Германияда ўқиётган туркистонлик талабалардан совет жосуси етиштириш режасини фош этган Афзал Абусаид ким эди?


Сақлаш
15:22 / 18.12.2024 35 0

Қарийб юз йил олдинги тарихга назар ташласак, Туркистон жадидларининг ўта мураккаб шароитда миллат учун, ҳуррият учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилганларига амин бўламиз. Бу улуғ ҳазрати инсон ва “ходим ул-миллат”ларнинг миллий кадрлар тайёрлаш йўлидаги улкан ишларидан ҳайратланамиз.

 

Биламизки, 1922 йилнинг ноябрь ойида бир гуруҳ туркистонлик ёшлар Германияга ўқишга юборилган. Бироқ талабаларнинг ҳаммаси ҳам етарлича таъминот билан Берлинга кузатилмаган – улар моддий жиҳатдан турфа хил даражадаги оилаларга мансуб эди. Масалан, Абдуваҳоб Муродий, Азиз Хўжаев, Марям Султонмуродова каби талабалар камбағал ва ўртахол оилаларнинг, Насриддин Шераҳмедов, Неъмат Нарзулла, Муҳаммаджон Авазжонов, Бадеъ Абдуллалар ўзига тўқ хонадонларнинг фарзандлари бўлган.

 

Шунинг учун ҳам Усмонхон “Туркистон” газетасининг 1923 йил 15 апрель сонидаги “Четда ўқувчиларни унутмайлик” номли мақоласида: “Туркистон ва Бухородан Берлинга ўқишга кетган ўқувчиларнинг кўплари турлик муассасаларнинг кўмаги билан, баъзилари энг кўп бўлганда бир йиллик таъминотларига етарлик нарса билан кетганлар. Баъзи бир талабалар жуда оз ақча, ҳатто қуруқ, таваккал қилиб ҳам бориб қолганлар. Биз ул ерда ўқувчиларимизнинг муҳтожларини аниқлаб олайлик, уларнинг ҳолидан тез-тез хабар олиб турайлик”, деб бежиз ёзмаган эди.

 

Албатта, туркистонлик жадидлар бу аҳволга шунчаки қараб турмасдан, қўлларидан келганча хайрия тадбирларини уюштириб ёки ўзлари чўнтакларидаги бор пулларини ўртага ташлаб Германияда ўқиётган талабаларга юбора бошладилар.

 

Жумладан, “Туркистон” газетасининг 1922 йил 18 декабрь сонида чоп этилган “Берлиндаги талабаларга кўмак” номли хабарда ёзилишича, талабалар учун Саидносир Миржалилов 20 000 сўм, Толибжон Мусабой 10 000 сўм, Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон) 7500 сўм, Нажмиддин Шераҳмадов 5000 сўм, Ҳамидулло Орифжон ва Холмуҳаммад Охундийлар 4000 сўм, Муҳиддин Усмоний, Мунавварқори, Зуфар Носирийлар 3500 сўм, Шокиржон Раҳимий, Абдунаби Ҳожи ўғли, Тешабек Отабеков, Муҳаммаджонқори Раҳимий ва Асадулла Хўжахоновлар 2500 сўмдан, Салимхон Тиллахон 1200 сўмдан пул тўплаб берганлар. Бундан ташқари 6 декабрь куни адабиёт кечаси ташкиллаштирилиб, ундан ҳам 75 000 сўм пул туширилган ва жами бўлиб 139 700 сўм пул Германияда таҳсил олаётган талабаларга юборилган.

 

Бундан ташқари, жадидлар кучни бирлаштириш учун турли уюшмалар, хусусан “Кўмак”, “Нашри маориф” каби ташкилотларни тузиб, уларнинг ҳудудлардаги шўбаларини очиб, улар воситачилигида кўпроқ пул йиғиб талабаларга юбориш мақсадида ҳам жонбозлик кўрсата бошладилар.

 

Ўша йилларда Берлиндаги Олий қишлоқ хўжалик мактабида ўқиётган Абдуваҳоб Муродий (1901–1938) жадид устозларининг бу фидокорона хизматидан беҳад суюнганини хат орқали билдирган эди. Унинг ушбу хати “Қизил байроқ” газетасининг 1922 йил 29 июль сонида чоп этилган. Абдуваҳоб ўз хатида қуйидагиларни ёзади: Тошкентдан олинган бир хатда Оврупога талабалар юбормоқ учун сизларнинг бир уюшма тузганингизни ўқидим ва теримга сиғмайдирган даражада суюндим. Бир йилдирким Оврупода яшамоқдаман. Илм-маорифда Оврупонинг биринчиси бўлган Германия дорулфунунларида бутун дунёдан, ҳатто татарлардан ўнлаб, турклардан эса минглаб талабалар бўлгани ҳолда бизнинг Туркистондан мендан бошқа талабанинг бўлмаслиги юрагимни парчаламоқда, бошқаларга [нисбатан] ҳасад сезгисини уйғотмоқда эди. Мана сизларнинг бу хайрлик муборак ташаббусингиз бир йилдан бери кулмаган кўнглимни кулдирди ва руҳимга жон берди”.

 

Илмий этика нуқтаи назаридан қайд этиб ўтиш керакки, Совет ҳукумати томонидан ҳам Германияда ўқиётган талабаларга стипендия берилар эди. Бироқ бу берилаётган стипендиянинг ҳажми жуда оз ҳамда талабаларнинг ўқиш ва кундалик харажатларини таъминлашга етмаган. Шу сабаб туркистонлик жадидлар бутун юкни ўзларининг зиммасига олишга қарор қилдилар ва халқдан мадад кутган ҳолда турли хил уюшма ва ташкилотларни юзага келтирдилар.

 

Қолаверса, совет ҳукумати гарчи талабаларни рамзий маънога эга бўлган стипендия билан таъминласа-да, аслида большевиклар ҳукумати Туркистон йигит-қизларининг Германияда таҳсил олишларига катта хавф сифатида қараган. Шу боисдан улар 1924 йилданоқ талабаларни ортга қайтариш ишига киришиб, уларнинг бу талабларига кўнмаган талабаларни стипендиядан маҳрум эта бошладилар. Совет ҳукуматининг ортга қайтиш талабига кўнмаган талабаларни стипендиядан маҳрум қилиш жараёни 1928 йилга келиб якунига етказилди, яъни айни шу йилдан бошлаб Берлинда ўқиётган талабаларнинг барчасига стипендия берилмай қўйди.

 

Совет ҳукуматининг босими остида юртга қайтиб келган Абдуваҳоб Муродий, Абдулла Пўлатов, Азиз Хўжаев, Саттор Жаббор, Атоулла Сайфулмулк, Бадриддин Сайфулмулк, Марям Султонмуродова ва бошқа шулар каби ўнлаб талабалар кейинчалик (1938 йилда) отиб ташланди.

 

Юртга қайтган талабаларнинг қайтиб Германияга қўйиб юборилмагани тўғрисидаги хабар етиб келгач, Берлиндаги бир гуруҳ талабалар, хусусан Абдулваҳоб Ўқтой, Тоҳир Чиғатой, Вали Қаюмхон ва бошқалар хорижда қолиб ўқишни тамомлашга ва четдан туриб Туркистон мустақиллиги йўлида кураш олиб боришга қарор қилдилар. Лекин бу осон иш эмас эди.

 

1928 йилдаёқ тўхтатилган стипендия ва большевиклар томонидан Туркистондан келадиган ёрдам йўлларининг ёпилиши Берлинда таҳсил олаётган талабаларни иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўйди. Уларнинг бу мураккаб аҳволидан фойдаланиш мақсадида СССРнинг Берлиндаги элчихонаси талабаларнинг ичидан большевикларга садоқат билан хизмат қиладиган бир жосус ёллашни мақсад қилади. Бунинг учун элчихона бухоролик Афзал Абусаид Махдум ўғлини кўз остига олади. Хўш, Афзал Абусаид ўзи ким эди?

 

Афзал Абусаид 1900 йилнинг бошларида Бухоронинг энг зиёли оилаларидан бири бўлмиш Аҳмаджон Маҳдум хонадонида таваллуд топган. Аҳмаджон Маҳдум тараққийпарвар инсон сифатида Бухоронинг эски усулдаги давлат бошқарувини ислоҳ этиш, таълим тизимини замонавийлаштириш ташаббусларини қўллаб-қувватлар, шу мақсад йўлида у “Ёш бухороликлар” ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик қиларди.      

 

Афзал Абусаид дастлаб эски усул мактабида таҳсил олгач, отасининг ташаббуси билан (укаси Акром билан биргаликда) Истанбулга ўқишга юборилади. Афзал Истанбулга келгач бу ердаги “Дорушшафақа” номли мактабнинг илк босқичига ўқишга қабул қилинади. Кейинчалик Афзал ва Акром таҳсилни давом эттириши учун “Дорушшафақа”дан  Измирга жўнатилади. Бироқ Афзалнинг укаси Акром Измирда сил касаллигига учраб вафот этади. Тақдирнинг илк оғир зарбасини қабул қилиб олган ёш Афзал Измирда қолишни истамасдан дарҳол Истанбулга қайтади ва тиббиёт йўналишига ўқишга кириб бу ерда икки йил мобайнида таҳсил олади.  

 

Афзал Абусаид

 

1914 йилда Биринчи жаҳон уруши бошлангач, урушда иштирок этаётган Туркиядаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар мураккаблашиб Афзал ҳам ўқишни ташлашга мажбур бўлади. Гарчи у қардош туркларга ёрдам бериш мақсадида ҳарбий хизматга ёзилиш учун мурожаат қилса-да, бироқ Усмонли давлатининг фуқароси бўлмагани сабабли аскарликка қабул қилинмайди.

 

Афзал Абусаиднинг аскарликка ёзилиш режаси амалга ошмагач, у Истанбулда жойлашган Маориф вазирлигига мурожаат қилиб, ўзига бирор вазифа беришларини сўрайди. Маориф вазирлиги Афзални Кастамонудаги дорулмуаллиминга ўқитувчи этиб тайинлайди. Бу ерда бир неча йил мобайнида ўқитувчилик қилган Афзал Абусаид Истанбулга қайтиб Чор Россияси ўрнига ҳокимиятга келган большевикларнинг Туркистонга ҳуррият беришига умид қилган ҳолда 1921 йилнинг бошларида Қирим йўли билан ватанга қайтиб келади.

 

Афзал Абусаид Бухорога қайтганида амирлик ағдарилиб, унинг ўрнига “Ёш бухороликлар” томонидан Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти қурилган ва ушбу давлатнинг йирик намоёндалари бўлмиш Файзулла Хўжаев ва Абдурауф Фитратлар томонидан Германияга талаба жўнатиш учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган эди. Афзал Абусаид ҳам Германияга ўқишга юборилаётган бўлажак талабалар сафидан 1922 йилнинг ноябрь ойида Берлинга қараб йўлга чиқади.

 

Афзал Берлинга етиб келгач Олий техника мактабининг меъморчилик (архитектура) факультетига ўқишга киради. Бу хусусида “Туркистон” газетасининг 1923 йил 19 декабрь сонида Турор Рисқуловнинг “Германиядаги ўқувчиларимиз” номли мақоласида қуйидагиларни ўқиймиз: “Сентябрь бошида менга Германияга бориб бир ойча туришга тўғри келди. У ерга боришдан биринчи мақсадим Германияда бир йилдан буён ўқиб турган Туркистон ва Бухоро ўқувчиларининг аҳволи билан танишмоқ эди. [Германияда] Туркистон ўқувчилари 11, Бухоро ўқувчилари 47 кишидир… Берлин дорулфунунида бухороликлардан 5 киши бўлиб, ҳар қайсисини турли факультетларга бўлинган: тиб, фалсафа, сиёсий иқтисод, олий техника мактабининг бинокорлик шўбасида, электротехника, машина ва қишлоқ хўжалиги мактабида”. Ана шу олий техника мактабининг бинокорлик шўбасида ўқиётган бухоролик 5 талабанинг биттаси бизнинг қаҳрамонимиз Афзал Абусаид ўғли эди.

 

Қолаверса, Саттор Жаббор ҳам “Эртой” тахаллуси остида “Туркистон” газетасининг 1924 йил 2 сентябрь сонида “Германияда Ўрта Осиё талабаларининг икки йили” номли мақоласида ушбу мамлакатда ўқиётган талабаларнинг рўйхатини келтириб ўтган:

 

Жадвал

 

Юқорида қайд этилганидек, совет ҳукумати томонидан 1924 йилдан бошлаб чеклана бошлаган “стипендия сиёсати” 1928 йилга келиб ўзининг “ҳадди аълосига” етди. Бошқа талабалар сингари Афзал Абусаид ҳам моддий қийинчиликка рўбаро бўлди.

 

Айнан шу йилларда СССРнинг Берлиндаги элчихонаси Афзал Абусаидни ўз ҳузурига чорлаб Мустафо Чўқай бошчилигидаги муҳожир жадидлар ҳамда талабалар ичида кечаётган сиёсий жараёнлардан хабардор қилиб туриш эвазига пул таклиф қилади. Бу воқеанинг бутун тафсилотлари Париж шаҳрида чиққан “Le Martin” газетасининг 1930 йил 17 июнь сонида батафсил чоп этилган. Кейинчалик, ушбу мақола Мустафо Чўқай бош муҳаррирлиги остида нашр этилган “Ёш Туркистон” журналининг 1930 йил февраль сонида “Туркистонликлар назари диққатига” сарлавҳаси остида изоҳлар билан тўлдирилган шаклда қайта босилади.

 

Афзал Абусаид (Эфдал Венсурел) муҳожир ҳаммаслаклари билан. (Ўтирганлардан чапдан биринчи)

 

 

Мақоланинг кириш қисмида, “Le Martin” газетаси 17 июнь сонида “Совет ҳукумати Туркистонда шиддатли мустамлакачилик сиёсати юритадир” сарлавҳали бир мақола нашр этгани, унда  туркистонлик талаба Афзалнинг бир “саргузашти” ёритилгани қайд этилиб, ушбу “саргузашт”га кўра СССРнинг Берлиндаги элчихонаси 1930 йил 10 апрелда Афзални чақиргани, у элчихонага киргач Михалский исмли бир одам (бизнича КГБ агенти – М.Алижонов) томонидан кутиб олингани қайд этилган. Воқеанинг кейинги тафсилотлари мақолада қуйидагича келтирилади: “10 апрелда Афзалбек Берлиндаги Совет сафоротхона (элчихона)сига чақирилғон. Сафоротда уни Михалский исмли бир совет маъмури қабул қилган. Афзалбекнинг талаба сифатида Ўзбекистон ҳукуматидан олиб турган таъминотининг анча олдин кесилиб қолғонлиғини ва унинг оғир вазиятда эканини совет сафоротхонаси жуда яхши билар эди. Чунки бу ўқувчиларнинг таъминотдан чиқарилғонлиқлари хабари сафоротхона орқали олинғон. Унинг оғир вазиятини билган Михалский Афзалбекга большевикларнинг усулида пул топиш йўлини таклиф этган. Михалский “Агар сиз, “совет гражданлиғи вазифангизни” ўтасангиз пул ҳам олиб турасиз”, деган. Афзалбекнинг “Бу “совет гражданлиғи вазифаси” нима эканлиги ҳақидаги саволига жавобан Михалский унинг “Туркистон миллий ташкилоти” билан яқин муносабатга киришишини, Туркистон ёшларини кузатишини ва “Туркистон миллий ташкилоти”нинг расмий газета-журналлари қандай йўллар билан Туркистонга кираётғонлиғини билиб олиш ва бошқаларни сўйлаган. Бундан ташқари у “Сизнинг қаердан пул олиб турғонинггизни биров билиб қолади, деб ҳеч қўрқмангиз. Қариндошларим, ошна-оғайним пул ва мол юборадир, деб юраверасиз. Пулни сиз хоҳлаган йўл билан етказиб турармиз”, деган. Афзалбек сафоротхонада қулфланғон хонада ўтириб қаршисиға қўйилғон пулни рад эта олмағон. Олиб чиқғондан сўнг иккинчи кун почта билан яна шу Михалскийнинг ўз номига қайтариб юборғон. Мана бир совет маъмурининг бу провакаторлик ташаббуси шундай муваффақиятсизлиқ, шармандалик билан натижаланган”.

 

Афзал Абусаид (Эфдал Венсурел) туркистонлик талабалар билан. 

 

 

Ушбу мақолага қўшимча ўлароқ Мустафо Чўқай большевиклар ҳукуматининг ўта юзсиз ва номуссиз эканини, Афзалбекнинг бу тарздаги ҳаракати муҳожиротдаги бошқа бир қанча туркистонликларга ҳам ибрат бўлиши кераклигини урғулаб қуйидагиларни ёзади: “Эй туркистонликлар! Буни эсингизда тутинг ва большевик провакотларидан сақланингиз! Ватандошингиз Афзалнинг ҳаракатидан ибрат олинг. Юрт ва халқингиз манфаати учунгина ҳаракат этинг. Ҳаммамизнинг энг муҳим ва муқаддас вазифамиз юрт ва халқимизнинг манфаатидир. Бундан устун ҳеч бир нарса йўқ ва бўлмасун!”.

 

Афзал Абусаид – ўрта қатор ўнгдан учинчи туркистонлик талабалар билан (Берлин)

 

Афзал Абусаид элчихонада бўлган воқеадан сўнг Германияда таҳсил олаётган бошқа туркистонлик талабаларни ҳам хабардор қилиб, СССР агентлари томонидан таъқиб этилиши мумкинлигидан огоҳлантиради. Афзал тўғри тахмин қилганидек, Берлинда таҳсил олиб Туркистонга қайтмаган собиқ талабалар рус маъмурлари ва ҳатто махсус хизматлар томонидан ёлланган рус миллатига мансуб ўқувчилари томонидан таъқиб этила бошланади. Натижада, Афзалбек 1933 йилда Берлинни тарк этиб, Австрия орқали Туркияга келиб сиёсий бошпана сўрайди. Унинг бу расмий истаги Туркия томонидан қондирилиб, унга мамлакат фуқаролиги берилади. Фуқаролик олиш жараёнида келгусида бўладиган таъқиблардан сақланиш учун Афзал Абусаид Мардум ўғли ўзининг исмини “Эфдал Венсурел”га ўзгартиришга мажбур бўлади.

 

Афзал Абусаид (Эфдал Венсурел) туркистонлик талабалар билан. 

 

 

Эфдал Венсурелнинг Туркиядаги фаолияти ҳам қизғин кечди. У дастлаб Анқара шаҳрининг асосий режасини тайёрлаётган архитектор профессор Ҳерманнинг таржимони ва ёрдамчиси сифатида иш олиб борди ва замонавий Туркиянинг янги пойтахти қурилишига Ҳерман билан тенгма-тенг тарзда ўзининг улкан ҳиссасини қўшди.

 

Орада у анқаралик Нимет Дағли хоним билан турмуш қуриб, ундан икки ўғил кўради ва у ўз ўғилларига Гўктурк ва Гўктуғ (!) деб исм қўяди.

 

Эфдал Венсурел билан бирга Абдулваҳоб Ўқтой, Аҳмад Наим ва Тоҳир Чиғатойлар ҳам Туркияга кўчиб ўтишган эди. Эфдал улар билан тез-тез кўришиб турар, Туркистон ҳақида соатлаб суҳбатлар қурарди.

 

Эфдал Венсурелга тақдир яна бир бор бешавқатлик қилди. 1945 йилда унинг катта ўғли Гўктурк вафот этади.

 

Кейинчалик Эфдал Венсурел Туркиянинг Қурилиш вазирлигига ишга кириб, бу ерда 1965 йилга қадар хизмат фаолиятини олиб боради. Эфдал 1965 йилда такрор Истанбулга қайтиб турли хил идораларда ишлайди.

 

Ўзбек халқининг етук фарзанди, чинакам миллатпарвар инсон, Туркистоннинг ҳуррият ғоясини бутун умр қалбида ардоқлаб яшаган Эфдал Венсурел 1984 йилнинг февраль ойида Истанбулда вафот этди ва ушбу шаҳарда жойлашган “Қорачааҳмат” қабристонига дафн этилди.

 

 

 

Муслимбек АЛИЖОНОВ,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

 катта ўқитувчиси, тарих фанлати бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11804
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//