Бугунги кунда Туроннинг илк хоқони – Алп Эр Тўнга аслида ким бўлгани тўғрисида турли илмий тортишувлар мавжуд. Алп Эр Тўнга ва Афросиёб битта шахс бўлганини Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (Саодатга элтувчи илм) асарида келтирилган жумлалар тасдиқлайди: “Назар солиб қарасанг турк беклари, турк бекларининг энг яхшилари, улар орасида энг машҳури ва бахти кулиб боққани Тўнга Алп Эр номли бек эди. Мушоҳадаси кенг, санъат – ҳунарлари беҳисоб кўп, билимли, заковатли, сара одам ўша эди. Тожиклар уни Афросиёб деб атайдилар, у талай элларни ўз тасарруфига олган эди. Тожиклар у ҳақида китобда ёзиб қолдирганлар, бўлмаса у ҳақда ким нимани ҳам биларди”. Шуни таъкидлаш керакки, Ал-Ҳиндда салтанат бошқарган туркий сулолаларга Кушон подшоси Канишканинг сиёсий довруғи қанча буюк бўлса, Туронда давлат қурган саркардалар учун Афросиёбнинг номи шунчалар юксак қадрли эди. Зеро буни Қорахонийларнинг ўзларини “Оли Афросиёб” деб атаганларида ва Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарида салжуқийларнинг ўз келиб чиқишини қиниқ уриғига боғлагани, Афросиёбнинг бир ўғли Кайхусравдан қочиб, туркманларнинг қиниқ уруғидан паноҳ топиб, у ерда вояга етиб, салжуқийлар давлатига асос солиб, ўттиз беш авлоддан бери Афросиёбга бориб туташамиз, деганида ёки Жўвайнийга кўра уйғурларнинг келиб чиқиши билан алоқали Бўгухон, яъни Моюнчур хоқоннинг ўғли ҳам Афросиёб билан туташиб кетганида кўриш мумкин. Ҳар учала маълумот Афросиёб – Алп Эр Тўнга туркий халқларнинг бобокалони дея таъкидлаши жиҳатидан жуда муҳимдир.
Афросиёб/Алп Эр Тўнганинг 3000 йиллик туркий давлатчилик пойдеворига бош бўлганини инкор қилувчилар, тўғрироғи афсонавий шахс эканига урғу бериш билан бир қаторда мавзуга ўта академик ёндашиб уни милоддан олдинги даврлардан эмас, балки яқин тарихдан қидиришга уринадилар. Аниқроғи, Алп Эр Тўнгани Култегин битиктоши шимолий юзининг 6 ва 7-қаторига битилган Тўнга тегин билан айнанлаштирадилар. Битиктошда Тўнга тегин ҳақида қуйидаги сатрлар мавжуд: “... халқи оёқдан қолди, ёмон бўладиган эди. Илгари келиб олган лашкарини Кул тигин турғизиб отлантириб, бир қавм қаҳрамон ўн эрни Тўнга тегин азасида қуршаб олиб ўлдирдик. Бешинчи (марта) Азганти Қадазда Ўғуз билан жанг қилдик”. Кўриб турганимиздек, битиктошда Тўнга тегиннинг жаноза маросимидан сўз боради. Алп Эр Тўнгани Тўнга тегин дегувчилар ана шу сатрларга кўра, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит-турк”ида келтирилган қуйидаги марсияни Култегин битиктошида тилга олинган Тўнга тегиннинг ўлимига бағишлаб ёзганини таъкидлайдилар:
Алп Эр Тўнга ўлдиму,
Эсиз ажун қолдиму,
Ўзлак ўчин олдиму,
Эмди юрак йиртилур.
Ушбу марсия Абдурауф Фитрат томонидан ҳам чуқур ўрганилиб, марсия 10 парча бўлиб, ҳар парчаси тўртликдан иборатлиги айтилган. Фитрат: “Бу марсия Алб Эртўнга деган бир турк ботурининг муносабати билан айтилган. Бироқ Алб Эртўнганинг ўзи кимдир? Бу тўғрида “Девони луғат”нинг ўзида шу маълумот бор: Тўнга – ал-бабру ва йўлаққабу биҳи касиран. Фаюқалу “Тўнкахон”, “Тўнка такин” ва асбаҳуҳу ва кана Афросиёбу ла малику-л-турк юлаққабу “Тўнга Алб ар”. Маъноси: Тўнга – “бабир” аталган йиртғучи бир ҳайвондир, кўб кишиларга ҳам тўнга дейиладир. Тўнгахон, Тўнга такин ва шунга ўхшаш лақаблар бор. Турк хоқони Афросиёбнинг лақаби “Тўнга Алб эр эди”, деб ёзади. Абдурауф Фитрат гарчи Алп Эр Тўнганинг Афросиёб эканини билса-да: “Турк тарихига оид форсий манбаларга мурожаат қилғанимизда: Чингиздан бурун Болосоғун шаҳрида инқирозга юз тутган бир хонлиқ бўлғанин, унинг бошида Афросиёб наслидан бир киши турғанин, қарлуқ, қипчоқ, қанғли қабилаларининг чоповлилариға чидамай ўз хонлиғинин қора хитойларға топширғанин кўрамиз. Фикримизча, тожиклар томонидан Афросиёб аталған “Алб Эр Тўнга“ билан ҳалиги Болосоғун хонининг бобоси бир одам бўлса керак”, дея маълумот беради. Адабиётшунос олим Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” асарида келтирилган маълумотларга суяниб ушбу фикрни айтган. Гарчи Фитрат ўз даврида турк олими Фуад Кўпрулунинг Алп Эр Тўнга айнан Тўнга тегин деган фикридан хабардор бўлса-да, уни Афросиёб – туркий қавмларнинг бобоси сифатида эътироф этган.
Ўтган асрнинг 80-йилларида Аҳмад Заки Валидий Тўғон бевосита Афросиёб/Алп Эр Тўнга мавзусига тегиниб, “Шоҳнома” асосида Афросиёбнинг Аржасп исмли ўғли бўлгани ва унинг қарлуқларни ўзига тобе қилганини ёзади. Йирик турк олими Фуад Кўпрулу Алп Эр Тўнга милодий V асрдан олдин яшаб, турклар хотирасида кучли из қолдирган буюк қаҳрамон бўлиши мумкинлигини айтади. Туркий рун ёзувлари билимдони Текин бу мавзуни Култегин битиктоши шимолий юзининг 6 ва 7-қаторига битилган Тўнга тегиннинг дафн маросими ҳақидаги парча билан боғлаб, қуйидаги фикрларни билдиради: “Бу воқеа содир бўлган сана билан Кошғарий яшаган давр орасида уч ярим асрлик давр бор. Бу давр ҳақиқий воқеа ва қаҳрамоннинг афсонавий бўлиши учун етарли. Шу сабабдан, Алп Эр Тўнгани анча олдинги даврларда яшаган турк қаҳрамони ёки Кўпрулу таъкидлаганидек, “тарихга кирмаган яна бир Тўнга тегин” деб қарашга ҳожат йўқ деб ўйлаймиз. Девондаги элегия қисмларида номи тилга олинган Алп Эр Тўнга, катта эҳтимол билан 713 йилда Бешбалиққа жангга борган ва пистирмага учраб ўлдирилган Қапаған хоқоннинг ўғли Тўнга тегин шарафига номланган. 714 йилдаги унинг ўлими туркларни чуқур қайғуга солган”. Кейинчалик бу фикрлар Алп Эр Тўнгани кичик шаҳзодалардан бўлган Тўнга тегин билан бир шахс деб қарашларига сабаб бўлди. Қапаған хоқоннинг Тўнга тегин исмли ўғли умрини давлат учун сарфлаган, мол-мулкка қизиқмаган, акаси ва поччаси билан бирга Бешбалиқда хитойликларга қарши курашган, жангда пистирмага учраб ҳалок бўлган, унинг жанозасида эса ўғузларга қақшатқич зарба берилган. Шарқий Туркистондаги Безеклик харобаларида бир шахс тасвири акс этган (унинг оғзи ва либосларида қон изи бўлиб, расмнинг бир ерида “Тўнга тегин”, бошқа ерида “Тўнга бўл” ёзуви ёзилган) миниатюра бўлиб, у Тўнга тегинга оид бўлиши мумкин, деган фикрлар бор.
Шу пайтгача яратилган китобларда Алп Эр Тўнганинг тарихан кимлигига алоҳида эътибор қаратилган ва турлича фикрлар илгари сурилган. Тарихий манбаларда ёзилишича, мил.ав. 625 йил – ҳукмдори Мадяс даврида жангларда куч йўқотган скифлар (юнон манбаларида саклар шундай аталган) маст қилиниб, оммавий равишда ўлдирилади. Бунинг натижасида улар Мидияга чекинадилар. Ҳатто Мадяснинг ўзи ҳам ичкилик орқали заҳарланиб ўлдирилгани ва скифларнинг йўлбошчисиз қолгани айтилади. Бу ҳодисалар скифлар/сакларнинг марказий бирлигига путур етганини англатади. Тадқиқотчи Қаҳрамон Ражабов ҳам юқоридаги воқеаларни қуйидагича таърифлайди: “Ҳар икки томон ўртасида қақшатқич жанглар Турон ва Эрон сарҳадларида бир неча марта бўлиб ўтади. Тарихий маълумотларда келтирилишича, Алп Эр Тўнга қўмондонлик қилган ана шундай жангларнинг охиргиси мил.ав. 626 йилнинг кеч кузида Мидия (ҳозирги Озарбойжон ва Эрон ҳудудининг бир қисмида бўлган қадимги давлат)да бўлиб ўтган. Бу жанг туронликларнинг ғалабаси билан тугайди. Жангдан кейин сулҳ тузилиб, мағлублар ғолиблар шарафига катта зиёфат беради. Бироқ Эрон шоҳи Кайхусрав Алп Эр Тўнгани зиёфат пайтида майга заҳар қўшиб бериб ўлдиради. Турон хоқони Алп Эр Тўнга ишонувчанлиги ва соддадиллиги учун эронийларнинг макр ва ҳийласига қурбон бўлди. Хоқоннинг ухлаб ётган лашкарбошилари ҳам тиғдан ўтказилган. Алп Эр Тўнганинг ўлими Эронда тур(к)лар ёки саклардан қутилиш куни сифатида катта тантана қилинган. Хуллас, Алп Эр Тўнга ва унинг лашкарбошилари эронликлар томонидан хоинларча ўлдирилгач, хоқон қўшинининг тирик қолган қисми Мидия, Анатолия, Эрон, Турон ҳудудларига тарқалиб кетган. Уларнинг бир қисми шарқий Анатолиянинг тоғли жойларига қочиб қутилдилар”.
Бундан деярли 3 минг йил олдинги Эрон салтанатлари ўтмишидан сўзловчи “Авесто” ва бошқа бир қатор қадимги форс ёзма манбаларида “Кави Хоасрава” кўринишида тилга олинган Кайхусрав исмли ярим афсонавий шахсга Эрон юртидан кунчиқар ўлкаларга – Туронга юриш қилиб, бир сира Хоразм ўлкасини бошқарган, деб қаралади. Шунингдек, Кави Хоасрава (Кайхусрав) Аҳамонийлар давлатининг илк бошқарувчиси Кир II (бошқаруви – мил. олд. 559–530)нинг халқ оғзаки ижодида, айниқса, Эрон ва Турон элларининг фольклорида кенг тарқалган афсонавий отидир. Кайхусрав Каёнийлар сулоласидан бўлган учинчи Эрон шоҳи бўлиб, отаси эронлик Кайковус ўғли Сиёвуш, онаси Фарангиз эса келиб чиқиши бўйича туронлик бўлган. Каёнийлар сулоласининг илк ҳукмдори Кайковуснинг ўғли Сиёвуш Афросиёбдан дастак сўраганда Афросиёб уни қизи Фарангизга уйлантириб қўяди. Фарангиздан Кайхусрав исмли ўғил туғилади. Бундан кейин ҳам Эрон ва Турон ўртасидаги курашлар янада авж олади. Кайхусрав эса туронликларнинг қўлидан қочирилиб, Кайковуснинг ёнига келтирилади. Кайковуснинг ўлимидан кейин яна жанглар бошланади. Кайхусрав ва Афросиёбнинг тўқнашуви юз беради, натижада Афросиёб ва унинг иниси Кайхусрав томонидан ўлдирилади.
Тадқиқотчилар юқоридаги достон қаҳрамонларининг қайси тарихий шахсиятлар экани, қайси давр назарда тутилаётганини таҳлил қилиб, Каёнийларнинг Аҳамонийлар экани, Каёнийлар даври эса Аҳамонийлар даври – VI асрнинг бошларига тўғри келишини таъкидлайдилар. Шунингдек, Афросиёб/Алп Эр Тўнга билан Турон тахти учун жангларда доимий кураш олиб борган эронликларнинг мидияликлар бўлгани тахмини мавжуд. Сабаби шу даврда Мидия давлати ҳам кучга тўлган ва Оссурия ҳамда Урарту каби давлатларни ўзига бўйсундириб, қудратининг юксак даражасига кўтарилган эди. Мидияликлар ҳам Туронни эгаллаш учун ҳаракат қилгани ёзма манбаларда келтирилган. Хусусан, мил.ав. I асрда яшаган юнон муаллифи Диодор “Артин подшоҳлиги даврида парфияликлар мидияликлардан ажралиб чиқиб, ўз ер ва шаҳарларини сакларга топширдилар. Шунда саклар ва мидияликлар ўртасида уруш бошланди... Охири (ўзаро) сулҳ тузилди... Сак подшоҳлари мидиялик асирларни Танаиду (Сирдарё) томон кўчириб олиб кетдилар” деб маълумот беради. Бу маълумот ўша даврда сак қабилаларининг етакчиси Афросиёб/Алп Эр Тўнга бўлиши эҳтимолини ўртага қўяди. У билан боғлиқ ривоятларда ҳам Афросиёбнинг Эронда 12 йил ҳукмронлик қилгани айтилади. Аҳамиятлиси, Мидия ёки Аҳамонийлар каби Шарқнинг илк қудратли давлатлари қаторида уларга тенглаша олган ёки Турон дарвозасини ёвлардан ҳимоя қила олган етук саркардалар ҳамда улар бошчилигида давлатлар Ўзбекистон ҳудудида қадимдан мавжуд бўлганини кўриш мумкин.
Бизнинг фикримизча, Култегин битигтошида тилга олинган Қапаған хоқоннинг ўғли Тўнга тегин Алп Эр Тўнга бўлиши мумкин эмас. Алп Эр Тўнга Туроннинг илк ҳукмдори Афросиёбдир. Эрон тупроқларидаги фожеа – Афросиёбнинг ўлими унинг яқинлари ва халқини изтиробга солган ва авлоддан авлодга ўтиб келаётган “Алп Эр Тўнга достони” ва марсияси яратилган. Зеро, Алп Эр Тўнга ўлимидан кейин беклар чуқур қайғуга ботгани ва узоқлардан от чоптириб келгани марсияда таърифланганидек ёки унинг Фитрат таржимасидагидек: “Ҳойғу уларни шунчалик ориғлотганким, заъфар суртилган каби юзлари сарғайиб қолибдир” ҳолида акс этган. Алп Эр Тўнга/Афросиёб мавзуси минг йиллар давомида адабий ва тарихий асарларда шунчалик акс-садо берганки, унинг шахсини ҳали давлат қурмаган, хитойликларга қарши курашган кичик бир тегин – шаҳзода билан чеклаб қўйиш мумкин эмас. Ҳатто ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий ҳам “Тарихи мулки Ажам” асарида Афросиёбга ўрин ажратиб, “Афросиёб. Они баъзи дебдурларким, Пушанг бинни Тур бинни Фаридун ўғлидир. Ва баъзи анинг нисбати Қаюмарсга еткурубдурлар. Аммо бурунғи дурустроқдир. Чун Навдарни ўлтурди, Эрон мулкини андоқ буздики, оз ерда маъмурлуқ қолди... Афросиёб подшоҳлиги ўн икки йил эрди”, деб маълумот беради. Яна бир бобокалонимизга Бобур – “йўлбарс” номи берилиши ҳам бежиз эмас, у ҳам “тўнга” деб қадимдан давом этиб келаётган ва жасур йўлбошловчи шаҳзодаларга берилган туркий унвоннинг ёки Алп Эр Тўнга эпитетининг бошқа тилдаги шаклидир.
Феруза ЖУМАНИЯЗОВА,
ЎзР ФА Шарқшунослик институти катта илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Абдураҳмонов Ғ, Рустамов А. Қадимги туркий тил. – Тошкент: Ўқитувчи, 1982.
2. Кошғарий М. Девону луғатит-турк. – Т.1. – Б. 77. Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг // Қадимий ҳикматлар. Тузувчи Н.Раҳмонов. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1987.
3. Навоий А. Тарихи мулки ажам // Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма томлик. Т.16. – Тошкент: Фан, 2000. – Б. 203-204.
4. Ражабов Қ. Алп Эр Тўнга (Афросиёб). – Тошкент: Ўзбекистон.
5. Энг эски турк адабиёти намуналари / Фитрат; нашрга тайёрловчи О.Ҳамроева; масъул муҳаррир Ҳ.Болтабоев; ЎзР Oлий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий ун-ти. – Тошкент: МУМТОЗ СЎЗ , 2008.
6. Gömeç S. Tonga Tigin'in Kimliği Üzerine // Türk Dili Araştırmaları Yıllığı – Belleten. 48 (2000). – S. 205–210.
7. Tekin T. XI. yüzyıl Türk şiiri (Dîvânu lugati’t Türk’teki manzum parçalar). Ankara: TDK Yayınları, 1989.
Тарих
Санъат
Тарих
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ