
Саёҳат қилиш – кўпчиликнинг орзуси. Бироқ аксарият ҳолларда бу орзу «катта маблағ керак», «виза олиш қийин», «ҳали бошқа харажатлар бор» каби важлар билан тўхтаб қолади. Айримлар эса, «уйда бир пиёла иссиқ чой ичганга нима етсин?» – деб бу истакларни ё ортга суради ёки умуман режадан чиқаради. Аммо бугунги кунда тўғри режалаштирилган саёҳат билан бир қанча чет давлатларига саёҳат қилиш катта маблағ талаб этмайди. Бунинг учун бирозгина меҳнат, гоогле орқали маълумотларни тўплаш, саёҳатни бошдан оёқ олдиндан режалаштириш талаб этилади холос.
«Саёҳат инсонни фақат янги жойларга олиб бормайди, балки у ўзини янгидан кашф қилишга ҳам ундайди», – деб айтган Нобел мукофоти совриндори Андре Жид. Саёҳат қилиш орқали инсоннинг дунёқараши кенгаяди, турли миллат вакиллари билан танишади, уларнинг маданияти ва яшаш тарзини ўрганади. Буларнинг барчаси инсонга янгидан-янги фикр ва ғоялар беради. Доно халқимиз таъбири билан айтганда бирни кўриб фикр қилади, бирни кўриб эса шукр қилади. Ўзида бор нарсаларга янада шукроналикни ҳис қилади, кўпроқ янгиликларга инитилади ва минимализмнинг нақадар муҳим эканини англайди.
Узоқ жойларга саёҳатга борганда табиийки оғир ва кераксиз юклар инсонни ҳаддан зиёд толиқтиради. Шу сабаб саёҳатлар давомида одам ўзига энг зарур нарсаларни олади ва материалистик хоҳишлар инсонни ўз мақсадларидан чалғитишини, ҳаётдан етарлича лаззат олишда тўсиқ эканини ва керагидан ортиқ ҳар қандай нарса-буюмлар инсонни чарчатишини англаб етади.
50 евро билан Европага саёҳат қилиш мумкинми?
Европа бўйлаб энг тежамкор усул билан саёҳат қилганда, атиги 50 еврога бир давлат, ҳатто икки давлатни кезиш мумкин. Бу – Европа Иттифоқи ҳудудида ягона Сченген визаси амал қилиши, арзон поезд ва автобус тармоқлари, ҳамда «low-cost» авиакомпаниялар (масалан, Ryanair, WizzAir, EasyJet) фаолияти туфайли амалга ошади. Ҳатто кўп ҳолатларда Ўзбекистон ичида саёҳатлардан ҳам арзонроқ тушади.
Венгриянинг Etvos Lorand университетида таҳсил олаётган Барно Дусиярова Венгриядан Австрияга қилган 1 кунлик саёҳати 47 еврога тушганини ўз блогида ёзган. Ушбу миқдор ичига бориш-қайтиш транспорт харажатлари, Австрия жамаот транспортидан фойдаланиш учун 24 соатлик чипта ва Эрон ресторанидаги кечки овқат киради. Албатта, ҳар ким саёҳат давомида қанча сумма ишлатиши унинг шахсий танловига ҳам боғлиқ.
Авиачипталар бир неча юз доллар, яна виза ҳам керак…
Ўзбекистондан Европа давлатларига саёҳат қилиш бир нечта жараёнларни ўз ичига олади: бир неча юз долларлик авиа чипталар ва қийин олинувчи виза…
Агар фақат муаммоларга эътибор қаратилса, ҳеч қачон ечим топилмайди. Осон савол эса қуйидагича: Ўзбекистондан туриб қайси мамлакатларга арзонроқ саёҳат қилиш мумкин ва қандай қилиб саёҳатни шахсий буджет доирасида ташкил қилиш мумкин?
Аслида, Ўзбекистонга яқин бўлган, 30 кунгача визасиз бориш мумкин бўлган давлатларни кўриб чиқиш, билетларни бир неча ой олдиндан сотиб олиш, жамоат транспортидан фойдаланиш, ҳостелларда ёки маҳаллий уйларда тунаб қолиш, ўзи билан ярим озиқ-овқат маҳсулотларини олиш кабилар орқали арзонроқ саёҳат қилиш мумкин.
Қайси давлатларга саёҳат қилиш осонроқ ва виза олиш талаб этилмайди?
Арзон саёҳат учун энг мақбул йўналишлар орасида визасиз ёки виза олиш осон бўлган давлатлар алоҳида ажралиб туради.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон – яқин, визасиз ва ҳаётий харажатлар жиҳатидан саёҳат учун ҳамёнбоп мамлакатлар ҳисобланади.
Грузияда Ўзбекистон фуқаролари 1 йилгача визасиз яшаш ҳуқуқига эга. Бу мамлакат тоғли табиати, маданияти ва меҳмондўст халқи билан саёҳатчиларни ўзига жалб қилади.
Туркияга 30 кунгача визасиз бориш мумкин, Истанбул ва Анқара каби жойлар европача қулайлик ва шарқона руҳият уйғунлигига эга. Россияга эса 60 кунгача визасиз саёҳат қилиш мумкин бўлиб, Москва ва Санкт-Петербург Ўзбекистон фуқаролари учун оммабоп йўналишлардан биридир.
Ҳиндистонга э-виза олиш жуда осон ва бу мамлакатда ҳаёт нисбатан арзон, маданияти эса бой ва ранг-баранг. Шунингдек, Арманистон ва Озарбайжон ҳам тарихий обидалар, табиий гўзалликлар ва бюджетга мос саёҳат имкониятлари билан ажралиб туради. Бирлашган Араб Амирликлари, хусусан Дубай қисқа муддатли саёҳатлар учун машҳур йўналиш бўлиб, 30 кунгача визасиз режим амал қилади. Демак, бу орқали сиз ортиқча югур-югур, виза тўлови ва ҳужжатбозлик стрессини сезмайсиз.
Арзон авиачипталарни қандай топиш мумкин?
Skyscanner.com, Aviasales.uz, Kiwi.com, Trip.com ва Google Flights каби хизматлар турли авиакомпаниялар ҳамда бронь қилиш сайтлари орқали таклиф этилаётган нархларни солиштириш имконини беради ва энг мақбул вариантни топишни осонлаштиради. Энг қулай нархлардаги чипталарни топиш учун саёҳатдан тахминан икки-уч ой олдин излаш тавсия этилади. Вақтида бронь қилинган чипталар, айниқса мавсумдан ташқари даврларда, анча арзон бўлиши мумкин. Агар саёҳат санаси ёки йўналиши бўйича сизда мослашувчанлик бўлса, Skyscanner.com каби платформалардаги «Everywhere» («Ҳамма йўналишлар») функциясидан фойдаланиб, айни вақтда қайси йўналишлар энг арзон эканлигини аниқлаш мумкин.
Яна бир тежамкор усул бу транзитли парвозлар орқали учишдир. Тўғридан-тўғри парвозлар ўрнига, айрим ҳолларда Туркия, Россия ёки Қозоғистон каби давлатлар орқали транзит қилинадиган рейслар анча арзон бўлиши мумкин. Бундай маршрутлар кўпроқ вақт талаб қилсада, нарх нуқтаи назаридан анча ҳамёнбоп бўлиши мумкин ва йўл-йўлакай бошқа шаҳарда қисқа муддат тўхтаб туриш имконини ҳам беради.
Турар-жой танлашда меҳмонхонадан бошқа яна қандай вариантлар бор?
Ўзбекистондан туриб олдиндан хорижий давлатдан меҳмонхона, ҳостел, кунлик турар-жойлар ёки меҳмон уйларини ўзингиз учун исталган санага банд қилиш мумкин. Аммо ҳар доим эҳтиёткорлик, маълумотларни текшириш, шарҳ ва комментарияларни ўқишни унутманг. Бир нечта ишончли ва оммабоп платформалар мавжуд бўлиб, улар орқали нарх, қулайлик, жойлашув ва меҳмонлар фикрларига қараб мос вариантни танлаш мумкин.
Энг машҳур сайтлардан бири — Booking.com бу платформа дунё бўйича миллионлаб меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ва хусусий хоналарни таклиф қилади. Hostelworld.com яна бир шу кани платформа бўлиб, айниқса ҳамёнбоп саёҳат қилишни хоҳловчилар учун қулайдир. Бу сайт асосан ҳостеллар яъни бир хонада бир нечта саёҳатчилар жойлашадиган жойларни таклиф қилади. Ҳостелда яшаш энг арзон вариант ҳисобланади, кўп ҳолларда бир кеча учун нарх 17-20 евродан бошланади. Ҳостеллар нафақат арзон, балки бошқа саёҳатчилар билан мулоқот қилиш, тажриба алмашиш имкониятини ҳам беради. Улар одатда умумий ошхона, кир ювиш жойи каби инфратузилмаларга эга бўлади.
Airbnb.com платформаси орқали сиз уй эгалари томонидан таклиф этилаётган хоналар ёки бутун уйни ижарага олишингиз мумкин. Катта шаҳарлар ёки сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган ҳудудларда меҳмонхоналар билан солиштирганда Аирбнбдаги кичик хоналар ёки меҳмон уйлари анча арзон бўлади. Айниқса узоқ муддатли яшаш учун Аирбнб кўп ҳолларда фойдалироқ, чунки айрим хонадон эгалари ҳафталик ёки ойлик чегирмалар таклиф қилади.
Шу тарзда, турар жой танлашда ҳар бир саёҳатчи ўз эҳтиёжлари ва бюджетига мос вариантни топиши мумкин. Энг асосийси, бронь қилишдан олдин нархларни солиштириш, хизматдн фойдаланган инсонлар фикрларини ўқиш ва хавфсизликни эътиборга олиш муҳимдир.
Саёҳатда қандай қилиб овқатланиш харажатларини тежаш мумкин?
Саёҳат давомида буджетни тўғри бошқаришнинг энг самарали усулларидан бири бу овқатланиш харажатларини онгли тарзда назорат қилишдир. Туристик ҳудудлардаги ресторан ва кафеларда нархлар одатда сунъий равишда оширилади, чунки улар сайёҳлар оқимига йўналтирилган бўлади. Шунинг учун саёҳатчилар учун энг яхши стратегиялардан бири – маҳаллий аҳоли ташриф буюрадиган кичик овқатланиш жойлари, бозорлар ва уй ошхоналарини синаб кўриш.
Маҳаллий бозорларда ёки кичик емакхоналарда таомланиш нафақат арзонроқ, балки кўпинча янада сифатли ва янги маҳсулотлардан тайёрланган таомларни таътиб кўриш имконини яратади. Бу эса саёҳатни янада мазмунли ва эсдақоларли тажрибага айлантиришга ёрдам беради.
Шу билан бирга, бозорларда янги нон, мева-сабзавотлар ва сут маҳсулотлари арзон нархларда таклиф этилади, бу эса соғлом ва тежамкор овқатланишни таъминлайди.
Бундан ташқари, сафарга чиқишда нонуштани ўз ичига оладиган ҳостел ёки меҳмон уйларини танлаш ҳам бюджет учун фойдалидир. Кўплаб турар жойлар бепул ёки турар жой тўлови ичига киритилган нонушта билан хизмат кўрсатади. Агар саёҳатчи ижарага олинган хонадон ёки ошхонали ҳостелда яшаётган бўлса, ўзи овқат тайёрлаш орқали янада кўпроқ тежаш имкониятига эга бўлади
Жамоат транспортидан фойдаланиш ёки пиёда сайр қилиш балки сизга кўпроқ мароқ бағишлар
Саёҳат давомида такси хизматидан кунгига бир неча марталаб фойдаланиш анча қимматга тушиши мумкин, аксинча жамоат транспортлари: метро, трамвай, автобус ёки поездан фойдаланиш сизга кўпроқ реал тажрибаларни беради. Ҳам пул тежайсиз, ҳам кўпроқ саёҳатдан завқ оласиз. Кўплаб Европа ёки Осиё шаҳарлари тарихий марказлари ва асосий диққатга сазовор жойлари бир-бирига яқин жойлашгани учун бу нафақат тежамкор, балки шаҳарнинг атмосферасини яхшироқ ҳис қилишга ҳам ёрдам беради. Пиёда сайр қилиш орқали сиз маҳаллий ҳаётни яқинроқ кузатиш, яширин гўшаларни топиш ва маҳаллий маданият билан бевосита танишиш имконига эга бўласиз.
Агар масофа узоқроқ бўлса, жамоат транспортидан фойдаланиш энг мақбул ечим ҳисобланади. Метро, трамвай, автобус каби транспорт турлари шаҳар ичида ҳаракатланиш учун энг тежамкор вариант бўлиб, кўплаб давлатларда кунлик, ҳафталик ёки ҳатто бир неча кунлик чегирмали йўл чипталари мавжуд.
Вилоятлар ёки мамлакатлар орасида саёҳат қилишда ҳам тежамкор вариантларни танлаш мумкин. Авиапарвозлар қулай бўлиши мумкин, бироқ улар одатда қимматга тушади. Шу боис, йўловчи поездлари ёки автобуслар кўпроқ анча ҳамёнбоп. Поездлар одатда хавфсиз, қулай ва нисбатан арзон бўлиб, айниқса кечаси ҳаракатланувчи поездлар ёрдамида сиз бир вақтнинг ўзида ҳам ҳаракатланиб, ҳам тунаш харажатидан қутуласиз.
Ётоқли автобуслар ҳам худди шундай имконият яратади, улар кўпинча кенгроқ ўриндиқларга эга бўлиб, узоқ масофани қулайлик билан босиб ўтиш имконини беради. Бу нафақат пулни тежайди, балки саёҳат тажрибасини янада бойитади.
Хорижий давлатларга саёҳат қилаётганда фойдали мобил иловаларни билиб қўйиш керак?
Хорижий давлатларга саёҳат қилаётганда фойдали мобил иловалар сизга йўналиш топиш, тил муаммоларини енгиш, харажатларни назорат қилиш ва валюта курсларини аниқлашда катта ёрдам беради. Бундай иловаларнинг аксарияти бепул ва iOS ҳамда Андроид тизимларида ишлайди, кўпчилиги эса интернет тармоғисиз ҳам фойдаланиш имкониятига эга.
Йўналиш топиш учун Google Maps энг машҳур иловалардан бири бўлиб, у нафақат маршрутларни кўрсатади, балки жамоат транспорти, пиёда юриш йўллари ва машина орқали ҳаракатланиш бўйича аниқ кўрсатмалар беради. Саёҳат вақтида интернет доим мавжуд бўлмаслиги мумкин, шунинг учун Maps.me иловаси оффлине хариталари билан жуда фойдали саналади. Ушбу иловада керакли шаҳарнинг харитасини олдиндан юклаб олиб, Wи-Фи бўлмаган ҳудудларда ҳам эркин ҳаракатланиш мумкин.
Чет элда валюта алмашинуви ҳар доим долзарб масала бўлади. Бу борада XE Currency иловаси аниқ ва янгиланадиган курслар орқали сизга керакли конвертацияни амалга оширишга ёрдам беради. Илова оффлине режимда ҳам ишлайди, бу эса саёҳат вақтида интернет чекловларига дуч келганингизда жуда фойдали.
Агар сиз саёҳат қилаётган давлатингизни тилини билмасангиз, бу ҳам ҳозир асло муаммо эмас. Google Транслате ушбу муаммога ечим беради. Иловада оффлайн луғатларни ҳам юклаб олиш мумкин, бу сафарда айниқса қулайлик яратади. Саёҳатга чиқишдан олдин ушбу иловаларни юклаб олиш, керакли маълумотларни олдиндан сақлаб қўйиш тавсия этилади.
Тўғри режалаштирилган ва онгли тарзда ташкил этилган саёҳат эса нафақат молиявий жиҳатдан тежамкор, балки амалий ва маданий тажриба манбайига айланиши мумкин. Шу сабабли, саёҳат қилиш бу ўзига сармоя киритишнинг энг яхши йўлларидан биридир. Машҳур француз ёзувчиси Густаве Флауберт таъкидлаганидек: «саёҳат инсонни камтарликка ўргатади – у сизга дунёда эгаллаган ўрнингиз нақадар кичик эканини кўрсатади.»
Машҳура Раҳмонова
Журналист
Мафкура
Маънавият
Жараён
Ватандош
Жараён
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ