
Ўзимизга уй олиб, кўчиб чиққунимизча саккиз жойда ижарада яшабмиз. Лекин нолишга ҳаққим йўқ. Доим ижара уйларда текинга турганмиз. Бири чала қурилган, бири ташлаб кетилган, бошқасига текин қоровул керак бўлган уйлар эди. Гапнинг очиғи, ўша кезлар шароити яхши уйга ижара ҳақини тўлашга қурбимиз етмас эди.
Фақат бир марта пулини тўлаб ижарада турдик. Уйнинг эгаси чоли билан аҳил яшайдиган бир кампир бўлиб, доим одми, ранги униққан кўйлак кийиб юрарди. Пойабзали ҳам урфдан қолган эди. Булар иккови ҳам олий маълумотли, иши, топиш-тутиши тузуккина бўлса ҳам камтар яшаб, камтар кийиниб, енгилгина овқатланарди. Мен эса ўша пайтлар қиммат ресторанларда овқатланишни, бренд кийимлар кийишни орзу қиладиган ва бахтни ана шуларда деб биладиган ёшда эдим. Шунинг учун кампир ва унинг чоли кўзимга хасис, ўзини яхши кўрмайдиган инсонлар бўлиб кўринган. Тўғрироғи, улар турмуш тарзининг моҳиятини англамаганман.
Бугун-чи? Ҳамма “харид қил, кўпроқ истеъмол қил” дея жар солиш билан овора. Рекламалар, блогерлар, ҳатто дўсту ёрлар ҳам гўё бир-бирининг ҳавасини келтириш, ҳасадини уйғотиш учун пойга ўйнаётгандек. Янги гаджетлар, янги урфдаги кийимлар, қиммат ресторанлар... Яна зиёфат ва гаштаклар. Агар ҳаётнинг шу чамбарагида айланмасангиз, замондан ортда қолиб кетасиз гўё.
Ҳа, кўп топиб, кўп сарфлашни орзу қилган пайтларим бўлган. Аммо вақт ўтиб тежамкорлик дегани камбағаллик ёки хасислик эмас, инсон ўзини, ҳаётни, атрофдагиларни тушуниши учун бир имконият эканини англадим. Камхарж бўлиб яшаш ҳаётни енгиллаштирадиган бир неъмат экан аслида. Ҳозир бу фикрни ҳамма бирдай қабул қилавермайди.
Тўқчилик ва йўқчиликни кўрган аёлман. Ҳамма нарса етарли ҳозирги кунимда ҳув ўша юз грамм арзон соримой, хашаки чой олган пайтларимни эслайман. Ўшанда тўкинчилик кунлари келишини энтикиб кутардим. Аммо тўкинлик мен ўйлагандай завқ-шавқ билан бахтли яшашга асос бўла олмас экан. Одамнинг бир бурда қотган нон, бир пиёла муздай сув билан ҳам бахтли бўлиши мумкинлигини тушунишим учун анча вақт керак бўлди. Одам ўзининг моддиятдан устун эканини билгач, ўзини бахтли ҳис қила бошларкан.
Тежамкорлик харажатни камайтиришгина эмас. Бу – онгли танлов. Ҳар бир тийин қаерга кетаётганини билиш, ҳар бир харид ҳақида ўйлаш ва, энг муҳими, ҳақиқий эҳтиёжни орзу-истакдан ажрата билишдир.
Тежамкорлик билан яшаш тарзини танлаган кунимдан ҳаётимдаги ҳар бир “йўқ” бошқа бир “ҳа” билан ўрин алмашди. Масалан, янги кийим ва пойабзалларга йўқ десам, яқинларим, фарзандларим билан саёҳатга ҳа дейман. Қиммат косметикага йўқ десам, эҳтиёжманд одамга совға олишга ҳа дейман.
Яқинда бир дугонамнинг уйига меҳмонга бордим. Ошхонасидаги туппа-тузук қозонларни ташлаб юбормоқчи бўлиб турган экан. “Шошма, – дедим унга, – сенга буларнинг нимаси ёқмаяпти? Ҳали яп-янги-ку. Сен шунчаки рекламаларга алданаяпсан. Дидро фалсафаси ҳақида эшитмаганмисан?”
Кейин унга XVIII асрда яшаган француз файласуфи Дени Дидро эски халатини ташлаб юборганига афсусланиб, битик ёзиб қолдиргани ҳақида гапириб бердим.
Бир куни Дидрога чиройли қизил халат совға қилишади. Янги халат шкафдаги эски буюмларга ярашмайди. Дидро шу халатнинг рангига мослаб уйидаги мебеллар – стол ва диванни, кейин гиламни, ҳатто деворга осилган расмларни алмаштира бошлайди. Қараса, бу ишнинг охири кўринмайдиган. Шунда у ўзига ўзи айтади: “Эски халатимнинг эгаси эдим, янги халатнинг қулига айландим! Эски халатимни ташлаб юборганимдан афсусдаман”.
– Пул ишлатиш учун топилади деб ўйлайсан, – дедим дугонамга. – Тўғри, пулни сарфлаш учун топамиз, аммо сарф меъёрдан ошиб кетса, мақсадларимиздан чалғиймиз. Ҳаётимиздаги ортиқча анъаналардан халос бўлиш бахтни топишга ёрдам беради. Бу минималистча яшаш дейилади.
Минималист турмуш тарзи кераксиз нарсаларни сотиб олмасликни ўргатади. Бирор буюм сотиб олишдан аввал минималист ўзидан сўрайди: бу ҳақиқатан менга керакми? Минималистнинг кўпроқ пулга эга бўлиш имкони бор. У кам сарфлайди, демак, захирада ҳам пули бор, яъни у молиявий стрессдан ҳам холи. Чунки фойдасиз нарсаларни сотиб олишдан қутулган. Ҳатто минималист уйни тозалашга ҳам кам вақт сарфлайди. Тадқиқотларга кўра бир америкалик хонадонини тозалаш учун ойига камида 24 соат вақт ажратиши керак. Агар одам озроқ нарсага эга бўлса, тозалашга ҳам озроқ вақт кетади. Ортган вақтни бошқа муҳим юмушларга сарфлаши мумкин. Данғиллама уйни тўлдириш учун кўп буюм харид қилиш керак. Табиийки, бу хоналарни тозалашга ҳам кўп вақт ва куч кетади. Бу мантиққа зид, яъни ўзимизга ўзимиз ноқулайлик яратамиз. Мутахассислар ортиқча нарсалар юқори қон босими, зиқлик, уйқу ва овқатланишдаги ўзгаришлар, бош оғриғи, чарчоқ, овқат ҳазми муаммоларини келтириб чиқаришини аллақачон аниқлаган.
Минималист бўлиш она заминга ҳам ёрдам беради. Камроқ нарсага эга бўлиш орқали чиқинди ва чиқиндихоналар камайишига ҳисса қўшади.
Ўзингдан сўра: нима муҳим – миқдорми ё сифат?
Гапиравердим, гапиравердим. Дугонам эса жим эшитди. Кейин “ҳа-а-а” деди чўзиб жайдаричасига.
Орадан ойлар ўтиб, яна шу мавзудан гап очилди: “Ўша гапларингдан кейин ўйланиб қолдим, – деди дугонам. – Рекламанинг ортидан эргашиб юрган эканман. Қўлимдаги нарсани қадрлаш ўрнига, янгисини истабман. Энди хариддан олдин “Менга ростдан керакми бу?” деб ўйлаб кўраман”.
Бир пайтлар йўқчиликда топишган дугоналарим атрофимда яна пайдо бўлди. Орадан йигирма йилча вақт ўтибди. Биз бир-биримизни йўқотиб қўйгандик. Ҳамма бола-чақа ташвиши билан овора бўлиб кетган эди. Ҳаммамиз аввал ўқидик, ишладик, йўқчиликни кўрдик, охири тўкинликка эришдик. Бир-бировдан узилиш сабаби моддий тўкинлик ташвиши бўлган очиғи. Вақтлар ўтиб, бугун ҳаммамиз бунақа ҳаёт бизга керак эмаслигини англаб етдик. Худди илгариги йўқчилик даврларидагидек яна бирлашдик. Айтсак, биров ишонмайди, ҳозир ҳеч биримизга тўкин ҳаёт қизиқ эмас.
– Янги кийимга, янги идиш-товоққа қизиқмай қўйдим, – деган эди Комила опа бир суҳбатимизда. – Онам раҳматли ёш ўтиб кетди. Идиш-товоғининг саноғи йўқ эди. Қаерларда қолиб кетди улар, очиғи, билмайман. Дунё йиғишга имкон топган онам соғлиғи учун пул тополмади. Ҳозир даромадим яхши. Ёлғиз бошим билан фарзанд тарбияладим. Бир-икки сўм топсам, бозорга чопмайман, қийналиб қолган бирор одамга ёки оилага ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Сўнгги урфдаги идиш-товоқ, кийим-кечак, қиммат ресторанлар ҳузур бермай қўйган. Аксинча, кимгадир ёрдамим тегса, қувонаман. Қачонлардир катта уй қуриш орзум бўлган. Ўзимча қиммат дўконлардан мебел, замонавий техника, пардалар сотиб олишни режалаштирганман. Энди ўйлаб кўрсам, уй эмас, балки ҳаловат топадиган бир маскан керак экан кишига. Тинчлик ва самимийлик бор жой.
Кўпроқ нарсага эга бўлишга эмас, яхшироқ яшашга ҳаракат қиламан. Яхшироқ дегани моддият билан боғлиқ эмас. Камроқ ташвиш, кўпроқ хотиржамлик. Ойлар ўтди, қарасам, кам нарса билан яшаш осонроқ. Ҳатто қулай.
Ҳа, бу осон эмас. Исрофни чеклаш учун инсон ўз нафси билан дўстлашиши керак экан. Шундай яшашни танладиму, ҳавойи орзу-ҳаваслар устидан ҳам ғалаба қозондим.
Яқинда бир аёлни учратдим. Қўлида эски сумка, аммо юзида хотиржамлик балқиб турибди. Аёл ҳар ой банкка келиб кетади. Демак, омонатга пул қўяди. Бу тоифа одамлар емай-ичмай пул йиғиб, яна кўпайтириш дардида юради. Ахир бу хасислик-ку! Унинг бу ишини оқлаб бўлмайди деб ўйладим.
Аёл чиндан ҳам омонатга пул қўяркан. Аммо ҳақиқий вазият ўйлаганимдай бўлиб чиқмади. У йиғилган пулларини саратон касаллиги билан курашаётган болаларга бераркан.
Бир сафар ўша аёлни учратганимда гапга солдим. Танишиб олдик. Исми Нафиса экан.
– Ҳозир интернетда пул сўраётганлар тиқилиб ётибди, – деди у худди айб иш қилган одамдай хижолат чекиб. – Уларга кўпам ишонавермайман. Касалхонада эса чин беморлар бор. Ҳар сафар уларни кўрсам, пул ҳаётимдаги энг аҳамиятсиз нарсага айланади.
Аёл бой эмас эди. Шунчаки, ҳаётдан кўп нарса талаб қилмайди. Кўзларида қаноат бор. Баъзилар учун эҳсон – сарф, бировлар учун – бахт, ҳузур. Бундай кишилар пулни ўзини хурсанд қилишга эмас, бошқаларни шод этиш учун тежайди. Улар ўзларига кам истаб, ўзгаларга кўп бахт улашади. Сўнгги урфдаги сумкалар эса тез унутилади. Чунки модалар ҳам, нархлар ҳам, дунё ҳам доим ўзгариб туради.
Ижтимоий тармоқларда ўтказилган сўровда бир аёл 400-500 долларга кийинаман, ўзимга пулни сира аямайман деб жавоб ёзибди. Кимдир ҳаётнинг ўткинчи эканини айтиб, кўнгли тусаган нарсага пул сочар. Уларга кийим қанчалик гўзал бўлса, руҳ шунчалик шод, ҳаёт шунчалик гўзал бўлиб кўринар. Бундай қарашларда ҳам жон бордир, аммо оддийгина чит кўйлак кийган, қалби меҳр ва бағрикенгликка тўла Нафиса опа каби инсонлар буни қабул қилолмайди. Уларнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир сўзида беғараз муҳаббат ва фидойилик балқиб туради. Қалбан бой одамлар ҳеч қачон арзон кийимда ўзларини камситилгандек ҳис қилмайди. Уларга қиммат кийим эмас, олийжаноблик муҳим. Улар учун ўзини севиш нафақат ўзини, балки атрофдагиларни ҳам қадрлаш, дардига шерик бўлиш, яхшилик улашишдир. Улар озгина нарса билан ҳам бахтли бўлиш мумкинлигини теран англайди.
Барно СУЛТОНОВА
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 2-сон.
“Эгаликми ё қуллик” мақоласи
Таълим-тарбия
Адабиёт
Жараён
Адабиёт
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ