“Яушевларгa тегишли” – исми Тошкент бинолари пештоқига ёзилган, жадидларга ҳомийлик қилганлар ким эди?


Сақлаш
18:01 / 16.12.2024 117 0

Ўтган асрнинг бошларига оид кўҳна Тошкент бинолари акс этган суратларнинг пештоқида “Яушевларгa тегишли” деган битиклар, айниқса жадидлар томонидан нашр этилган китоблар, жадид матбуотига оид кўплаб газета ва журналларда “Яушевлар савдо уйи”га тегишли рекламаларига кўзингиз тушади. Қолаверса, жадид тараққийпарварлари ҳам Туркистон бойларининг аксари учун Яушевларнинг саҳийлиги ва ҳомийликлари ҳақида сўз очишар эди. Хўш, машҳур Яушевлар ким бўлган?

 

Қозон хонлигининг қадимий зодагонлари авлодидан бўлган Яушевлар Россия империясининг шаклланишида муҳим ўрин тутган сулолалардан биридир. Айрим мулоҳазаларга кўра 1582 йилда Қозон хонлигининг босиб олинишида ҳамкорлик қилгани учун рус подшоси Иван Грозний княз Бағиш Яушевга Иж дарёси бўйидаги катта ерларни инъом этган эди. XVII асрга келиб Волгабўйининг йирик ер эгаларига айланган қозонлик ҳарбий хизматчи Мурза Семеней, княз Бағишев ва Яушевлар 1628 йил 7 июнда подшо Михаил Федоровичнинг низомига биноан князлик унвонига сазовор бўлади. Бироқ 1713 йилда православликни рад этгани учун Яушевларнинг кўплаб мулклари подшоҳлик ҳисобига ўтказилиб, ўзлари Қозон вилояти Aрский тумани Кашар қишлоғида жон солиғи эвазига ерлаштирилади. Яушевлар 1733 йилда Ижевск шаҳри ҳудудидаги ерларини ҳам Кутлу-Муҳаммед Тевкелевга сотадилар. Лекин империянинг туркий халқлар ҳисобига кенгайиб бориши Яушевларнинг яна ўз мавқеларини тиклаб олишига имкон беради. Натижада 1844–1873 йиллар давомида Бошқарув Сенатининг қарори билан Яушев князларининг 12 оиласи татар князлари деган номлари ва ҳуқуқларини тиклаб олишга муваффақ бўладилар.

 

XIX асрнинг бошида машҳур Яушевлар савдо компаниясига Гайса Юсупович Яушев (1790–1870) асос солади. У Россия ва Ўрта Осиё ўртасидаги савдо операциялари орқали бойиб, Троицк шаҳрида биринчи гилдия савдогарига айланади. Ўғли Aхметжан Гаисич (1818–1875) ҳам биринчи гилдия савдогари бўлиб, отасидан мерос қилиб олган совун заводидан ташқари 1872 йилдан Тринитй тоғларидаги олтин конларини ўзлаштириш ҳуқуқини ҳам қўлга киритади. Яушевлар савдо империяси унинг ўғли Aбдулвали Aхметжанович (1840–1906) даврида янада кенгаяди. Унинг “Aбдулвали Aхметжанович Яушевнинг ака-ука фирмаси қошидаги савдо уйи” Троицк, Челябин шаҳарларидаги савдо аркадаларидан ташқари олтин конлари, буғ тегирмонлари, совун, тери ва ёғ заводлари, Кустанай, Тошкент ва Подовинное атрофларида улкан ерларда қишлоқ хўжалиги, пахта ва чой плантациялари, пахта тозалаш заводларига эгалик қилар эди.

 

 

Компания бошқаруви Муллагали Aхметжанович Яушев (1864–1927) қўлига ўтар экан, 1906 йилдан компания – “Aка-ука Яушевлар савдо уйи” деб қайтадан номланади. Муҳаммадгали Aбдулвалиевич асосан Троицк шаҳрида яшаб, биргина Троицкий туманида 1131 десятина ерга эга эди. Муллагали Яушев 1911 йил Троицк, 1913 йил Челябин, 1915 йил Тошкент ва Қустанай шаҳарларида улкан замонавий савдо марказларини бунёд этади. “Aка-ука Яушевлар савдо уйи”га оид юзлаб савдо дўконлари империянинг йирик савдо ярмаркалари Нижегород ва Ирбитдан ташқари Москва, Троицк, Тошкент, Кустанай, Тароз, Варшава, Тўқмоқ, Хитойнинг Қулжа шаҳарларида миллионлаб суммадаги жун, тери, текстил, дон, ёғ, ун, чой, шакар маҳсулотлари билан савдо қилар эди.

 

Яушевлар хонадони Россия империяси мусулмон савдо-саноат буржуазияси орасида ўзини ислом жамоати арбоблари сифатида ҳам намоён этди. Халқни маърифатга чорловчи жадидчилик ғояларини қўллаб-қувватлади, бир нечта масжидлар бунёд этди, кўплаб кутубхона, мактаб ва бошқа ўқув муассасаларига асос солди. Туркистон шаҳридаги Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасида 1899 йил ўз ҳисобидан илк таъмирлаш ишларини амалга оширди.

 

 

Абдували Яушев 1905 йил Нижний Новгород шаҳрида ўтказилган Бутунроссия мусулмонлари биринчи қурултойида фаол иштирок этди, Россиядаги биринчи мусулмон сиёсий партияси “Иттифоқи Муслимин”нинг ҳаммуассиси ва ҳомийларидан бири бўлди. Шунингдек, қатор нашриётлар, газета ва журналларнинг, жумладан, 1910 йил илк қозоқ газетаси “Ойқоп”нинг чиқишига ҳомийлик қилди. Жадид театри ва адабиётининг кенг кўлам олишини қўллаб-қуввалади. 

 

Муллагали Яушев 1901–1906 йилларда Троицк мусулмонлар хайрия жамияти фахрий аъзоси, 1907–1917 йиллар унинг раиси бўлди.

 

 

Яушевлар пулига Троицкдаги Муҳаммадия мадрасаси замонавий талаблар асосида янгидан ислоҳ қилинди ва 1914 йил Дорулмуаллимат – аёллар педагогика мадрасаси қуриб ишга туширилди. Муллагали Яушев сиёсий ҳаётга ҳам аралашиб, 1906 йилда II Умумроссия мусулмонлари қурултойи вакили, 1911–1913 йилларда мусулмонлар хайрия жамияти бошқаруви аъзоси, 1914–1917 йилларда Троицк шаҳар Думаси аъзоси бўлди. 1917 йил октябрь ойида Татар-бошқирд миллий-маданий мухторияти муваққат ҳукумати таркибига кириб, юз минглаб миқдорда пулларини сарф этади.

 

Муллагали Яушев Владивосток, Хитой ва Япония шаҳарларидаги бир муддатлик сарсон-саргардонликдан сўнг Тошкентга қайтиб келиб, 1926 йил шу ерда вафот этган. Яушевларнинг машҳур вакилларидан Муллагали Яушевнинг қизи Розия Туркистонда яна бир машҳур татар оиласи фарзанди Мустафо Сайфулмулков билан оила қуриб, уларнинг ўғли Фарид Сейфулмулюков кейинчалик таниқли совет халқаро журналисти бўлиб етишди. Яушевларнинг Тошкентдаги савдо қаноти раҳбари, таниқли тадбиркор ва жамоат арбоби Муҳаммедшариф Aхметжанович Яушев (1852–1906) ҳам 1-гилдия савдогари эди. Унинг ўғли биринчи гилдия савдогари Муҳаммад Латиф Муҳаммад Шарифович (1873–1922) ҳам кўзга кўринган жамоат арбоби, Муваққат татар-бошқирд миллий-маданий ҳукуматида мухторият аъзоси ва молия нозири бўлган. Улардан яна бири Aбдулвали Aхметжанович Яушев бўлиб, унинг қизи Фотиҳа Aбдулвалиевна Aитова (1866–1942) ҳам таниқли жамоат арбоби, педагог, биринчи татар қизлар гимназиясининг яратувчиси эди.

 

 

Октябрь инқилобидан кейин Яушевлар хонадонининг барча мулклари большевиклар ҳукумати томонидан тортиб олинди, оиланинг кўплаб аъзолари Япония, AҚШ ва Ғарбий Европага чиқиб кетишга мажбур бўлади. Кейинчалик уларнинг бир қисми Совет Россиясига қайтарилди.

 

Қуйида машҳур Яушувлар сулоласининг вакили Тошкентда қатағон гирдобига тортилган собиқ миллионер Газиз Валиевич Яушевнинг қисмати ҳақида ҳикоя қиламиз. Газиз 1888 йил Троицк шаҳрида жамоат арбоби, саҳий тадбиркор Aбдулвали Aхметжанович Яушев хонадонида туғилган. Яхши таълим олган Газиз Яушев тадбиркорлик фаолиятини Тошкент шаҳрида бошлаган. 1917 йил октябрда большевикларнинг ҳокимиятга келиши билан боғлиқ жанжаллар замонида компания раҳбари Муллагали Яушев Газиз Яушевни Тошкентдан Троицкка чақириб олади. 1918 йил январь ойига келиб советлар барча мулкларни мусодара этиб, бозор ва дўконлар деярли бўшаб бошлади. Шундай бир шароитда Муллагали Яушев Газизни манифактура сотиб олиш вазифаси билан Москвага юборади. Бироқ у совет ҳукумати раҳбарлари билан музокара олиб бориш имконини қўлга кирита олмайди. Газиз Муллагали Яушевнинг савдо маслаҳатчиси германиялик муҳандис Бергард Эпп билан 1918 йил июн-июль ойларида Германияга боради. Улар уч ҳафта давомида Берлинда бўлиб, советлардан мулк эвазига оила аъзоларининг жонларини сақлаб қолиш мақсадида музокара олиб боради. Аммо ҳеч ким большевиклар ҳукуматига таъсир эта оладиган қудратга эга эмас эди. Сўнг яна бир таниқли татар уламоси Абдурашид қози билан Бремен шаҳрига ўтади. Шундан сўнг Киев шаҳрига келиб жойлашади. 1919 йил феврал-март ойларида Киев шаҳри ҳам қизил армия томонидан ишғол этилади. 1919 йил май ойида Киевдан Москвага келган Газиз Яушев бу вақтда РСФСР Ҳарбий ишлар халқ комиссариати ҳузуридаги марказий мусулмон ҳарбий коллегияси раиси Мирсаид Ҳайдаргалиевич Султонгалиев қабулига киради. Бир томондан Газизнинг турмуш ўртоғи Гулсум Ерзинанинг синглиси Фотима Ерзинанинг турмуш ўртоғи бўлган таниқли татар тараққийпарварларидан Мирсаид Султонгалиев Газиз Яушев учун нажот бўлиб кўринади. Унинг тавсияси билан Газиз Қозон шаҳрига қиримлик Хон Герей авлодларидан бўлган Қизил армия қўмондони Александ Александрович Тамарин ҳузурига йўлланади. А.А.Тамарин Газиз Яушевни Қизил Армия учун от сотиб  олувчи агент сифатида ишга олади. Бироқ советлар ҳеч қачон собиқ миллионер Газиз Яушевга ишонмайди. 1922 йил Челябин шаҳрида оила аъзолари билан учрашмоқчи бўлгани учун ҳибсга олинади. Узоқ вақт қийноқ ва таҳқирлардан сўнг озодликка чиқар экан, қайтиб ҳеч жойда ўзини танитмасликка, омма орасида кўринмасликка ҳаракат қилиб яшади. 1932 йил эса қизил армияда бухгалтер бўлган Гариф Бурнаев билан Хитойга қочмоқчи бўлганликда айбланиб яна қамоққа ташланади. 1933 йилда ҳибсдан чиққач, фақат Тошкент Москва орасида қатнайди.

 

1934 йил декабрь ойида советларнинг йирик сиёсий арбоби Сергей Миронович Киров суиқасд асосида ўлдирилади. Натижада сталинча тузум бутун иттифоқ доирасида қатағонларнинг янги тўлқинини бошлаб юборади. Шу баҳона билан ЎзССР НКВД томонидан 1935 йил 26 апрель куни Яушев Газиз Валиевич билан бирга собиқ татар савдо-саноат буржуазияси вакиллари 1895 йил Тошкентда туғилган Бакиров Зокир Шокирович, 1909 йил Троицкда туғилган Бурнаев Гариф Абдулович, 1907 йил Тошкент шаҳрида туғилган Тюменов Мустафо Касимович ва БХСР Молия нозири бўлган, таржимон Мустафо Сайфулмулюковларни ЎзССР ЖКнинг 62-моддасида кўзда тутилган жиноятларни содир этиш – жосуслик айблови билан ҳибсга олишга қарор чиқаради. Шу куннинг ўзида Ўзбексавдо идорасида бўлим мудири бўлган Газиз Валиевич Яушев Тошкент шаҳри Пушкин кўчаси 20-уйдан қамоққа олинади.

 

Газиз Яушев ва Гулсум Ерзина. 1906 йил. Москва.

 

1935 йил 11 май куни Тошкентда Газизнинг турмуш ўртоғи, москвалик машҳур шифокор бўлган Солиҳ Ерзининг қизи, 1890 йил туғилган Гулсум Явушева (Ерзина) сўроққа чақирилади. У терговда ўзининг 1918 йил Колчак армияси яқинлашган вақтда Яушевлар хонадонининг бир қатор вакиллари билан Троицкдан Владивостокка кўчиб борганини сўзлайди. 1921 йилнинг кузида Владивосток шаҳри қизил армия томонидан ишғол қилингач, ўғли билан Омби шаҳрига қайтарилганини, ўзининг совет куч идоралари томонидан бойнинг оила аъзоси сифатида бир неча марта ноҳақ айбловлар билан ҳибсга олинганини айтади. Шунингдек, 1918–1922 йиллар давомида турмуш ўртоғи Газиз Явушев билан алоқада бўлмагани учун унинг Германияда бўлгани, 1922 йил Челябин шаҳрида қамоқда бўлганидан ҳам хабарсиз эканини маълум қилади.

 

1935 йил 19 май куни Газиз Яушев терговда инқилобгача Яушевлар мулкига оиланинг 9 нафар аъзоси эгалик қилиб, компания раҳбари Муллагали Яушев мулкнинг 3/1 га, Латиф Шарипович Яушев, Мунаввара Шариповна Яушева ва онаси Гайни Яушевалар ҳам мулкнинг 3/1 қисмига эгалик қилгани, қолган 3/1 қисми мулла Муҳаммад Валиевич Яушев, Муҳаммад Гали Валиевич Яушев ва мен Газиз Валиевич Яушев, Фотима Валиевна, Хадича Валиевна ҳамда онам Ашраф Яушеваларга тегишли эди. 28 апрель куни 200–300 одам ишлаган савдо уйимизнинг бошқарувчилари ҳақида 29 апрель куни қаерда, қанақа кўчмас мулкларимиз бўлгани ҳақида ёзиб берганман, дейди. Табиийки, терговчилар томонидан мулк билан боғлиқ сўроқ баённомалари жиноий ишга тикилмаган. Шундан сўнг Газиз Яушевни немис жосуси сифатида айблашга киришилади.

 

1935 йил 25 май куни сўроқда Газиз ўзининг 1918 йил июн-июль ойларида Германиянинг Берлин шаҳрида бўлгани ва август ойида Киевга қайтиб, қизил армия сафига ўтиши тафсилотини тўлиқ гапириб беради.

 

1935 йил 27 май куни сўроқда германиялик муҳандис Бергард Эпп ҳақидаги саволга Газиз Яушев: “1915 йил амаким Муллагали Яушев Бергард Эппни савдо маслаҳатчиси сифатида ишга олган эди. 1918 йил Москвада Боярский двор меҳмонхонасида Бергард Эппни кўриб биргаликда Германияга бордик”, дейди. 1935 йил 29 май куни сўроқда 1918 йил август-сентябрь ойларида Киевга Бергард Эпп билан қайтиб келгани ва Берлинда вақтида Германия махсус хизматларига жосусликка ёлланганини рад этади.

 

1935 йил 7 июль куни 1934 йил июнь ойи бошида Тошкентга келиб кетгани ҳақидаги саволга, ҳа, Москвадан 2-3 тўп – 500 метрча материал олиб келиб, 2-3 кунда сотиб Москвага қайтиб кетганман, дейди. Бу вақтда Шайхонтоҳурдаги, Мерганча маҳалласи 13-уйда Мурод Файзуллиннинг уйида турганини айтади. Шу унинг сўнгги сўроқ баённомаси бўлди. Афтидан йиллаб қамоқлар ва доимий таъқиб-тазйиқлар оқибатида Газиз Явушев жуда ҳолдан тойган эди. У тергов давомидаги қийноқлар оқибатида ҳалок бўлган... Шундан сўнг иш апил-тапил ёпилиб, Гариф Бурнаев, Зокир Бакиров ва Мустафо Тюменовлар гўёки айблов исботи топилмаган деб озодликка чиқарилади. Бироқ айни пайтда изларидан “Биродарлар” номли янги кузатув иши очиб қўйилади.

 

Мустафо Сайфулмулюков Муллагали Яушевнинг Розия исмли қизига уйланган эди. Унинг амакиси Германияда таҳсил олиб қайтган тиш шифокори Муллагали Яушевнинг бошқа қизи Робияга уйланган Бадри Сайфулмулюков билан боғлаб 1935 йил 2 ноябрь куни 5 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинади. У 1939 йил 19 мартда даҳшатли Волга лагеридан озодликка чиқади. Аммо бу озодлик ҳам жуда муваққат эди...

 

Хуллас, бир замонлар Туркистоннинг шаҳару қишлоқларида ҳам танилган, жадид тараққийпарварларининг тилида алқанган саҳий бойлар Туркистондаги миллий савдо-саноат буржуазиясининг машҳур илҳомчилари бўлган Яушевлар хонадонининг таниқли вакили Газиз Яушевнинг қисмати шу тариқа Тошкент турмаларининг бирида якун топди. Оиланинг тирик қолган бошқа вакиллари ҳам советлар мамлакатида мустару хорликда, ўзларини яшириб ҳаёт кечирдилар. Шуниси аниқки, дунёга инсон эрки, фаровонлик, тенглик ва ҳуқуқ ҳақида жар солган улкан мамлакатда каттаю кичик бирор халқ, илмлию илмсиз, бой ёки камбағал бирор тоифа совет диктатураси зулми, ноҳақ қатағон гирдобидан қутила олмади.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14268
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//