Жой номларининг катта бир қисмини этнотопонимлар ташкил этади. Этнотопоним ясалиш негизини этнонимлар ташкил қилган жой номлари бўлиб, юнонча этнос – халқ, топос – жой, оним – ном сўзларидан таркиб топган [1].
Этник номлар тилдаги энг қадимий сўзлар саналади. Этнонимлар асосан топоним ёки топоним таркибида этник элемент сифатида сақланиб қолган. Таниқли топонимист олим С.Қораев ҳар қандай этнонимнинг маъноси борлигини, уларнинг қадимийлигини, шу сабабли айримларининг этимологиясини аниқлаш борасида бир қанча қийинчиликлар мавжудлигини таъкидлайди. Масалан, ўзбек, қирғиз, қозоқ каби миллат номлари, қўнғирот, митан, қангли, қипчоқ, уйшун, қорлуқ, халаж каби уруғ-қабила номлари ҳақида бир қанча фикрлар билдирилган, лекин бу этнонимларнинг этимологиялари илмий асосда узил-кесил ҳал қилинган эмас [1: 85].
Уруғ-қабила ва халқ номлари асосида пайдо бўлган жой номлари фанда этнотопоним деб юритилади. Улар ўзига хос хусусиятларга эга. Бундай жой номларини ўрганиш халқимиз тарихини чуқур ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Этнонимларнинг жой номига айланиши икки кўринишга эга. Биринчидан, этноним тўғридан тўғри жой номи маъносини ифодалайди; иккинчидан, айрим номлар этник элемент (этноним)нинг бошқа сўзлар билан қўшилишидан ҳосил бўлган. Биз қуйида уларнинг Паяриқ туманидаги ҳолатларига атрофлича тўхталиб ўтамиз.
Паяриқ тумани ҳудуди қадимги даврлардан бошлаб турли халқ, элат ва қабилалар истиқомат қилиб келганлиги билан ажралиб туради. Бу ҳудудда туркий қавмларнинг ўндан ортиқ уруғ вакиллари яшаган. Кўплаб уруғларнинг номлари қишлоқ номларига ўтган. Шундай хусусиятга эга атамаларни алоҳида гуруҳга ажратиб ёзиш мумкин. Қишлоқ атамасига ўтган уруғ номлари худди шундай қабиланинг ҳам бу ерда яшаётганидан далолат беради. Қуйида қишлоқ номларини кўриб чиқамиз:
Чандир. Тумандаги аҳоли пункти номи. Чандир – туркман халқи таркибидаги қадимий уруғ-қабила номи. С.Қораев чандирлар ҳақида “туркман қабиласи, Нурота туркманларининг уруғи. Баҳористон, Паяриқ, Пастдарғом, Шофиркон, Жондор, Қоракўл, Ромитан туманларида Чандир қишлоқлари қайд қилинган. Этноним “гўштнинг пай қисми” маъносидаги чандир сўзидан келиб чиққан, деган фикр бор. Шарқнинг машҳур филологи Абу Хайён чандир сўзини “дурагай”, “қурама” деб изоҳлаган”, дея қайд этган [1: 22].
Баҳрин (баарин) – турклашган мўғул қабилаларидан. Мўғуллар ҳукмронлиги даврида Дашти Қипчоққа ўрнашган. XVII–XIX асрларда катта бир қисми Тошкент воҳаси ва Фарғона водийсига, бир қисми эса Зарафшон воҳасига, Қашқадарёнинг ўрта оқимига ўрнашган. Асака, Иштихон, Қамаши, Учкўприк туманларида Баҳрин, Қоракўл туманида Баҳринбаёт қишлоқлари бор. Баҳрин – ов қуши, лочиннинг бир тури. Бу парранда уруғнинг тотеми, яъни муқаддас жонивори бўлган бўлиши мумкин. Баҳрин қабиласи мўғулларнинг афсонавий аждоди Бўдўнчарнинг катта ўғли Бааридайдан тарқалган ва унинг номи билан аталган, деган фикр ҳам мавжуд [3: 173].
Бурқут – турклашган мўғул уруғларидан бири. Бурқутларнинг бир қисми XIII–XVI асрларда Мовароуннаҳрга келиб ўрнашган. Асосан, Зарафшон воҳасида (ҳозирги Паяриқ, Нарпай, Навоий, Ғиждувон туманларида), қисман Мирзачўлда (Жиззах шаҳри атрофларида) жойлашган. Хатирчи туманида Бурқутсой деган сой, Навоий, Пахтачи, Вобкент, Паяриқ, Хатирчи, Каттақўрғон туманларида Бурқут деган қишлоқлар бор. Туркманларнинг арсари (эрсари) қабиласи таркибида бургут уруғи қайд қилинган. Қозоқлар таркибида бурқут, қирғизларнинг саяқ қабиласи таркибида буркутча, сарибағиш қабиласи таркибида эса бурқучи уруғи бор [3: 176].
Қўнғирот. Паяриқ туманидаги аҳоли пункти номи. Қишлоқда асосан Қўнғирот уруғи ҳаёт кечиради. Улар бундан 200 йиллар олдин Ғаллаорол туманининг Ўсар шўрча қишлоғидан бу ерга келиб ўрнашиб қолган.
Қўнғирот – ўзбек қабилаларидан бири. Қўнғиротларнинг асосий қисми ҳозир ҳам Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида яшайди. Қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ халқлари таркибида ҳам қўнғиротлар бор. Республикамиз, хусусан, Зарафшон водийсида 20 га яқин аҳоли пункти Қўнғирот деб аталади [3: 246].
Бўри – этноним (тотем – қабила-уруғнинг муқаддас жонивори). Зарафшон водийсидаги қипчоқларнинг бўри деган уруғи бўлган.
Қирғизларнинг адигине ва азиқ қабилалари таркибида ҳам бўри уруғи қайд қилинган. Бўри сўзидан таркиб топган топонимларнинг этнотопоним ёки зоотопоним эканини аниқлаш осон эмас. Бўрисой бўлса зоотопоним, Бўриқишлоқ бўлса этнотопоним саналади [3: 177].
Паяриқ туманидаги аҳоли пункти номи. Бу қишлоқда бўри уруғига мансуб аҳоли кўпроқ истиқомат қилади.
Буйрак. Тумандаги аҳоли пункти номи. Парча қипчоқ уруғ тармоғига мансуб аҳолидан ташкил топган мазкур қишлоқнинг халқи Сари сув яқинидаги Эрназар қишлоғидан кўчиб келиб жойлашган.
Ойтамғали. Бу аҳоли пункти номи уч маъноли қисмдан иборат: ой + тамға + ли. Мазкур номдаги уруғ тармоғи Самарқанд вилоятининг Паяриқ, Нарпай, Оқдарё туманлари, шунингдек, Тошкент вилоятида ҳам мавжуд. Ойтамғали ўзбекларнинг қўнғирот уруғи тармоқларидан бири саналади.
Қорақалпоқ. Самарқанд вилоятининг Жомбой, Булунғур, Паяриқ, Иштихон, Хатирчи, Пахтачи туманларида, Фарғона вилоятининг бир қатор туманларида, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Бўка, Янгийўл, Чиноз, Навоий вилоятининг Нурота туманларида шундай топоним мавжуд. Уларнинг ҳаммасида манғит қавми ҳамда бу қавмнинг оқ манғит ва қора манғит аймоқлари, уймовут, қўнғирот қавмлари яшаган. Ушбу топоним икки қисмдан иборат: қора + қалпоқ. Бу икки маъноли сўзлар бирлашиб уруғ номини юзага келтирган.
Чўмичли. Бу аҳоли пункти номи икки қисмдан иборат: чўмич + ли. Ғузор, Қамаши туманларида ҳам бор. Тамғаси чўмич шаклида бўлган уруғ (чўмичли) жамоасининг қишлоғи. Хитой, найман, қирқ, сарой, қўнғиротлар таркибида чўмичли уруғи бўлган [3].
Челак ва Ғаллаорол туманларидаги Чўмичли қишлоғида ўзбек халқининг қўнғирот уруғи яшайди.
Қорахони. Бу аҳоли пункти номи уч қисмдан иборат: қора + хон + и. Паяриқ, Нарпай, Денов, Шеробод, Китоб туманларидаги қишлоқ. Хўжа, эшон, араб, қарлуқ қавмлари авлод-аждодлари қорахони(й)ларнинг қишлоғи [3]. Бу аҳоли пункти номи уч маъноли қисмдан иборат: қора + хон + и. Шу номдаги қишлоқлар Паяриқ, Нурота туманлари, шунингдек, Ғиждувонда ҳам учрайди. Қишлоқ аҳолиси, асосан, қорахоний уруғи хожа тоифасининг вакилларидир.
Қорабайир. Паяриқ, Косон, Қарши туманларида Қорабайир қишлоқлари бор. Қовчин қабиласи таркибида қорабовур уруғи қайд қилинган [3]. Бу аҳоли пункти номи икки маъноли қисмдан иборат: қора + байир. Умуман олганда, Зарафшон водийси ўзбекларининг манғит уруғи таркибидан бўлган қипчоқларнинг бир тармоғи қорабайир номи билан ҳам аталади.
Аючи. Ўзбек қипчоқларининг бир уруғи аючи (аювчли, айиқчи) деб аталган [1: 156]. Қишлоқда Қипчоқ уруғи вакиллари яшайди. Унинг тарихи 200 йил илгари бошланган. Қишлоқ халқи тахминан икки аср бурун шу жойни танлаган. Уларнинг асосий машғулоти ганчкорлик бўлган.
Челак. Дўрман қабиласининг бир шохобчаси кўкчелак деб аталган. Паяриқ туманида Оқчелак деган қишлоқ бор. Жанубий Қирғизистондаги Саричелак кўлини эсланг. Қатор қонунига кўра челак деган уруғ бўлиши шарт [1: 228].
Оқчелак – челак уруғининг бир тармоғи (қирғизларнинг бугу қабиласи бир уруғи ҳам челек деб аталган. Саричелак кўли шу этнонимдан олинган бўлса керак). Паяриқ туманидаги Оқчелак ойконими челак уруғининг бошқа тармоқлари бўлганини кўрсатади [1: 210].
Қирқсайдов. Бу аҳоли пункти номи икки маъноли қисмдан иборат: қирқ + сайдов. Асосан, қирқ уруғига мансуб аҳоли яшайди. Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Ўгат қишлоғидан кўчиб келишган.
Қирқ – йирик ўзбек қабилаларидан бири. Самарқанд атрофларида, Тожикистон Республикаси Панжакент шаҳрининг жанубида, ҳозирги Ғаллаорол, Зомин, Ўратепа шаҳри атрофларида яшаган. Қирқ, Қирқовул, Қирққишлоқ, Каттақирқ, Қирқлар каби топонимлар шу қабила номи билан аталган [1: 141].
Ўймовут, уймовут – ўзбекларнинг кенагас, қозоқларнинг дулат, қорақалпоқларнинг кенегес қабилалари таркибидаги уруғ. Ғаллаорол, Чиноз, Шаҳрисабз, Чироқчи, Қибрай, Данғара, Паяриқ туманларида Ўймовут қишлоқлари қайд қилинган [1: 235]. Бу аҳоли пункти номи икки маъноли қисмдан иборат: ўй + мовут. Қишлоқ номига этноним асос бўлган. Халқ орасида ўрмавут талаффузи ҳам бўлган. Маҳаллий халқ ўзларини Зарафшоннинг қуйи оқимидан кўчиб келган, этник жиҳатдан эса манғитлардан деб ҳисоблайди.
Паяриқ тумани топонимларининг пайдо бўлишида турли воситалар асос бўлиб хизмат қилган. Шунинг учун туман топонимлари шаклланишининг асослари ранг-баранг. Бу жиҳатдан ҳудудда этнотопонимлар, антропотопонимлар, гидротопонимлар, касб-кор, ҳунар атамалари асосида шаклланган топонимлар, фитотопонимлар шакллангани кузатилади. Туман ҳудудида тарихан турли халқ ва элатларга мансуб аҳоли истиқомат қилганлиги сабабли этнонимлар асосида шаклланган топонимлар салмоғи миқдоран катта. Паяриқ тумани топонимлар тизими ўзбек топонимшунослигида ўз ўрнига эга. Улар ўзида шу ҳудудда яшовчи халқлар тарихи, қадриятлари, анъана ва урф-одатларини ифодаловчи, қадимдан шаклланган ва ҳозирда ижтимоий-иқтисодий, маданий ривожланиш йўлини босиб ўтаётган, муайян лексик-семантик ва ономастик-грамматик хусусиятларга эга лисоний бирликлар бўлиб, ўзбек тилидаги бошқа топонимлар билан типологик ва дифференциал белгилари юзасидан яхлит тасаввур уйғотиши билан аҳамиятли.
Паяриқ тумани топонимлари бўйича йиғилган бой фактик материалларни ифодаловчи ономастик бирликларга хос грамматик, лексик-семантик, этимологик, лингвотопонимик белгилар асосида ҳудуддаги ҳамда мамлакатдаги топонимларнинг умумий ва хусусий жиҳатлари шу жой аҳолисининг тил хусусиятлари, дунёқараши, анъана ва урф-одатларига боғлиқ ҳолда аниқланиши мумкин. Паяриқ тумани ҳудудида жой номларининг этнотопоним, антропотопоним, гидротопоним, фитотопоним, касб-кор атамалари асосида шаклланган семантик типлари учрайди. Ундаги ойконимлар, комонимлар ономастик лексика сатҳи меъёрлари асосида шакллангани кузатилади. Ҳудуддаги қишлоқ типидаги жойларнинг атоқли оти сифатида шаклланган комонимлар таркибида кўпинча антропоним, этноним, ҳажм-ўлчов билдирувчи, жойлашиш ўрнига ишора қилувчи бирликлар иштирок этган. Паяриқ тумани топонимларини тадқиқ этиш ҳудудга мансуб жой номлари фонетик қурилишида айрим ўзига хосликлар мавжудлигини кўрсатади. Хусусан, туман топонимиясида “й”ловчи ҳамда “ж”ловчи шевалар таъсири борлиги англашилади.
Ойбек ГАДАЕВ,
Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ўқитувчиси
“Тил ва адабиёт таълими” журнали, 2024-йил 12-сон.
Foto by: Абдуманнон МУҲАММАД
Фойдаланилган адабиётлар
1. Қораев С. Топонимика. – Тошкент: Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти нашриёти, 2006.
2. Дўсимов З., Эгамов Х. Жой номларининг қисқача изоҳли луғати. – Тошкент, 1977.
3. Нафасов Т., Нафасова В. Ўзбек тили топонимларининг ўқув изоҳли луғати. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2007.
4. Нафасов Т. Қашқадарё қишлоқномаси. – Тошкент, 2009.
Тарих
Тарих
Тарих
Жараён
Тил
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ