Нега айрим филмлар бизни ўзгартира олади? Кино санъатидаги шоирлар ҳақида


Сақлаш
17:59 / 14.07.2025 12 0

Тасаввур қилинг, дўстингиз билан ресторанда ўтирибсиз. Сиз оддий McDonald's бургерини буюрдингиз, дўстингиз эса машҳур ошпаз томонидан соатлаб тайёрланган, ҳар бир масаллиқ эътибор билан танланган ва йиллар давомида сайқалланиб келган ретцепт асосидаги таомни танлади. Иккаласи ҳам қорнингизни тўйдиради, аммо фарқи шундаки, бургер фақат очлигингизни қондиради, ошпазнинг таоми эса дидингизга таъсир қилиб, эстетик завқ ҳам беради.

 

Бу мисол орқали, ҳаётда икки хил тажриба мавжуд: истеъмол қилинадиган ва ўзгартирадиган, демоқчи эдик. Бири бизни бир лаҳзага қондиради, иккинчиси эса ички оламимизга таъсир қилиб, бизни ўзгартириб юбориши ҳам мумкин. Худди шу фарқ кино оламида-да кузатилади.

 

“Коинот Одиссейи 2001” (2001: A Space Odyssey) фильмидан, режиссёр – Стенли Кубрик.

 

Кубрикнинг фильмини кўрганимдан 2-3 ҳафта ўтиб ҳам, мана бу фикрлар хаёлимдан кетмади: нега “Қасоскорлар” (Avengers) фильмини кўрганимдан бир соат ўтиб деярли ҳамма нарсани унутаман, лекин “Коинот Одиссейи 2001”даги саҳналар ҳафталаб хаёлимдан чиқмайди? Нега айрим фильмлар шунчаки ҳордиқ учун, айримлари эса ҳаётимизда из қолдирадиган тажрибага айланади?

 

Муаллифлик киноси нима? Кинонинг муаллифи ким?

 

Бу савол бизни кино оламининг энг чуқур қатламларидан бирига – auteur кино”нинг, яъни муаллифлик фильмларининг сирли дунёсига етаклайди. Бу дунёни англаш нафақат киносеварлар учун, балки ҳар бир инсон учун зарур бўлиши мумкин. Чунки бундай картиналар шунчаки томоша қилиш ва дам олиш учунгина эмас, балки ҳаётни чуқурроқ тушуниш, ҳис этиш ва ҳар бир кадр ортидаги яширин маъноларни илғаб олиш учун яратилади.

 

“Кўзгу” (Mirror – 1975) фильмидан, режиссёр – Андрей Тарковский.

 

Китоб ўқиётганимизда ёзувчини, суратга қарасак рассомни, мусиқа эшитсак қўшиқчи ёки бастакорни ўйлаймиз. Аммо фильмни кўрганимизда-чи? Фильмни ким “ёзган” дейиш мумкин? Режиссёрми? Сценарист? Продюсер? Ёки актёрлар?

 

Айнан шу ўринда “Auteur” назарияси бизга ёрдам беради ва шуни таъкидлайди: баъзи режиссёрлар борки, улар фильмларни ниҳоятда шахсий услубда яратади ва уларнинг ҳар бир асари аслида муаллифлик асари ҳисобланади. Худди ёзувчи асарларида имзосини қолдиргани каби, бу режиссёрлар ҳам ҳар бир кадрда ўз “қалам изи”ни акс эттиришга интиладилар.

 

Муаллифлик киноси қандай пайдо бўлди?

 

Бу тушунча илк бора 1950-йилларда Францияда пайдо бўлган. Ёш кинотанқидчилар Голливуд фильмларини таҳлил қилар экан, бир нарсани сезиб қолишади: айрим режиссёрларнинг фильмлари, мавзуси турлича бўлса ҳам, бир-бирига ўхшаш жиҳатларга эга. Масалан, Алфред Ҳитчкок фильми дейишса, сиз дарров тушунасиз, бу фильмда қўрқув, руҳий босим ва сирли воқеалар бўлади. Акира Куросава фильми эса самурайлар, табиат, инсоннинг ички ва ташқи курашидан иборат бўлади ёки Стенли Кубрик фильми деганда мукаммал кадрлар, совуқ гўзаллик, инсоннинг қоронғу жиҳатлари ҳақида чуқур таҳлилни кўришимиз мумкин.

 

Федерико Феллинининг “Амаркорд” фильмини суратга олиш жараёнидан, 1973-йил.

 

Бундай режиссёрларни шунчаки кинематографлар эмас, балки экран шоирлари, замонавий файласуфлар, инсон руҳиятининг тадқиқотчилари десак ҳам бўлади. Уларнинг ҳар бир фильми ўз дунёқарашларининг бадиий кўринишидир.

 

Қандай қилиб муаллиф режиссёрни таниш мумкин?

 

“Шахс” (Persona – 1966) фильмидан, режиссёр – Ингмар Бергман.

 

Муаллиф режиссёрни таниб олишнинг энг осон йўли – такрорланувчи мавзулар ва услубга эътибор қаратишдир. Муаллиф ўзини доимо қийнайдиган саволларни янгича шаклларда ифодалашда давом этади. Шу тариқа ҳар бир ҳақиқий муаллиф режиссёр ўз “жавобларини” чуқурроқ ўрганиш учун кино санъатидан фойдаланади.

 

Замонамиз “шоир”ларидан бўлмиш Кристофер Нолан доимо вақт, хотира ва ҳақиқат атрофида айланади. “Мементо”, “Муқаддима”, “Интерстеллар”, “Данкирк” – барчаси турли ҳикоялар, лекин бир хил саволларга эга: Вақт нима? Хотирага ишониш мумкинми? Ҳақиқат нечта қатламдан иборат?

 

Швециялик ижодкор – Ингмар Бергман эса инсон руҳи, Худо ва ишончсизлик ўртасидаги кураш, муҳаббат ва ёлғизлик ҳақида “ёзади”. “Етти муҳр” (Seventh Seal), “Шахс” (Persona) каби фильмлари ўзининг саволлари билан тўла.

 

“Рус классики” – Андрей Тарковский эса вақт, хотира ва орзуларнинг чегаралари ҳақида фикр юритади. “Солярис”, “Столкер”, “Кўзгу”лари орқали у бизни реал ҳаётдан ички дунёмиз сари саёҳатга бошлайди.

 

Уларнинг бу “такрорланувчи” мавзулари ғоясизлик белгиси эмас, аксинча ижодий теранлик аломатидир. Худди Шекспир ҳар бир асарида севги, ҳокимият ва ўлим ҳақида қайта-қайта ёзганидек, ҳар бир ҳақиқий режиссёр ўзини қийнаб келаётган саволларга янги жавоблар топиш илинжида бот-бот қайтаради.

 

Нима учун бундай фильмлар ҳафталаб хаёлингиздан чиқмайди?

 

Биринчи сабаб – шахсий ҳақиқат. Муаллиф режиссёр сизга тайёр жавоблар бермайди, балки ўзининг ички дунёсидан – ўз тажрибаси, саволлари ва қўрқувлари орқали ҳикоя қилади. Кейинчалик айнан шу шахсийлик бизнинг ичимизда акс-садо беради: “Ҳа, бу одам ҳам мен каби қўрққан, ўйлаган ва йўл излаган”.

 

Муқаддима” (Inception – 2010) фильмидан лавҳа, режиссёр – Кристофер Нолан.

 

Иккинчи сабаб – эстетик бойлик. Бундай фильмлар ҳар бир кадрни чизилган суратдек кўрсатади. Кубрик фильмини кўраётганингизда, ҳар бир саҳнада деворга осиб қўйса бўладиган даражадаги кадрларни илғайсиз. Тарковский картиналарида эса ёруғлик ва соя рамзий метафорага айланади. Бугунимизнинг “умидли шоир”ларидан бўлмиш Вез Андерсон оламида ҳар бир ранг, ҳар бир детал ўз ўрнида ва ўз маъносида туради.

 

Учинчи сабаб – фикрлашга мажбурлаш. Оддий Голливуд фильмлари бизга “Қийналманг, биз ҳаммасини тушунтириб берамиз”, дейди. Бироқ муаллифлик фильмлари эса, “Юр, бирга ўйлаймиз, изланамиз”, дея сизни тафаккур майдонига “сизлаб” эмас, “сенлаб” таклиф қилади. Шу тариқа улар сизга ҳар қандай ҳодисага бир эмас, бир нечта томондан қараш мумкинлигини кўрсатади.

 

Тўртинчи сабаб – туйғуларнинг чуқурлашуви. Муаллифлик киноси сизга “Мана, йиғланг!” ёки “Мана, кулинг!” деб буюрмайди. Улар фақатгина кўрсатади, сиз эса ичингизда турли хил – мураккаб ва ноаниқ туйғуларни бошдан кечирасиз. Чунки бундай фильмларда севги ҳам, қўрқув ҳам, бахт ҳам – оддий ёки оқ ва қора эмас. Ҳар бир ҳис минглаб оҳанг, жилва, соя ва рангларда намоён бўлади.

 

Нега бугун муаллифлик киноси янада муҳим?

 

Бугун биз “контент дунёси”да яшаяпмиз. Netflix, HBO, Disney+, Amazon – юзлаб сериаллар, фильмлар, ток-шоулар ҳар куни эътиборимиз учун курашишяпти. Ҳар дақиқа янги нарса чиқади ва алгоритмлар биз учун “ёқадиган” фильмларни тайёрлаб туришади. Ҳаммаси қулай. Ҳаммаси тез. Ҳаммаси осон.

 

“Порлаш” (Shining – 1980) фильмидан лавҳа, режиссёр – Стенли Кубрик.

 

Аммо бу қулайликнинг ўз нархи бор. Биз бир хил йўналишда ўйлашга, ҳис қилишга ва бир хил эстетикани ёқтиришга ўрганиб қоламиз. Фикрлашимиз, завқ олишимиз, ҳатто ҳайратланишимиз ҳам алгоритмга мослашиб қолади ва охири биз шунчаки “контент истеъмолчиси”га айланамиз.

 

Auteur кино эса бутунлай бошқача йўлни таклиф қилади: бизни ноқулай ҳолатларга солади, безовта қилади, саволлар беради. У биздан фақат кўришни эмас, ичкарига қарашни, ўзимиз билан мулоқот қилишни сўрайди. Ва энг муҳими, у бизни “контент истеъмолчиси” эмас, “санъат тажрибасининг иштирокчиси”га айлантиради.

 

Бугунги кунда, ҳамма нарса бир хил қолипда тақдим этилаётган бир пайтда, муаллифлик киноси ҳар бир инсоннинг ўзига хослигини, ҳар қалбнинг бетакрор оҳангини эслатиб туради. Бу кинолар бизга ўзимизнинг ноёблигимизни ва мустақил фикрлаш қобилиятимизни қайтаришга ҳаракат қилади.

 

Муаллиф фильми ва китоб ўқиш ўртасидаги боғлиқлик

 

Яхши китобни бир марта ўқиб бўлмайди дейишади. Масалан, Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар”ини йигирма ёшда ўқиш билан, қирқ ёшда қайта ўқиш бутунлай бошқа тажриба. Ҳар сафар янги маънолар, қатламлар, ҳақиқатлар очилади.

 

“Сталкер” (1979) фильмидан лавҳа, режиссёр – Андрей Тарковский.

 

Муаллифлик фильмлари ҳам худди шундай ишлайди. Тарковский фильмини биринчи марта кўрганингизда, эҳтимол зерикиб қоларсиз: ҳамма нарса секин, ноаниқ ва жуда сокин муҳит. Лекин иккинчи ёки учинчи марта кўрганингизда бошқа нарса пайдо бўлади – ҳар бир кадрда шоирона метафора, ҳар бир ҳаракатда рамзий маъно, ҳар бир сукунатда ҳикмат яширинганини сезасиз.

 

Кубрик фильмига ёшликда ҳайрат билан қарайсиз, унинг визуал кучи сизни маҳлиё қилади. Ёшингиз улғая боргач эса ўша фильм сиз билан теран суҳбатлар қилишни бошлайди. Бергман фильмини ҳиссиётлар кучли бўлган пайтда кўрсангиз юракни ўртайди, қолган одатий даврларда эса мияни оғритади.

 

Бундай фильмлар бизга нафақат матнни, балки тасвирни, ҳаракатни, рангни, мусиқани, ҳатто сукунатни ҳам “ўқишни” ўргатади. Улар бизни эстетик жиҳатдан “саводхон” қилиб, кўриш, ҳис қилиш ва тушуниш қобилиятларимизни ўткирлаштира олади.

 

Муаллифлик фильмларини кўришни қандай бошласам бўлади?

 

Агар сиз муаллифлик фильмлари дунёсига киришни истасангиз, бу саёҳатни аста-секинлик билан бошлаган яхши. Юқорида айтилган яхши китобларимизга ўхшаб, муаллифлик фильмлари бир неча марта “ўқилиш”ни талаба этади. Ҳар сафар янги қатламлар, янги маънолар очилади.

 

“Вертиго” (1958) фильмидан лавҳа, режиссёр – Алфред Ҳитчкок.

 

1-босқич: Машҳур режиссёрларнинг енгил ва тушунарли фильмларидан бошланг. Масалан, Хитчкокнинг “Шимолий-ғарбга қараб” (North by Northwst) ёки “Орқа дераза” (Rear Window) фильмлари – қизиқарли ва тушунарли сюжетга эга ва айни бир пайтда чуқур маъноли.

 

2-босқич: Визуал кучи билан таъсир этувчи фильмларга ўтинг. Мисол учун, Кубрикнинг “Коинот Одиссеяси 2001” (2001: A Space Odyssey) ёки Тарковскийнинг “Солярис” (Solaris) фильмлари сизни кундалик ҳаётдан узоқлаштириб, мутлақо бошқача тафаккур оламига олиб киради.

 

3-босқич: Ҳиссий жиҳатдан оғир бўлган кучли фильмларни томоша қилинг. Бергманнинг “Еттинчи муҳр” (The Seventh Steal) ёки “Шахс” (Persona) каби асарлари сизни ички саволларингиз билан юзлаштиради ва уларга қарши курашиб эмас, аксинча улар билан биргаликда яшашни ўрганасиз.

 

4-босқич: Бирор муаллиф режиссёрнинг бир нечта фильмини кетма-кет томоша қилинг (Мисол учун тепада исми таъкидлаб ўтилган хоҳлаган бир режиссёрни). Ана шунда сиз уларнинг “имзоси”ни, такрорланувчи мавзулари ва саволларини ҳамда эстетик тилини “ўқий” бошлайсиз.

 

Хулоса: Ҳаётнинг ўзи ҳам кино бўлиши мумкин

 

Кириш қисмида таъкидлаганимиздек, бирор нарсани “тановул қилиш”да икки хил тажриба мавжуд: истеъмол қилинадиган ва ўзгартирадиган. Айнан шу нуқтада ўз ҳаётимизга назар ташлаб, ўзимизга савол беришимиз керак: биз шунчаки тайёр “бургер”ларни истеъмол қилувчилар қаторидамизми ёки ҳар бир кунимизни “уста ошпаз” сингари эътибор, меҳр ва ижодкорлик билан яратаётган ижодкорлар сафидамизми?

 

“Саргузашт” (L'Avventura – 1960) фильмидан лавҳа, режиссёр – Мишел Антониони.

 

Муаллифлик киноси бизга шуни ўргатадики, сиз шунчаки воқеаларнинг “кузатувчиси” эмас, балки ўз ҳаётингизнинг “яратувчиси” бўла оласиз. Худди муаллиф режиссёрлар ҳар бир кадрда ўз имзоларини қолдиргани каби, сиз ҳам ҳар бир кун, ҳар бир танлов ва ҳар бир қарорингиз орқали ўз ҳаётингизда “муаллифлик имзойингиз”ни қолдиришингиз мумкин.

 

Эҳтимол, айнан шу – кинонинг бизга бера оладиган энг катта сабоғидир: ҳаёт ҳам кино каби яратилиши мумкин ва биз уни яратувчи, ўзгартирувчи кучга эгамиз. Савол шундаки, биз бу кучдан қандай фойдаланамиз?

 

Самандар ЭРКИНЖОНОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19321
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//