Кўктангри, Умай Она, Киштей Султон — Унутилган афсоналарга қайтиб


Сақлаш
15:59 / 25.12.2024 29 0

Яқинда ўтказилган «МИФ» – унутилган афсоналар номли бадиий-тасвирий кўргазма лойиҳаси рассом Элнур Эгамовнинг бир неча йиллик изланишлари, қатор илмий асарларга мурожаати натижасида ташкил этилди. Замонавий дунёмизда деярли унутилмиш ҳолга келган, асосан, тадқиқот ишлари ҳамда илмий мақолаларда тилга олинувчи афсоналаримизни янги бир руҳда ўзимизга тақдим этувчи ушбу кўргазма бадиий-тафаккуримиздаги бўшлиқни тўлдира олади, деб ҳисоблайман.

 

 

Рассом ўзбек мифларини бизга таништиришни, қадим аждодларимизнинг дунёни англашга бўлган ишонч тафаккурини очиб беришни мақсад қилган. Ижодкор сизга нафақат қадим афсоналардаги худолар танитади, балки 3 қаватли дунё моделини тақдим этиб, уни махсус чизгилар орқали таърифлаб беради. Муқаддас Кўк, Ер юзи ва Ер ости салтанатлари сари рангин бир саёҳатга таклиф этади. У ердаги ҳар бир худо ва муқаддас яратилиқ сизга ўтмиш сирларини сўйлайди гўё. Ушбу кўргазма нафақат тасвирий санъат шайдолари учун, балки адабиёт, тарих ва фалсафа ихлосмандлари учун ҳам бирдан қизиқарли, кутилмаган ва янгиликларга бой бўла олади. Экспозициялар намойиши бир қанча тадқиқот ишлари учун объект вазифасини ўтай олади. Ойина.уз ушбу кўргазмада намойиш этилган суратлар ва уларга асос бўлган мифлар ҳақида ҳикоя қилади.

 

 

Кўкдаги худолар

 

Кўктангри

 

Тангричилик динининг яккахудоси ҳисобланувчи Кўктангри кўк юзининг энг юқори қисмида яшайди. Кўктангри шу қадар қудратлики, унинг шаклу шамойилини тасаввур қилиш имконсиз. Мифларга кўра, Кўктангри ўзига бир қанча ёрдамчилар яъни илоҳ ва илоҳалар яратади. Тангричиликда тасаввур қилинган уч қаватли дунё моделини: Ерости, Ерусти ва Самони ўзи яратган борлиқлар орқали бошқаради. Қадимги туркийлар ўзларини Кўктангрининг болалари деб ҳисоблашган.

 

Қайра Хон ёхуд Қорахон

 

 

Осмоннинг ўн еттинчи қаватида яшайдиган Қайра Хон бутун коинотни йўналтирувчи кучга қодир. У барча яратилиқларнинг тақдирини белгилайди. Оламнинг яратилиши ҳақидаги кўплаб мифларда Қайра Хон номини учратиш мумкин. Айрим туркий халқлар афсоналарига кўра, Кўктангри яратган илк илоҳ Қайра Хондир. Афсоналарда айтилишича, Қайра Хон Ерга тўққизта қайрағоч новдасини экади, кейинчалик бу дарахтлардан тўққиз туркий халқ пайдо бўлади.

 

Улген

 

Осмоннинг ўн олтинчи қаватида ҳукм сурадиган Улген айрим манбаларда Қайра Хоннинг ўғли сифатида ўрганилади. Қадимги туркий халқлар Улгенга ўз эҳтиромларини кўрсатиш мақсадида унга «Бай Улген» деб мурожаат қилишган. Улген оламнинг яратилиши ҳақидаги афсоналарда муҳим ўрин эгаллайди. Ҳали олам яратилмаганида, сувдан бошқа нарса бўлмаган даврларда Улген уч қаватли олам моделини яратади. Ер юзидаги илк инсон ҳам Улген томонидан яратилган. Улген кўк жисмлари бошқарувчиси ҳисобланиб, бир қатор ёрдамчилари билан бирга Ердаги яратилиқлар ва инсонларни назорат қилади.

 

Умай Она

 

Ҳомиладор аёллар ва болаларни қўриқловчи Умай Она туркий халқларнинг асосий илоҳаларидан бири. У ҳаётнинг давом этиши, инсоният наслининг кўпайишида асосий ўрин тутган. Ўғил фарзанд истаган оилалар Умай Онага ибодат қилган, унинг шарафига қурбонликлар сўйилган. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девони луғатит турк» асарида эмбрионни ҳимояловчи қобиқ – йўлдош «Умай» деб номлангани қайт этилган. Тян-Шан қирғизларида «Умай Онанинг кўксидан сут келади» деган ибора мавжуд. Қозоқ ва қирғиз аёллари бирор муҳим иш бошлашдан олдин «Бу менинг қўлим эмас, Умай онамнинг қўли» деган иборани айтишади. Умай Она уч қиррали тож ёки шох билан тасвирланган. Бундай ўзига хос тож кейинчалик ўзбек қиз-аёлларининг севимли тақинчоғи бўлган тиллақошга айланган.

 

Оқ Она

 

Оламнинг яратилиши ҳақидаги афсоналарда Оқ Она тилга олинади. Ҳали олам яратилмаганида, сувдан бошқа нарса бўлмаган даврларда Улген ўзига бир олам яратмоқчи бўлади, аммо қандай яратишни билмай узоқ вақт ўйга толади. Шу пайтда сув ичидан Оқ Она чиқиб, Улгенга уч қаватли олам моделини яратиш ғоясини тақдим этади. Оқ Она Улгенга қараб шундай дейди:

«Буюрганларим (буюрган ишларим) бўлади, де! Буюрганларим бўлмайди, дема! Бор бўлган нарсага йўқ дема. Агар йўқ десанг, бори ҳам йўқ бўлади.»

Бу таълимотларни олган Улген Қуёш, Ой, Ерни ва одамларни яратди. Шу тариқа бутун коинот бунёд бўлди.

 

Очурман

 

Олов ҳануз ихтиро қилинмаган вақтларда қадимги туркий халқлар қаҳратон қишда жуда қийналишган. Кўк юзида яшовчи илоҳ Очурман инсониятга раҳми келиб, самодан оловни олиб тушган ҳамда одамларга олов ёқишни ўргатган. Афсоналарда айтилишича, Очурман инсон боласига кўплаб сабоқлар берган. У коинотнинг зако тимсоли ҳисобланган. Қўлида бутун оламнинг билимлари, сир-асрорлари битилган ноёб китоб бўлган. Очурман бу китобни қўлидан асло қўймас, доим ўзи билан олиб юрарди.

 

Кунларнинг бирида у Тангрининг ғазабига дучор бўлади. Жазо сифатида буюк бир тоғни кўтариб туришга ҳукм этилади. Очурман бу жазони ўтаб бўлганидан сўнг дам олиш учун уйқуга кетади. Шу вақтда кучли ёмғир ёғиб, денгиз ҳосил бўлади, Очурманнинг қўлидаги китоб ҳўл бўлиб, ундаги сиёҳ илоҳнинг баданига ёпишади. Денгиздан чиққан Очурман устидаги сувларни силкиб қуринишга ҳаракат қилади. Шу онда баданидаги ёвузлар ҳар ерга ёйилади ва тушунарсиз ҳолга келади. Шу тариқа бутун оламнинг билимлари ёзилган китоб Очурманнинг баданида ўқиб бўлмайдиган ҳолатда мангуга қадар қолади.

 

 

Она Лочин

 

Афсоналарда айтилишича, шомонлар Ер юзига Она Лочин томонидан келтирилган. Шомон маросимларида Она Лочинга алоҳида ҳурмат кўрсатилади. Қолаверса, Она Лочин Қуёшнинг рамзи ҳисобланади.

 

Мерган

 

Кўкнинг еттинчи қаватида яшайдиган Мерган билим, куч-қудрат илоҳидир. Ўқ-ёй ясашда ва уни ишлатишда Мерганга етадиган яратилиқ бўлмаган. У Кўк юзидаги зулмат кучларига қарши жанг қилган. Мерган фақат жисмоний кучи билан чекланмаган. Унинг закоси шу қадар кучли бўлганки, илоҳларнинг файласуфи сифатида қабул қилинган.

 

Умай Бег

 

Қадимги туркий халқлар тасаввурида Умай гермоафродит тангри ҳисобланган. Яъни Умайда ҳам эркаклик, ҳам аёллик хусусияти мужассам бўлган. Умайнинг эркаклик қиёфаси мавжуд бўлиб, у жангу жадал, зафар илоҳи сифатида тасаввур қилинган. Жангчи ва саркардалар уруш олдидан Умай Бегдан нажот сўрашган. Бир қанча археологик манбаларда Умай Бегнинг жангчилар билан биргаликда чордана қуриб ўтиргани тасвирланган. Алплар жангга киришдан олдин зафар тилаб Умай Бегга дуо қилишган ва унинг шарафига май ичишган.

 

Ўтукан Она

 

Давлат ва ҳокимиятнинг ҳимоячиси илоҳа Ўтукан Онадир. У хоқонларнинг раҳнамоси сифатида тилга олинади. Тарихий манбаларда мўғул императори Чингизхон ҳам бу илоҳага «Ўтукан онамиз» дея мурожаат қилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Ўтукан Она Ерни ва ундаги барча яратилиқларни қўриқловчи илоҳадир.

 

 

Ер юзидаги худолар ва яратилиқлар

 

Асена

 

Асена исмли она бўри қадимги туркий халқларнинг онаси ҳисобланади. Туркий халқлар ўзларини инсон ва бўрининг бирлашувидан дунёга келганига ишонади. Шу сабабли ҳам бўриларни муқаддас ҳайвон ҳисоблашади. Туркий халқларнинг қадимги аждоди Кўктурклар деб номланган. Афсоналарда айтилишича, Кўктурклар Ашина (А-шиҳ-на) исмли оиладан келиб чиққан. Кейинчалик уларнинг сони кўпайиб, алоҳида қабила бўлиб яшай бошлаган. Бу вақтга келиб қатор урушлар натижасида қабила сарҳадларини кенгайтиришга улгуришади. Аммо жангларнинг бирида Лин мамлакати томонидан мағлубиятга учрайдилар. Душман мамлакатдан кўктуркларни бутунлай қириб юборади, бироқ кўктурклар орасида фақат ўн ёшли бола тасодифан тирик қолди. Лин аскарларидан бири боланинг жуда ёш эканлигини кўриб, унга раҳми келади ва ўлдирмайди. Боланинг қўл-оёғини кесиб, ўз ажали билан ўлсин дея овлоқ жойга ташлаб кетади. Душманлар ўлжаларини олиб, кўктурклар тупроғини тарк этган пайтда боланинг атрофида она бўри пайдо бўлади ва болани овқатлантиради. Вақт ўтиб бола балоғатга етгач, она бўри – Асина ҳомиладор бўлади ва кўктурклар наслини давом эттирувчи ўн нафар фарзанд дунёга келтиради. Кейинчалик ҳар бир фарзанди туркий қабилаларнинг буюк оилаларига айланади. Кўктурк давлатининг асосчилари чиққан Ашина хонадони ана шу ўнта қабиладан биридир.

 

Аёз Момо

 

Афсоналарда айтилишича, Аёз момонинг тўқсонта забардаст ўғли бор бўлиб, ҳар бир ўғли тўқсон кунлик қиш кечаларида бир кундан навбатчилик қилади. Аммо Аёз момо уларнинг ишларидан қониқмайди. Навбатчилик қандай бўлишини кўрсатиб қўйиш мақсадида ўзи ишга киришади. Аёз Момо навбатчилик қиладиган кун, тахминан, 1–20 март оралиғига тўғри келади ва халқ орасида ўша кун «қора совуқ» деб номланади. Сабаби – энди куртак очишга ҳозирланаётган ўсимлик ва дарахтларни совуқ уради. Қиш охирида экинлари ҳамда овқат захираларидан айрилиб қолишни истамаган инсонлар Аёз Момо учун махсус маросим ташкиллаштиради.

 

Ҳизр

 

Ҳизр ёки Кўксоқолли Ҳизр бобо деб номланувчи мифологик образ Исломдан олдинги туркий халқлар ишончида мавжуд бўлиб, кейинчалик исломий манбаларга ҳам кўчиб ўтган. Кўксоқолли Ҳизр бобо совуқ қишнинг тугаши, иссиқ ёзнинг келишидан хабар берувчи тўкин-сочин, баракали йиллар ҳомийси сифатида тасаввур қилинган. Ҳизрни учратган инсоннинг муроди ҳосил бўлиб, барча ғам-ташвишлардан фориғ бўлишига ишонилган. Ҳизр доимо инсонларга ёрдам берган, бундан ташқари янги туғилган чақалоқларга исм қўйган. Халқ орасида «Кўк соқол» номи билан бир қанча афсоналар ҳозирги кунгача сақланиб қолган.

 

Шохдор Она Буғу

 

Шохдор Она Буғу ёки Кийик Она тангричилик динидаги муқаддас ҳайвонлардан ҳисобланади. Афсоналарга кўра, Умай Онанинг Ердаги аватари Буғу бўлиб, Ер юзидаги одамларга шундай қиёфада кўринади. Одатда, Она Буғу бирор яхши хабар, мужда етказиш учун инсонларга кўриниш беради. Она Буғу тарк этган ерларда ҳосил камайиб, қатор кўнгилсизликлар рўй беради. Шу сабабли ҳам туркий халқлар Шохдор Она Буғу ва унинг болаларига озор бермасликка ҳаракат қилишган. Қирғиз афсоналарига кўра, қирғиз уруғини ҳалокатдан ва ер юзидан йўқолиб кетишидан Она Буғу асраб қолган.

 

 

Қамбар Ота

 

Қамбар Ота йилқиларнинг қўриқчиси, мусиқачиларнинг ҳомийси, фарзандсизларнинг пири сифатида тасаввур қилинади. Халқ орасида йилқичи Қамбар Ота номи билан машҳур бўлган бу мифологик образ дўмбира чалиб, қўшиқ куйлашни яхши кўради. Қадимги туркий халқлар ишончида мавжуд бўлган Қамбар Ота Исломдан сўнг диний мотивга эврилган. Ривоятларга кўра, ҳазрати Алининг отбоқари ва содиқ хизматкори бўлган йигитнинг исми Қамбар эди. Ҳазрати Али билан кўплаб сафарларга чиққан Қамбарни кунларнинг бирида ер ёрилиб ютиб юборади. Ушбу қаҳрамон кейинчалик исломни қабул қилган туркий халқлар орасида Қамбар Ота ишончи билан қоришиб кетган.

 

Фарғона водийсидаги зиёратгоҳларнинг бирида Қамбар Отанинг оёқ излари сақланаётганига ишонишган маҳаллий аҳоли у ерга фарзанд истаб ёки хасталикларига шифо сўраб боришади.

 

Ер Ости Салтанатидаги худолар

 

Эрлик Хон

 

Эрлик Хон Ерости салтанатининг ҳукмдори ҳисобланиб, барча ёвуз кучларнинг раҳнамоси. Бироқ Эрлик Хонни Иброҳимий динлардаги шайтон образи билан адаштириб юбормаслик зарур. Сабаби Эрлик Хон ҳам Кўктангри томонидан яратилган. У асосан ёвуз инсонларни жазолаш ва тўғри йўлга қайтариш вазифасини бажаради. Ўз ёрдамчилари билан Ер ости салтанатида яшайди. Айрим афсоналарда Эрлик Хон ўликлар диёри ҳукмдори сифатида тилга олинади. Эрлик Хоннинг етти ўғли ва икки қизи бор. Уларнинг барчаси отасининг салтанатида маълум бир вазифани бажаради.

 

Киштей Султон

 

 

Киштей Султон Эрлик Хоннинг катта қизи бўлиб, у Ерости салтанатига кирувчи тўққизта эшикдан бирида соқчилик қилади. Киштей Султон қиёфасини ўзгартириш хусусиятига эга. У баъзан отасининг топшириқларини бажариш мақсадида тусини ўзгартирган ҳолда Ер юзига чиқади.

 

Эрка Султон

 

Эрка Султон Эрлик Хоннинг кенжа қизи бўлиб, у ҳам Ерости салтанатига кирувчи тўққиз эшикдан бирида опаси каби соқчилик қилади. Эрка Султон ёш ва ўта гўзал қиз қиёфасида тасаввур қилинади. Бироқ у эркакларни йўлдан уриб, уларга зарар беради. Айрим ҳолатларда жангларда баҳодирлар мағлуб бўлса, бунда Эрка Султоннинг қўли бор дея ишонишган. Сабаби Эрка Султон ҳийлаю макрнинг ипидан игнасигача ўрганган деб ҳисоблашган.

 

 

Алвасти

 

Афсоналарга кўра, инсонларга зиён берувчи қари, хунук ва узун қизил сочли кампир қиёфасида тасаввур этилувчи яратилиқ Ал Кариси, Албости, Алвасти ёки Албош деб аталади. У ҳийла-макрга, муттасил ёмонлик қилишга мойил бўлади. Алвасти ҳомиладор аёл ва ёш болаларга зиён бериши, ҳаттоки уларни ўлдириши мумкин. Шу сабабли ҳам янги чақалоқ туғилган уйда чилла сақлаш одати мавжуд. Чилла давомида яъни 40 кун ичида чақалоқ яшаётган хонанинг чироғи ўчирилмайди. Сабаби Алвасти ва бошқа ёвуз руҳлар кундузи инсонга яқинлаша олмайди деб ишонилади. Шу боис ҳам оқшом тушиши билан чироқ ёқилганида Алвасти ҳануз кеч тушмаган экан деб ўйлаб, бу хонадондан узоқлашади. Ўзбеклар орасида «Чилласида чироқ кўрмаган» иборасининг этимологияси ҳам мана шу удумга бориб тақалади. Бу иборани характери оғир ёки ёмонлик қилишга мойил одамга нисбатан қўллашади. Яъни чилла вақтида чироқ ёқилмагани учун Алвасти унга зиён берган, шу боис характерида бир қатор салбий хислатлар мавжуд бўлган, деб ҳисоблашади. Халқ ишончига кўра, Алвастининг ёқасига игна санчиш билан унга соҳиб чиқиб, ёмонликларидан ҳимояланиш мумкин.

 

Морту

 

Морту, Марту ёки Мортуча номлари билан аталувчи мифологик образ туркий халқлар ичида фақат ўзбекларда учраши билан аҳамиятлидир. Морту бир ярим метрли бўйи, узун сочлари билан Андерсен эртагидаги Рапунзелни эслатиб юборади. Аммо у инсонларга зарар бериши, айниқса эркакларни йўлдан оздириши билан машҳур. Қисқа бўйли, малла сочли қиз қиёфасида тасаввур этиладиган Морту ҳаммага ҳам кўринавермайди. Морту йўлида учратган одамини ақлдан оздириб, жинни қилиб охир-оқибатда ўлдиради. Ким Мортуга дуч келса, дарров уни сочларидан бураб тутиб олиши керак ва калишни патаги билан уриб тавбасига таянтириш лозим. Шундай қилмаса, Морту одам боласини ҳалокатга етаклайди, деган ишонч халқ орасида мавжуд.

 

Тепа кўз

 

Ерости салтанатидаги девлардан бирининг номи. Тепа Кўзни ярим дев, ярим илоҳ деб ҳисоблашган. Бесўнақай гавдаси, жуда катта боши ва пешонасида битта кўзи бор дея тасаввур қилинган ушбу яратилиқ инсонларга доимо қўрқув солган. Эрлик Хон ёмон йўлга кирган одамларни жазолаш учун вақти-вақти билан Тепа Кўзнинг Ер юзига чиқишига изн берган.

 

Дилбар ҲАЙДАРОВА,

адабиётшунос

Суратлар муаллифи: Элнур ЭГАМОВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 12229
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//