Амирликда миршаббоши, бек ва девонбеги каби лавозимларида ишлаган тарихчи – Мирзо Салимбек тақдири


Сақлаш
16:26 / 26.11.2024 44 0

 

Бухорода манғитлар ҳукмронлиги даври ҳақида қимматли маълумотлар берувчи бир қанча тарихий асарлар мавжуд. Улардан бири ХИХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида яшаб ижод этган аллома, тарихчи, шоир, давлат арбоби ва дипломат Мирзо Салимбекнинг «Тарихи Салимий», яъни «Салимийнинг тарихи» асаридир. Ушбу китоб муаллифи Мирзо Салимбек ибн Муҳаммад Раҳим ўз даврининг йирик маърифатпарвар ва илмли кишиларидан бири бўлиб, мирзолик ва парвоначилик лавозимидан бек ва амир девонида девонбеги мансабигача кўтарилган.

 

Мирзо Салимбек Мирзо Раҳимбек ўғли манғитлар сулоласининг сўнгги ҳукмдорлари амир Музаффархон, амир Абдулаҳадхон ва Амир Олимхон даврида фаолият юритиб, узоқ ва сермазмун, ранг-баранг ҳаёт йўлини босиб ўтган машҳур, серқирра ижод соҳибидир. У ҳақдаги кўпгина маълумотлар муаллифнинг «Тарихи Салимий» асарида баён этилган.

 

Мирзо Салимбек 1849/1850 йиллари Бухоройи шарифда бадавлат ва нуфузли хонадонда таваллуд топган. У ёшлигидан рисоладагидек тарбия-таълим олиб, ўз замонасида давлат амалдорлари билиши лозим бўлган асосий билим, малака ва кўникмаларни эгаллайди.

 

Унинг ёшлик даври ҳақидаги маълумотлар, афсуски, жуда кам. Салимбек «Тарихи Салимий» асарида ўзи ҳақда 1870 йил воқеаларидан бошлаб қисқача маълумотлар бериб ўтади. Ўша даврларда тахминан йигирма ёшларда эди. Зиёли оилада дунёга келганлиги учун у ҳам етарли даражада билим ва кўникмаларга эга бўлиб вояга етади ва амакиси Абдулазизбекнинг (яъни, ўша даврда Абдулазизбек Бухоро амири Музаффархон саройида амалдорлардан бири эди) ёрдами билан Наҳрпой (Нарпай) ва Зиёвуддин вилоятларида бек бўлиб турган Остонақулбийнинг қўлида котиблик, яъни мирзолик вазифаси билан ўз фаолиятини бошлайди.

 

Салимбек 1871 йили Зиёуддин ҳокимига котиб бўлиб ишга киради, лекин олти ойдан кейин Амир Музаффархоннинг фармойиши билан Тошкентга, рус маъмурларининг хатти-ҳаракати, айниқса, Бухоро хусусида тутган сиёсатини кузатиб борувчи масъул шахс сифатида юборилади. У Тошкентга чойфуруш қиёфасида келади ва 1871-1883 йиллар оралиғида Тошкентда бўлиб, орада ҳар йили икки маротаба, баъзан уч маротаба амирнинг махсус топшириқларини бажариб, Бухорога бориб туради».

 

Мирзо Салимбек Мирзо Раҳимбек ўғли 1884-1885 йилларда Туркистон генерал-губернаторлиги ҳузурида Бухоро амирлиги вакили бўлиб хизмат қилади. Кейин эса Мирзо Салимбек Хутфор ва Сомжин туманларига амлокдор этиб тайинланади.

 

Бухорога қайтганидан сўнг у амир саройдаги турли кичик лавозимларда фаолият олиб боради ва аста-секин обрўси ошади. Дастлаб амир Музаффархон даврида дастурхончи, қоровулбеги, парвоначи каби кичик вазифаларни бажаради. Кейинчалик ўзининг қобилияти ва илмий салоҳиятини кўрсатиб, 1885 йилда Бухоро шаҳрининг миршаббошиси этиб тайинланади ва мазкур вазифада беш йил мобайнида хизмат қилади.

 

Мирзо Салимбек амир Абдулаҳадхон ҳукмронлиги даврида ҳам мансаб пиллапояларидан юқорилашда давом этади. Жумладан, Бухорода миршаб ва тўқсабо лавозимларида ишлайди. Сўнгра Яккабоғ, Нурота ва Бойсун бекликларини бошқаради.

 

Мирзо Салимбекнинг уддабуронлиги сабаб амир уни қаерда вазият мураккаб ва оғир бўлса, ўша ҳудудга жўнатган. Шу тариқа, у 1905 йили Шеробод вилояти ҳокимлигига тайинланади ва бекликни беш йил бошқаради.

 

Ўша даврда Шеробод вилояти (бунда ҳозирги Шеробод тумани ҳудудини сифатида тушунмаслик керак) Бухоро амирлигининг чегараларида жойлашганди. Беклик музофотлари Россия подшолиги ва инглиз қироллигининг сиёсий чегаралари ҳисобланарди.

 

Шаҳрисабз кенагаслари манғит амирларига саркашлик қилиб, доимо ҳукмдорларининг диққат марказида бўлган. Уларнинг исёнлари сабаб амирлар Шаҳрисабзда салмоқли қўшин сақлашга мажбур эди. Маҳаллий кенагасларнинг амир ҳокимиятидан норозиликлари авжига чиққан бир даврда Мирзо Салимбек Шаҳрисабз ҳокимлигига тайинланади ва вазиятни бирмунча юмшатиб, тинчликни сақлашга эришади.

 

Тарихий Салимий асаридан маълумки, Мирзо Салимбек ҳарбий соҳа мутахассиси бўлмаган, мунтазам қўшинда хизмат қилмаган. Лекин ҳокимликлар тасарруфидаги навкарларни, аниқроғи, кичик қўшинларни бошқарган. Шунга қарамай, 1918 йил Бухорога Колесов ҳужуми чоғида Мирзо Салимбек амирлик қўшинларига қўмондонлик қилган.

 

Большевикларнинг илғор қисми Бухородаги давлат тўнтариши арафасида сиёсий фаолиятларини Чоржўй вилоятидан туриб бошқараётган эдилар. Ушбу вазиятга чек қўйиш мақсадида Мирзо Салимбек 1920 йилнинг март ойида энди Чоржўй вилояти ҳокимлигига тайинланади.

 

1920 йилда Бухоро амирлиги тугатилгандан кейин Мирзо Салимбек амирликнинг бошқа амалдорлари билан большевиклар томонидан қўлга олиниб, Россияга сургун қилинади.

 

Салимбек ва бошқа қўлга олинган йигирмага яқин Чоржўй вилояти амалдорлари Бухорога олиб келинади ва амирликнинг бошқа мансабдорлари билан биргаликда Тошкентга жўнатилади. У ердан улар поезд билан Россияга кетади.

 

Мирзо Салимбекнинг ўғлининг хотираларида ёзилишича, Бухоро амирлиги амалдорлари сургуни айни қиш фаслига тўғри келган ва улар қаҳратон қишни йўлда ўтказган. Озиқ-овқат таъминоти етарли даражада бўлмаган. Асирларни олиб бораётган поезд ҳаттоки бир неча ҳафта йўлда тўхтаб ҳам қолади. Тез орада егулик захираси тугайди.

 

Мирзо Салимбек ва Мирзо Абдусалом яқин атрофдаги шаҳарча маъмуриятига ёрдам сўраб, мурожаат қилади. Гарнизон вакиллари маҳбусларнинг вазияти устидан тафтиш ўтказади ҳамда уларни зарур озиқ-овқат билан таъминлаб, Тошкентга қайтариб юборади. Бухоро амалдорлари Тошкентга қайтиб келгандан кейин яна Бухорога жўнатилади ва Циторайи Моҳи Хосадаги зиндонга ташланади. Лекин уларнинг қайтиб келганлиги ҳақидаги хабар оилаларига 1921 йилнинг баҳоригача етказилмайди.

 

Мирзо Салимбек вафотига қадар яна қайтадан сўроқ қилинади. СССР ҳукуматининг махсус фармонга биноан, юзга яқин амирлик амалдорлари қамоққа олиниб, тағин Тошкентга жўнатилади ва уларнинг ҳар бири ўзларининг «айбларига» қараб кесилади. Мирзо Салимбек эса мана шу жазодан қутулиб қолади. Чунки, бу пайтда Мирзо Салимбек етмиш тўрт ёшга чиққан, анча қариб қолганди. Салимбек сингари кексайиб қолган собиқ амирлик амалдорлари озодликка чиқарилади ва ўз юртларига қайтарилади.

 

Мирзо Салимбекнинг ўғли хотираларида эслашича, Абдурауф Фитрат бошчилигидаги жадидлар Мирзонинг озодликка чиқишига катта ҳисса қўшган. Мирзо Салимбек амирлик тугатилгандан кейинги идоравий фаолиятини Абдурауф Фитрат бошчилигидаги «Анжумани тарих» жамиятида бошлаган. Салимбек кейинчалик солиқ ва молия идораларида ҳам фаолият юритади. У ўзи ҳаётлиги чоғидаёқ Бухоро шаҳридаги Ҳазрати Имом қабристонида ўзининг оиласи учун махсус дахма ва хилхона қурдирган эди. 1930 йилда, Мирзо Салимбек вафот этади ва уни оила аъзоларининг ёнига дафн қилишади.

 

Мирзо Салимбек ўз маблағи ҳисобидан бир қатор бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини амалга оширганди. Жумладан, Нурота вилоятидаги шайх Абулҳасан Нурийнинг мақбарасини тиклайди. Шеробод вилоятига ҳоким бўлиб турган пайтда имом ат-Термизийнинг қабри ёнидаги масжидга махсус айвонлар қурдиради. Мирзо Салимбек 1880 йилларда Бухоро шаҳрининг миршаббошиси сифатида фаолият олиб борган чоғларида ўзининг шахсий даромадлари ҳисобидан ўн уч ҳужрали мадраса барпо эттиради. Мазкур мадраса бугунги кунгача сақланиб қолган.

 

Мирзо Салимбек «Кашкули Салимий», «Жомеъ ул-гулзор», «Ҳикояти Абдуллоҳ ибн Муборак», «Тарихий Салимий» каби йирик тарихий асарлар муаллифидир. Уларнинг энг йириги «Тарихи Салимий» ҳисобланади. Бу асар 1920 йиллар атрофида ёзилган.

 

«Ўзбекистон тарихи» телеканалининг

«Жавоҳир» туркуми

«Тарихи Салимий» кўрсатуви

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10546
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//