Самарқанднинг ташриф қоғози – Регистон майдонининг ҳозирги кўринишини XVII асрда шаҳар ҳокими Ялангтўшбий Баҳодир (1576–1656) олчин шакллантирган.
Самарқанд шаҳрини қайтадан тиклаган соҳибқирон Темурбек даврида Регистон савдо ва ҳунарманд расталари жойлашган марказ бўлган, мирзо Улуғбек даврида эса илм учоғига айланган. Шу ерда Улуғбек салобатли мадраса, ёнида карвонсарой, қаршисида эса улкан гумбазли суфийларнинг хонақосини бунёд эттирган. XVII асрга келиб Регистоннинг кўҳна иморатлари нурай бошлагач, Самарқанд амири Ялангтўшбий Баҳодирхон уларнинг ўрнига ўзининг маблағи ҳисобидан Улуғбек мадрасаси қаршисида 1619–1938 йиллар “Ялангтўш Баҳодирхон” (“Шердор”) мадрасасини, ёнида – карвонсарой жойлашган ерда эса 1649–1959 йиллар “Ялангтўшбий кичик мадрасаси” (“Тилла Кори”)ни қуради. Шу сабабли бу майдон XIX асрда ҳам “Баҳодир майдони” деб номланган. Натижада бугун бутун дунё сайёҳларини оҳанграбодек ўзига жалб этиб келаётган Амир Темур байроғидаги уч ҳалқа мазмун-моҳиятини акс эттириб турган Регистон дея аталаётган меъморий ансабль майдонга келади.
Ўтмишда элимиз орасида дунёга келган болага одатда икки – ўзбекча ва арабча исм берилган. Жумладан, Мирзо Улуғбек туғилганда расмий “Муҳаммад”, яқин кишилари учун эса ўзбекча “Улуғбек” номи билан аталганини, Муҳаммад Шайбонийхоннинг ҳам икки исми бўлганини мисол келтириш мумкин. Бу ҳолат Ялангтўшбий Баҳодирхон исмларида ҳам акс этган. Гарчанд у ўзбекча исми билан машҳур бўлган бўлса-да, расмий манбаларда унинг Абдулкарим ва Низомуддин номлари ҳам бўлгани келтирилади. Ялангтўш Баҳодирхоннинг уч фарзанди – Иқлимабону ва Ойбиби исмли қизлари ва отасидан 6-7 йил илгари вафот этган Бойбек исмли ўғли бўлган.
Ялангтўш ёшлигидан Бухоро ҳукмдори Динмуҳаммад эътиборида бўлади ва ўша ердаги мадрасада диний, дунёвий ва ҳарбий соҳаларда таҳсил олади. 1593 йилда олчин уруғи бийи этиб тайинланганда у ўн етти ёшда эди. Аста-секин сиёсий давраларга кириб бораётган Ялангтўш Баҳодир 1611-1612 йилларда Вали Муҳаммадхон ва аштархонийлар ҳукмдори Имомқулихон ўртасидаги зиддиятларга аралашиб қолади ва Имомқулихоннинг қўллаши туфайли 1612 йилда дастлаб Самарқанд амири ва кейинроқ оталиқ мақомига эришади.
Ялангтўш Баҳодирхон уч марта (1612–1632, 1633–1642, 1645–1656) Самарқанд ҳокими бўлган. Ўз қўшини ва бойлигига эга бўлиб, Бухоро хонлигининг ҳарбий ҳаракатларида фаол қатнашган ва катта шуҳрат қозонган. 1623 йил ва 1631 йилда Форсда ҳукмронлик қилаётган Сафавий турклари қўшини Балх вилояти устига юриш қилганда Балх ҳокими Надр Муҳаммадхонга ёрдам берган. Надр Муҳаммадхон Имомқулихон ўрнига тахтга ўтиргач, Ялангтўшга Кобул атрофидаги бир қатор қабилаларни берган. Хон томонидан иқто тарзида инъом этилган ерларнинг катта қисми ҳозирги Афғонистон ҳудудида бўлган.
Ялангтўшбийнинг кейинги фаолияти жангу жадаллар ичида кечади. Имомқулихон аскарларига бош бўлиб, Тошкент, Сайрам, Туркистон шаҳрини эгаллайди, Эсимхон, Турсун каби Дашти қипчоқ султонларига қарши кураш олиб боради, Тошкентни турли хил кўчманчилар босқинидан ҳимоя қилади.
XVII асрнинг иккинчи чорагида ҳозирги Қозоғистон ҳудудига Хитойнинг ғарбий ерларидан келган жунғорларнинг босқини кучаяди. Бу босқин Шарқий Туркистонда бошланиб Дашти қипчоқ, Туркистон ерларида жунғорлар билан туркий хонлар авлодлари ўртасидаги ҳокимият учун кураш кўринишида акс этди. Гоҳида ҳудуд талашиб ўзаро урушиб турган туркий хонлар дини, тили, қондошлиги бошқа бўлган ташқи душман – жунғорлар бостириб келганда бирлашар эдилар. Аштархонийлар қўшини ташқи душман келганда Дашти қипчоқдаги қардош хонларга доимо ёрдамга боришган.
Жумладан, Бухоро хонлиги 1640 йили қозоқларга ёрдам учун Ялангтўш Баҳодирхон бошчилигидаги 10 минглик қўшинни жунғорларга қарши урушга юборади ва душманни чекинишга мажбур қилади, бироқ ўз ерларига қайтиб борган қозоқларнинг тинч ҳаёти узоққа бормайди. Самарқанд қўшинининг ортига қайтиб кетганини билган жунғорлар хони Ботур-хунтайжи яна катта қўшин билан қозоқлар устига ёпирилиб келади, Еттисув ерларигача бўлган ҳудуд Жунғорлар ҳукмронлиги остига ўтади.
Бу сафар ҳам Аштархонийларнинг 30 минглик қўшини қардошларга ёрдамга отланади. Чимкент ёнида бўлган тўқнашувда улар ғолиб келиб жунғорларни ҳозирги Алматига қадар улоқтиришади. Уларнинг омон қолган қисми қозоқлар томонидан йўқ қилинади.
1643 йили хунтайжи Эрдона Ботур бошчилигидаги жунғорлар қўшини қайтадан Дашти қипчоқ ерларига бостириб келади. Орбўлоқ дарёси ёнида жунғор қўшини билан қозоқ хони Жаҳонгир султон қўшинлари ўртасида аёвсиз жанг бўлиб ўтади. Бухоро хонлиги бу жангга ҳам бефарқ бўлмайди. Савашнинг авж палласида мукаммал даражада қуролланган Ялангтўш Баҳодирхон бошчилик қилган 20 минглик Самарқанд қўшини қозоқ қардошларга ёрдамга етиб боради, душман лашкарининг ортидан қақшатқич зарба бериб, уруш тақдирини ўз фойдасига ҳал қилади. Бу ғалабанинг қадри жуда улуғ. Дашти қипчоқ, Туркистон ерлари Шарқий Туркистон каби жунғорлар томонидан босиб олинишидан омон қолaди, юрт мустақиллиги сақлаб қолинaди.
Бу жангда жон олиб-жон берган кўплаб аскар аждодларимиз Орбўлоқ дарёси ёнида шаҳид бўлишади. Агар улар Хитой ҳудудидан келган ушбу босқинчиларга юртимиз ичкарисига киришга имкон берилганида, элимиз келажаги, хонликлар ҳудуди масалалари анча аянчли кўринишга эга бўлиши мумкин эди.
Абдулазиз Бухоро хони сифатида тарих саҳнасига кўтарилгач, 1646 йили Ҳиндистондаги бошқа бир аждодимиз Шоҳжаҳон билан Балхда ҳукмронликни ўрнатиш учун кескин зиддият ва кейинчалик уруш келиб чиқади. Шоҳжаҳоннинг кучли қўшинига бас келиш қийин эди. Хўжамқулибек Балхийнинг “Тарихи қипчоқ хони” манбасига кўра, Абдулазизхон барча ўзбек амир ва бекларини улуғ қурултойга йиғиб, қандай қилиб ғалаба қозониш маслаҳатини ўртага солади. Унга кўра Тошкентда ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ беклари бир камарга бириккандек бирлашишга аҳд қилишади ва Ҳиндистон қўшинига қарши курашга отланишади. Гарчи Ялангтўш Баҳодир Абдулазизхон билан зиддиятда бўлса-да, бу юришда унга ҳамрохлик қилади. Шоҳжаҳондан Балх тортиб олингач, Абдулазизхон билан Ялангтўш ўртасида илиқлик юзага келади.
Ота юрт – Турон Шоҳжаҳон ва Ялангтўш Баҳодирхон орасида той-талаш бўлган бир вақтда Бобурий ҳукмдор қилич билан бўлмаса-да, Самарқанд ҳукмдорини ўзига хос тарзда енгмоқчи бўлган. Бу баҳс дунёни ҳайратда қолдирувчи улкан иморат кўринишида амалга ошиши ва довруғ таратиши керак эди.
Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарида келтирилганидек: “Бу Мадраса [Самарқанд Регистонида] Улуғбек мадрасасининг қаршисида, унинг кунчиқар томонидадир. Бу Мадраса вилоятпаноҳ Ялангтўшбий оталиқ томонидан солинган. Ялангтўшбий олчин аймоқиндандир. 1028 [1618-19]да ушбу Мадраса солинди... Қизиқи шундаким, мадрасанинг солиниши тарихи “Ялангтўш Баҳодир” топилибдир”. Яъни, мадрасанинг “Ялангтўш Баҳодир” деб аталиши нафақат унинг ижодкори номини, балки араб ҳарфлари санъати – абжад ҳисобида бинонинг қурилиш йилини – 1619 ни ҳам англатган.
1619 йили қурилиши бошланган “Ялангтўш Баҳодир” (“Шердор”) мадрасаси салобати ва гўзаллиги нуқтаи назаридан атрофга донг тарата бошлади. Шоҳжаҳон – императорлик (1628–1658) номини олган ва жаҳонни санъату шижоати билан эгаллашни режалаштирган Шаҳобиддин Муҳаммад Хуррам Ялангтўш Баҳодирга жавобан дунёда тенгсиз меъморий обида қуришни ният қилади. 1932 йили Тожмаҳални қуришга киришади ва унга 20 йилдан ортиқ вақт сарфлайди. Агра иморатининг овозаси кундан кун кучаяётган вақтда самарқандлик ҳукмдор бунёдкорлик яловини қўлдан бергиси келмайди, биргина “Ялангтўш Баҳодир” (“Шердор”) камдек билинaди. 1646 йили Шоҳжаҳоннинг меъморий жавобига жавоб тарзида навбатдаги, “Ялангтўшбий кичик мадрасаси” (“Тилла Кори”) деб аталган яна бир гўзал меъморий бинонинг қурилишини бошлайди ва шу билан баҳсга якун ясаб, ҳозирги Регистон кўринишига асос солади.
Бу икки ҳукмдор аждодимиз машҳур “Регистон” ва “Тож Маҳал” меъморий обидалари билан инсоният ақлини лол этишди, тарихда улуғ бунёдкорлар сифатида ном қолдиришди. Иморат солиш баҳсида енгилган бўлмади, буни англаш ва унинг қадрига етиш ҳозирга қадар муаммо бўлиб қолди.
Эркин МУСУЛМОНОВ,
Самарқанд чет тиллари институти
Қиёсий адабиётшунослик кафедраси мудири,
филология фанлари доктори
Маънавият
Тил
Санъат
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ