Адабиёт
Дунёдаги минглаб эл-улуслар орасида қайсиларидир бой ёзма ёки оғзаки адабиёти билан танилган, қайсилари турли-туман емаклари – таомлари билан довруқ қозонган. Айрим эллар қўли гул чеварлиги билан тилларга тушган, айрим эллар уста қурувчилиги билан айрича ажралиб туради. Шунингдек, дунёда бирорта эл-улусни айтиб ўтилган юмушларни эплай олмаган деб бўлмайди. Ҳар бир эл ўзига хос маданиятга эга бўлиб, ўзи яшаб турган ўртам – муҳитда юзага келган кўникмаларга таяниб яшаб келади. Шу билан бирга, қайсидир бир ўлкада қўлга киритилган маданий ютуқлар кўп ўтмай бошқаси томонидан ўзлаштирилгани, ўзлаштирилибгина қолмай, унга нималардир қўшиб, янада юксалтиргани кўзга ташланади. Бугунги кунда 30 дан ортиқ эл – миллатни қамраб олувчи туркийлар бир томондан ўзлари яратган юксак маданияти билан танилган, бошқа томондан эса қўшни эллардан нималарнидир ўзлаштирар экан, ўзларидан бир нарсалар қўшиб, унга янгича бўёқ берган эл-улус ўлароқ билинади. Биргина қадимги туркларда емак маданияти билан боғлиқ анъаналар билан танишиб чиқиш орқали ҳам бунга таниқ – гувоҳ бўламиз.
Кунчиқарда – Олтой, Яқут (Саха) ўлкаси, Кунгай Сибир, Шарқий Туркистонда яшовчи туркийлар – олтой-киши, шор, хакас, тува, яқут, уйғур, сариқ уйғур, солор; Турон – Туркистон ўлкаларининг ўзагидаги ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, қорақалпоқ; Волга – Уралбўйидаги татар, бошқирд, чуваш, нўғай; Кавказдаги озарбайжон, қумиқ, қорачой-болқор; кунботарда – Шарқий Европадаги қрим татар, гагауз; Кичик Осиё – Онадўли турклари ва яна бошқа кўплаб қўшни ўлкалардаги туркийлар билан улар қўни-қўшни яшаётган ўзга элларнинг емак маданиятида яқин ўхшашлик кузатилса-да, бу масалада барча туркийлар учун хос бўлган томонлар ҳам борлиги кўзга ташланади. Ўрнак келтирадиган бўлсак, “хамирни турли кўринишларда бураб, тугиб ясалган емак тури” англамидаги “бурак” сўзи қанча-қанчалаб туркий бўлмаган эллар томонидан ўзлаштирилгани билинади. Хоразмдаги “юмурта барак”, турли вилоятларимиздаги “қовоқ барак”, Онадўлидаги “бўрак”, “сув бўраги”, Қрим татарлардаги “чубурек” ва яна бир неча емак отлари бунинг ёрқин ўрнакларидир. Кўплаб туркий эллар ва уларнинг қўшнилари – славян ва форсий эллардаги “тушвара”, “чучвара”, рус тилидаги “пирог” сўзларининг негизида туркий “бурак”, “бўрак” сўзлари ётади деб қаралади.
Туркийлар томонидан дунёга танитилган севимли емаклардан бири – “шашлик” бўлиб, бу сўз биргина туркий элларда эмас, славян (рус, украин, белорус ва б.), кавказликлар ва форсийлар орасида ҳам кенг тарқалгани кўзга ташланади. Бугунги кунда сўзлашув тилимизда анча кенг қўлланилишига қарамай, айримлар уни рус тилидан ўзлашган деб билади. Бироқ “шашлик” туркийча бўлиб, “товар”, “ўтук” (дазмол) сўзлари каби ўрта чоғларда рус тилига ўзлашиб, бу тил орқали яна тилимизга қайтиб келган сўзлардан биридир. Бундан минг йиллар илгари ота-боболаримиз томонидан ўйлаб топилган бу сўзларни қўшниларимиз – форслар ва араблар тилидаги “мол- ашё”, “дазмол” сўзларига алмаштирганимиздек, “шашлик” сўзи ҳам “сих- кабоб”, “кабоб” дея қўлланила бошлагани учун унутганмиз ёки ўзимиз учун ёт ўлароқ била бошлаганмиз. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, руслар шашлик сўзини қрим татарлардан эшитган бўлиб, бугунги кунда ҳам улар бу емак турини “шишлик” ё бўлмаса “шышлиқ” деб атайдилар. Бу сўзнинг негизида “шиш” (сих) ва туркий тилларда от ёки сифат ясовчи -лик / — лық қўшимчаси ётади. Онадўли ва Озарбайжон турклари бу емак турини “шиш-кебаб” (шиш-кабоб) деб аташлари ҳам ушбу емак турининг туркийча эканини қўллаб-қувватлайди [Çetin 2005: 185-200]. “Шиш” сўзи илк бор “Девону луғатит турк”да “сыш” кўринишида учраб, Маҳмуд Кошғарий унга “тутмоч сихи” деб очиқлама берган [ДЛТ 1963, III: 139]. XIV юзйилликда Хоразм – Олтин Ўрда ўртамида яшаган Сайфи Саройининг “Гулистони би-т-туркий” асарида бу сўз “шиш” сўзи кўринишида учраб, у билан боғлиқ қуйидагича очиқлама келтирилади: “нукарлари тутиб санчар йигирми қазни бир шишка” (навкарлари тутиб санчар йигирма ғозни бир шишга) [Фазилов 1971: 538]. Шунингдек, эски туркчада шиш “хивич”, “новда” деган англамларда ҳам қўлланилган бўлиб [Hayit 2024: https://oyina.uz/uz/article/750], бу эса ўша чоғлардаёқ кабоб қилинадиган сихлар металл ва чўпдан ясалганини кўрсатади.
Кези келганда айтиб ўтиш керак, кўпчилик орасида “туркийлар бундан минг йил олдин кўчманчи эл бўлган, уларнинг емаклар ҳам шундан келиб чиқиб, турли-туман бўлмаган, улар кўпинча эт – гўшт еб, сут-қатиқ ичиб яшаган” деган қарашлар етакчилик қилади. Бир қарашда бу тушунча тўғридек кўринади. Аммо туркийларнинг айримлари анча жўн – содда емакларга эга бўлса, қайсиларида турли-туманлик борлигига кўзимиз тушади. Масалан, Онадўли, Озарбойжон турклари, уйғурлар ва ўзбеклар ўзларининг бой емак маданияти билан биргина туркий эллар орасида эмас, ўзга эл-улуслар орасида ҳам яхшигина танилганидек, қозоқ, қирғиз, туркман, қорақалпоқ, татар, бошқирд, қумиқ, қорачой-болқорлар, Олтой ва Сибир туркларида емакларнинг тури бирмунча оздек кўринади. Бироқ ушбу туркий элларнинг деярли барчасида кенг тарқалган “бешбармоқ”, “қази”, “қимиз”, “қурут” бугунги кунда дунё бўйлаб довруқ ёя бошлаётганини яхши биламиз.
Бугунги туркий элларнинг барчаси учун ялпи – умумий бўлган қадимги турк чоғи – милод бошлари ва илк ўрта асрларга тегишли емак турлари билан қисқача танишиб чиқсак. Илк туркларга тегишли емак турлари милоддан олдинги мингйилликнинг сўнгги юзйилликларида ёзилган хитой, юнон, рим ёзма манбаларида учраб, мил.олд. V юзйилликда Геродот тилга олган уралбўйи элларидан бирининг тилидан аччиқ, нордон таъмли “асхи” егулиги, “кумос” ичимлигини ўрнак ўлароқ келтира оламиз [Asheri Lloyd, Corcella 2007: 598; Бобоёров 2022: 50]. VII – VIII юзйилликларга тегишли эски туркча Ўрхун – Энасой битиктошларида урғу берилганидек, ота-боболаримиз кўпроқ “кейик ейу, табишқан ейу ўлурур эртимиз – кийик ея, товушқон – қуён ея ўтирар эди” [Абдураҳмонов, Рустамов 1982]. Туркийларнинг озуқаланиш маданияти бўйича энг кўп билги – маълумот бундан деярли минг йил бурун Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асарида ёзилган. Кошғарий бир неча емак турлари, турли-туман “экмак” (нон)лар, ўнлаб егулигу ичимликларни келтириб ўтган бўлиб, уларга таяниб, “туркийларнинг озуқаланиш маданияти анча бой бўлган экан”, “биз ўтмишда кўчманчи бўлган деб биладиган туркийлар қандай қилиб бунчалик савияга эришган экан-а” деган савол-у сўроқларга борилиши аниқ.
Чиндан-да, “Девону луғатит турк”да санаб ўтилган емакларнинг кўпчилиги қўнар-кўчар элатлар турмуш йўсинига уйғун эмаслиги, емак турларининг сони анча кўп бўлгани бугунгача қолиплашиб қолган кўзқарашларнинг бирёқлама эканини кўрсатади. “Хитойнинг бир бўлагида, Ҳинд ўлкаси, Эрон, Кавказ ва Шарқий Европада ўз бошқарувини туркийлар ўзлари эгаллаган элларнинг емаклари ўзлаштирган, шу йўсинда уларнинг озуқаланиш маданияти бойиган” деб қарайдиган бўлсак, унда “Девон”да келтирилган емакларнинг кўпчилиги туркий тил негизида ясалгани кишини ўйлантириб қўяди.
Бу борада янада кўпроқ тушунчага эга бўлиш учун қуйида Маҳмуд Кошғарий қоғозга туширган емаклардан айримлари билан танишиб чиқамиз:
1. үгрä – угра оши. Бу тутмочдан майинроқ, лаззатлироқ” деб очиқлама берган Маҳмуд Кошғарий ўз асарида бу емак тури билан боғлиқ бир неча сўзларга тўхталиб ўтади [ДЛТ 1960, I: 147]. Кошғарий “угра”, “тутмоч” каби хамирли емакларга айрича урғу бериб ёзар экан, шунга ўхшаш таомлар тўғрисида “қийма үгрä – бир хил хамир номи; уни чумчуқлар тили каби юпқа ва қинғир қилиб кесилади”, “сармачуқ – угра ошининг бир тури. Хамирни нўхатдай майдалаб, кесиб тайёрланади. Буни касал ва касалга ўхшашлар ичишади” деб очиқлайди [Кошғарий 1960, I: 147, 480; Кошғарий 1963, III: 188]. Қизиғи шундаки, бугунги кунда ҳам туркий элларда, айниқса, ўзбекларда “угра”, “кескан-ош” деб аталадиган емак тури шу йўсинда тайёрланиб, кўпинча улар касалга куч, шифо бўлади дейилади.
2. “тутмач”. Маҳмуд Кошғарий унга “туркларнинг машҳур овқати. Бу овқат Искандар Зулқарнайнга нисбатли овқатдир. Шундайки, Искандар зулматидан чиққач, озиқлари камайиб қолган одамлар очликдан қўрқиб, унга: “Бизни оч қуйма, оч тутма”, деган гап мазмунида “Бизни тутма, оч, қўйиб юбор, бизлар юртимизга кетайлик”, — деганлар. Искандар билимдонлар билан кенгашган ва улар шу овқатни тайёрлаганлар. Бу овқат гавдага қувват бериб, юзни қизартирар, тезда ҳазм бўлмас экан. Бу овқат ейилгач, сувидан ҳам ичилар эди. турклар бу овқатни кўргач, “тутмач”, деб атадилар. Асли тутма ач, яъни “оч тутма” деб очиқлайди [Кошғарий 1960, I: 422]. Узун-узун қилиб кесилган, уградан бироз қалинроқ хамирдан тайёрланадиган емак тури бир неча туркий элларда, айниқса, Онадўли турклари ва айрим ўзбек қишлоқларида сақланиб қолган бўлиб, XX юзйилликнинг 20-йилларида Наманган вилоятининг Косонсой туманида этнографик изланишлар олиб борган М.Андреев ерли турғунларнинг севимли емакларидан бири “тутмоч” эканига урғу беради [Андреев 1928: 122].
“Девон”да тутмоч хамири угра хамиридан қалинроқ қилиб кесилиб, сувда қайнатилиши, қайнатилаётганда аралаштириб турилиши, сузиб олингач, эт (гўшт) ва қатиқ қўшиб тайёрланиши тўғрисида сўз боради. Кошғарий “сиш”, “чўвли”, “чўп” каби сўзларга очиқлама берар экан, уларнинг “тутмоч” пиширишда ишлатилишига тўхталиб ўтади. Унга кўра, “тутмач чўпи – тутмоч қилиш учун майдалаб кесилган юпқа бўлаклар” “чöвли – тутмоч сузиладиган човли” билан сузиб олиниб, унга “қатиқ” қўшиб ейилган [Кошғарий 1960, I: 363; Кошғарий 1963, III: 130, 446]. Кошғарий “қатиқ” сўзини “сирка ва қатиқ каби тутмоч овқатига қўшиладиган доривор” деб очиқлаган бўлиб, бу эса ўша кезлардаёқ туркийларда емакларга сузма ёки қатиқдан ташқари яна турли кўкат ва зираворлар қўшиб ейилганини кўрсатади. Ота-боболаримиз зиравор ўлароқ кўп ишлатган кўкатлардан бири “сибут – кашнич”дир [Кошғарий 1960, I: 337]. Бу сўз кўпчилик ўзбек шеваларида “шебит”, “шивит” кўринишида қўлланилади [ЎХШЛ 1971: 314]. Шунингдек, “Девон”да “иӊлич – сассиқ саримсоққа ўхшаган бир тоғ ўти; кабоб билан ейилади. “Сим-симрақ – бир хил овқат. Калла қайнатилиб пиширилгач, майда қилиб тўғралади. Сўнг дориворлар билан бирга идишга солинади ва устига ачиган қатиқ солиниб, у синггигач, ейилади” англамидаги билгилар ўрин олган [Кошғарий 1960, I: 138, 150, 363]. Демак, ота-боболаримиз бундан минг йиллар олдин ҳам қайси ўсимликларнинг ҳазм қилишга ёрдам бериши, соғлиққа қанчалик асқотиши тўғрисида улкан билимларга эга бўлишган. Бундан кўринадики, ҳам иштаҳани очиш, ҳам емакнинг сингишини қулайлаштириш учун кашнич, саримсоқ, қатиқ, турли мева-чевалардан фойдаланиш кўникмаси туркийларда минг йиллардан бери кенг тарқалган экан.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, тутмоч бир томондан угранинг бир турига ўхшаса, бошқа томондан эса лағмонни эслатади. “Девон”да “авилқу” сўзига тўхталар экан Маҳмуд Кошғарий “қизил мевалик бир дарахт, мевасининг суви тутмоч ошига солинади, пўстлоғи билан кўз оғриғи даволанади. У билан кийимлар ҳам бўялади” деб ёзади [Кошғарий 1960, I: 451]. Юқорида келтириб ўтилганидек, “угра ошининг бир тури. Хамирни нўхатдай майдалаб, кесиб тайёрланади. Буни касал ва касалга ўхшашлар ичишади” деб очиқланган сармачуқ кўпроқ бугунги уграга тўғри келса, турли кўкат, зиравор ва мева суви қўшиб ейиладиган тутмоч эса кўпроқ лағмонни эслатяпти.
3. “суқту – бу шундай ичакларки, уларни жигар, гўшт ва турли дориворлар билан тўлатилади, кейин қайнатиб ейилади” [ДЛТ 1960, I: 394]. суғут – ичак ичига гурунч, гўшт ва хушбўй дориворлар солиб, пишириб ейиладиган ҳасип” [Кошғарий 1960, I: 337]. Ушбу емак турлари бугунги кунда ҳам туркий элларнинг кўпчилигида учраса-да, на ўзбекча, уйғурча ёки қозоқчада, ё бўлмаса, на қорақалпоқ, туркман ва қирғиз тилларида “суғут”, “суқту” деб аталадиган емакка дуч келмадик. Яқин йилларда нўғойларда бу “соқта” (сўқта)”, яъни “ҳасип” емаги борлигини топгач, яна изланишларимиз давом эттирдик. 2024 йил кўклам ойларида қардош Чувашистон ўлкасининг бошкенти Чебоксарига илмий йиғинга бориб, тушликка чиқиб, уларнинг миллий емакларидан тотиб кўрамиз деб рўйхатга кўз ташлаганимизда “сукту” деган емак отини кўриб, шоша-пиша шу емакдан келтиришларини буюрдик. Не тонгки, бу емак ўзимизнинг ҳасип билан деярли бир бўлиб, унинг бизникидан бирмунча айричалиги – ўпка, гуруч ўрнига чуваш қардошларимиз кўпроқ жигар ва қийилган эт қўшар экан.
“Девон”да “тўғрыл – гўшт ва дориворлар билан тўлдирилган ичак (канжакча)” деб тилга олган емак тури тўғрисида сўз боради [ДЛТ, 1: 446; ДЛТ 1967: 278; Dinçer 2008: 150]. Кошғарий келтириб ўтган ичакка турли зираворлар солиб қилинадиган “тўғрил”, “сўқту” ва яна бир неча емак турларининг оти унутилмай, бугунги кунгача етиб келибгина қолмасдан, балки тансиқ егуликларига турли кўкатлар ва зираворлар солиб ейиш анъанаси минг йил бурун қандай бўлган бўлса, шундайлигича сақланиб қолганини кўрсатади.
4. Йупқа – Юпқа емаги узоқ ўтмишга бориб тақалади, лаваш сингари XI – XII юзйилликларга тегишли туркий тилли ёзма асарларда учрай бошлайди. Маҳмуд Кошғарий эски турк егуликлари тўғрисида ёзар экан шундай дейди: “йупқа – юпқа. Бу сўзнинг “ф” варианти ҳам бор”, “ jуwқа – юпқа. Ҳар бир юпқа нарса. Мақолда шундай келган анасï тэwлуг jуwқа йапар, оғлы тэтук қоша қапар – онаси ҳийла қилиб, юпқа нон ёпса, боласи зийраклик қилиб қўша-қўша (иккита-иккитадан) оғзига солади”, “jуға – қат-қат нон” [Кошғарий 1963, II: 34, 40-41]. Бугунги кунда Онадўли туркларида “йуфқа” кўринишида сақланган бу сўз ўзбек тилида “юпқа”, кўпчилик туркий тилларда, айниқса, қипчоқ туркийчасида сўзлашувчиларда “жупқа” кўринишида учрайди. Қизиғи шундаки, туркийлардан бошқа тилларга ҳам ўтган юпқа, лаваш туридаги емаклар Кошғарийдан тўрт юз йилча кейин яшаган туркийлар билгаси Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида учраб, Навоий уларнинг туркий емаклар эканига айрича урғу бергани кўзга ташланади: “(Форслар) ва яна баъзи емаклардин қаймоғ ва қатлама ва буламоғ ва қурут ва улоба ва манту ва қуймоғ ва уркамочни ҳам туркча айтурлар” [Алишер Навоий 1992: 17; Тоғаев 2019: 28]. Қизиқарлиси, Навоий келтирган ушбу егуликларнинг деярли барчаси “Девону луғатит турк”да ҳам шу кўринишда учраб, уларнинг кўпчилигини бугунги туркий тилларда учратамиз: қаймоқ, қатлама, буламиқ, қурут, манти, қуймоқ ва б.
5. Бухсы – бир хил овқат: буғдой қайнатилади, кейин уни бодом мағизи билан қўшиб хумчага солинади, устига арпа суви қуйилади ва шу ҳолда қўйиб ачитилади. Буғдойи ейилади, суви ичилади” [ДЛТ 1960, I: 399]. Бундай тансиқ емак турини бугунги кунда ҳам кўпчилик эл-улуслар билмаса керак. Ҳозирги кунда кўпчилик туркий элларда унутилган бу егулик Кошғарий урғу берганидек, бошланғичда буғдой қайнатилиб, сўнгра бодом мағзи аралаштирилиб, хумча идишга қўйилгач, унга яна арпа суви қўшилиб, ачитишга қўйиб қўйилган. Буғдойи ейилиб, суви ичилишига урғу берилишининг ўзиёқ ўша кезларда ота-боболаримиз емак пиширишни биргина қорин тўйдириш мақсадида эмас, ундан роҳатланиш учун ҳам тайёрлаганликларини кўрсатади. Бу кўзқарашни “Девон”да тилга олинган “ува – бир емак оти. Гуруч қайнатилиб, сўнг совуқ сувга солинади, кейин суви тўкилиб, шакар солинади, совуқлик учун ейилади” деган билгилар учрашининг ўзиёқ қўллаб-қувватлайди [қаранг. ДЛТ 1960, I: 51, 116; Dinçer 2008: 150].
Эски турклар озиқ-овқат тайёрлашда турли хил ачитқилар қўшганликлари ҳам кузатилади. “Девон”да “сиркä – сирка (уксус)”, “қўр – қатиқ томизғиси. Бу – хурмачада ивитилган қатиқ ё ачиган қимиздан идиш тагида қолдириб, устига сут қўшиб, қатиқ ёки қимиз қилишдир” каби билгилар учраб [ДЛТ 1960, I: 404; ДЛТ 1963, III: 133], бугунги кунда ҳам бу сўзлар туркий тилларнинг кўпчилигида, айниқса, ўзбек тилида яхши сақланиб қолган. Ўрнак учун, ўзбек тилининг Бухоро шеваси “қўр – томизғи (сутга солинадиган)” англамидадир [ЎХШЛ 1971: 164]. Шунингдек, қадимги туркий эллар кундалик турмушида турли хил ичимликларнинг ҳам айрича ўрни бўлган. Ичимликларнинг айримлари “айран – айрон”, “қимиз”, “бўр – бўза”, “сучик – шароб, мусаллас, май”, “қизил сучик — май” каби сут, тариқ ва узумдан қилинган бўлса, бир бўлаги эса мевалардан тайёрланган ичимликлар бўлган [ДЛТ 1960, I: 142, 387, 398].
Эски турклар қозонга кўпроқ эт солиш билан бирга буғдай “буғдой”, тариғ “тариқ”, тутурқан “гуруч”, “бурчақ – бурчоқ, ловия” каби донли унум — маҳсулотлар билан бирга, “сўған – пиёз”, “сармусақ – саримсоқ”, “кизри” ёки “кешур – сабзи”, “турма – турп” сингари кўкат – сабзовотларни ҳам унутмаганлар [ДЛТ 1960, I: 354, 388, 400, 405, 433, 475; DLT 1963, III: 358]. Қизиғи шундаки, ушбу сўзлар кўпчилик туркий халқларда бўлгани сингари ўзбек тилида ҳам деярли ўзгаришга учрамасдан қўлланилиб келади.
“Девон”да ота-боболаримиз емак тайёрлашда қандай усуллардан фойдаланганликлари тўғрисида ҳам бир қатор билгилар учрайди. Айниқса, қайнатиш ёки қовуриш усуллари қўлланилган бўлиб, “ашич қайнади – қозон қайнади”, “қаврушди – қовуришди; ул менга тариғ қаврушди – у менга буғдой қовуришда ёрдам қилди” каби билгилар қайнатиш ва қовуриш усулларининг кенг ёйилганини кўрсатади [қаранг. ДЛТ 1963, II: 255, 412; ДЛТ 1963, III: 208].
“Ашлиқ” (ошхона)га эга бўлган эски турклар емак ейишда “терги” (дастурхон)га “айақ – идиш; коса; пиёла”, “идиш – қадаҳ; пиёла”лар қўйиб, емакни “қашуқ – қошиқ” билан ошаганлар [ДЛТ 1960, I: 92, 112; ДЛТ 1917: 47]. “Девон”да “Қуруқ қашуқ ағизқа йарамас. Қуруғ сўз қулаққа йақишмас (Қуруқ қошиқ оғизга ярамайди, қуруқ сўз қулоққа ёқмайди). Мақол бировдан ёрдам сўраш учун унга ҳам бирор фойда кўрсатиш керак, деган маънода қўлланади” деган билги ҳам учраб [ДЛТ 1960, I: 364], элимизда бугун ҳам шунга яқин отасўзига дуч келинади.
Қисқаси, бу каби билгилар эски турклар озиқ-овқатининг анча бой бўлганини кўрсатади. Бу ҳолат бизнингча, туркийлар бундан минг йиллар олдин ҳам фақатгина кўчманчи элат бўлмасдан, балки ўтроқ турмуш йўсинига эга бўлганлари билан боғлиқ. Маҳмуд Кошғарий мол-ҳолчи – чорвачи туркий кўчманчи уруғлардан ташқари яна шаҳар ва қишлоқларда яшаган, деҳқончилик қилиб, турли-туман экинлар етиштирган туркийлар тўғрисида ҳам кўп тўхталган. Келтириб ўтилган ушбу билгиларнинг кўпи негизи ўтроқ бўлган туркийлар билан боғлиқдир. Кўчманчи туркийлар эса кўпроқ эт (гўшт), сут-қатиқ, қимиз ва шунга ўхшашлардан кенг фойдаланган. Эски туркларда экмак – ноннинг 20 га яқин тури тўғрисида сўз борган бўлиб [Аширов 2021: 85], уларнинг айримлари кўчманчи туркийларга тегишли бўлса, сезиларли бир бўлаги эса кўпроқ ўтроқ туркийлар томонидан тайёрлангани кўзга ташланади. Қувонарлиси, нон билан боғлиқ сўзларнинг кўпчилиги бугунги туркий тилларда деярли ўзгаришга учрамасдан етиб келган. Айниқса, ўзбек халқи емак маданиятининг ёрқин ўрнакларидан бири бўлган нон ва унинг бир қанча турлари айнан “Девону луғатит турк” асарида қандай кўринишда қоғозга туширилган бўлса, бугун ҳам шу кўринишда қўлланилишда давом этаётир.
Ғайбулла БОБОЁР,
Тарих фанлари доктори
Қўлланилган адабиётлар
Абдураҳмонов Ғ., Рустамов А. Қадимги туркий тил. – Тошкент: Ўқитувчи, 1982.
Алишер Навоий. 20 жилдлик. 10-жилд. – Тошкент: Фан, 1992.
Андреев М. Поездка летом 1928 г. В Касансайский район (Север Ферганы) // Известия общества для изучения Таджикистана и иранских народностей за его пределами. Том I. – Ташкент, 1928.
Аширов А. Нон маданияти ва урф-одатлари // O ʼzbekiston tarixi, 3/2021. – Б. 83–94.
Бобоёров Ғ. Ўзбек тили тарихи – I (Энг эски чоғлари). – Тошкент: Фан, 2022.
Кошғарий, Махмуд. Туркий сузлар девони (Девону луғотит турк) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С.М. Муталлибов. 3 томлик. — Тошкент: Фан, 1960–1963.
Тоғаев Т.М. Алишер Навоий асарлари тилидаги таом номлари // “Ўзбекистонда хорижий тиллар” илмий-методик электрон журнал journal.fledu.uz, № 5/2019.
Фазылов Э. Староузбекский язык. Хорезмийские памятники XIV века. Том II. – Тошкент, 1971.
Abduvohid Hayit. Shashlik, shaurma, yogʼurt – dunyo oshxonasini zabt etgan turkey taomlar / https://oyina.uz/uz/article/750
Asheri D., Lloyd A., Corcella A. A Commentary on Herodotus Books I – IV. – Oxford University press, 2007.
Çetin E. Divanü Lügatiʼt-Türkʼteki Yiyecek İçecek Adlari Ve Bu Adlarin Türkiye Türkçesindeki Görünümleri // Ç.Ü. Sosyal Bilimler Enstitüsü Dergisi, Cilt 14, Sayı 2, 2005. – S. 185–200.
Dinçer A. Divânü Lûgatiʼt-Türkʼteki Yemek Adları Üzerine // 2. Uluslarası Türkşyat Araştırmaları Bilgi Şöleni Bildirileri. Kaşgarlı Mahmud ve Dönemi. – Ankara: TDK, 2008. – S. 141–152.
Адабиёт
Санъат
Тарих
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ