Адабий тилда “мушук”, лекин кўпгина шеваларда “пишак” (пишай, пишиқ) ҳам дейилади. Улардан қайси бирламчи? Ёки бири бошқа тилдан ўзлашганми?
Биринчи навбатда хаёлга “форсчадан ўзлашган бўлиши мумкин”, деган фикр келади. Аммо форсчада ҳам, тожикчада ҳам унинг номи – “гурба” (“گربه”), “пишак” ё “мушук” эмас. Дейлик, “пишак”нинг курд ё пуштун каби бошқа тиллардан барча турк тилларига ўзлашиши мантиққа зид. Чунки “мушук” билан бирга “пишак” ҳам кўпгина турк тил ва лаҳжаларида яшаб келмоқда.
Қолаверса, Ўзбекистонда ҳам деярли ярим аҳоли (Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Хоразм...) “мушук” эмас, шевада “пишак” дейди. Бундан ташқари, туркман, озарбойжон, халаж, эски усмонли туркчасида – “pişik”, қорақалпоқча – “пышық”, бошқа баъзи туркий лаҳжаларда: писик, пижик, пшик, пушук, пүсүк, пушек, писи, пичи ва ҳоказо.
Энди “мушук” шаклига келсак, қозоқ, қирғиз, нўғай, қиримтатарларда – “мысық/ мышық”, уйғур, ўзбекчада – “мушук” ва бошқа баъзи лаҳжаларда: миших, мишек, мижек, мўшек, миши, муши, миш, муш ва ҳоказо.
Умуман, “мушук” ва “пишик”, биринчи товушлар: “м” ва “п”ни ҳисобга олмаганда, шаклан бир-бирига яқин. Аммо бошқа баъзи турк тил ва лаҳжаларида унинг “бушук”, “бишик” шакллари ҳам бор. Дейлик, бошқирдча – “бисей”, қўмиқча – “бишев”, бошқа баъзи шева ва лаҳжаларда: бишек, бўшек, биси ва ҳоказо. Ҳатто унинг чувашча номи – “кушак” ҳам ҳамоҳанг.
Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит-турк”да “мушук”ни – “муш” деб келтиради ва шундай изоҳлайди: “Муш – мушук (чигилча). Ўғузлар “чӭтук” дейдилар” (ДЛТ.III.Т.1963.140. Маълумот учун: қадимги чигилча бу қарлуқ лаҳжаси, ҳозирги ўзбек тилига яқин).
“Девон”га таянган ҳолда “мушук” сўзининг қадимий кўриниши “муш” бўлган экан, дейиш мумкин. Шу боис баъзи лаҳжаларда унинг – “миш”, “муши”, “машы” каби шакллари ҳозиргача сақланган. “Мушук/мышық/”даги “-ук”, “ық” ёки “пишак/пишик”даги “-ак”, “-ик” қўшимчалари эса, мутахассисларга кўра, кичрайтириш қўшимчасидир. Чунки қадимги туркийда “мачы”, “мǝчи”, “писи” сўзлари нафақат мушук, балки баъзи лаҳжаларда маймун, қуён каби ҳайвонларга нисбатан ҳам ишлатилган. Мутахассисларга кўра, қадимги туркийдаги “маймун” маъносидаги “bičin” сўзи ҳам айни шу ўзакдан.
XIII-XIV асрларда оврупалик миссионерлар томонидан кумон-қипчоқларнинг тилини ўрганиш мақсадида тартиб берилган луғат “Кодекс куманикус”да ҳам бу сўз – “мачи” (“mazi”) шаклида келтирилган (gata – gurba – mazi: Codex cumanicus.Budapest.Edit.G.Kuun.1981.p.128).
Хуш, юқорида келтирилган мисоллардан қандай хулоса қилиш мумкин?
Маълумки, туркий тиллар, лаҳжа ва шеваларда баъзи ундош товушларининг ўзгариши кузатилади:
Мисол учун “м” ва “б” товушлари алмашинуви: деярли бир даврда яратилган Култегин ва Тунюқуқ ёдгорликларини солиштирсак, Култегин тошбитигида “мен” сўзи – “м” (𐰢) орқали “mӭn” деб ёзилган бўлса, Тунюқуқ ёдгорлигида – “б” (𐰋) товуши билан “bän” шаклида ёзилган. Шунингдек, шеваларда “б” ва “м” товушлари алмашинувига мисоллар: бўйин – мўйин, бурун – мурун ва ҳоказо.
Шу каби “б”нинг “п”га алмашинуви ҳам кўп учрайди, мисол: бычақ – пичоқ, бут – пут, бышығ – пишиқ, балабан – полопон, болта – полта ва ҳоказо.
Шундай қилиб, “мушук” ва унинг вариантлари, “пишак” ва унинг вариантлари, “бисей/бушук” ва унинг вариантлари аслида бир сўзнинг турли давр, ҳудуд, тил ва лаҳжалардаги ўзгаришларга учраган кўринишларидир. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, баъзи мутахассислар “пишак” шакли – турк тилларида мушукни чақириш учун “пиш-пиш”, ҳайдаш учун “пишт” дейилиши натижасида пайдо бўлган, деган фикр билдирган, бизнингча, бу – баҳсли.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Жараён
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ