали лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасига таъсири” мақоласида.

 

Канал қурилиши билан боғлиқ муаммоларнинг асосий сабаби Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ўртасида Амударё сувидан фойдаланиш ва тақсимлаш бўйича имзоланган умумий келишувнинг йўқлигидир.

 

Бугунги кунда ушбу лойиҳани тўхтатишнинг иложи йўқ. Ана шундай шароитда Амударё сувларидан фойдаланадиган давлатлар барча манфаатдор мамлакатларнинг ҳуқуқлари бузилмаслигини таъминлаши ва улар ўртасида келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиши зарур.

 

Яқин йилларда Ўзбекистон делегациялари Кобулга энг кўп ташриф буюрган хорижий ҳукумат вакиллари бўлди. Афғонистонга амалга оширилган энг юқори даражадаги ва муҳим расмий ташрифлар асосан минтақавий ҳамкорлик ҳамда иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган.

 

Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукуматлари ўртасидаги расмий муносабатлар анчайин яхши. Шунингдек, муносабатларда ҳамкорлик алоқалари янги босқичларга кўтарилаётганини кўриш мумкин. Бироқ яқин келажакда Қўштепа канали қурилиши якунланиши ва ундан тўлиқ фойдаланишга киришилиши ҳамда Ўзбекистонда сув тақчиллигининг кучайиши оқибатида иккала чегарадош давлатларнинг муносабатларида турли зиддиятлар пайдо бўлиши мумкин.

 

Афғонистоннинг географик жойлашуви туфайли Амударёдан фойдаланиш ҳуқуқини ҳеч ким инкор эта олмайди. Аммо унинг глобал ва минтақавий келишувларда иштирок этмаслиги афғонлар учун сувдан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай ҳуқуқларни таъминламайди ва мажбуриятларни юкламайди. Бу эса Афғонистон ва Ўзбекистон икки томонлама муносабатларида кескинликни келтириб чиқариши мумкин бўлган омил ҳисобланади.

 

Баёнотларига қарамай, Қўштепа каналининг қуриб битирилиши ва ишга туширилиши Толибон ҳукуматига халқаро миқёсда тан олиниш учун босим ўтказувчи восита бўлиши эҳтимоли ҳам мавжуд.

 

Шунингдек, келажакда сув туфайли бўладиган тўқнашувларнинг олдини олиш учун Афғонистон халқаро шартномаларга қўшилиши ва Амударё сувларидан фойдаланиш бўйича икки томонлама ҳамда кўп томонлама шартномаларни имзолаши муҳимдир. Мамлакатда тинчликка эришиш жараёнини тезлаштириш ва жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистон муаммосига нисбатан эътиборини жалб қилиш зарур.

 

Халқаро майдонда юз бераётган воқеалар мамлакатлар ўртасидаги келишувларга ёки халқаро ҳужжатларга бўлган ишончни сўроқ остига қўймоқда. Буларнинг барчаси бизнинг қийин ва мураккаб бир даврга қадам қўяётганлигимиздан дарак беради. Шундай вазиятда мамлакатимиз тинчлигини таъминлаш ва манфаатларини ҳимоя қилиш энг олий вазифа бўлиши лозим.

 

Жамшид ПОЁНОВ,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

магистранти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33715
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//