Кетма-кетликми, кетмакетлик – қай бири тўғри, бизга ечим беринг!


Сақлаш
16:30 / 23.12.2024 100 0

Умумий ўрта таълимда, хусусан, бошланғич синфларда “тошга ўйилган нақш” каби билимлар шакллантирилар экан, бунда ҳеч бир устознинг хато қилишга, муаммоларга беэътибор бўлишга ҳаққи йўқ. Афсуски, орфографик билимларни ўзлаштиришда таянч бўлувчи имло луғатларидаги хилма-хиллик (имло қоидасига мос келмайдиган, дубликат сўзлар) нафақат билим берувчида, балки ўзлаштирувчиларда ҳам бирдек муаммолар туғдирмоқда...

 

“Тил ва адабиёт таълими” журналининг шу йил 8-сонида Башорат Баҳриддинова ҳамда Шарифа Набиева ҳаммуаллифлигидаги “Луғат қонунчилиги тушунчаси ва ўзбек меъёрий луғатчилиги муаммолари” мақоласи ана шундай хулосага келишимга сабаб бўлди. Мақоладаги ҳақли эътирозлар – мактаб ўқитувчилари учун саводхонликни шакллантиришда дуч келинаётган ечимсиз муаммоларнинг қаламга олинганини ўқиб, баъзи мулоҳазалар билдиришни лозим топдим.

 

2022 йили 6-, 7- ва 10-синфларга мўлжалланган янги авлод она тили дарсликларини қўлга олганимизда айрим сўзларнинг ёзилиш шакли ўзгарганини ва уларнинг қоидаси профессор Низомиддин Маҳмудов таҳрири остида филология фанлари доктори Эрнест Бегматов ҳамда филология фанлари номзоди Абдуваҳоб Мадвалиев томонидан 2013 йили тузилган 85 000 сўздан иборат “Ўзбек тилининг имло луғати” китобига асосланиб шакллантирилганини мутахассислар изоҳидан билгандик.

 

Шунингдек, тез орада янги имло луғати китоби тасдиқланиши, унда айнан 2013 йили нашр этилган китобга киритилган сўзлар қатори бойитилаётгани ҳамда кўп муаммолар бартараф этилаётгани, хусусан, 1995 йили “Ўқитувчи” ва 2013 йили “Академнашр” нашриётида чоп этилган икки луғатдаги бир-бирини инкор этувчи ёзув шакллари борасида бир тўхтамга келингани ҳақидаги хушхабарлар билан “овундик”. Чунки “sentabr” ёзиладими ёки “sentyabr” деб бир-биримиздан сўрашдан чарчаган эдик. Журналист Ориф Толибнинг қуйидаги мулоҳазалари ҳам ҳолатимизни яққол акс эттиради.

 

“Ягона имло услубини қўллаш, чалкашликларнинг олдини олиш учун янги дарсликларни нашрга тайёрлашда 2013 йили “Академнашр” нашриётида чоп этилган имло луғатига асосланилган. Бу луғат 85 000 дан ортиқ сўзни ўз ичига олади. Унда саволда сўралган сўз “sentyabr” кўринишида берилган. Нега бундай ёзилаётганига муаллифлар луғатнинг кириш қисмида тўхталиб ўтган. Нима учун сўзни “sentabr” шаклида берган луғатдан фойдаланилмади? 1995 йили “Ўқитувчи” нашриётида чоп этилган луғатда сўзлар миқдори анчагина кам. Унга ҳатто “kompyuter” сўзи ҳам киритилмаган. Қайта ишланган нашрларда бу сўзга жой ажратилган бўлса-да, дарсликларда учрайдиган бошқа жуда кўп сўз ва атамалар ушбу луғатда акс этмаган. Кишиларда бир хато қараш бор: кўпчилик 1995 йилги луғатни Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган деб ўйлайди. Вазирлар Маҳкамаси имло қоидаларини тасдиқлаган, луғатни эмас. Гарчи “sentabr”, “oktabr” шакли ҳам хато бўлмаса-да, турфахиллик юзага келмаслиги учун sentyabr”, “oktyabr шаклида ёзиш ва ўргатиш тавсия этилган эди. Бундан бошқа баҳсли сўзларни беришда ҳам барча дарсликларда бир хил имло услуби қўлланяпти. Имло ва луғатлардаги камчиликларни тузатишга масъул бўлган ташкилот ҳамда муассасалар шу ва шу каби масалаларга тезроқ нуқта қўйса, қатъий ва мантиқли қарор қабул қилса, кун тартибидан тушмайдиган бундай саволларга ҳам барҳам бериларди”.

 

Ҳар ишнинг бир хайри бор, деганларидек, мутахассислар тавсияларига мувофиқ, шу пайтгача имломизга ўрнашиб қолган, кундалик ҳаётимиздаги энг фаол сўзлардан ҳисобланган sentabr”, “oktabrни sentyabr”, “oktyabr шаклида ёза бошладик.

 

Ҳақли савол туғилади: нега 2013 йилдан бери ҳам 1995 йил нашридаги сўзлар имлосини истеъмолдан чиқармадик? Сўзларнинг “sentyabr”, “oktyabr” тарзида ёзилиш шаклини амалда қўлламадик. Ростдан ҳам, ушбу сўзлар оғзаки нутқда “sentabr”, “oktabrэмас, “sentyabr”, “oktyabr тарзида талаффуз қилинади-ку! Оғзаки ва ёзма шаклнинг бир-бирига мутаносиб бўлиши айни муддао эмасми?

 

Фикримча, 2013 йили “Ўзбек тилининг имло луғати” (Э.Бегматов, А.Мадвалиев) нашрдан чиққани билан муаммолар ҳал бўлмади. Унга sentyabr”,oktyabr тарзидаги ёзув шакли киритилган эди. Ўқувчининг саводини чиқаришга қаратилган асосий қўлланма – дарсликларда 1995 йил 24 августда Вазирлар Маҳкамасининг 339-сонли қарорига мувофиқ тасдиқланган имло қоидалари амалиётдан чиқарилмади. Тушунишимча, ўша луғат муқобил вариант сифатида, тўғрироғи, асосий китоб сифатида “ўз кучи”ни доимо сақлаб қолди. Узоқ йилларга қайтмайлик, 5-синф она тили дарслигининг 2020 йилдаги нашрида (78-, 120-бет) ҳам sentabr”, “oktabr шаклида ёзилган, ваҳоланки, янги луғат тузилганига 7 йил бўлган эди.

 

Тилимиз ривожи, миллат равнақи учун муҳим бўлган 80 000 дан ортиқ сўз ва сўз бирикмасини ўз ичига олган янги “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” (Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2023) китоби хурсандчилик билан кутиб олинди. Мактабдаги мутахассис сифатида биринчи излаганим юқоридаги икки сўз шакли бўлди: sentabr”миsentyabr”ми, oktabr”миoktyabr”ми? (Ахир қизиқувчан ёш авлоднинг саволларига жавоб беришни жўн ҳисоблаган ютқазади-да. Нима дейсиз, меники ҳам, сеники ҳам тўғри деймизми?) Қувончимиз янада ошди: олти жилдида ҳам битта вариант – sentyabr, oktyabr тарзида киритилибди! Офарин!

 

Аммо-лекин...

 

90 мингга яқин сўз имлосини жамлаган “Ўзбек тилининг имло луғати” (Э.Бегматов, А.Мадвалиев, Й.Одилов. – Тошкент: “Кафолат принт компанй”, 2023. Н.Маҳмудов таҳрири остида) китоби ҳафсаламизни бироз пир қиладиганга ўхшайди. Майли, бошқа сўзларни айтмай, муҳокама ҳам қилмай, аммо биз мактаб ўқитувчилари учун жуда фаол сўз бўлган ой номларини бир вариантда бериш керак эди-да. Қарангки, oktabrвaoktyabr”, “sentabrвasentyabr бир сафда!

 

“Маълумки, имло луғатлари тилнинг қабул қилинган жорий имло қоидалари талабларига амал қилган ҳолда тузилади”, дея тушунтириш берилган луғат китобида (8-бет, 2023).

 

Имло қоидаларининг 53-бандидаги ушбу қоидага қатъий амал қилинади: “Сўзнинг -ма, ба- ёрдамида бирлашган қисмлари чизиқча билан ёзилади: кўчама-кўча, уйма-уй, ранг-баранг, дам-бадам каби. Лекин мустақил ишлатилмайдиган қисм қатнашса, бундай сўзлар қўшиб ёзилади: рўбарў, дарбадар каби” (16-бет, 2023). Энди амалдаги луғатларимизга киритилган қуйидаги сўзларга эътибор беринг: кетма-кет, кетма-кетлик (205-бет, 2013), кетма-кет, кетмакетлик (246-бет, 2023).

 

Нима ўзгарди? Нега тўлдирилган нашр сифатида қабул қилинган янги имло луғатига кетма-кетлик сўзи қўшиб олинди. Ахир қоида талабига мос ёзилган эди-ку? Бундан бу ёғига кетма-кетлик шаклидаги сўзни хатоликка оламизми? Бунда қайси орфографик меъёрни асос сифатида шарҳлаймиз? Ундай бўлса, 2023 йилдан олдин нашр этилган луғатларнинг истеъмолдан чиққанини қайси асосга кўра билсак бўлади? Шусиз ҳам хилмахиллик сўзининг шаклий ёзувига бошимиз қотиб турган эди (449-бет, 2013), мослашолмасак-да, амал қилиб юргандик, ҳарқалай, янги нашрда ўзгаришсиз қолибди: хилма-хил, хилмахиллик (552-бет, 2023).

 

Бундан ташқари, ёзма матнлар устида ишлаганда баъзи сўзлар шаклининг қайси вариантини қўллаш мақсадга мувофиқ, деган савол кишини ўйлантиради. Масалан, кетказмоқ – кеткизмоқ, кетказув – кеткизув (246-бет, 2023), хазанак – хазонак (551-бет, 2023). Маъноси: ХАЗОНЧИНАК ф. – خزان چيکن хазон, барг тўплаш. шв. Хазанак. (Изоҳли луғат. 6-жилд. 39-бет, 2023); хомит ва хомут (555-бет, 2023). Маъноси: р. хомут < қад. р. хомти – “қисмоқ, сиқмоқ”. (Изоҳли луғат. 6-жилд. 68-бет, 2023), ассаломалайкум ва ассалому алайкум бир вариантдаги (54-бет, 2023); барала ва баралла (73-бет, 2023) каби нусхали сўзлар бошқа сўзларни ҳам ёзишда иккилантириш ҳосил қилади. Ёки халқ-демократик (549-бет, 2023) жумласи чизиқча билан ёзилганини қандай изоҳлаймиз? (Халқ демократик партияси).

 

Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари билан бошланган луғат китобда муаллифлар томонидан айрим сўзлар имлосига изоҳ берилган, аммо юқорида тилга олинган сўзлар имлоси хусусида изоҳ зарур эди. Имкон қадар тилимиз, имломиз софлиги учун ҳеч бўлмаганда энг фаол сўзларнинг нусхаси (дубликати) бўлмаслигини истардик.

 

Мутасадди масъуллардан сўраймизки, мактаб ўқитувчиси сифатида бизга қайси луғат амалда эканлигини тасдиқловчи қарор ва амалий ижро керак. Энг асосийси, дарсликлар имлоси битта луғат асосида тузилсин. Бир-бирини рад этувчи имло луғатлар фақат ва фақатгина саводсизликни урчитади!

 

Дилдор НУРМУҲАММЕДОВА,
Термиз шаҳридаги 23-умумтаълим мактабининг
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

 

“Тил ва адабиёт таълими” журнали, 2024-йил 12-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14266
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//