Қорахоний сулоласи сирлари – мамлакат алоқа тизими қандай бўлган?


Сақлаш
15:03 / 21.04.2026 10 0

Қорахонийлар сулоласи 9-юзйилликнинг иккинчи ярми ва 12-юзйиллик якунига қадар Туркистон ҳудудида марказлашган бошқарувни юритган. Чигил ва яғмо каби туркий уруғлар негизида шаклланган сулола исломий ҳуқуқ ва туркий давлатчилик анъаналарини уйғунлаштирган дастлабки йирик сиёсий хоқонлик ҳисобланади. Сомонийлар бошқаруви инқирозидан сўнг, сулола томонидан маъмурий тузилма, хусусан, алоқа тизими қатъий табақаланиш асосида қайта қурилди. 

 

Мақолада сулоланинг ахборот етказиш иш усуллари, расмий битиклар тайёрланиши ҳамда «илимға», «битикчи», «тамғачи» каби махсус унвонларни таҳлил қиламиз.

 

Қорахонийлар сулоласи маъмуриятида хабар-почта тизимининг бирламчи вазифаси хоқон ёрлиқ ва фармонларининг тезкор ҳамда аниқ етказилишини таъминлашдан иборат бўлган. Марказий ҳокимият ва чекка вилоятлар ўртасида буйруқларнинг кечикмасдан етказилиши бошқарув барқарорлигининг асосий шарти қилиб қўйилган. Ахборот алмашинувидаги узилишлар солиқ йиғишда хатоликларга, черик бўлинмалари фаолиятидаги тартибсизликка ёки элчилик топшириқларининг натижасизлигига олиб келиши мумкин эди. Шу сабабли алоқа тизими сулолавий яхлитликнинг бевосита кафолати саналган.

 

Сулолавий бошқарувда ёрлиқ, фармон, нома каби расмий битиклар муомаласи қатъий тартибга солинган. Хоқон топшириқлари ёзма шаклда қайд этилиб, махсус тамға билан тасдиқланган ва масъул девон ходимлари орқали юборилган. Мазкур тартибот ҳокимиятнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилган.

 

Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асаридаги чабар, эшкинчи, улоғ, ялафар, чуфға каби атамалар тизимнинг ихтисослашган даражасини кўрсатади. Атамаларнинг бойлиги 9–12-юзйилликларда Туркистонда ахборот хизмати бошқарув қурилмасининг таркибий бўғини сифатида шаклланганини тасдиқлайди.

 

Ҳудудларнинг марказ билан узлуксиз алоқаси сулоланинг сиёсий назоратини узоқ муддат сақлашга имкон берган. Мазкур назорат тартиби маҳаллий бошқарувчиларнинг марказий ҳокимиятдан ажралиб чиқиши ёки ўзбошимчалигининг олдини олишга қаратилган. Шу нуқтаи назардан, хабар-почта тизими Қорахонийлар сулоласи барқарорлигини таъминловчи асосий маъмурий пойдеворлардан бири бўлган.

 

Қорахонийлар ҳукмронлиги даврида Туркистон Буюк Ипак йўлининг марказий қисми сифатида халқаро савдонинг муҳим чорраҳасида жойлашган эди. Карвон йўллари бўйлаб товар айирбошлаш узвийлиги, шаҳарлар ва бозорлар равнақи савдо ахборотининг тезкор ҳамда аниқ етказилишига боғлиқ бўлган.

 

Бозорлар ва карвон йўлларидаги вазият солиқ миқдорлари, нарх-наво ўзгаришлари, йўллардаги хавфсизлик ҳолати ҳамда савдо битимлари шартлари ҳақидаги маълумотлар айнан хабар-почта тизими орқали марказий девонга етказилган. Марказий бошқарув ушбу маълумотлар асосида солиқ сиёсатини мувофиқлаштирган, савдо йўллари назоратини тартибга солган ва зарур ҳолларда ҳарбий муҳофазани кучайтирган. Марказ ва вилоятлар ўртасидаги икки томонлама ахборот алмашинуви иқтисодий ҳаётнинг узвийлигини таъминловчи асосий восита бўлиб хизмат қилган.

 

Солиқ йиғиш тартиботида ҳам хабар алмашуви муҳим эди – Ҳар бир ҳудуддан йиғилган бож ва солиқлар миқдори, тўлов муддатлари ҳамда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ҳақидаги ахборотлар тезкорлик билан марказга йўлланган. Натижада сулола ҳукмдорлари солиқ имтиёзларини жорий этиш ёки қўшимча кўмак кўрсатиш юзасидан ўз вақтида қарор қабул қилиш имконига эга бўлган.

 

Ҳар бир бекат чуфға – хабарчилар уловларини алмаштирадиган, дам оладиган ва навбатдаги йўналишга чиқадиган муҳим нуқта ҳисобланган. Мазкур бекатлар карвон йўллари бўйлаб муайян масофада жойлаштирилган бўлиб, улар бир вақтнинг ўзида ҳам ахборот тизими иншоотлари, ҳам савдо карвонларининг таянч масканлари вазифасини ўтаган. Бекатларнинг бундай қўшалоқ вазифани бажариши уларнинг иқтисодий қийматини янада оширган.

 

Ҳарбий соҳада ахборот алмашинувининг тезкорлиги ва аниқлиги сулолавий хавфсизликнинг ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланган. Туркистоннинг улкан сарҳадларини бошқарган Қорахонийлар сулоласи шарқдаги кўчманчи уруғлар босқини, ғарбдаги рақиб сиёсий кучлар таҳдиди ва жанубий чегаралардаги беқарорликка қарши доимий шайликни таъминловчи огоҳлантириш усулини шакллантирган.

 

Сулола ушбу эҳтиёжни «қарғу» деб номланган миноралар тизими орқали амалга оширган. Тоғ чўққилари ва муҳим баландликларда барпо этилган иншоотлардан душман хавфи ҳақида олов ва тутун ёрдамида ишоралар берилган. Бир минорадан иккинчисига узатилган ишора бир неча соат ичида юзлаб чақирим масофани босиб ўтиб, 9–12-юзйилликларда бошқа барча алоқа воситаларидан тубдан устун бўлган.

 

Ҳарбий юришлар чоғида чабар ва эшкинчилар қўшин бўлинмалари ўртасидаги алоқани таъминлаган. Бош қўмондон буйруқларининг черик қанотларига кечикмасдан етказилиши жанг тақдирини ҳал қилувчи омил саналган. Шу боис, ҳарбий чабарликка энг учқур отларни жиловлай оладиган, махфий йўлларни биладиган ва ахборот дахлсизлигини таъминлашга қодир сараланган кишилар танланган.

 

Қарғу миноралари орқали берилган дастлабки ишоралар ҳамда отлиқ чабарлар етказган батафсил битиклар ўзаро уйғун икки босқичли мудофаа тизимини ташкил этган. Ёруғлик ва тутун душман яқинлашаётганидан огоҳ этган бўлса, аниқ битиклар ҳарбий жавоб чораларини белгилаб берган. Мазкур тизим Қорахонийлар сулоласи ҳарбий салоҳиятини ва мудофаа қувватини сезиларли даражада мустаҳкамлаган.

 

Ахборот-почта тизимининг маданий аҳамияти сулолавий бошқарув тарихида энг узоқ муддат таъсир кўрсатган жиҳатлардан бири бўлиб, тизим расмий битик битувчи, таржима қилувчи ва тамға билан тасдиқловчи юқори малакали девон ходимларига бўлган эҳтиёжни юзага келтирган. Уларнинг фаолияти туркий тилнинг давлат ёзишмаларида расмий мақомга эга бўлишига замин яратди. Илимға (котиб) лавозимининг жорий этилиши ушбу миллий сиёсатнинг амалий ифодаси бўлиб, мазкур мансабдор хоқон мактубларини туркий тилда битган ва хорижий ёзишмаларни туркийга ўгирган.

 

Хабар-почта тизими орқали хоқон фармонларининг туркий тилда битилиши ва мамлакат бўйлаб тарқатилиши ушбу тилнинг расмий ёзма маданиятда мустаҳкам ўрин олишини таъминлади. Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асари ва бошқа адабий намуналар айнан шу шаклланган ёзма анъаналар негизида майдонга келди. Демак, алоқа тизими шунчаки сиёсий иш усули эмас, балки туркий ёзма маданиятнинг юксалишига хизмат қилган маданий-тарихий ҳодисадир.

 

Қорахонийлар сулоласида давлат ҳужжатларини тайёрлаш жараёни уч босқичли бўлиб, ҳар бирида алоҳида малакали амалдор масъул саналган. Жараён кетма-кетликда – матнни битиш, заруриятга кўра таржима қилиш ва ҳукмдор муҳри билан тасдиқлаш тарзида амалга оширилган. Мазкур уч босқичли тизим ҳужжатнинг сиёсий мазмунини, ҳуқуқий кучини ва лисоний мукаммаллигини таъминлаган.

 

Ҳужжат тайёрлашнинг биринчи ва энг масъулиятли босқичи битикчи зиммасига юкланган. Битикчи давлатнинг ички ва ташқи ёзишмаларини юритувчи, фармон, ёрлиқ ва номаларни ёзма шаклга келтирувчи амалдор бўлган. Унинг лавозими оддий котибликдан тубдан фарқ қилиб, ҳукмдорнинг сиёсий иродасини аниқ ва илмий услубда ифодалашга қодир давлат арбоби саналган. Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг»да муносиб котибни «икки тилни биладиган, ёзувнинг барча турини ўзлаштирган, зукко ва сир сақлайдиган» шахс сифатида тасвирлайди. Икки тилни билиш шарти Қорахонийларда туркий ва форсий тилда ёзишма юритиш зарурияти мавжуд бўлганини англатади.

 

«Сир сақлаш» талаби битикчининг нафақат техник маҳорати, балки ахлоқий ишончлилигига ҳам юқори талаб қўйилганини кўрсатади. Ҳукмдорнинг махфий кўрсатмалари ва элчилик музокаралари матни битикчи орқали ўтгани сабаб, унинг содиқлиги бошқарув тизими хавфсизлигининг кафолати бўлган. Шу боис, битикчилар узоқ муддатли синов ва назоратдан сўнг юқори мансабларга тайинланган.

 

Битикчилар девонхонада қатъий пиллапояли тартиб асосида фаолият юритган. Юқори мартабали битикчилар ҳукмдорнинг шахсий фармонларини, қуйи даражадагилар эса оддий маъмурий ёзишмаларни бажарган. Бундай табақаланиш ҳужжатларнинг аҳамиятига кўра масъулият тизимини аниқ чегаралаш имконини берган.

 

Қорахонийларда илимға лавозими ҳам бўлиб, у хоқоннинг расмий мактубларини туркий тилда ёзувчи ва хориждан келган битикларни таржима қилиб, ҳукмдорга тақдим этувчи масъул амалдор ҳисобланган. Маҳмуд Кошғарий ушбу мансабни «хоқоннинг мактубларини турк тилида ёзувчи шахс» дея тавсифлаб, унинг девон тартиботидаги ўрнини қатъий белгилаган.

 

Мазкур лавозим сулоланинг туркий тилни маъмурий бошқарув тили сифатида қўллаш борасидаги давлат сиёсатининг бевосита ижрочиси бўлган. Сиёсий элчилик, услубшунослик ва таржима санъатини мукаммал эгаллаган бу мутахассислар хорижий давлатлардан келган форсий, арабий ёки бошқа тиллардаги мактубларни туркийга ўгириш билан бир қаторда, ташқи ёзишмаларни ҳам тайёрлаган. Юсуф Хос Ҳожиб «битикчи-илимға» атамасини қўллаши ушбу икки мансабнинг ўзаро узвий ҳамкорликда ёки яхлит шахс томонидан бажарилганига ишора қилади.

 

Туркий тилда битилган расмий ҳужжатлар ва элчилик номалари туркий ёзма анъанасининг шаклланишига замин яратган. Илимғалар маъмурий ёзишмалар орқали лисоний ва адабий меъёрларнинг қарор топишига ҳисса қўшган. Кейинчалик Юсуф Хос Ҳожиб ва Маҳмуд Кошғарий каби мутафаккирлар камол топган маданий муҳит айнан шу ёзма анъаналар пойдеворида шаклланган.

 

Ҳужжат тайёрлаш тартиботининг якуний босқичи тамғачи фаолияти билан боғлиқ эди. Тамғачи битикка хоқон номидан муҳр босиш орқали унга қонуний куч бағишлаган. Маҳмуд Кошғарий «тамға» истилоҳини «ҳукмдор муҳрининг изи» деб изоҳлайди. Айнан шу босқичда ҳужжат «тўғрақланди», яъни расмий ижро кучига кирди. Тамғасиз битик расмий ҳужжат саналмаган ва унинг ижроси мажбурий бўлмаган.

 

Тамғачи сулола эркинлиги ва мустақиллигининг ҳуқуқий рамзини ифодаловчи мансабдор эди. Хоқон муҳри ҳокимиятнинг моддий тимсоли ва ҳукмдор иродасининг ифодаси саналган. Тамғачи ушбу муҳрни сақлаган ҳамда уни фақат олий девон рухсати билан қўллаган. Муҳрлаш жараёнининг қатъий назорат қилиниши сохта ҳужжатлар муомалага киришининг олдини олган.

 

Қорахонийлар сулоласидаги тамғачи лавозими қадимий туркий сиёсий анъаналарга таянади. Мазкур атаманинг Ўрхун битиктошлари ва Уйғур матнларида учраши, шунингдек, ўғузларда «Билга-тамғачи» унвонининг мавжудлиги ушбу мансабнинг исломий даврлардан олдин ҳам муҳим ўрин тутганини кўрсатади.

 

Тамғачилик лавозимининг ўзига хослиги шундаки, у туркий лисоний хусусиятини сақлаб қолган. Ғазнавийлар ва Салжуқийлар саройида «муҳрдор» атамаси қўлланилган бир даврда, Қорахонийларда туркий «тамғачи» номининг сақланиши сулоланинг миллий бошқарув анъаналарига содиқлигини исботлайди.

 

Шундай қилиб, битикчи, илимға ва тамғачининг мувофиқлашган фаолияти Қорахонийлар сулоласида ҳужжат маданияти юксак бўлганини таъминлаган. Ушбу уч мансабдор ўртасидаги вазифалар тақсимоти давлат маъмуриятида масъулиятнинг аниқ чегараланганидан далолат беради. Айнан шу уйғунлик расмий битикларнинг сиёсий, лисоний ва ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал бўлишига имкон яратган.

 

Расмий битик тайёрланиб, тамғачи томонидан хоқон муҳри билан тасдиқлангач, уни манзилга етказиш амалиёти бошланган. Мазкур вазифа садоқатли ва жисмонан бақувват шахслар – чабар ва эшкинчиларга топширилган. Уларнинг фаолияти сулола бошқарувининг узлуксизлигини ва фармонларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминловчи асосий қурилма ҳисобланган.

 

Чабарлар – Қорахонийлар сулоласи маъмуриятида хоқон ёрлиқларини узоқ масофаларга тезкор етказувчи махсус отлиқ хабарчилар бўлиб, Маҳмуд Кошғарий «чабар» сўзини «тез юрувчи хабар элтувчи» деб изоҳлайди. Чабарларни хизматга саралаш қатъий мезонларга асосланган. Улар жисмоний чидамлилик билан бирга, топширилган битикни душман қўлига туширмаслик учун зарур ҳушёрликка эга бўлиши лозим эди. Махфий ҳужжатларни ташувчи чабарларга, асирга тушиш хавфи туғилганда, битикни йўқ қилиш чораларини кўриш вазифаси ҳам юклатилган.

 

Чабарлар фаолиятини таъминлаш мақсадида чуфға деб номланган бекатлар тузилмаси барпо этилган. Ҳар бир бекатда доимий шай ҳолатдаги улов – чопқир отлар сақланган. Чабар бекатга етиб келиши билан толиққан отини янгисига алмаштириб, йўлида давом этган. Энг шошилинч хабарлар учун ялафар деб аталган махсус зотдор отлар ажратилган.

 

Чуфға бекатлари муҳим жиҳатдан асосий савдо ва ҳарбий йўналишлар бўйлаб жойлаштирилган. Икки бекат ораси улов бир кунда босиб ўта оладиган масофага мувофиқ белгиланган бўлиб, хабарнинг етиб бориш вақтини энг оз даражага туширган.

 

Хабарчиларнинг ҳаракати қатъий назорат қилинган: ҳар бир бекатда битикнинг бутунлиги текширилиб, келиш ва кетиш вақти қайд этилган. Мазкур қайдлар марказий девонга ҳисобот шаклида тақдим этилиб, хабарнинг кечикиш сабабларини аниқлаш ва хизматчилар масъулиятини ошириш имконини берган.

 

Чабарлар мунтазам ахборот етказиш хизматини бажарган бўлса, эшкинчилар тор ва махсус вазифаларни адо этган. Эшкинчи – ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан фавқулодда муҳим битикларни олиб борувчи юқори даражадаги вакил – хоқоннинг бевосита фармонларини, сулола хавфсизлигига оид махфий кўрсатмаларни ҳамда муҳим музокаралар натижаларини етказган.

 

Низомулмулк «Сиёсатнома» асарида ҳукмдорнинг мамлакатдаги ҳолатдан доим хабардор бўлиши учун тезкор соҳибхабарлар зарурлигини таъкидлайди. Муаллиф соҳибхабарсиз бошқарувни «кўр-кўрона иш тутиш»га қиёслаган. Қорахонийлар сулоласидаги эшкинчи мансаби айнан шу тизимнинг туркий маъмурий кўриниши эди. Эшкинчилар нафақат ахборот етказган, балки ҳудудлардаги муҳим маълумотларни тўплаб, ҳукмдорга батафсил ҳисобот тақдим этган.

 

Эшкинчи ва чабар ўртасидаги фарқ масъулият даражаси ва топшириқ мазмунида кўринади. Чабар битикни бекатлараро етказувчи занжир бўлаги бўлса, эшкинчи манзилга қадар тўғридан-тўғри борувчи ва ваколатли топшириқларни бажарувчи сиёсий шахс эди. Эшкинчи вилоят ҳокимлари билан мулоқот қилиш, ҳудуддаги ҳолатни ўрганиш ва баъзан ҳукмдор номидан қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган.

 

Ахборот етказиш жараёнида хавфсизлик ва махфийлик масалалари сулолавий бошқарувнинг устувор талаби саналган. Расмий битикларнинг душман қўлига тушиши ёки мазмуни бузилиши жиддий сиёсий ва ҳарбий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин эди. Шу боис, алоқа йўналишлари назорат қилиниб, муҳим нуқталарда қоровуллар жойлаштирилган ва хабарчилар ҳаракати қарғу миноралари орқали кузатиб борилган. Хавфли ҳудудларда хабарчилар махсус муҳофаза бўлинмалари ҳамроҳлигида ҳаракатланган.

 

Йўналишдаги кўприклар, довонлар ва тор ўтиш жойлари соқчилар томонидан доимий назорат қилинган. Битикни етказган чабар ёки эшкинчи уни фақат ваколатли шахс – вилоят ҳокими, ноиб ёки черик бошлиғи ҳузурида очишга ҳақли бўлган. Ушбу тартибот битик дахлсизлигини ва бегона шахслар томонидан ўқилмаслигини кафолатлаган. Махфий ёзишмалар эса фақат хоқоннинг ишончли вакиллари томонидан очилган.

 

Сулола бошқарувида қатъий жазо тизими хавфсизликнинг муҳим бўғини бўлган. Агар расмий битик йўқолса, асоссиз кечикса ёки унга зарар етса, масъул хабарчи жазоланган. Мазкур тартиб тизим иштирокчиларида юксак масъулият ва интизомни шакллантирган. Абулфайз Байҳақий «Тарихи Масъудий» асарида Ғазнавийлар саройидаги шундай қатъий чоралар, хусусан, фармонларнинг фақат муҳр билан тасдиқланиши ҳақида қайд этади. Қорахонийлар сулоласида тамға босиш орқали амалга оширилган ушбу амалиёт 9–12-юзйилликларда Туркистон ва унга туташ ҳудудларда хавфсизлик тамойиллари муштарак бўлганини кўрсатади.

 

Қорахонийлар сулоласи даврида ахборот етказиш тизими фақат ички бошқарув билан чекланмай, халқаро элчилик алоқаларида ҳам муҳим ўринга эга бўлган. Элчилар ва чабарлар Хитой, Ҳиндистон, Ғазна, Араб халифалиги ва Византия каби ўлкалар йўналишида мунтазам ҳаракатланганлар. Улар элчилик номалари ва битимларни етказиш билан бир қаторда, хорижий мамлакатлардаги сиёсий вазият, ҳарбий салоҳият ва иқтисодий ҳолат юзасидан маълумотлар тўплаб, ҳукмдорга махсус ҳисоботлар тақдим этганлар.

 

Шу тариқа, чабар ва эшкинчилар бир вақтнинг ўзида элчилик ва ҳарбий-сиёсий айғоқчилик вазифасини адо этган. Уларнинг хорижий ўлкалардаги кузатувлари сулола учун муҳим ахборот манбайи бўлиб хизмат қилган: қўшни ҳукмдорларнинг режалари ва черик қуввати ҳақидаги маълумотлар ташқи сиёсатнинг шакллантирилишида ҳал қилувчи роль ўйнаган. Мазкур ҳолат хабар-почта тизимини сиёсий айғоқчиликнинг такомиллашган шаклига айлантирган.

 

Хулоса қилганда, Қорахонийлар сулоласи бошқарувидаги хабар-почта тизими кўп тармоқлилиги, вазифаларининг кенглиги ва ташкилий мукаммаллиги билан 9–12-юзйилликлар Туркистон давлатчилигининг юксак намунаси ҳисобланган. Тизимнинг ҳар бир бўғини – расмий битикни тайёрлашдан тортиб, уни манзилга етказишга қадар – қатъий тартибот ва ўзаро масъулият тамойиллари асосида фаолият юритган.

 

Сарвар ҚЎЛДОШEВ,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган адабиётлар

1.     Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий. Бухоро тарихи. – Тошкент: Аnorbooks, 2022. – 288 б.

2.      Alaaddin Ata Melik Cüveyni. Tarih-i Cihan Güşa. Çev. Mürsel Öztürk. – Ankara; Türk Tarih Kurumu, 2013. – 1332 s.

3.      Hudud al-'Alam, The Regions of the World a persian geography, 372 a.h. - 982 a.d. translated and explained byV. Minorsky. – London. 1937. – 548 p.

4.      Nizamülmülk. Siyasetname. – Istanbul: Nilüfer yayinlari, 2016. – 288 s.

5.      The Secret history of the Mongols. A Mongolian Epic Chronicle of the Thirteenth Century. translated by Igor de Rachewiltz. Canberra. 2015. – 1317 p.

6.     Абу Саъид Гардизи. Зайн ал-Ахбар. Украшение известий. пер. с персидского А.К. Арендс. – Ташкент: Фан, 1991. – 178 с.

7.     Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. – Тошкент: Ўқитувчи, 2008. – 336 б.

8.     Ибн ал-Асир. Ал-Камил фи-т-тарих Полный свод истории. Пер. П.Г. Булгакова, Ш.С. Камолиддина. — Ташкент: Узбекистан, 2006. – 608 б.

9.     Мирзо Улуғбек. Тўрт улус тарихи. (форс тилидан Б. Аҳмедов ва б. таржимаси) – Тошкент: Чўлпон, 1994. – 456 б.

10. Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг (Саодатга йўлловчи билим). Нашрга тайёрловчи Қ. Каримов. – Тошкент: Фан, 1971. – 972 б.

11. Зиё А. Ўзбек давлатчилиги тарихи. – Тошкент: Шарқ нашриёти, 2001. – 368 б.

12.  Donuk A. İdari-Askeri Ünvan ve Terimler. – İstanbul: Türk Dünyası Araştırma Vakfı, 1988. – 168 s.

13.  Duturaeva D. Qarakhanid Roads to China: A History of Sino‑Turkic Relations. – Leiden: Brill, 2022. – 300 p.

14. Генç Р. Караҳанлı Девлет Тескилатı. – Истанбул: Тифдрук Матбаасı, 1981. – 373 с.

15. Караев О. История Караханидского каганата. – Фрунзе: Илим, 1983. – 301 с.

16. Кочнев Б.Д. Нумизматическая история караханидского каганата (991 – 1209 гг.). – Москва: София, 2006. – 312 с.

17.    Nuhoğlu Güller. Beyhaki Tarihi’ne göre Gaznelilerde Devlet Teşkilatı ve Kültür. Doktora Tezi. – İstanbul, 1995.

18.  Babayar G. Karahanlı Hakanlığı Sikkelerinde Görülen Bazı Eski Türkçe Ünvanlar ve Onların Menşei Üzerine. – Бишкек, 2019.

19.  Hunkan Ö. S. Kâşgarlı Mahmud Devrinde Ülkenin İdarî Yapısı ve Siyasî Оlaylarına Bir Bakış. – Ankara, 2009.

20. Маҳмуд Кошғарий. Девону луғоти-т-турк [Туркий сўзлар девони]. Таржимон ва нашрга тайёрловчи Қ. Содиқов. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйи, 2017. – 488 б.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33737
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//