Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек катта марра, улкан мақсад сари дадил қадам ташланмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда илгари сурилган ҳар бир ташаббус, ҳар бир амалга оширилаётган ислоҳотлар барчамизни шу улкан орзу томон етакламоқда. Бу орада катта ўзгаришлар, оламшумул ишлар амалга оширилди. Дунё ватанимизни янгидан кашф қилди, таниди. Халқимиз онгу шуури, сиёсий тафаккури тубдан ўзгарди.
Айниқса, уч кун давомида бўлиб ўтган муҳим сиёсий воқеликлар, унда кўтарилган масалалар, олдинга қўйилган режалар том маънода ватанимиз тараққиётини янги, ҳал қилувчи босқичга кўтарадиган, улкан марралар сари қадам қўядиган истиқболли жараёнлар дебочаси бўлди.
Буюклар армони
Қай бир алломаю мутафаккирларимиз асарини ўқимайлик, ҳар бирида катта бир армон, улкан бир орзуни кўрамиз. Бу халқ дардини эшитадиган давлат, маърифати юксак, ахлоқи баланд жамият орзусидир.
Буюк даҳо, ҳазрат Навоий “Дардим оғирроқ тоғдин, хошокдин жисмим енгил”, дея ёзганда бу оғир дард халқ дарди, раият эҳтиёжи эканини аён қилган. Алломанинг биргина “Муншаот” асарини том маънода давлат бошқаруви соҳасида ўз даврининг адолатли қонуни сифатида кўриш мумкин. Унда “Давлатнинг барча бўғинидаги мансабдор ва амалдорлар, раият ишлари билан шуғулланадиган, қўлида имзо ва муҳр тутадиган барча масъуллар мурожаат этувчиларнинг ишлари эртанги кунга қолдирилишига йўл қўймасликлари керак, таъма мақсадида пайсалга солувчилар муқаррар жазоланиши лозим”лиги айтилади. Шу орқали мутафаккир ўз орзусидаги давлат бошқарувига кўзгу тутади аслида. Бугун бу орзу “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган аниқ, қатъий тамойилда акс этмоқда.
Ёки Фoробий илгари сурган ахлоқ фалсафасини олайлик. Мутафаккирнинг ахлоқ ва унинг асосида ёш авлодга тарбия бериш ғоялари ҳозирги кунда ҳам энг долзарб масаладир. Форобий юксак ахлоқий фазилатларга риоя қилган ҳолда ривожланаётган ҳар қандай давлат ўз фуқароларини, шак-шубҳасиз, бахт-саодат йўлига олиб чиқувчи кучга эга бўлишини таъкидлайди. Аллома инсон билим ва намунали ахлоқ эгаси бўлгандагина яхши одат ва ҳаракатларни ўзида мужассамлаштира олишини айтади.
Бугун давлатимиз раҳбари ҳар чиқишларида кучли илм ва ахлоқ бир бўлсагина юксак натижаларга эришиш мумкинлигини бот-бот таъкидлаётгани замирида ҳам аслида тараққиёт, бахт-саодат йўлидаги муҳим қоида сифатида қараш лозимлиги туради.
“Халқ уйи”да халқ овози
Ибн Халдун “Давлат – халқ маънавий иродасининг ички динамик қувватини акс эттиради”, дейди. Айниқса, бу акс этиш “Халқ уйи”да равшанроқ кўриниши, халқ эҳтиёжи, дарди, овози шу уй орқали баландроқ янграши шарт.
Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида ҳам бунга қайта-қайта урғу берилди, депутат деган шарафли номга сазовор бўлганларнинг улкан масъулияти эслатилди.
Зеро, бу сайлов янги аралаш сайлов тизими асосида ўтказилгани билан ҳам тарихий воқелик бўлди. Парламентнинг ҳуқуқ ва ваколатлари ортди, янги халқ вакиллиги тизими сифатида масъулияти оширилди. Фаолият қоғоздан натижадорлик, ваколатдан самарали фаолият томон йўналтирилиши лозимлиги таъкидланди.
Италян мутафаккири Никколо Макиавелли энг ишончли, энг мустаҳкам қўрғон халқ муҳаббати эканини таъкидлаган. Бу муҳаббат ишонч кўринишида кўз олдимизда гавдаланмоқда. Айниқса, сайловлар халқнинг ислоҳотларга, давлатга ишончини кўрсатувчи кўзгу ҳам. Бу йилги сайловларда 15 миллиондан зиёд аҳолимиз, жами сайловчиларнинг қарийб 75 фоизи фаол иштирок этгани бунинг далилидир.
Бугун глобаллашув жараёни, геосиёсий вазиятлар таранглашуви, дунё хатар ва таҳликага тўла экани айтилмоқда. Албатта, булар шунчаки гаплар эмас, ҳар куни кўз олдимизда гавдаланаётган воқеликларга айланиб бормоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 2 миллиардга яқин одам тўқнашувлар ва зўравонлик бўлаётган, беқарорлик ҳукм сураётган минтақаларда яшайди. Ачинарлиси, уларнинг учдан бир қисмидан зиёди 15–24 ёшлилардир. БМТ Бош котиби ҳам дунёда ҳар тўртинчи ўсмир зўравонлик ва қуролли низолардан жабр кўраётганини маълум қилди.
Шундай бир вазиятда мамлакатимизда ёшлар салоҳиятини юзага чиқариш, ўсиб келаётган ёш авлодга имкониятлар яратиш йўлида тинмай янгиланишлар амалга оширилмоқда. Қонунчилик палатаси таркиби қарийб 60 фоизга янгиланган бўлса, депутатларимизнинг 11 нафари, яъни 7,5 фоизи 35 ёшгача экани, илк бор ёшлар парламентининг 2 нафар вакили Қонунчилик палатаси депутати этиб сайлангани фикримизга далил бўла олади.
Яна бир жиҳат, маърифатли аёл – маърифатли авлод, маънавиятли жамият бунёд этишга ҳисса қўшади. Буни тарих сабоқлари, алломаларимиз ҳикматлари орқали ҳам кўп ва хўп ўқиганмиз. Айниқса, депутатларнинг 38 фоизини ёки 57 нафарини аёллар ташкил этгани – минтақадаги энг юқори кўрсаткич бўлиб қолаётгани айтилди.
Йиғилишда парламентнинг аввалги фаолияти таҳлил, камчиликлари сарҳисоб қилиниб, ютуқлари эътироф этилди.
Айниқса, Парламент тадқиқотлари институтини Қонунчилик палатасига ўтказилгани депутатлар институт билан фаол ишлаб, муаммоларга илмий-амалий ечим топиши, бу борадаги таклифларини қонунчилик ташаббуси даражасига олиб чиқишга имкон бериши муҳим қадам бўлди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2030 йилгача яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича умумий қиймати 1 миллиард 300 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури қабул қилиниб, 2025 йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича катта марралар олингани айтилди. Бу мақсадларга 46,5 триллион сўм йўналтирилиб, 100 минг гектар ер деҳқончилик ва боғдорчилик ташкил этиш учун 200 минг камбағал оилага ижарага берилиши маълум қилинди.
Бу каби катта марра, улкан мақсадлар кўп. Бундай жараёнларнинг эса таъсирчан парламент назоратисиз амалга ошиши қийин, албатта. Шу сабабли депутатларимиз ушбу йўналишларда мутасадди идоралар олдига аниқ топшириқлар қўйиб, уларнинг ижросини назоратга олиши кўп масалаларнинг ҳал этилишига, ислоҳотларнинг тизимли амалга ошишига замин бўлади.
Таъкидлаш жоизки, қуйи палатадаги 12 та қўмита ўрнида 10 та янгиланган қўмита ташкил этилди. Қўмиталар фаолиятида фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқотни кучайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эгалиги айтилди. Ҳар бир қўмита қошида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилиши самарали ечим сифатида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари “Депутат – бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсондир”, дея таърифлади.
Дарҳақиқат, халқимизда “Олим бўлма, одам бўл”, деган пурмаъно гап бор. Сўнгги вақтларда орамизда мизантропиялар гуруҳи пайдо бўла бошлади. Яъни, кўриниши башанг, қўш-қўш дипломию мақтаниб тугатолмайдиган ютуқлари бор. Лекин ахлоқий меъёр ва қадриятларни тан олмайди, уни кераксиз сарқит, деб қарайди. Аслида ҳар нарсадан инсон деган ном, ахлоқ, ватанпарварлик устунлиги – бу айниқса, халқ вакиллари учун энг муҳим таъриф, назаримизда.
Миқдор ва сифат ўзгариши
Фалсафада миқдор ўзгаришларининг сифат ўзгаришларига айланиши қонуни мавжуд. Диалектиканинг бу қонуни ҳаракат ва ривожланишнинг қай тарзда юз беришини тушунтиришга хизмат қилади. Бу қонунга кўра, кўзга ташланмайдиган, аста-секин юз берадиган миқдор ўзгаришлари (миқдорларнинг ортиши ёки камайиши) муайян вақт ўтгач, жиддий ва катта сифат ўзгаришларига, эски сифатдан янги сифатга ўтилишига олиб келади. Бу қонун табиат, жамият ва тафаккур ривожи билан боғлиқ барча жараёнларда амал қилади.
Президентимиз иштирок этган навбатдаги муҳим учрашув Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи ялпи мажлиси бўлди.
Унда миқдордан сифат ўзгариши томон амалга оширилган ишлар, муҳим ислоҳотлар айтилди. Сенатни ихчам, халқчил ва ҳудудлар манфаатини ифода этадиган идорага айлантириш мақсадида сенаторлар сони 100 нафардан 65 нафарга қисқариб, Президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони эса 16 тадан 9 тага камайтирилди. Лекин сенаторларнинг ваколатлари ва масъулиятлари оширилди.
Йиғилиш давомида юқори палатанинг аввалги таркиби фаолияти таҳлил қилинди, эришилган ютуқлар айтилди, улар мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшгани таъкидланди. Охирги беш йилда юқори палата томонидан 106 марта ҳисоботлар эшитилган, ижро органларига 1 минг 300 та сўров киритилган. Парламентнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам сезиларли даражада ошган. Ўтган даврда хорижий давлатлар билан парламентлараро дўстлик гуруҳлари сони 26 тадан 73 тага етган.
Йиғилишда яна бир бор бугун дунёдаги вазият тинчлик ва бирликда ҳаракатланиш аҳамиятини янада ошираётганига урғу берилди.
Давлатимиз раҳбари таъкидладики:
– Мана шундай ғоят таҳликали вазиятда биз фақат кучли ирода, бирлик ва ҳамжиҳатлик, қаттиқ меҳнат билангина юртимизда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга эриша оламиз. Ҳурматли сенаторларимиз, маҳаллий кенгашларга сайланган депутатларимиз ана шу ўткир ҳақиқатни, ўз зиммаларидаги улкан масъулиятни чуқур англаб иш олиб борадилар, деб ишонаман.
Бугун Президент томонидан тез-тез илгари сурилаётган бирлашиш фалсафаси бутун дунё учун ҳам зарур эҳтиёжга айланиб бормоқда. Жалолиддин Румий ҳазратлари “Мен етмиш уч мазҳаб ила бирдурман” деган сўзларида инсониятнинг бирлиги, якдиллиги ҳаёт қонуни эканига ишора қилинади. Бугун дунёнинг турли бурчакларида яшашига қарамай инсонлар тақдири бир-бирига боғлиқ, тинчлиги ҳамкорликка, бу олам, бу табиатдан оқилона фойдаланишда бирлашишга зарурат борлигини кўрсатиб турибди. Бугун ўз ишига танқидий баҳо бериш, ривожланишга ҳаракат, ҳамкорликда ишлаш кўплаб долзарб масалаларга ечим бўлиши аён.
Шу муносабат билан, Президент Сенат олдида турган долзарб вазифаларга тўхталиб ўтди. Булар орасида қонунларни муҳокама қилишда янгича механизмларни жорий этиш, маҳаллий кенгашлар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш, хусусан, 2025 йилдан бошлаб туман ва шаҳар Кенгашларига ҳам ҳокимлар раислик қилмаслиги айтилди.
Ушбу чора-тадбирлар мамлакатимизда давлат бошқарувини қуйи бўғинга тушириш, уларни аҳолига яқинлаштириш жараёнлари ортга қайтмас тус олганидан далолат бераётгани таъкидланди.
Янгиланган Конституциямизда Сенатга маҳаллий кенгашларнинг қарорлари қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш бўйича катта масъулият юклатилган. Давлат раҳбари Сенат бу борада очиқлик ва шаффофликни, қонунийликни таъминлаш бўйича самарали тизим яратиши кераклигини айтди.
Айниқса, камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги дастур ва режаларни тўлиқ рўёбга чиқаришда сенаторларнинг иштироки жуда муҳимлигига урғу берилди.
Қонун қудрати ижро билан
“Сиёсатнома” асарида “...фармоннинг ҳурмати ва куч-қудрати шундай бўлиши керакки, ижро этилмагунча уни ҳеч ким қўлидан қўйиши керак эмас”, дейилади. Дарҳақиқат, ижро кучи ислоҳотларнинг туб моҳиятини кўрсатади, халқнинг давлатга нисбатан ишончини мустаҳкамлайди.
Президентимиз иштирокидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисида бу борадаги вазифалар, истиқболдаги режалар айтилди.
Давлатимиз раҳбари, аввало, ўтган беш йилдаги дастурлар ижросига тўхталиб ўтди. Бу даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсиб, 100 миллиард долларлик тарихий маррадан ошди. Аҳоли жон бошига даромад 3 минг долларга етиши кутилмоқда.
Экспорт қарийб 2 баробар ўсиб, илк бор 25 миллиард доллардан, олтин-валюта захиралари эса 40 миллиард доллардан ошди. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 6 карра кўпайиб, бунинг ҳисобига 1,5 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилди.
Сўнгги уч йилда умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган 9 та йирик қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди. Муқобил энергия улуши ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўпайди.
Мактабгача таълимда қамров 74 фоиздан, олий таълимда эса 39 фоиздан ошди. Барча ҳудудларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари очилиб, ташкилот ходимлари томонидан бевосита маҳаллаларда аҳолига 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган эди. Барча имкониятлар ишга солингани туфайли бу кўрсаткич жорий йилнинг ўзида 110 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Шундай суръат жадал давом эттирилса, 2030 йилга бориб, мамлакатимиз иқтисодиёти ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш салоҳияти борлиги таъкидланди. Бу аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини кескин яхшилашга асос бўлади.
Хусусан, аҳоли жон бошига даромадларни 5 минг доллардан ошириш, камбағаллик даражасини 5 фоизга тушириб, эҳтиёжманд аҳоли учун мустаҳкам ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш, тиббиётга ажратилаётган маблағларни 2 баробар кўпайтириб, тиббий суғурта тизимига ўтиш ва кафолатланган тиббий хизматлар билан тўлиқ қамровни таъминлаш, йилига 150 минг квартирали янги замонавий уй-жойларни барпо этиш имконияти яратилади.
Президентимиз бу мақсадларга эришиш учун ҳукумат билан парламент ҳамкорлиги муҳим эканини таъкидлади.
Парламент назорати – бу аввало “халқ назорати, халқ сўрови” экани таъкидланди. Бу борада барча раҳбарлар масъулият ва жавобгарликни тўлиқ ҳис этиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Муҳими барча кўзланган марраларга етилмоқда. Фақат мамлакат етакчиси айтганидек: “Бугун фақат мана шундай илғор ёшларга, мана шундай жонкуяр зиёлиларга, Ватан равнақи йўлида бирлашган халққа эга бўлган давлатгина ўз миллий манфаатларини таъминлашга эриша олади”.
Йиғилишда, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури ҳам тақдим этилди.
Юқорида келтирганимиз, бирлашиш ғояси бугун, айниқса, табиат ва инсон муносабатлари, умумий яшаш маконимиз доирасида заруратга айланиб бормоқда.
Бунга жавобан мамлакатимизда уч йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланган эди. Қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга киришилди. Пойтахтимизда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори бўлди. Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиётимиз драйверларидан бирига айланмоқда.
Бу ҳаракатлар, бу ғоя ва ташаббуслар ортга қайтмаслигига ишора сифатида Президентимиз 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф қилди.
Маънавият ва иқтисодиёт ўқ томирларимиз
Ўтказилган мазкур йиғилишлар янги Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичи, улкан марралар томон дадил қадам ташлаётганини кўрсатди. Мақоламиз бошида буюкларимиз орзу қилган давлат ҳақида гаплашган эдик. Бу давлат нафақат, қонунлари, халққа хизмат қилиши, уларнинг ҳолидан хабардор бўлиши, уларнинг овозига, сиймосига айланиши, шу билан бирга, маънавияти юксак, ахлоқи баланд, қадриятлар қадрланган юрт ҳамдир.
Бугун бу орзу давлат раҳбари томонидан амалга оширилмоқда. Таъкидланганидек: “Бизнинг иккита ўқ томиримиз, иккита таянч устунимиз бор: бири – иқтисодиёт, бири – маънавиятдир. Маънавий буюк халқ – иқтисодий томондан ҳам буюк бўлади”.
Ал-Хоразмийнинг ажойиб тенгламаси бор. Унга кўра:
Агар инсон яхши хулқ соҳиби бўлса, у 1 га тенг.
Агар инсон ҳусн соҳиби бўлса, бирнинг ёнига нолни қўш = 10 бўлади.
Агар инсон бой бўлса, яна бир нолни қўш = 100 бўлади.
Агар насл-насабли бўлса, яна бир нолни қўш = 1000 бўлади.
Агар 1 рақами, яъни хулқ йўқ бўлиб кетса, инсоннинг қиймати йўққа чиқиб, нолларнинг ўзи қолади = 000.
Кўзланган катта марраларга маънавий буюк халқ иқтисодий қудрат билан етиб боради.
Отабек ҲАСАНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари
Тил
Тарих
Санъат
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ