“Сира” “навбат” деганими ёки “зинҳор” маъносини ифодалайдими? – Маъноси ўзгарган сўзлар


Сақлаш
17:30 / 27.11.2024 18 0

Ўзбек ва турк тилларини ўзаро қиёслашда давом этамиз.

 

I. Турк тилида сира сўзи бор. Унинг маъноси навбат дегани. Ўзбек тилидаги сира сўзи эса асло, умуман, зинҳор каби маъноларни ифодалайди.

 

II. Бизда гал, сафар, ўрин сўзлари қисман навбатга синоним ҳисобланади. Аммо улар тўла-тўкис навбат ўрнини босолмайди.

 

“Менинг галим келди” дейиш мумкин, аммо “Банкда гал кўп эди” деб бўлмайди. Сафар ва ўрин сўзларида ҳам аҳвол шу: “Кейинги сафардаги”, “Кейинги ўриндаги” деса бўлади. Бироқ “Сафарим келди”, “Ўрнимни ўтказиб юбордим” деёлмайди.

 

Ўзбек тилида ҳам бир пайтлар навбат ўрнида сира қўлланган. Боз устига у ҳозирги туркчадаги каби айнан ва тўла-тўкис навбат маъносини ифодалай олган.

 

Ўзбекча wikepideyaда ҳам сира сўзининг ҳам равиш (асло, мутлақо, ҳеч) маъноси билан бирга навбат, мунтазамлик, изчиллик маънолари ҳам борлиги айтилади.

 

“Сирасини айтганда”, “бу сира”, “ора-сира” сингари бирикмаларда галма-галлик, кетма-кет келиш маънолари бор. “Сира ундай бўлмайди”, “Сира ғам чекма” каби гапларда ҳаракатнинг кейини маъносида келган.

 

Бора-бора бу сўз ҳеч қачонга маъновий яқинлашиб кетган. “Бир сира кўздан кечириш” навбати билан қараб чиқишни билдирса, “Сира кўздан кечирмаслик”, умуман, қарамасликни англатади. Кўриб турганингиздек, бу сўз ҳам Чиғатой турклари тилида бошқа мазмунга эврилган. Онадўли турклари эса эски маъносини сира ўзгартирмасдан қўллашмоқда.

 

III. Маълумки, ҳозирги туркчада “япмак” феъли бор. Бу бизнинг тилимизга “қилмоқ” маъносида ўгирилади. Бир пайтлар бу калима ўзбек тилида ҳам ишлатилган. Кейинчалик эса усмонийларда сақланиб қолган сўз, чиғатойлар томонидан унутилган.

 

IV. Бизда ҳам ҳозир “ёпмоқ” феъли бор. Лекин бу калом “қилмоқ” мазмунида эмас, балки, устини беркитмоқ, устидан нимадир ташлаб қўймоқ маъносида қўлланади. Бундан ташқари тилимизда “нон ёпмоқ” деган сўз бирикмаси бор. Унинг асл маъноси нон қилмоқ, нон пиширмоқдир. Демакки, бу жумла ҳозир ҳам бизда фаол қўлланади. Нега деганда тандирда нон ёпиш жараёни усти беркитилаётганидан эмас, балки пишаётганидан дарак беради. Турк тилидаги “каҳвалти япмак”, “экмек япмак” каби иборалар ҳам ўзбекчадаги “нон ёпмоқ” билан айни мазмундадир.

 

Туркчада “япмак” феъли “яп” асосига “мак” қўшимчаси қўшилишидан ҳосил бўлган. “Яп”нинг ўзи шунда II шахс буйруқ майлидаги феълни ифодалайди. Энди ўзбек тилидаги “яп” сўзини кўриб чиқамиз: Сиз нотўғри ўқимадингиз. Бизнинг тилимизда ҳам айнан шу сўз бор, аниқроғи аввал бўлган. Ҳозирда ўзидан кейинги қўшимчалар билан яхлитланиб, ўзи ҳам қўшимча мақомига тушган. Улар қуйидагилар:

 

-Яп+ман;

-Яп+сан;

-Яп+ти (яп+ди);

-Яп+миз (яп+биз);

-Яп+сиз;

-Яп+ти+лар (яп+ди+лар).

 

Энди юқоридаги сўзларнинг изоҳига юзлансак. Бу сўзлар таркибидаги -ман, -сан, -ти (-ди), -миз (биз), -сиз, -ти+лар (-ди+лар) шахс-сон қўшимчалари ҳисобланади. Бу сўзларнинг аксарияти бир пайтлар олмош бўлиб, бошқа сўзга бирикиш натижасида аввал қўшма сўз, кейинчалик қўшимчага айланган (тарихий шаклда борғаймен, кўрурсен, этадурлар). Энди бу бошқа мавзу. Биз эса шу ўринда фикримизни қуйидагича хулосалаймиз:

 

Ўтмишда ёпмоқ алоҳида сўз бўлган;

 

Ўғуз лаҳжасида бу сўз япмак шаклида айтилган;

 

Бораман, айтасан сўзларида бир -а товуши орттирилгани ҳолда ёпмоқ (япмоқ)да бундай ўзгариш бўлмаган.

 

Даставвал қилмоқ маъносида ўзи қўшилган феъл билан қўшма феълни (нон ёпмоқ), кейинчалик кўмакчи феълли сўз қўшилмасини (юра япман, кўра япман) ҳосил қилган;

 

Бора-бора етакчи феъл таркибидаги -а равишдош ясовчи қўшимчани ўз таркибига қўшиб олиб, шахс-сон ясовчи қўшимчага айланиб қолган.

 

Анвар ЭШНАЗАРОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10561
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//