Туркистоннинг миллий қўзғалиш тарихиндан бир парча – Носирхон тўра ва сафдошларининг жасорати


Сақлаш
18:39 / 17.01.2025 33 0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи бош илмий ходими Баҳром Ирзаевнинг “Уюштирилган “саҳна”, ёлланган хуфя, тўқилган ёлғонлар – 115 нафар қўрбоши ва сафдошлари қандай маҳв этилганди? [1] номли мақоласини ўқиб муаллиф кўплаб ҳужжатларни талқин қилишда хатоларга йўл қўйганининг гувоҳи бўлдим. Аввало мақоланинг номланишидаги хатоликка эътибор қаратсак. “…115 қўрбоши ва сафдошлари қандай маҳв этилганди?” (Б.Ирзаевнинг мақоласидан кўчирмалар курсивда ажратиб кўрсатилмоқда) дейилгани билан мақолада 1930 йил ОГПУ ҳузуридаги учлик баённомаси билан айбдор деб топилган 92 нафар шахс – Носирхонтўра ва унинг сафдошлари ҳақида гап бормоқда. Ўз навбатида. “115 рақами қаердан келди?” деган савол туғилиши табиий. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ф-5598-сонли фармойишида “илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш белгиланган эди. Натижада 2021 йил 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Суди жами 115 нафар қатағон қурбонларини реабилитация қилди. Қайд этиш керакки, мустақил Ўзбекистон тарихида бундай ҳолат – қатағон қурбонларининг жамоавий равишда ва суд тартибида биринчи марта оқландилар. 115 нафар шахс 6 та жиноят иши доирасида қатағон қилинган бўлиб, улар орасида Ибрагимбек Чакабаев бошчилигидаги 16 нафар истиқлол курашчилари (Бирлашган давлат сиёсий бошқармасининг (БДСБ) ҳузуридаги учликнинг 1932 йил 13 апрелдаги баённомаси асосида қатағон қилинган), Терегулов Осман Игматуллаевич ва бошқаларга оид 4 нафар шахсга нисбатан (Хоразм Республикаси фавқулодда сессияси Олий Революция Трибунали томонидан 1922 йил 18 ноябрь куни ЖК 40-моддасига асосан отувга ҳукм қилинганлар), Даминов Латиф, Султанов Гафур (1930 йил 27 октябрдаги Марказий Осиё Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Мухтор вакили қошидаги Учлик кенгаши қарори билан), Кирамов Кивам (СССР Олий Суди ҳарбий ҳайъатининг 1938 йил 9 октябрдаги ҳукмига кўра) [2] бўлиб, реабилитация қилинганларнинг асосий қисмининг Носирхон тўрага умуман алоқаси йўқ.

 

Мақолада “1929-йил июлда Носирхонтўра Отантой Сотилғонов, Истамбеклар таклифи билан Сумсарда меҳмон бўлади. Носирхонтўра 1929-йил кузида қирғиз шогирдлари ва дўстларининг таклифи билан яна тоққа йўл олади. 29 октябр куни Ранжит этагида кетар экан кимлардир ўққа тутади. Носирхонтўра отдан йиқилиб, қўли икки жойидан синади” деб ёзилган, аслида эса Сумсар тоғидаги йиғилишда миллий истиқлол учун қўзғалон режаси муҳокама қилинади ва дастлаб Косон (ҳозир Косонсой деб юритилади) қишлоғига ҳужум қилиш ва у ерни таянч базасига айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

 

1930 йил 16 январ куни Андижоннинг Жалақудуқ туманида қишлоқ кенгаши котиби Абдураҳмонов, ўқитувчи Мангушева, яна бир комсомол, икки пионер гаровга олиниб, мислсиз қийноқлар ортида ўлдирилади. Жами 5 нафар киши мактаб биносининг ўзида ёқиб юборилади. ГПУ мазкур жиноятни Жонибек қозининг яқини бўлган мулло Усмон Жумабоев гуруҳининг бўйнига қўяди. Гўёки уларни таъқиб қилган қизил аскарлар Қораёнтоқ қишлоғида мулло Усмон Жумабоев, унинг тутинган ўғли Бекир Жумабоев, Жонибек қозининг укалари Қорабой, Баубек Риспаевлар, собиқ қўрбоши мулла Али Мақсудов ва Азим Шербоевларни ўлдиради. Бу даҳшатли воқеалар хабари эл орасига тарқатилар экан ҳаммаси Носирхонтўранинг одами, улар баҳорда исённи режалаштирган, деган миш-миш тарқатилади Мулло Усмон Жумабоев Қирғизистонда миллий истиқлол учун курашган Жонибек қозининг жияни бўлиб, ўзаро келишмовчилик туфайли тарафдорларини олиб, Носирхон тўра қўзғолонига қўшилмоқчи бўлган, жангда ўлдирилгач, қизил аскарлар унинг танасини кўтариб юрмаслик учун бошини рахбариятга тақдим этишган, бошини суратга олиб, Москвага юборишган.

 

Пулимёт сотиб олиш учун Полшага одам юборган… каби сохта ахборотлар тайёрланади– аслида эса Носирхон тўра билан жавобгарликка тортилган Игнатий Гумбинга терговда Полшадан Россия армиясида хизмат қилган офицерларни Наманганга бошлаб келиш, патронларни қайта ўқлаш бўйича мутахассисларни топиш, қурол-яроғ олиб келиш топшириғи берилган бўлган. Бироқ у қўлга олингач, ўзини Совет давлати хуфяси бўлганини айтади. Афсуски, у қамоқда очлик эълон қилган ва унинг кейинги тақдири номалум.

 

Мақолада аждодларимизнинг миллий истиқлол учун олиб борган курашлари тўлиқ четлаб ўтилган, уни ўқиган одамларда Носирхон тўра ва унинг сафдошлари оддий деҳқонлар бўлган, туҳмат қурбонига айланган, деган тассаввур уйғонади. Шу боис Носирхон тўранинг миллий истиқлол учун олиб борган курашлари ҳақида воқеанинг гувоҳлари хотираларига мурожаат қилиш лозим, бизнингча.

 

Совет давлатининг қатағон сиёсати натижасида кўплаб аждодларимиз она Ватанларини ташлаб муҳожирликка кетишга мажбур бўлдилар. Улар хорижий давлатларда ҳам Ватан соғинчи, ўтмиш хотиралари билан яшаганлар. Ўзлари яшаётган мамлакатларда газета ва журналлар ташкил этиб, улар ёрдамида Туркистоннинг тарихи, бугуни, келажаги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини эълон қилиб борганлар. Дунёнинг турли давлатларида туриб Совет давлатининг қатағон сиёсатини фош этишга ҳаракат қилганлар.

 

1931 йил 20 декабрь куни ВКП(б) МК Махфий бўлими ходими Васильев ВКП(б) Марказий Комитетининг Маданият ва тарғибот бўлими мудири  А.И.Стецкийга “Ҳиндистондаги антисовет кампанияси ҳақида Марказий Комитетга мактуб (Туркистон мусулмонларининг баёнотлари)” номли “махфий” грифи остида маълумотнома юборган.

 

Маълумотноманинг изоҳ қисмида таъкидланишича, юқорида таъкидланган маълумотнома юборилишидан бир неча ой олдин Коммунистик Интернационал ижроия қўмитаси котиби И.А.Пятницкий Ҳиндистон газеталарида СССРда мусулмонларга қарши амалга оширилаётган зулм тўғрисида эълон қилинган мақолалар асосида ахборот тайёрлаб, бунга қарши жаҳон матбуотида эълон қилиш учун материал ёзишни сўраган. Хабарда инглизларнинг мафкура жабҳасидаги ҳаракатлари шиддатли тус олаётгани туфайли эндиликда уларга қарши тезроқ мақолалар эълон қилиш жуда зарурлиги урғуланган ва А.И.Стецкийдан хориж матбуотида эълон қилинган мақолаларга тезроқ раддия ёзиб беришни тайинлайди.

 

 Хатда “Ҳиндистонда панисломчилик ва ислом дини ғояларининг тарғиботининг янги тўлқини кучайиши билан бир қаторда, Шимолий Ҳиндистон ҳудудларида антисовет тарғибот ишлари фаол кучаймоқда. Ҳар куни нашр этиладиган “Ҳиндистон Таймс” (The Hindustan times) газетасининг 1931 йил 17 декабрь сонида яқинда Совет Туркистонидан Шимолий Ҳиндистонга кўплаб мусулмонлар келган ва улар Ҳиндистон мусулмонлари орасида антисовет кайфиятни қўзғашга интилишмоқда. Маълумотларга кўра фақатгина Деҳли шаҳрининг ўзига 30 дан ортиқ туркистонлик мусулмонлар келган. Улар Туркистондаги мусулмон ташвиқотига нисбатан диний таъқиблар ва совет зулми тасвирланган узун, даҳшатга тўла ҳикоялар айтиб беришган. Улар масжидлар ёқиб юборилгани ва мусулмон руҳонийларининг отиб ўлдирилгани ёки умрбод сургун қилингани ҳақида ҳикоя қилмоқдалар. Совет ҳукуматининг иқтисодий сиёсати – уларнинг таърифига кўра – аҳолини вайрон қилди ва ҳокимиятга нисбатан муросасиз нафрат уйғотган. Юқорида кўрсатилган мусулмонлар “Ҳиндистан Таймс” газетасига йўллаган узун баёнотида, шарт-шароит шунчалик оғир, ҳозирда халқ оммасининг қашшоқлиги шундай чегарага етганки, агар Совет ҳукумати чегаралардан қочқинларни тўхтатиб қоладиган енгиб бўлмас тўсиқларни қўймаган бўлганида,  биз совет таркибига кирмаган Туркистонга оммавий қочган бўлардик, деб маълум қилишган. Улар фақат ҳаддан ташқари таваккалчилик, она ватанларидаги барча бойликларидан воз кечиш, СССРда ҳукм сураётган шароитда яшашдан кўра ўлимни афзал кўриш туфайли қутулишганини таъкидлашган. Бунда улар Хитой Туркистони бўйлаб саёҳат қилиб, у ердан Читралга, сўнгра Пешоварга боришга мажбур бўлганлар”[3] деб ёзилган.

 

Ҳиндистонда туриб Совет давлатининг Ўзбекистонда амалга оширган ишларини фош қилган одамлар дунёнинг бошқа жойларида нашр этилган оммавий ахборот воситаларига ҳам мурожаат қилганлар. Бундай нашрлардан бири, Парижда 1929–1939 йилларда нашр этилган “Ёш Туркистон” журнали  бўлиб, унинг 1934 йил октябрь сонида 1934 йил июнда Деҳлида яшаётган муҳожирларимиз Муҳаммадали Ҳасанали, Мулла Қўлдош Охундларнинг “Туркистоннинг миллий қўзғалиш тарихиндан бир парча (Сайид Носирхонтўра ҳаракати)” [4] номли мақоласи чоп қилинган. Мақолада Туркистон жадидларидан бири, йирик уламо Носирхон тўра бошчилигида 1929 йилда кўтарилган қўзғолон воқеалари ҳикоя қилинади. Мақолада қўзғолоннинг сабаблари, бориши, жанглар ҳақида маълумотлар келтирилган. Мақолани ўзбек тилига табдил қилган ва айрим жойларини изоҳлаган ҳолда айнан келтиришни маъқул билдик.

  

Туркистоннинг миллий қўзғалиш тарихиндан бир парча

(Сайид Носирхонтўра ҳаракати)

Туркистоннинг Фарғона вилоятинда 1929 нчи йили Сайид Носирхонтўра ҳазратлари (Аслан наманганли бўлған Сайид Носирхонтўра Туркистон миллий ҳаракатига яқиндан қатнашған ва илми ҳам нотиқлиғи ила туркистонлиларча маъруф бир шахсдир. Бу зот 1917 нчи йилнинг декабринда Хўқандда қурулған Туркистон мухторият ҳукуматига маориф нозири эди. Бошқарма.) тарафиндан идора этилган қўзғалишға мен, Муҳаммадали Ҳасанали, узоқдан қатнашқанимдан у йилғи воқеани тўлуқ равишда билмайман. Унинг чун бу муҳим воқеани, қўзғалишқа яқиндан қатнашқан юртдошимиз мулла Қўлдош Охундла баробар ўтуруб қисқача бўлса ҳам тартиби ила ёзмоқдамиз. (Мақола ва қавс ичидаги курсив изоҳлар З.М.Бобур номидаги Андижон давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси катта ўқитувчиси Шуҳратбек Қаҳҳоров томонидан нашрга тайёрланган)

 

 

 

Мақола биринчи саҳифасининг кўриниши

 

Бу қўзғалишнинг, бўлшавикларнинг ҳаддан ташқари мазолиминдан (зулмларидан) ва уларнинг ваҳшиёна муомалаларига чидамсизликдан туғулғанлиғи кимсадан махфий эмасдир. Ҳам бу қўзғалиш турклик қайнағиндан (негизидан) ва инсон боласиға ўрнак бўлурлиқ турк учқуниндан бир шуъладир. Сайид Носирхонтўра уч йиллиқ сургундан қайтиб келиб, “ГПО”дан яшириниб юрар эди. Бўлшавикларнинг кун кундан ортиб бораётқан раҳмсизлиги ва гуноҳсиз миллатимизнинг қонини тўкуб турк-ислом болаларини ўксуз қилиб кўз ёшлари оқизишлари у кишининг турклик қонини қайнатиб, “ётиб қолғунча отиб қол” деб бўлшавик алайҳдорларини (қарши бўлганларни) ўз қайнақлариға тортиш мажбуриятини сездирди. Ёнлариндағиларға ўгут (маслаҳат) бердилар. Машвара (кенгаш) аҳли Сайид Носирхонтўранинг раъйини тўғру топдилар. Ундан сўнг Косондан уч тош (бир тош тахминан 8 килуметрдир. Бошқарма.) йўл фосилалик (масофалик) Шоҳкафтар ном бир қишлоқда турувчи бурунғу қўрбошилардан Исломбек Ботир ёниға бориб сўйлашганлар. У ҳам бу маслакни сидқан қабул эткан. Машвара маҳрам (яширин) ибтидолариндан бошланиб, биринчи сафарда 20 нафар бўлғанлар. Сўнгра ҳаракат Тўрақўрғонда турувчи бурунғи қўрбошилардан Дадабой Понсадға эшиттирилган. Дадабой Понсад ҳам турк бўлғанидан Носирхонтўранинг маслакларин ихтиёр этиб, Тўрам ва Исломбеклар ила кўрушмакни тилаган. Дадабой Понсаднинг 30 нафарлик қуролли махфий ташкилот устинда эканлиги маълум бўлған. Тўрамда 2 нчи сафарда Шоҳкафтарда унингла кўрушмакни ваъд эткан. Биз илгаридан Тўрам ўғлонлари Эшондадахон ила танишиб, англашиб, мазкур тарихда беш нафар маслакдошла баробар маъҳуд (келишилган) ерга ҳозирланиб боришға белгиландик. Ул тарафдан Дада Понсад 11 қуролли  йигити ила келиб кечаси Тўрам ила кўрушуб унинг фикрларини ўргануб, миллатнинг қуртулуши учун курашмакка ҳозир эканлигини билдирди.

 

Биз тонг чоғи ўз ерларимизга қайтиб кетдик. Дада Понсад шу кун соат 10да Боймоқ деган қишлоқдағи давлат дўкониға кириб 2 адад қурол олиб, кимсага боқмай ўтуб кеткан. Бу воқеадан сўнг мазкур қишлоқдан частга (ҳарбий қисмга) телфўн қилинған. Частдан-да (ҳам) атрофға телфўн берилган. Бу суратла аксар давлат дўконлари эгасиз қолған. Понсад-да (ҳам) шу кундан бошлаб яширинған.

 

Понсад собиқ қўрбоши Исломбекни Шоҳкафтардаки давлат дўкониға ҳужум этишини талаб эткан. Исломбек 8 нафар қуролли йигити ила баробар Тўрам ёниға келган ва унинг оташин бир нутқини тинглаганлар. Кўп мутаассир (таъсирланиб) бўлуб йиғлашғанлар. Уч кундан сўнг Исломбек соат 11да Шоҳкафтардаки давлат дўкониға ҳужум эткан. Шу ерда 5 нафар ўзбек мелисаси ила бир қанча мужуклар бўлғанидан натижада 12 мужук, 14 қурол ва бошқа нарсалар қўлға тушурулган. Шу кундан бошлаб Исломбек очиқ муқобалада (қаршилик кўрсатиш) давом эткан. Бу орада 4-5 дафъа бўлшавиклар чиқиб уларни тутмоқчи бўлған бўлсалар-да алангаларига учраб, куйуб қайтиб кетканлар. Тўрамнинг яширин ташвиқлари кун кундан ёйилиб, Наманганнинг шарқи шимолинда 4 тош йўл фосилалик Бўшқарин бозорлиқ қишлоқдағи бурунғу қўрбошилардан Муҳаммад Умар (бошқа манбаларда, жумладан, рус тилидаги манбаларда Мадумар шаклида ёзилган) қулоғиға еткизилган. У-да (ҳам) турк бўлғанлиғи сабабли қизиб, қайнаб бу муқаддас хидматни (хизматни) жон ва дилдан қабул этиб, ўз ёнинда 9 нафар йигити ва 12 қуроли борлиғини билдириб, Тўрамдан ҳам 10 йигит сўраб, 20 нафар бўлуб Бўшқаринға ҳужум этиш маъмурлигини қабул эткан. Бул тарафда Исломбек (бошқа манбаларда, жумладан, рус тилидаги манбаларда Истамбек шаклида ёзилган) 12 нчи рабиул-аввалда Чотқолға вафд (ҳайъат) юборған. Чотқолда ҳам бурунғу қўрбошилардан борлиғи сабабли вафдлар улар ила топишиб, кўрушуб воқеани англатғанлар. Чотқоллиқлар ҳам турк бўлғанлиқлариндан бу муқаддас хидматга берилиб, дин ва миллат учун фидокорлиққа ҳозир эканликларини билдирганлар. Ҳам у ерда 25 нафар мужук борлиғини ва ўз қўлларида 20 қурол борлиғин билдириб, 40 нафар бўлуб мужуклар устига ҳужум этмакчи бўлғанларини маълум этиб, 15 нчи рабиул-аввалда уларға ҳужум этиб, 2 соатлиқ тўқнашувдан сўнгра мужуклар қочғанлар, 20 адад қурол, 9 нафар асир олиб, буларнинг бир нечасини қўйуб юборуб қолғанини ўлдурганлар. Буларнинг қатори ортиб, 50 нафар бўлуб, 20 нчи рабиул-аввалда Исломбек йигитларига қўшулғанлар. Бирлашгач севинчлариндан йиғлашғанлар.

 

Ул тарафда Муҳаммад Умарбек 16 нчи рабиул-аввалда Бўшқарин дохилиға (ичкарисига) от қўйған, қўрғон қаршисида 5 дақиқа ўқ узгандин сўнг мужуклар саросималикдан қуролларин ташлағанлар ва барчаси асир тушканлар. Шу кун 20 қурол ўлжа қилиб, белига миллат сотқинлариндан Абдулбатнға ўхшашларнинг бошини кесканлар. Шу кун Муҳаммад Умарбекнинг 30 йигитига 20 нафар фидоий қўшулуб 50 нафар бўлғанлар ва бирликда қувончлар ичинда Исломбек томониға бориб улар билан бирлашканлар. Фидоийлар севиниб, қуролларини қўйуб танаффус этарларкан мухбирлар (хабар етказувчилар) 200 нафарча мужукнинг булар томониға келувиндан хабар берганлар. Тез қуролларини олиб, уларға тараф чиқиб, қаршилашғанлар ва 4 соатлиқ отишмадан сўнг 4 бўлшавик ўлуб, қолғанлари қочиб, Исломбекнинг хотун ва ёш болалари турған тарафға ўтканлар. Исломбек Муҳаммад Умарга хитобан: “Сизлар ўз қишлоқларинг томониға бориб, ҳазрат Тўрам фармонлариға мувофиқ ишланглар. Мен тангримға сиғиниб мана шу душманлар орқасидан юруш қилирман” деб видолашиб душман кейинидан кеткан. Муҳаммад Умарбек 25 нафар чотқоллиқ йигитни олиб, Алихон тарафиға ўтуб Тўрам ила кўрушмак учун Абдулҳамидхон бошлиқ 5 нафарни Косонға юборған. Бу 5 нафар йўлда бораркан Андижон мелис бошлиғи Қўчқорўғли қумондасиндағи 50 нафар рус ва ўзбек мелис тўдаси ила тўқнашған. Бу тўқнашувда руслар иккига бўлунуб қочқанлар. Беш нафар фидоий буларнинг бир қисмиға ҳужум этканлар ва орқасидан таъқиб этиб 4 чақирим ерга қадар борғанда улардан учини ушлаб учовинида чопқанлар. Буларнинг бири мелис бошлиғи Қўчқорўғли экан. Натижада 3 адад бешотар, 3 адад тўпонча, 3 адад қилич ўлжа тушкан.

 

 

Шу кун 28 рабиъул-аввалда Косондан Тўрам ила қайтишиб 29 рабиъул-аввалда Муҳаммад Умарбек ҳузуриға, Кўкёрға келганлар. Бу ердан Қоратепага бориб Яхшибек номли ғайратли бир турк ўғли ила кўрушканлар. Бу ғайратли йигит  уч мужукни ўлдуруб, қуролларини олиб, ўз йигитлариндан саккиз нафарни қуроллантирған экан. Бу Яхшибек ҳам ўз йигитлари ила баробар фидоийлар қаториға кириб Бўшқарин тарафға жўнаған. Тўрам эса Косонға кетканлар.

 

 

Исломбек 6 нчи рабиъус-сонийда Боймоқ қишлоқда турувчи ҳукумат маъмурлари ила тўқнашиб 3 соатлиқ муҳораба (жанг) ичинда 2 мужукни қўлға тушуруб, қуролларини олиб ўзларини ўлдирган. Бошқалари қочиб қуртулғанлар. 11 рабиъус-сонийда Тошканд “ГПУ”си Косонға келган. Булар 12 нчи рабиъус-сонийда 100 нафар мужук ила Шоҳкафтарга чиқиб Исломбек ила тўқнашғанлар. “ГПУ” бошлиғи тош орқасидан дурбин ила қарар экан Исломбек дурбин аралаш уни манглайидан урған, ёнидағи руслар эса шошиб қолиб қоча бошлағанлар (БДСБ ходими, Носирхон тўрага қарши жангларда иштирок этган Габит Музиповнинг хотирлашича БДСБ ходими Хохлов ҳақиқатан ҳам жангда ўлдирилган, бироқ уни Оламўйноқ исмли овчи ўлдиргани ва у 1920–23 йилларда ҳам совет давлатига қарши миллий истиқлол учун курашгани, 1929 йилда қўзғолон иштирокчилари таслим бўлганда у ҳам қўлга олиниб Қўқонга олиб борилиб, суд қилиниб отувга ҳукм қилинганлиги таъкидланган. Бу ҳақда батафсил қаранг: Музипов Г., Музипов Р. Чекисты небесных гор. – Углич: Углич. тип., 2006. 294). Орқалариндан қувиб 4 нафарини ўлдурган ва 4 адад қурол ўлжа қилғанлар. Шул сирада ҳазрат Тўрам яширин ётқан ерларида 170 адад қўлда ёзилған деворий ғазета ҳозирлаб шу рабиъус-соний ойи ичида шу деворий ёзма ғазеталарни Тошканд ва Самарқандга 15, Авлиё-отаға 10, Марғилон ва Андижонға 15, Намангон, Ўш, Жалолобод, Ўзганд ва Сим (букунги Фарғона)ларга 10 ададдан ва илаахир (охиригича) тарқатилиб, жумласи (барчаси) жума кечаси ёпиштирилған.

 

Дадабой Понсад 40 нафар фидоийси ила кундуз яшириниб тун ўз вазифасинда давом этди. Намангон қазосининг (туманининг) ерлашмаган бозорларидағи ҳукумат маъмурлари қўрқуб қочиб кетканлар ва халқ-да (ҳам) бир муддат ҳукумат солиғидан қуртулған.

 

25 нчи рабиъус-сонийда Муҳаммад Умарбек 100 нафар аскари ила Косонға ҳужум эткан, давлат дўконлариға кириб, сандуқларини синдириб, дафтарларига ўт қўйған. Миллат хоинларидан 8 – 9 ининг бошини кесиб, ўн икки адад қурол ўлжа қилған. Бу муҳорабада Муҳаммад Умарбекнинг бир йигити сонидан ўқ еган. Шу куни Тўрам аскарлари ила бирлик Косондан чиқиб, Шоҳкафтарга бориб 20 кун турғандан сўнг Поромонға борғанлар. Жумодил-аввал бошларинда Поромонға яқин бўлған Зарфанд деган бозорлиқ қишлоқда турувчи 20 нафар бўлшавик устига ҳужум этиб натижада мужуклардан 13 адад қурол ва 10 от ўлжа тушуруб бу ердан Қоратепага бориб бир оз танаффусдан сўнг аввалдан мутаваттин бўлған (яшаётган, жойлашган) мужуклар устига борғанлар. Бу мужуклар яширин равишда тил бериб зоҳиран бир оз муқобала қилған бўлуб 10 адад қурол 4 яшик ўқ берганлар. 15 жумодил-аввалда Сару қирғизлариға борғанлар. Булар ҳам турк бўлғанларидан ва бўлшавиклар тарафидан бутун моллари торумор қилинғанидан турк ўрдусини кўргач било таваққуф (тараддудга тушмасдан) 70 фидоий 20 адад қурол ила қўшулғанлар. 25 нчи жумодил-аввалда Косонға қайтиб, кечалаб қуйи Косонда турувчи мелисларга ҳужум этиб, 4 адад қурол ва 4 асир олиб, бир нафар миллат хоинининг бошини кесиб, Шоҳкафтарга ўтуб кетканлар. Бу ерда бир неча кун итсироҳат қилғандан сўнг жумодис-соний бошларинда Ренжид деган қишлоққа борғанлар. Булар бу ерда емак ерларкан (овқатланиб турганда) тўсатдан бўлшавикларнинг ҳужумига маъруз қолғанлар. Бу они (тўсатдан) ҳужумга муқобала этилиркан 3 нафар фидоий шаҳид тушкан ва Тўрамнинг отлари йиқилиб, қўллари синган. Фақат бўлшавиклар муқобаланинг шиддатига чидай олмай қочғанлар. Тўрам қўлларини муолажа учун икки йигит ила бирликда қолғанлар, бошқалари Кетмантепадаги бўлшавиклар устига бориб уларға ҳужум этиб 3 соатлиқ муҳорабадан сўнг 10 адад қурол, бир неча яшик ўқ  55 минг сўм коғоз ақча қўлға тушурганлар. Кетмантепанинг бирлашкан мужуклари бир кўб совғалар ила келиб мужоҳидларга бош экганлар. Ундан сўнг шу ердан Жонибек қози тарафиға юруб, йўлда бўлшавиклар ила 3 – 4 дафъа тўқнашиб, тўрт кундан сўнг Норин дарёсининг ул юзига ўтканлар. Шу чоғлар ниҳоят совуқ бўлуб қолғанидан қиш сўнгиғача яширин йўл ила кечиниб сўнгра ишка бошламоқ маслаҳат кўрулуб 25 жумодис-сонийда Учқўрғон тепасида турувчи қўрбоши ёниға келдилар. (Бу қўрбошининг исмини унутқанмиз). Қўрбошилар бу ерда қиш охирида қайтадан кўрушмак қарорини бериб бир-бирлари ила ўпушуб, қучоқлашуб ўз томонлариға, бола-чақалари ёниға кетдилар.

 

Қўрбошилар у замон ҳаяжон ила шу шарқини (ашулани) ўқурлар эди.

Бўлшавикни қирармиз, ичак-бағрин ёрармиз

Қайға қочса борармиз, муртадлардин биз, бари.

Мусулмонлар уйғонсун, ғафлатидин тебрансун

Шаҳар, саҳро айлансин дини ислом чокари.

Муҳаммаднинг уммати эшитканмиз ғайрати

Олам тўла ҳурмати биз аларнинг навкари.

Минг уч юз йил Туркистон имон ила гулистон

Эмди бўлди хористон ғайрат қилинг эрлари.

Ватан қадрин билмаган имон дилига тўмаған

Душманларға сотилған нодонларнинг хумсари

Бироз пулға алданған дину имонин сотған

Қўмунистман деб қувонған чаёнсифат ё ари.

На қози бор на мактаб, на муфтий бор на мансаб

Эмди ғайрат қилайлиқ ё наримиз ё бери.

Жони фидо аскармиз худо учун лашкармиз

Динсизларни қирармиз динликларга ҳамсари

Молу жондин ҳам кечкан ғайрат шарбатин ичкан

Жаннат борса ҳур қучқан дини ислом аскари

Мўминларга зарар йўқ бир танга ҳам хатар йўқ

Душманлардин қочар йўқ қуръон алар раҳбари.

Хотун қизлар очмаймиз, биз муштарак этмаймиз

Қуръон йўлидан чиқмаймиз қуёш кабидир олий.

                            Муҳаммадали Ҳасанали, Мулла Қўлдош Охунд

                            Ҳиндистон – Деҳли, июн 1934

Дилшод ҲОМИДОВ,

Андижон давлат университети тузилмасидаги

Қатағон қурбонлари хотираси музейи катта илмий ходими.

 

 

Фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати:

1. https://oyina.uz/uz/article/3217

2. https://www.gazeta.uz/uz/2021/08/25/justify/

3. https://islamperspectives.org/rpi/items/show/11818 Мурожаат санаси 20/08/2023

4. Муҳаммадали Ҳасанали, Мулла Қўлдош Охунд. Туркистоннинг миллий қўзғалиш тарихиндан бир парча (Сайид Носирхонтўра ҳаракати) / “Ёш Туркистон” журнали 1934, №4 15–19-бетлар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14391
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//