Sentabrmi yoki sentyabr?


Сақлаш
16:23 / 18.10.2024 155 0

“Тил ва адабиёт таълими” журналининг ўтган 8-сонида Қарши давлат университети профессори Башорат Баҳриддинова ва докторант Шарифа Набиеванинг луғат қонунчилиги ва ўзбек меъёрий луғатчилиги муаммоларига бағишланган мақоласи чоп этилган эди. Мақолада бугунги кунда ўзбек адабий тилининг ҳуқуқий-меъёрий асослари қай даражада мустаҳкамлиги, ёзма нутқ илмий меъёрларининг ҳуқуқий асоси ҳисобланган имло луғатларимиз, хусусан, мактаб имло луғатчилиги аҳволи, бу борадаги муаммолар ва уларнинг илмий, амалий ечимлари нималар билан боғлиқлиги ҳақида таҳлиллий мулоҳазалар келтирилади. 

 

“Тил ва адабиёт таълими” журнали ушбу долзарб мавзуни давом эттириб, яна бир таниқли олимимизнинг ўзбек тили имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича мақоласини эътиборингизга ҳавола қилади. Зеро, алифбо ва имло такомили тилимиз камолотининг муҳим шартидир.

 

Тил одам боласига муҳтарам инсонийлик рутбасини ато этган муҳташам ва муқаддас неъматдир. Улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг “Сўз айлади инсонни жудо ҳайвондин, Билки, гуҳари шарифроқ йўқ ондин” тарзидаги ҳикматида бу азалий ҳақиқат ўзининг рост ва расо ифодасини топган. Одамларни муайян қавмлар ўлароқ бирлаштириб, сиру синоатга тўла олам ҳаракатларига мунтазам куч ва мадад бермоқ вазифасини адо этмоқдай муаззам муддаоларга йўллаган қудрат ҳам шу тилдир. Айтиш жоизки, инсонлар ўртасидаги алоқанинг бирламчи воситаси тил бўлса, ёзув ана шундай алоқанинг иккиламчи воситасидир. Шунинг учун ҳам ёзув товуш тилига қараганда анча кейин пайдо бўлган. Товуш тили, мутахассисларнинг қайд этишича, 400–500 минг йиллар илгари пайдо бўлган, ёзувнинг юзага келганига эса атиги 4–5 минг йил бўлган, холос.

 

Шунга қарамай, тилнинг чинакам маънодаги алоқа ва таъсир қуроли бўлишдай бош вазифасини ёзувсиз тасаввур этиб бўлмайди. Кишилик жамияти тарихи қўлга киритган билиму тажрибалар, инсон закоси яратган нодир кашфиётлар, инсониятнинг олис, аммо ойдин бадиий тафаккури маҳсули бўлган сўз санъати дурдоналари, фозилу фузало, азизу авлиёларнинг ҳақ йўлидаги, одам боласини қобиллик, комиллик, одиллик эшикларини очишга ундаш йўлидаги табаррук каломлари, жамиятлар тарихининг нурли ва нурсиз саҳифалари, шу каби ахборотларнинг барча-барчаси аждодлардан авлодларга, халқлардан халқларга, қитъалардан қитъаларга бевосита ёзув орқали етиб боради. Биз бугун ёзув туфайлигина бир неча минг йиллик кўҳна тарих қаъридаги товушларни эшита оламиз. Бу ёзувнинг тенгсиз қудратидир.

 

Ёзувнинг кашф қилиниши инсоният маданий тараққиётининг чин маънодаги ибтидоси бўлиб, оғзаки тил (нутқ)нинг замон (вақт) ва макон (масофа) жиҳатидан чекланганлиги ва бу чекланганликни бартараф этишдан иборат мутлақ зарурий эҳтиёж қонуний равишда ёзувнинг яратилишига олиб келганлиги табиий.

 

Юртимиз тарихининг турли даврларида ўзбек тилининг ёзма ифодаси учун турли алифболардан фойдаланилган. Аммо бу алифболар ўзбек тилининг товуш қурилишини ифо­далашда муайян нотамомликлар, номувофиқликларга эгалиги анча илгари англаб етилганлигига қарамай, турли тарихий-сиёсий мажбурловлар остида тегишли тадбирларга изн берилмай келган эди. Ўзбекистоннинг ўз мустақиллигига эришувидай буюк тарихий воқеа халқнинг дилига ҳам, тилига ҳам эмин-эркинлик берди, қадимий ўзбек тилимиз давлат тили мақомига соҳиб бўлди, бу тил ўзининг тамоман ярашиқли либосига ноил бўлди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 1993 йил 2 сентабрда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Қонуннинг муқаддимасида шундай дейилган: “Ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясига асосланиб ва ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган 1929–1940 йиллардаги ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, кенг жамоатчилик вакиллари билдирган истак-хоҳишларни инобатга олган ҳолда республиканинг ҳар томонлама камол топишини ва жаҳон коммуникация тизимига киришини жадаллаштирувчи қулай шароит яратишга хизмат қилади”.

 

Мазкур алифбо бўйича мутахассислар ва жамоатчилик вакилларининг айрим мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда 1995 йилнинг 6 майида “Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Ўзгартишлар киритилгандан кейин янги ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмасидан таркиб топди. 

 

Таъкидлаш лозимки, тил ва алифбо муносабати, бунда имло масаласи, бу уч тушунча ўртасидаги таносиб муаммоси фавқулодда муҳим аҳамиятга моликдир. Алифбодан тўғри фойдаланиш йўлларини, табиийки, имло қоидалари белгилаб беради. Саводхонликни таъминлашда мукаммал имло қоидалари ҳал қилувчи омиллардандир. Саводхон бўлмаган жамиятнинг камолоти ва тараққиёти ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам янги алифбонинг имлоси масаласига алоҳида эътибор берилди. Етакчи тилшунослардан иборат махсус ишчи гуруҳ янги имло қоидаларини яратиш устида жиддий иш олиб борди ва бундай қоидаларнинг лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳа мутахассислар, гуманитар соҳалар вакиллари томонидан кенг муҳокама қилинди, уни такомиллаштириш билан боғлиқ билдирилган жуда кўплаб таклиф ва мулоҳазаларни ишчи гуруҳ ўрганиб чиқди, лойи­ҳани қайта ишлаш жараёнида улар ҳисобга олинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1995 йилнинг 24 августида “Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди. Шу йили профессорлар Шавкат Раҳматуллаев ва Азим Ҳожиевлар томонидан тузилган “Ўзбек тилининг имло луғати” (“Ўқитувчи” нашриёти) нашр қилинди.

 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек тилининг она тили ва айни пайтда давлат тили сифатидаги тараққиёти тарихида том маънодаги бурилиш босқичини бошлаб берган донишмандона нутқи, шу нутқ сўзланган куни, яъни 2019 йил 21 октабрда имзолаган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, яна бошқа бир қатор кўрсатмалар ҳеч бир муболағасиз чинакам тарихий ҳужжатлардир. Уларда бу борада қилинадиган ишлар одатдаги эмас, кўлам ва моҳият эътиборига кўра тамоман янгича ўзанларда, нақд натижаларни ҳадаф қилган ҳолдаги тарҳ тарзида ўз ифо­дасини топган. Хусусан, мазкур фармонда бир қатор фавқулодда муҳим вазифалар сирасида “лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш” ҳам кўрсатилган. Айни вазифа ижроси борасида ҳам мунтазам ишлар олиб борилмоқда. Шубҳасизки, алифбо ва имло такомили тилимиз камолотининг муҳим омилларидан биридир.

 

Бугунги кунда амалдаги имло қоидаларида ҳам такомиллаштирилиши лозим бўлган бир қанча ўринлар мавжудлиги аён бўлмоқда. Мисол учун, бир қатор сўзларнинг ёзилиши, ўзлашма сўзлардаги айрим товушларнинг ифодаланиши, ўзак ва қўшимчалар имлоси, қўшиб ва ажратиб ёзиш қоидаларида мукаммаллаштирилиши, аниқлаштирилиши зарур бўлган жиҳатлар анча-мунча. Масалан, “Ўзбек тилининг имло луғати” (“Ўқитувчи”, 1995)да наряд, октябрь, отряд, пляж, сентябрь сўзлари narad, oktabr, plaj, sentabr тарзида қайд этилгани ҳолда актёр, монтёр, самолёт сўзларини aktyor, montyor, samolyot шаклида “у” билан ёзиш қоидалаштирилган ва табиийки, бунда имлодаги изчилликка путур етган. Мазкур луғатда бу каби ноизчил ҳолатлар такомиллаштирилиши мақсадга мувофиқ.

 

 

Ўзбек луғатчилигига жиддий ҳисса қўшган Э.Бегматов, А.Мадвалиев ва Й.Одилов каби заҳматкаш профессорлар томонидан тайёрланган “Ўзбек тили­нинг катта имло луғати” 2023 йилда нашр қилинди [1]. Бу луғатнинг “Айрим сўзларнинг ёзилиши бўйича луғат тузувчиларнинг тавсиялари” деб номланган қисмида қайд этилишича, “Ўзбек тилининг асосий имло қоида­лари”да “ўзбек тилига рус тилидан ва рус тили орқали ўзлаштирилган бир туркум русча ва байналмилал сўз-терминлар­нинг янги имлода қандай ёзилиши алоҳида қоидалаштирилмаган. Бу ўзбек кирилл ёзувидаги икки товушни ифодаловчи ё, ю, я, е (сўз ўртасида унлидан ҳамда айириш ва юмшатиш белгиларидан кейин), ц ҳарфлари иштирок этган сўзларни ўзбек лотин ёзувида қандай ёзиш масаласидир. Бундай сўзларнинг янги алифбода ёзилиши кейинчалик, “Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари” тасдиқлангандан сўнг тайёрланган бир қанча қўлланмаларда баён қилинган” [1: 20].

 

Ана шундай қўлланмалардан бири профессор Ш.Раҳматуллаевга тегишли бўлиб, унда ўзбек кирилл алифбосидаги ё, ю, я ҳарфлари ўрнига ўзбек лотин алифбосида қайси ҳарфларни ёзиш улар бажарадиган вазифага боғлиқ, деб қуйидагича ёзишни тавсия этади:

 

“1. ё, ю, я ҳарфлари икки товушни (y+унли) ифодалашга хизмат қилса, бу ҳарфлар ўрнига yo, yu, ya ҳарфлари ёзилади: заём – zayom, юмор – yumor, ядро – yadro, ёмғир – yomg‘ir, ютуқ – yutuq, яхши – yaxshi каби.

 

2. ё, ю, я ҳарфлари ўзидан олдин келган ундошнинг юмшоқ эканини кўрсатишга хизмат қилса:

 

а) асосан, ё ҳарфи ўрнига о ҳарфи, ю ҳарфи ўрнига u ҳарфи, я ҳарфи ўрнига а ҳарфи ёзилади: стажёр – stajor, люстра – lustra, фляга – flaga каби;

 

б) сўзнинг талаффузи кескин ўзгариб кетмаслиги учун қисман ё ҳарфи ўрнига yo ҳарфлари, ю ҳарфи ўрнига yu ҳарфлари, я ҳарфи ўрнига ya ҳарфлари ёзилади: актёр – aktyor, бюро – byuro, снаряд – snaryad каби.

 

Кўринадики, ё, ю, я ҳарфлари ўзидан олдин келган ундошнинг юмшоқлигини кўрсатиш учун хизмат қилса, ўзбек лотин алифбосида икки хил акс эттирилади” [2: 15–16].

 

Бу фикрларга холис илмий асосли муносабат билдирар экан, катта имло луғати тузувчилари қуйидагиларни ҳам таъкидлайдилар: “Муаллиф сўзнинг талаффузи кескин ўзга­риб кетмаслиги учун деб ўз тавсиясининг 1-бандидаги 1-қисмига қарши боради. Аслида, стажор билан актёр, лустра билан бюро, флага билан снаряд сўзларида мазкур ё, ю, я ҳарфлари бир хил позицияда бўлиб, ўзбекча талаффузда умуман фарқ қилмай, икки товуш (yo, yu, ya) билан айтилади. Ундошларнинг қаттиқ-юмшоқлиги эса рус тили учун хос бўлиб, ҳозирги ўзбек адабий тилида бу ҳолат деярли фарқланмайди” [2: 21].

 

Шуни мамнуният билан қайд этиш жоизки, “Ўзбек тилининг катта имло луғати” тузувчилари ёзув амали­ётидаги барча ҳолатларни тўлиқ қамраб олишга, тилнинг маълум давр ривожида янги имловий ҳодисалар, ҳолатларни зийраклик билан илғашга, уларни муайян меъёрларга солишга ҳаракат қилганлар, жуда кўп баҳсли хусусларга ечим топишга жиддий жазм қилганлар. Ўзбек тили тараққиёти жараёнларида муайян зарурий имловий вариантларни ҳам назардан қочирмаганлар. Масалан, адаб ва одоб, набира ва невара, баробар ва баравар каби бир қанча вариантдошлик ҳолатларини ҳам луғатда акс эттирганлар. Улар қаторида октябрь – oktabr, сентябрь – sentabr каби янги алиф­бо амалиёти жараёнларидаги, таъбир жоиз бўлса, ғайриихтиёрий тарзда юзага келган “вариантдошлик”лар (асосийси, албатта, sentabr, oktabr сўзлари)га ҳам, эҳтимол, ҳозирчадир, луғатдан жой берганлар...

 

Кўриниб турганидек, ўзбек тили имло қоидаларини янада такомиллаштириш бўйича илмий асосланган, тилимиз қонуниятларини тўғри акс эттирадиган ва амали­ёт учун қулай таклиф-тавсияларни ишлаб чиқиш тилимиз тараққиётини таъминлаш тарихида тубдан бурилиш бошланган бугунги даврнинг табиий тақозосидир. Тилимиз, алиф­бомиз ва имломиз ўртасидаги таносибнинг мустаҳкамлиги, пойдорлиги ўзбек тилимиз умрбоқийлигининг тамалидир.

 

Низомиддин МАҲМУДОВ,
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти директори,
филология фанлари доктори, профессор

 

“Тил ва адабиёт таълими” журнали, 2024 йил 9-сон. 

“Тил, алифбо ва имло таносиби” мақоласи

 

Фойдаланилган адабиётлар

1. Бегматов Э.А., Мадвалиев А.П., Одилов Й.Р. Ўзбек тилининг катта имло луғати. – Тошкент: Кафолат, 2023.

2. Раҳматуллаев Ш. Ўзбек тилининг янги алифбоси ва имлоси. – Тошкент: Университет, 1999.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10768
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//