Ўзбекистондаги ҳар бир тарихий ёдгорлик билан боғлиқ кўплаб афсона, ривоят ва миш-мишлар мавжуд. Булар сирасига Шохи Зинда мажмуасининг вужудга келиши, Бухородаги Минорайи Калоннинг қурилиши, Амир Темур томонидан Занги отада мақбара барпо қилиниши киради. Меъморий ёдгорликларнинг қурилиш тарихи билан боғлиқ гап-сўзлар турли даврларда турлича кўринишда (диний, сиёсий, ижтимоий омиллар таъсирида) пайдо бўлган ва ҳозирга қадар сақланиб қолган.
Ўз афсонасига эга шундай тарихий-меъморий ёдгорликлардан бири ХVIII аср охирида қурилган Эрназар элчи мадрасасидир. Ушбу мадраса ҳозирда йўқ бўлсада, у билан боғлиқ афсоналар ҳали ҳам бор.
Хусусан, мазкур иншоотнинг қурилиши Россия империяси ҳукмдори Екатерина II нинг Эрназар Мақсуд ўғлига мадраса қуриш учун берган маблағлари ҳисобидан амалга оширилганлиги ҳақида маълумотлар учрайди. Ушбу ҳолатни кўплаб тарихчилар, саёҳатчилар ва бошқа тарихга қизиқувчи муаллифлар ўз асарларида Бухоро амирлиги билан Россия империяси ўртасидаги дўстлик муносабатларининг тимсоли сифатида талқин қилиб келган.
Мулла Муҳаммад Эрназарбий Мақсуд ўғли (баъзи манба ва адабиётларда Эрназарбий, Домулло Эрназар элчи, Эрназар Максутов исми билан ҳам қайд этилган) ХVIII асрда Бухорода туғилиб, 1780 йил Кўниёда вафот этган. Ўзбекларнинг қатағон уруғи вакили бўлган Мулла Эрназарбий ёшлигида мадрасада ўқиган ва кейинроқ амир хизматига кирган. Йирик савдогар бўлган Эрназарбий Бухоро амирининг Россияга юборган элчиларига раҳбарлик қилган.
У Россияга савдо ишлари билан 1745 йилдан бошлаб, бир неча маротаба борган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, савдо ишлари баробарида Эрназар Мақсуд ўғли Россия императори ва сарой аёнларининг эътиборини қозонади ҳамда уларнинг Ўрта Осиёга нисбатан ишончини мустаҳкамлайди.
Эрназар элчи дастлаб Елизавета Петровна қабулида бўлади ва унинг илтимосига биноан бир нечта ноёб буюмларни олиб келиш учун Хуросон ва Ҳиндистонга сафар қилади. Вазифани бажариб, император саройига қайтиб келган пайтда Елизавета вафот этган, Россия тахтига Пётр III ўтирганди. Элчи ўз хизмати эвазига Эрон орқали Маккага ўтувчи йўл хавфли бўлганлиги сабабли бухороликларнинг Астрахан орқали Ҳаж зиёратига боришини сўраган. Шунингдек, зиёратчиларнинг ибодат қилишлари учун Астраханда давлат ҳисобидан масжид қуришни илтимос қилган.
Бухорога қайтган Эрназар элчи Бухоро ҳукмдори Дониёлбий оталиқ томонидан яна Россияга юборилган. У Екатерина II саройига икки марта 1774–1776 ва 1779 йилда ташриф буюрган. Иккинчи элчилик миссиясини якунлагач, Россиядан Усмонлилар давлати орқали Маккага ўтказиб юборишни сўрайди ва Арабистондан қайтиб келаётганида Кўниё шаҳрида юқумли касалликдан вафот этади.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Мулла Эрназар шахси Бухоро амирлиги ва Россия империяси ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиш ва кейинги ривожида ўзига хос аҳамиятга эга. Жумладан, ХIХ аср бошларидаги илмий хабарларда Яковлев: «Эрназар барча бухороликлар каби ақлли ва айёр одам, моҳирлик билан бизнинг ҳукуматимизнинг ишончини қозонди», дея элчига таъриф берган.
Эрназар Мақсуд ўғли Бухорода Девонбеги ҳовузи (Лаби ҳовуз) ёнида мадраса қуришга қарор қилади. Мадраса ҳижрий 1209 (милодий 1794-1795) йили қуриб битказилган. Мадраса икки қаватли бўлиб, қуйи қаватда дарсхона ва масжид бўлган. Дастлаб пештоқининг икки ёнига гулдаста ишланган, аммо, кейинчалик, ХХ аср суратларида бу кўринмайди, афтидан улар ХХ аср бошларида қулаб тушган.
Иккинчи қаватда ҳужралар жойлашган. Пештоқ орқали кираверишда миёнсарой, унинг бир тарафида масжид ва иккинчи тарафида дарсхоналар қурилган. Миёнсарой тепасидаги кичик ҳужралар талабалар ва мударрислар учун ётоқхона бўлган. Иншоот оқ мармардан қурилган ва шарқона безаклар билан жилоланган.
Ушбу мадрасада диний илмлардан ташқари тиббиёт, қишлоқ хўжалиги асослари, қурилиш ишлари, дорихона иши, тригонометрия каби фанлар ўқитилган. Вақф маблағлари ҳисобидан шогирдлар бепул таълим олиш баробарида нафақа ҳам олиб турган. Мадраса аввал бир қават бўлганлиги кейинчалик эса, иккинчи қавати қурилгани тўғрисида тахминлар мавжуд.
Эрназар элчи мадрасаси 1950 йиллар сўнгида советлар томонидан бузиб ташланган.
Мазкур мадраса қурилиши молиялаштирилишига оид маълумотлар эътиборни жалб қилади. Хусусан, кўпчилик тадқиқотларда мадрасанинг бунёд қилиниши учун Россия императори Екатерина ИИ хайрия маблағи ажратгани таъкидланади. Шарқшунос ва сайёҳ А. Вамбири, Н.В. Хаников, П. Савелев шулар жумласидан.
В.В. Крестовский «В гостях у эмира Бухарскаго» асарида Эрназар элчи мадрасаси фаолияти, унда ўтиладиган фанлар, талабалар ва ҳужралар сони, жойлашган ўрни ва мударрислар ҳамда талабаларнинг маошлари ҳақида маълумотлар келтиради. Шунингдек, ушбу мадраса мударрисидан унинг асос солиниши тарихига оид икки версиядаги ҳикояни ёзиб қолдиради. Аммо, В.В. Крестовскийнинг ўзи бу ҳикоялар аниқ манбага асосланмагани туфайли унга ишониш қийинлигини эътироф этган.
У ўз фикрини давом этиб, шарқшунос Хаников Н.В. маълумотларида ҳам мадраса император Екатерина II маблағига қурилганлиги таъкидланишига эътибор қаратади ва мазкур масаладаги ўз хулосасини «Бу ҳақда биз аниқ биладиган ҳамма нарса шу» деб, якунлайди. Кейинчалик, В.В. Крестовскийнинг бу маълумотларидан келиб чиққан П.П. Шубинский унинг Эрназар Элчи мадрасасини қурилишида Екатерина II нинг иштирокига шубҳа қилмаганлигини айтади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, П.П. Шубинский Эрназар элчининг элчилик фаолияти бўйича ҳужжатларни ўрганиш натижасида, мазкур элчиликнинг мақсади бошқа масалалар эканлигини таъкидлайди. У мадраса Екатерина ИИ нинг хайрия пулларига қурилганлигини шубҳа остига олади ҳамда кейинги тарихий тадқиқотларда ушбу хато фикрдан четлашиш кераклигини тавсия қилади.
Кўриш мумкинки, П.П. Шубинский ушбу масала юзасидан қарама-қарши фикрлар билдирган. Юқоридаги маълумот ва қарашларнинг ҳеч бири архив ҳужжати ёки воқеанинг бевосита гувоҳи томонидан ёзилган манбаларга асосланмаган. Шу нуқтаи назардан мазкур маълумотларни ишончли дея олмаймиз. Аммо, совет ва мустақиллик даври тадқиқотларида юқоридаги шарқшунос ва сайёҳларнинг фикрларга таянган ҳолда Эрназар элчи мадрасаси қурилишини Екатерина II молиялаштиргани ҳақидаги қараш асоссиз равишда давом эттирилган.
Бироқ Ҳ.З. Зиёев «Ўрта Осиё ва Волга бўйлари (ХVI асрнинг иккинчи ярми – ХIХ асрлар)» асарида Яҳё Ғуломовнинг «Мулла Эрназар Мақсуд ўғли рус давлатининг маблағи билан Бухорода мачит қурган. Бу мачитнинг рус давлати ёрдами билан қурилганлиги Бухоро халқига ҳозирги кунда ҳам маълум» деган маълумотини келтириб ўтади.
Г. Таниева Россия архивларида мадраса қурилишига оид ҳеч қандай ҳужжат топмагани сабабли Екатерина II нинг Эрназар Мақсуд ўғлига катта миқдорда маблағ берилиши сабаби маликанинг элчидан қарздор эканлиги тўғрисидаги фаразни илгари суради. Яъни, Екатерина II’дан олинган маблағ аслида Эрназар Мақсуд ўғлининг ўз сармоялари бўлгани таъкидланади.
Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида мадраса тарихига оид манбалар ўрганилган. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий архивининг I-323 жамғармасида (Вақф ҳужжатлари тўплами) сақланадиган вақф ҳужжатлари тадқиқ этилди. Ушбу жамғарманинг 55-10 йиғма жилдида Эрназар элчи мадрасаси ҳужжатининг Амир Маъсум муҳри билан тасдиқланган кўчирма нусхаси мавжуд. Унда мадраса қурилиши учун ажратилган ер майдони кўрсатилган ҳамда қурилишни амалга оширишдаги харажатлар Эрназар Мақсуд ўғлининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилгани қайд этилган.
Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда мадраса фаолиятини амалга ошириш, мударрисларга маош, талабаларга нафақа тўлаш ва бошқа харажатларни қоплаш учун унга вақфлар ажратилгани айтилган.
Ушбу ҳужжатга асосланиб мадраса қурилишини молиялаштириш масаласидаги турли қараш ва асоссиз фикрларга чек қўйиш мумкин. Зеро, мадраса қурилишига бошқа давлат ҳукмдорининг дахлдорлиги тўғрисидаги гап-сўзлар ва масаланинг давлатлар ўртасидаги элчилик муносабатлари контекстида қўлланилиши бунинг долзарб масала эканлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Эрназар Мақсуд ўғли замонасининг илғор фикрли кишиларидан бири эди. У элчилик фаолиятида маълум ютуқларга эришган. Шунингдек, илм-фанни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида Бухоро шаҳрида мадраса ҳам қурдирган. Бухоро-Россия элчилик муносабатларида дўстлик ва маданий алоқаларга мисол сифатида талқин қилинувчи ушбу мадраса Екатерина II маблағлари ҳисобидан қурилгани тўғрисидаги маълумотлар эса, асоссиз.
Мадраса вақф ҳужжатида кўрсатилганидек, элчининг шахсий ҳисобидан қурилган. Шу сабабдан мазкур масаладаги баҳс-мунозараларда ушбу фактга таяниш мақсадга мувофиқдир.
Суннатилло Ҳамраев
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Санъат
Ватандош
Мафкура
Жараён
Маънавият
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ