
Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон халқининг онг ва тафаккурини очиш, миллатнинг ўзлигини танитиш йўлида матбуотнинг беқиёс аҳамияти тўғрисида тўхталиб: «Жаридаларға дунёдаги барча янги ва эски хабар ва ишлар давлатлар орасидаги робитайи ихтилоф ва низо ва ҳар бир давлатни қуввати молия ва ҳарбия ва сиёсияси ва ҳукуматни ҳар кунги янги закон ва приказ ва тартибномалари ҳар бир халқни ва дин аҳлини тараққий ё таназзули ва сабаби ва ҳукумати ўз фуқароси тўғрисиға қилиб турган яхши ва ёмон тадбир ва ҳокимдорлиги ва муддаоси ҳар бир мамлакатни тижорат, саноат, зироат тўғрисиндаги хабар ва мулоҳазалар уламо, ҳукамо ва удабо тарафидан халққа тегишли насиҳатлар ҳукмрон ва ҳар хил маъмур ва мансабдорларни адли ё ёживар ва зулми ва фуқароларни бул тўғридаги арз ва доди хулосайи дунёға неки керакдур ва тирикчилиқға лозим бўладур жарида ва мажаллаларға ёзилиб турар, халқға дафъи зарар ва жалби манфаат учун йўл кўрсатиб турар… Шўйлаки жарида ойинайи жаҳонномадир», деб ёзганида буткул ҳақ эди.
Шу боисдан ҳам СССР деб аталмиш зулм империясининг тажовузлари натижасида ХХ асрнинг 30 йилларигача Туркистонни тарк этишга мажбур бўлган минглаб юртдошларимиз Германия, Ҳиндистон, Афғонистон, Миср, Туркия ва бошқа кўплаб мамлакатларда газета-журналларга асос солиб, юртни озод этишга доир чақириқлар билан чиққан эдилар.
Хусусан, 1927–1931 йиллари Истанбулдаги «Янги Туркистон», 1929-1939 йиллари Париж ва Берлин шаҳарларида чоп этилган «Ёш Туркистон» ва Ҳиндистондаги туркистонлик муҳожирлар томонидан нашр этилган «Садойи муҳожирин» (Муҳожирлар садоси) журналларида миллий ҳуррият ва Туркистонни мустамлакачи совет ҳукуматидан озод қилишга доир мақолалар эълон қилинган. 1942–1975 йиллар мобайнида Германиянинг пойтахти Берлинда нашр этилган «Миллий Туркистон» журнали ҳам ана шундай ватан озодлиги ва ҳурриятини талаб қилган нашри-афкорлардан бири эди.
«Миллий Туркистон» журналига Истанбулда ташкил этилган ва хориждаги Туркистон ҳуррияти учун курашувчи сиёсат арбоблари ва зиёлиларни ўзида бирлаштирган «Туркистон Миллий Бирлиги» (ТМБ) ташкилоти томонидан асос солинган. Журналнинг илк сони 1942 йилнинг 15 июнида чоп этилган. Журнал 1942-1945 йиллар Берлинда, 1949-1951 йиллари Женеврада, 1952-1954 йиллар ва [орада бир муддат танаффус билан] 1962-1975 йилларда Дусселдорфда нашр этилган.
Журналда Вали Қаюмхон (99 мақола), Боймирза Ҳайит (66 та мақола), Исо Юсуф Алптегин (4 та мақола), А.Завқий (32 та мақола), А.Тошкентлик (28 та мақола), Эргаш Шермат Булоқбоши (17 мақола), Мўминжон Водий Тешабой (13 та мақола), Ҳусайн Икромхон (5 та мақола), И. Тўлқин (7 та мақола), Ҳ.Ҳикмат (6 та мақола), М.Тожимурод (4 та мақола), И.Тожибой (3 та мақола), Ж.Мурод (2 та мақола) каби кўплаб муаллифларнинг мақолалари чоп этилган.
Гувоҳи бўлганингиздек, «Миллий Туркистон» журналидаги мақолаларнинг аксарияти Вали Қаюмхон (1904-1993) томонидан ёзилган бўлиб, дастлаб ушбу шахс ҳақида бироз тўхталиб ўтсак. Вали Қаюмхон 1903 йили Тошкентнинг «Пичоқчи» маҳалласида туғилган, шаҳарлик жадидлар томонидан очилган «Навоий» номли мактабда таҳсил олган. 1922 йилнинг ноябрь ойида Абдурауф Фитратнинг тавсияси билан туркистонлик талабалар қаторида Германияга ўқишга юборилади. У кейинчалик хотираларига таяниб, қуйидагиларни ёзган эди: «Фитрат ҳазратларининг мени Берлинга таҳсил учун юборишларидан ҳеч хабарим йўқ эди. Ёз вақтида (1921 йил) мен Қозиғурт тоғи этагида эдим. Қозоқ уруғимизнинг овулида меҳмон бўлганим вақт ўша тоғнинг этагида яшовчи қозоқлар: «Тўфон замонида ҳазрати Нуҳ кемаси шул тоғнинг учида тўхтади ва ҳали шу ерда турадир. Лекин тоғнинг учига кимса чиқа олмайдир. Дунё ҳаёти шу Қозиғурт тагидан бошланадир», – деб сўзлаб турган эди, бир киши Тошкентдан бир мактуб келтирди. Уни Саттор Жаббор Бухородан ёзган эди. Саттор Жаббор: «…Фитрат сени Бухорога чақирмоқда…Бухорога кел. Фитрат сени таҳсил учун Берлинга юбормоқчи», – деб хабар қилган эди.
Мен Сатторнинг хатини олгач, Тошкентга қайтиб келиб, машҳур санъатчи Уйғурбекнинг уйида Чўлпон, Ўктам (профессор Қаюм Рамазон), Элбек, Санжар (машҳур адабиётчи), Маннон Рамз (Маориф нозири)ларга Сатторнинг мактубини кўрсатдим. Улар «Сиз Фитрат олдига борингиз… Таҳсил учун Берлинга кетингиз», – деб маслаҳат бердилар. Мен эртаси Аъзам Аюб (буюк ёзувчи) би- лан Бухорога жўнадим-кетдим. Бухорода Фитрат ҳазратлари бизни самимият-ла қабул қилди. Фитрат олдида Саттор Жаббор, Аҳмад Шукрий, Саидалхўжаларни кўрдим. Улар ҳам Берлинга кетадиганлар сафида экан. Фитрат уларни ҳам чақирган экан. Мен ҳар куни тушдан кейин Фитрат ҳазратлари билан отда амирнинг ёзлик боғини айланардим.Йўлда Фитрат ҳазратларини таниган кишилар ўринларидан туриб букилиб салом берар эдилар. Фитрат ҳазратларининг обрўлари жуда катта эди».
Шундай қилиб Вали Қаюм Берлинга етиб келди. У дастлаб университетларга тайёрлов курсида ўқиб, немис тилини пухта ўзлаштирди. Сўнг 1925 йили Берлин университетининг Зироат факультетига ўқишга кириб, кейинчалик (1928 йил) Сиёсат факультетида таҳсилни давом эттиради. Совет ҳукумати томонидан юртга қайтган талабаларнинг сиқувга олиниши ва қайта Германияга қўйиб юборилмаслик бошлангач, у ҳам Берлинда қолиб Туркистон ҳуррияти йўлида курашишга қарор қилади.
Вали Қаюмхон туркистонлик талабалар билан. (Учинчи қатор чапдан биринчи)
Кейинчалик у совет ҳукумати томонидан маҳв этилган Саттор Жаббор ҳақида қуйидагиларни афсус билан ёзган эди: «Саттор Жаббор яқин ўртоғим эди. Уни ҳам Фитрат Берлинга юборди. Ул Берлин университетининг кимё-физика факультетини битиргач, юртимга хизмат қиламан», деб 1931 йили юртга қайтди. Тошкент университетида кимё ва физикадан дарс берди. Ўз тилимизда илмий атамалар яратди. Обрўси катта эди. Студентлар уни домламиз деб кўкка кўтарардилар. Уни «миллатчи», «империалистларнинг жосуси» деб 1937 йилда отиб ўлдирдилар».
Қаюмов дастлаб Берлин университетининг Сиёсат факультетини тамомлаб, «ХИВ асрдан ҳозиргача Туркистон» мавзусида докторлик диссертациясини ёқлайди. Кайзер Вилгелм институти томонидан берилган тавсияга асосан «Туркистонда пахтачилик» мавзусида ҳам тадқиқот ишларини олиб бориб, изланишларининг натижаларини ИИ жилдлик китоб шаклида нашр ҳам эттиради. У талабалик йилларидаёқ СССР олий ҳокимиятининг Туркистонда олиб бораётган миллий зулмга йўғрилган сиёсатини қаттиқ танқид қилиб мақолалар ёзар эди. Фикримизча, унинг Туркистон озодлиги учун курашчи бўлиб етишишида Мустафо Чўқайнинг ўрни ва роли катта бўлган. Чунки «Миллий Туркистон» журналининг 1942 йил 15 июнь сонида чоп этилган мақолада ёзилишича, Мустафо Чўқай ўлимидан олдин «Туркистонни озод этиш йўлидаги миллий байроқни» айнан Вали Қаюмхонга ишониб топширган. Кейинчалик Вали Қаюмхон хориждаги туркистонлик муҳожирларнинг ҳақиқий лидерига айланди. Боймирза Ҳайитнинг ёзишича, уни четдаги барча туркистонликлар эъзозлаб «Ота» деб чақиришган.
«Миллий Туркистон» журналининг бош муҳаррири сифатида ҳам Вали Қаюмхон самарали меҳнат фаолиятини олиб борди. Журналнинг илк сонидаги «Бизнинг йўл» номли мақола ҳам айнан Вали Қаюмхон томонидан ёзилган. Ушбу мақолада: «Йўлимиз тўғри, очиқ ва белгилидир. Бизнинг бутун тилагимиз Туркистон озодлиги учун бир йўлда, бир тилакда ва Туркистоннинг миллий байроғи остида тўпланган ҳолда, мустамлакачиларни мамлакатимиздан қувишдир. Бизнинг тилагимиз бўлинмас, парчаланмас Туркистон давлатини қурмоқдир. Бирлашайлик, мужодала этайлик, юртни қутқарайлик. Яшасин миллий Туркистон мустақиллиги!», – деб ёзди у.
«Миллий Туркистон» журналида Туркистон тарихи билан боғлиқ воқеалар, тарихий сиймоларга доир мақолалар, Совет Россиясининг Туркистонда олиб борган ва бораётган сиёсатига бағишланган тадқиқотлар, булардан ташқари Туркистоннинг жадид намоёндалари – Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Мағжон Жумабой ва Элбек каби шоирларнинг ҳам шеърлари чоп этиб борилган.
«Миллий Туркистон» журнали
Туркистон тарихи билан боғлиқ мақолалар ичида Боймирза Ҳайит томонидан журналининг 1950 йил 15 январь сонида чоп этилган «Туркистон» номли мақола алоҳида ажралиб туради. Муаллиф унда совет терминологияси (луғатчилиги)да Туркистон калимаси 1924 йилда йўқ қилиб юборилганидан сўнг, туркистонлик кўпгина ёшлар бу сўзни унутиб қўйишга қадар етиб келгани, рус тилидаги адабиётларда унда-бунда ифода этилаётган Туркистон атамаси фақат тарихий бир термин сифатида қўлланилаётгани, Ғарбий Европанинг баъзи бир илмий адабиётлари эса Туркистон сўзини фақат собиқ Туркистон генерал губернаторлигининг ўрни деб сўзлаётгани ва ниҳоят рус олими Бартолд ҳам гарчи илм одами бўлсада, Туркистон сўзига рус кўзойнаги билан қараётганини таъкидлаб, ушбу сўзнинг ниҳоятда чуқур тарихий илдизларга эга эканини ёзади. Бундан ташқари муаллиф, совет олимлари томонидан Туркистон атамаси ўрнига «Ўрта Осиё» бирикмасини қўллашига қарши чиқиб, бу сўз географик жиҳатдан нотўғри эканини асослаб беради. Боймирза Ҳайит Туркистон атамасининг миллий ва маънавий аҳамиятини урғулаб, мақоласини қуйидаги сўзлар билан тугатади: «Туркистон халқи бу кунларда ўз исми ва тупроғи ва яратган маданий бойлиги билан кишилик жамиятида бошқалар билан баробар тенг ҳуқуқда миллий ҳаёт кечиришга тўла ҳақлидир. Тарихда туркларнинг бешиги бўлган Туркистон бу кунларда ҳам ҳар бир туркнинг шон ва шарафи бўлиб қолажакдир. Туркистон номи ва унинг жўғрофий ўрни ҳар бир туркистонлик учун муқаддасдир. Бугун дунё харитасида ва илмий адабиётларида фақатгина бўлинмас Туркистон номигина қолишлиги лозимдир».
Боймирза Ҳайитнинг «Туркистон» номли мақоласи
Боймирза Ҳайитнинг «Миллий Туркистон» журналида эълон қилинган «Миллий ҳуқуқ ва Туркистонда совет давлати аппарати» номли мақоласи ҳам долзарблиги билан ажралиб туради. Муаллиф унда Чор Русияси Туркистон халқини истаганича эксплуатация қилиш учун барча йўлларни қидиргани; халқимиз устидан ўзининг ҳарбий диктатурасини ўрнатиб, колониал империалистик сиёсатини очиқдан очиқ юритгани; ўрусларнинг устунлигини бошқа халқлар устида ўрнаштириш учун барча диққат-эътиборини шу ишга қаратганини; ва гарчи кейинчалик Чор ҳукумати ағдарилган бўлсада, унинг ўрнига «большевизм» деган иккинчи бир бало Туркистонга олиб келинганини, бироқ бу билан ҳеч нарса ўзгармасдан ўтмишдаги колониал сиёсат илгаригидан ҳам кескинроқ тус олганини ёзади.
Шунингдек, у мақолада совет социализмининг, хусусан, большевиклар «доҳийси» Ленин томонидан илгари сурилган, шов-шувга бой бўлган таълимотларнинг таги пуч экани, айтилаётган ғоя ва таклифлар Туркистон халқининг миллий қадрият ва урф-одатларига мутлақо зид эканини очиб ташлайди. Жумладан, муаллиф қуйидагиларни ёзади: «Ленин: «Биз миллий ўз-ўзини белгилаш ҳуқуқини яъни миллатларнинг мустақил бўлишлигини истаймиз, бироқ майда бўлиб ёки кичик давлат қуришни эмас, балким биз улкан давлат ва ҳақиқий демократик ва интернационалчилик принципидаги миллатлар ҳуқуқини истаймиз», дейдир. Лениннинг бу сўзлари марксизмнинг миллат масаласидаги башарасини [очиқ] кўрсатиб турмоқда: Агар миллат ўз ҳуқуқига, қонунига, эркинлигига ўзи эга бўлмаса, унинг нима фойдаси борки, «миллатни ўзини-ўзи белгилаш ҳуқуқи ва унинг мустақил бўлишлиги» ҳақида сўз юритадир? Бунинг биз учун ҳеч бир фойдаси йўқдир. Миллат ўзининг ҳуқуқини, эркинлигини интернационалликдан ёки демократизмдан излаб топа олмайди. Миллатнинг миллий ҳуқуқи ёки мустақил бўлиб яшаши буларга боғлиқ эмасдир. Лениннинг фикрича миллатнинг мустақил бўлиб чиқиши катта бир давлат қуришликдан иборатдир. Худди мана шундай принцип асосида СССР қурилган – ташкил этилгандир.
Маълумки Совет социализми бу кишилар дунёсининг бутун ҳуқуқларини, ҳақларини йўққа чиқарғондир.
Совет социализмида – дин йўқ.
Совет социализмида – оила ва унинг яхши турмуши йўқ.
Совет социализмида – хусусий мулк яъни якка ҳолда бойлик сақлашлик йўқ.
Совет социализмида – инсонларнинг умумий ҳуқуқлари йўқ.
Совет социализмида – миллат, миллийлик, миллий урф-одат ва анъаналар йўқ.
Совет социализмида – қондошлик ва жинсдошлик йўқ.
Совет социализмида – эркин ҳаёт, шахсий ҳуррият йўқ.
Совет социализмида – очиқ олди-сотишлик, якка савдо йўқ.
Демак социализм «миллий ҳуқуқдан юқори» турса, албатта миллатлар ҳуқуқи ҳам йўқ, чунки социализм миллатнинг барча хусусиятларини ташқи ва ички кўринишларини йўққа чиқаради. Шундай бўлгач большевизм ҳеч қачон миллий ҳуқуқни ва мустақил бўлиб чиқиб кетишликни, умуман айтганда миллат деган нарсани танимайди».
«Ёш Туркистон» журналида биографик мазмунга эга бўлган мақолалар ҳам чоп этиб борилган. Хусусан, журналда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мустафо Чўқай, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Мунавварқори, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон, Сўфизода ва бошқа шулар каби туркистонлик жадид зиёлиларнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган қатор мақолалар эълон қилинган. «Миллий Туркистон» журналининг 1950 йил 66-сонида «Эртурк» тахаллуси остида эълон қилинган «Маҳмудхўжа Беҳбудий» мақоласи ҳам катта аҳамиятга эга бўлган илмий материаллардан биридир. «Эртурк» мақоласида Беҳбудийнинг фаолиятига доир янги ва қизиқарли маълумотларни келтириб ўтади. Унинг ёзишича, Беҳбудий Самарқанд шаҳрининг буюк бир диний оиласида туғилиб, биринчи таҳсилни Самарқандда, юқори таҳсилни эса Бухоро мадрасасида кўрган. Ул ўзининг мадраса ўқуви даврида Туркистон «қоронғу кечаларининг ёруғ юлдузи бўлган» Аҳмад Маъзум (1816-1896)нинг қўлёзмаларини кўпроқ мутолаа қилар эди. Бундан ташқари у Бухоро уламоларидан Икром Домланинг тараққийпарвар тушунчаларига тарафдор бўлган. Шунинг учун ҳам Беҳбудийда 1910 йилдаёқ Туркистонда ўсаётган жадидчилик ҳаракатига қизиқиш бошланган. Шу боисдан у шу йилнинг ўзида «Бухоро маориф жамияти»га бориб қўшилган.
Шу билан бирга мақолада рус тилини яхши билган Беҳбудий Абдурауф Фитратнинг форс тилида ёзилган «Сайёҳи ҳинди» асарини 1912 йили русчага таржима қилгани, 1913 йилда «Самарқанд», 1913-1915 йилларда «Ойина» газета ва журналларини нашр эттиргани, Убайдуллахўжа томонидан асос солинган «Садойи Туркистон» газетаси саҳифаларида ҳам фикр-мулоҳазаларини билдириб боргани қайд этиб ўтилган.
Мақолада Беҳбудий энг олдинги сафларда туриб Туркистон халқи ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган фидоий ва халқпарвар инсон, зулмга қарши тоғдек туриб берган алпқомат шахсият, Туркистон Мухториятини энг кўп тарғиб қилган журналист, миллий истиқлолчилик ҳаракатининг сиёсий ва маънавий йўлбошчиси сифатида тасвирланган.
Айниқса, «Эртурк» Беҳбудийнинг ўлдирилиши тарихига тўхталар экан, жуда қизиқ фактларни келтириб ўтади. Жумладан у шундай ёзади: «Беҳбудий Қарши шаҳрида ўз олдига қўйган вазифаларини бажаришга уринар экан, қизил Русиянинг Бухоро элчихона хизматчиси Уткин воситаси ила амир томонидан тутилди. Беҳбудий амирнинг Қарши шаҳридаги волийси Нуриддин Оғалиқ томонидан 1919 йилнинг 25 мартида ваҳшиёна ўлдирилди. Бул эса бир ниқоб эди холос. Ҳақиқатда эса Беҳбудийни амир воситаси ила ўлдириш рус большевикларининг совет комиссарияти томонидан уюштирилганлиги аниқланди. Буни собиқ Туркистон Шўро Жумҳуриятининг ҳарбий вазири Осипов 1919 йил Бухорога келган вақтида «Ёш Бухороликлар жамияти» га берган баённомасида билдирган эди».
Беҳбудийнинг обрў-эътибори шу даражада баланд эдики, кейинчалик большевиклар унинг номидан бир неча йиллар мобайнида ўзларининг чиркин мақсадларини амалга ошириш йўлида фойдаландилар. «Эртурк»нинг мақоласида бу тўғрида ҳам маълумотлар келтирилган. Жумладан у қуйидагиларни ёзади: «Большевиклар Беҳбудий номидан ғайри узвий равишда фойдаланиб келдилар. Улар 1934-1935 йилларгача Беҳбудий Туркистонда «Коммунизм мафкурасининг бошланғич ходими», деб кўрсатиб келдилар. Ҳатто унинг адабий фаолиятини мактабларда ўз кўз қарашлари бўйича ўргатишга ҳам йўл қўйиб бердилар. Халқни Советга тамоман хайрихоҳ қилиб боғлаб олишлик учун Қарши шаҳрини Беҳбудий деб ўзгартиришгача етиб бордилар. Шундай қилиб Беҳбудий номи 1935 йилгача большевикларнинг оғизларида ҳар куни зикр қилиниб келинди. Қачонки большевиклар мафкура майдонида енгиб чиққан куч бўлиб ўртага чиққанидан кейингина Беҳбудий номини сўзлашликдан воз кечдилар. Агар у ҳақида гапирсалар ҳам уни «совет душмани», «буржуа миллатчилар мафкурачиси ва намоёндаси», «Англия империализмининг агенти» деб сўзлайдиган бўлдилар. Бироқ, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ёш авлодга қолдирган насиҳатлари миллатимизнинг қалбида шон ва шараф-ла ҳар доим сақланиб қолажакдир».
Хулоса ўрнида айтганда, «Миллий Туркистон» журналининг жами бўлиб 134 та сони нашр этилган бўлса, уларнинг ҳар бирида Туркистоннинг оғриқли ва шонли тарихи тўғрисида шеър ва мақолалар узлуксиз тарзда чоп этиб борилди. Ушбу журнал ХХ аср биринчи ва иккинчи ярмидаги Туркистонга ташқаридан туриб берилган тавсифларнинг кўламини аниқлашда, миллий тарихимиз ва жадид намоёндаларининг ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотларни тўлдиришда ва энг муҳими гарчи юртдан мажбуран чиқиб кетган бўлсаларда, руҳан синмаган, маънан эгилмаган муҳожир аждодларимизнинг руҳий-психологик портретларини яратишда беқиёс аҳамиятга эгадир.
Энг ҳайратланарлиси шундаки, журналдаги шеър ва мақолалар билан танишиб борар экансиз, бевосита сиз ҳам юрт ва миллат учун жон фидо этган муҳожир ва шаҳид боболаримизга қўшилиб қуйидаги сўзларни беихтиёр такрорлай бошлайсиз: «Туркистонликлар! Билингларки, миллий озодлик курашидаги ўлим, миллий асоратдаги ҳаётдан афзалдир!».
Гулнозахон АЛИЖОНОВА,
Ориэнтал университети в.б.доценти
Фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати
1) Вали Қаюмхон. Қийратилган қисматлар // «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси. 1992 йил 24 апрель.
2) Вали Қаюмхон. Бизнинг йўл // «Миллий Туркистон» журнали. 1942 йил 1-сон.
3) Боймирза Ҳайит. Туркистон // «Миллий Туркистон» журнали. 1950 йил 15 январь.
4) Боймирза Ҳайит. Миллий ҳуқуқ ва Туркистонда совет давлати аппарати // «Миллий Туркистон» журнали. 1943 йил 1 апрель сони.
5) Эртурк. Маҳмудхўжа Беҳбудий // «Миллий Туркистон» журнали. 1950 йил 66-сон.
6) Çağatay Koçar. Milli Türkistan Mecmuası Bibliyografyası (1942–1975). – Ankara: “Bengü yayinlari”. 2024. – С. 338.
7) Nurgül Uzunel. Avrupa Muhaceretindeki Türkistan Basini: Milli Türkistan Dergisi (1942–1975). Yüksek Lisans Tezi. – Istanbul: 2002. – С. 315.
Санъат
Тарих
Санъат
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ