Кўп математиклар билан суҳбатлашдим. Ҳар бирининг ўз қиёфаси бор, аммо уларни рақамлар оламига муҳаббат бирлаштириб туради. Бугун ҳам аниқ фан ҳақида эмас, худди адабиёт, санъат ё фалсафа ҳақида суҳбатлашаётгандек ҳис қилдим ўзимни. Суҳбатдошимнинг гап-сўзлари, ўзини тутишини кузатиб, машҳур математик олимдан кўра шоир ё рассомга кўпроқ ўхшашидан ажабланардим. Сездимки, у илм оламида ҳайрат ва муҳаббат билан яшаётган математика ошиқларидан бири экан.
“Илм билан шуғулланиш – ижод қилишдек ўта шахсий жараён. Бир масала устида излана бошласанг, унга шунчалик шўнғиб кетасанки, атрофингда ҳеч кимни ҳис қилмайсан. Математикада шундай гўзал мисоллар бор – уларни фақат кўра билиш, ҳис қилиш ва улар билан яшаш керак”, дейди у.
Суҳбатдошим – АҚШнинг Корнелл университетида докторлик диссертациясини ёқлаган, АҚШнинг Мичиган ва Хитойнинг Сичуан университетларида ишлаган математика фанлари доктори, профессор Фарҳод Эшматов.
У хорижда узоқ йиллар яшаб ва ишлаб келган бўлса-да, ўзбеклигини ва миллий қадриятларини асраб қолган.
Отам – биринчи устозим
Оиламизда ҳамма математик. Отам Ҳасан Эшматов механик-математик, Киевда докторлик диссертациясини ёқлаган.
Уч ўғилмиз: катта акам Бахтиёр ҳам отамнинг изидан бориб, механик-математикликни танлади, Америкада PhD, Ўзбекистонда эса докторлик диссертациясини ёқлади. Укам Олимжон ҳозир АҚШнинг нуфузли Оҳайо университетида профессор.
Бугунги муваффақиятлар учун барчамиз отамдан миннатдормиз. У киши доим “Одамнинг даражаси унинг фарзандлари билан ўлчанади. Илмий унвонлар ва натижалар эмас, қандай фарзанд тарбиялагани муҳим” деб такрорлашни яхши кўрарди.
Энди, ўзим ҳам уч ўғилнинг отаси бўлганимда, бу сўзларнинг ҳақиқий маъносини англаб етаяпман. Фарзанд тарбияси – ўта нозик ва масъулиятли иш. Ҳар бир боланинг табиатига қараб ёндашиш, уни касбга йўналтириш ва ўзбекона қадриятларни сингдириш катта меҳнат талаб қилади. Бу йўлда отам мен учун намуна бўлган. Иши қанча кўп бўлса ҳам, фарзандлари учун доимо вақт топган. Илмий ишлар, дарслар ва ташкилий вазифалардан ортиб, ҳар куни биз билан алоҳида шуғулланарди. Алоҳида-алоҳида суҳбат қуриб, муаммоларимизни аниқларди. Қаттиққўл, айни вақтда меҳрли ва интизомли эди. Бекорга “энг яхши инвестиция – фарзандинг учун қилинган инвестиция” дейилмас экан.
Албатта, ота-она ҳар бир ишда болаларига намуна бўлиши керак. Юриш-туриши, масъулияти, одамгарчилиги, илм-фанга муносабати – ҳаммаси фарзандлар учун улги бўлади. Отам роса кўп китоб ўқиган. Уйимизда каттагина кутубхонамиз бор. Математика билан шуғулланиш ва китоб ўқиш биринчи ўриндаги вазифамиз бўлган. Ёзги таътилга чиқдикми, қўлимиздан китоб тушмасди. Тўғри, отамчалик кўп китоб ўқиганман деб айтолмайман--у, лекин бугунги талабаларим билан солиштирганда мақтансам бўлади. Ўсмирлигимизда бадиий адабиёт доимий ҳамроҳимиз, сирдошимиз, дўстимиз эди.
Энг кўнглимга яқини, дунёқарашимга катта таъсир қилган муаллиф – Лев Толстой. Унинг асарлари бадиий қиймати билангина эмас, чуқур фалсафий қарашлари билан ҳам фитратимга таъсир қилган. Уларда инсоннинг бу дунёдаги ўрни, ҳаётнинг мақсади ва маъноси каби саволлар кўтарилади. У бойлик, шон-шуҳрат ҳақиқий бахт келтирмаслигини таъкидлайди. Толстойда психологик таҳлил кучли, ҳар бир образнинг ички дунёси, энг нозик қирралари маҳорат билан очиб берилганки, ҳайратланмасдан илож йўқ. Масалан, “Уруш ва тинчлик”ни олайлик, шунча кўп ва мукаммал образларни яратишнинг ўзи осон иш эмас. Агар ёзувчи даҳо бўлмаса, тарихий воқеалар ва шахсий драмаларни бу даражада моҳирона уйғунлаштира олмаган бўларди.
Онам ҳам зиёли инсон: биология фанлари номзоди, кўп йиллар кафедра мудири бўлиб ишлаган. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг бир фикрда бўлиши бизнинг бахтимиз бўлган. Ҳақиқий оилавий бахт – ота-онанинг дунёқараши ва қадриятларининг уйғунлигидир.
Энг муҳими – тўғри савол қўя билиш
Математикнинг тафаккур тарзи ҳам ёзувчиники каби чексиз ва эркин бўлиши керак. Толстой “Анна Каренина” ҳақида “Менинг қаҳрамонларим ўз ҳаётини ўзи белгилайди. Асарни бошлаганимда бир фикрда эдим, энди эса улар ўз йўли билан кетмоқда” деган эди. Ҳақиқий математик ҳам масала устида ишлаганда натижани олдиндан билмайди. Йиллаб меҳнат қилади, баъзан натижа чиқмайди, аммо ташлаб қўймайди. Илмий ютуқ – уйқусиз тунлар, оромсиз кунлар эвазига келадиган гўзал ечимдир. Илм шунинг учун ҳам жозибали.
* * *
Фарҳод Эшматов ўз муваффақиятида устозларининг катта ҳиссаси борлигини таъкидлайди. Ўзбекистонда Шавкат Аюпов, Владимир Чилин, Америкада эса Корнелл университети профессори Юрий Берест унинг илм йўлидаги муҳим раҳнамолари бўлган.
Юрий Берест шундай деган экан: “Фарҳод, энг муҳими, ўзингга ёқмаган ишни қилма, сенга мураккаблик туғдираяптими, йиғиштир, бошқа нима иш қилсанг қил, фақат математикани тинч қўй. Иккинчидан, илмий мақола ёзаётганингда тўғри саволлар қўя бил. Айтадиган гапинг бўлмаса, гапирма, ёзма. Илмда энг муҳим нарса – тўғри савол қўя билишдир”. Бу сўзлар унинг илмий фаолиятида асосий қоидага айланган.
Меҳнат ва мақсад бирлашса...
Қобилият муҳим, аммо ундан ҳам муҳимроғи – меҳнат ва мақсад. Талантнинг ўзи етарли эмас; уни мақсадга йўналтириб, интизом билан ишлаш керак. Мен ўзимни фавқулодда талантли деб ҳисобламайман. Мактабда бошқа болалардек олимпиадаларда қатнашмасдим. Аммо меҳнат қилиш, бир йўлдан қайтмаслик, отамнинг тарбияси бугунги натижага олиб келди. Машҳур инглиз математиги Игор Шафаривич шундай деган экан: “Математика ўз одамларини йўқотмайди”.
Агар кимдир математика учун яралган бўлса, бошқа йўлларга қанча бурилмасин, охири яна математикага қайтади. Энг муҳими – севган ишинг билан шуғулланиш. Илмга муҳаббатсиз, фақат илмий рутба ё унвон учун келганларга фан ҳақиқий лаззат бермайди. Худди спортчи машқ қилмаса, формадан чиқиб қолгандек, бир-икки кун илм билан шуғулланмасам ўзимни оғир ҳис қиламан. Ёқтирган ишимни қилаяпман ва бундан завқ олаяпман. “Эрталаб ишга, кечқурун уйига шошаётган одам бахтли” деган ибора бор-ку, демак, мен тўғри йўлдаман.
Хавотирим – инсон миясининг қадрсизланиши
Бугунги дунёни математикасиз тасаввур этиш мумкин эмас. Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида унга дуч келамиз. Айниқса сўнгги йилларда сунъий интеллект (СИ) жадал ривожланиб, турмушимизнинг ажралмас қисмига айланди. Аслида сунъий интеллектнинг тўқсон фоизи айнан математикага асосланган. Оддий алгоритмлардан тортиб, мураккаб нейрон тармоқларигача бўлган СИ технологиялари соғлиқни сақлаш, молия, транспорт, таълим каби соҳаларда аллақачон инқилобий ўзгаришлар ясаётир. Илк сунъий интеллект фақат оддий чизиқли алгебрадан фойдаланган бўлса, бугун у топология, статистика ва бошқа мураккаб соҳаларни қамраб олаётир.
Ҳақиқат шундаки, СИ ва математика узвий боғлиқ. Математика – сунъий интеллектнинг пойдевори ва тилидир. Илм-фан ва технология шундай тез ривожланмоқдаки, илгари 200 йилдан кейин татбиқ этилади деб тахмин қилинган математик кашфиётлар ҳозир 15-20 йил ичида ҳаётга жорий бўла бошлади.
СИнинг асосий афзаллиги – инсонларни оғир ва такрорланувчи меҳнатдан озод қилишидир. Ишлаб чиқариш линияларида роботлаштирилган тизимлар юқори аниқлик билан фаолият юрита бошлаганига анча бўлди. Соғлиқни сақлаш соҳасида эса касалликларни эрта аниқлаш ва индивидуал даволаш усуллари ишлаб чиқилмоқда. “Ақлли шаҳарлар” концепциясида транспорт оқимини оптималлаштириш, энергия сарфини камайтириш каби йўналишларда СИ хизмати катта бўлади.
Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор. Сунъий интеллект фаолияти шахсий маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашни талаб этади, бу эса маълумотларнинг ноқонуний тарқалиши ва киберҳужумлар хавфини пайдо қилади. Шахсий маълумотларнинг ғаразли мақсадларда қўлланиши айниқса кредит бериш, ишга қабул қилиш ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. Яна бир хавотирли жиҳат шундаки, СИ орқали автоматлаштириш айрим касбларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфини оширди.
Машҳур шахслардан бири яқинда шундай деган эди: “Яқин келажакда шифокорлар, муаллимлар ва муҳандисларнинг ўрнини сунъий интеллект эгаллайди”. Шахсан менинг энг катта хавотирим – инсон миясининг қадрсизланиши, табиий ҳис-туйғуларнинг сўниши ва инсонийликнинг йўқолиши. СИ билан ишлаётганда баъзан қаерда менинг фикрим тугаб, қаерда уники бошланганини англамай қоламан.
Бу эса янада огоҳроқ бўлишга ундайди.
Шу сабабли Европадаги баъзи давлатлар СИ фаолиятини чекламоқда, Хитой эса ўз миллий вариантларини яратаяпти. Биз ҳам ўз қадриятларимиз ва мафкурамиз асосида миллий СИ моделини ишлаб чиқишимиз шарт. Бу – технологияларнинг имкониятларидан фойдаланиб, салбий оқибатларнинг олдини олиш учун муҳим қадамдир.
Ватанга қайтиш
1998 йили Ўзбекистон миллий университетини битириб, “Умид” жамғармаси орқали Америкадаги Нью-Йорк давлат университетига магистратурада ўқиш учун кетган эдим. Баҳоларим яхши бўлгани учун университетда қолиб, илмий фаолиятимни давом эттиришни таклиф қилишди.
1998–2012-йилларда АҚШнинг нуфузли университетларида ишладим, Корнелл университетида PhD илмий даражасини олдим. Мичиган университетида дарс бердим. Икки болам ҳам ўша ерда туғилди. Ҳозир тўнғич ўғлим Фозилжон АҚШдаги Georgia Tech университетида космик ракеталар муҳандислиги йўналишида таҳсил олмоқда.
Кейин яқин дўстим Ксиаожун Чэннинг таклифи билан Хитойнинг Сичуан университетига илмий фаолиятимни давом эттириш учун ўтдим. Хитойда етти йил ишладим.
Коронавирус пандемияси пайтида дунё бўйлаб сафарлар тўхтатилди. Биз беш юлдузли меҳмонхонада халқаро конференцияда қатнашган ҳолда карантинда қолдик. Ҳамроҳларим – дунё тан олган математик олимлар орасида Филдс мукофоти совриндори ҳам бор эди. Уч ой мобайнида хонадан деярли чиқмадик. Дастлаб буни дам олиш деб қабул қилган бўлсам-да, вақт ўтиши билан бу узоқ сукут менга ҳаётимни қайтабошдан ўйлаб чиқиш имкониятини берди.
Ўша кунларда ўзимга савол бердим: “Нима учун яшаяпман? Мен учун нима муҳим? Ватанимга қайтиб, яқинларимни кўра оламанми?” Бу фикрлар қалбимда ватанга муҳаббатни қайта уйғотди. Карантиндан сўнг, биринчи имконият пайдо бўлиши билан Ўзбекистонга қайтдим. Албатта, қайтишимда ҳам оилам ва яқинларим учун хавотирландим. Вирус юқтиришдан қўрқиб, аэропортдан тўғри бўш турган уйимизга йўл олдим ва икки ҳафта карантинда бўлдим.
Шундай қилиб, узоқ йиллар чет элда меҳнат қилган бўлсам-да, ватанга қайтиб келдим ва бу қароримдан ҳеч қачон афсусланмадим. Аллоҳнинг марҳамати билан икки йил давомида бетоб отамнинг ёнида бўлиш бахти насиб қилди.
Ҳозир Ўзбекистоннинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Янги Ўзбекистон университетида ишлаяпман ва шогирдлар тарбиялаяпман. Ватанга хизмат қилиш – инсон учун энг катта шараф эканлигини англадим. Чунки инсон ким бўлишидан қатъи назар юраги ўзи туғилган замин билан чамбарчас боғлиқ бўлиб қолаверади.
Шаҳноза РОФИЕВА ёзиб олди
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 2-сон.
“Математика ўз одамларини йўқотмайди” мақоласи
Санъат
Тарих
Мафкура
Жараён
Маънавият
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ