Бултурги белқарс, боди бийи, гажир хамсия – шевадаги сўзлар таҳлили


Сақлаш
18:27 / 26.11.2024 32 0

Ўзбек тили турли лаҳжа, шева ва диалектлардан ташкил топган. Адабий тилда қўлланувчи сўзлар шеваларда бошқача вариантда ишлатилиши мумкин. Ёки тилимизда йўқолиб кетаётган баъзи сўз ва қўшимчалар шеваларимизда барқарор ишлатилаётган бўлади. Бу ўринда тилшунослар шундай лексик бирликларни чуқур ўрганиши, адабий тил доирасида таҳлил қилиши ва кенг оммага тақдим этиши мумкин. Шундагина олинма сўзларнинг баъзиларини ўз тилимиздаги эквиваленти билан алмаштира олиш мумкин. Аввало, шева, лаҳжа, диалект атамаларининг ўхшаш ва фарқли жиҳатларини санаб ўтамиз. 

 

Шева – бирор тилнинг ўзига хос фонетик, лексик, грамматик хусусиятларига эга бўлган кичик қисми (оралиқ шева, шевалар гуруҳи деган терминлар ҳам бор).

Лаҳжа – шеванинг фонетик, лексик, сўз ясалиши ҳамда грамматик хусусиятларини маълум бир тизим асосида ўзида бирлаштирган шевалар йиғиндиси. Айни вақтда тилимизда учта лаҳжа бор: 1) қарлуқ лаҳжаси, 2) қипчоқ лаҳжаси 3) ўғуз лаҳжаси. Уларнинг номланиши туркий уруғ-қабилалар номидан шаклланган. Лаҳжа сўзи араб тилидан ўзлашган сўз бўлиб, тарз, равиш, йўсин сингари маъноларни билдиради.

Диалект атамаси – диалектологик адабиётларда лаҳжа, шева маъноларида ҳам ишлатилади. Ҳозири кунда эса у умумлингвистик диалект атамаси маъносида ишлатилмоқда. Диалект атамаси грек тилидан ўзлашган сўз бўлиб, профессор В.В.Решетов бу атамани ўз тадқиқотларида шевалар гуруҳи маъносида қўллаган. Мазкур атама бу фанга оид рус тилидаги илмий ҳамда илмий методик адабиётларда ҳам учрайди.

 

Ўзбек тили шевашунослиги В.В.Решетов, Ф.Абдуллайев, Ш.Шоабдураҳмонов, А.Алийев, Б.Жўрайев, Х.Дониёров, Й.Ғуломов, Й.Жуманазаров, А.Ишаев, Д.Абдураҳмонов, Н.Ражабов, Қ.Муҳаммаджонов, Н.Шоимова каби диалектолог олимлар томонидан чуқур ўрганиб таҳлил этилган. Ўзбек диалектологияси география фани билан узвий алоқадор, яъни, ҳар бир шева ҳақида маълумот тўпланганда, шу шева вакиллари жойлашган территориянинг кўлами, аҳолининг миқдори, шу территория иқлими ва бошқа маълумотлар ҳам тўпланади, яъни географик муҳити ҳам ёритилади. Шунингдек, ўзбек диалектологияси ўзбек халқи тарихи, адабиёти, этнографияси, санъати фанларининг маълумотларига ҳам таянади ва улар учун бой материал беради. Шунингдек, ареология ҳам диалектологиянинг бир тармоғи саналиб, бевосита география фани билан муштарак соҳалардандир. Диалектологиянинг ўрганиш объекти шевага оид сўзлар бўлса, ареология фани эса шевага оид сўзларни ҳудудий жиҳатдан, географик хусусиятига кўра таҳлил қилишдан иборатдир.

 

Шевалар ҳар бир халқнинг умумий миллий тили таркибига киради, лекин улар шу миллий адабий тилдан ўзининг фонетик, лексик ва грамматик хусусиятлари билан фарқланади. Демак, шева миллий адабий тилнинг бир тармоғи саналади. Ўзбек адабий тили мураккаб тарихий жараёнда ташкил топган. Эски ўзбек тилида ёзилган асарлар умумхалқ ўзбек тилида ёзилган бўлиб, уларда турли маҳаллий шеваларнинг хусусиятлари акс этган эди. Масалан: бир асарда яқин сўзи учраса, иккинчи асарда эса шу маънода ёвуқ сўзи учрайди.

Демак, шева(лар)га хос бўлган сўзларда ҳам маъновий ўзгаришлар бўлиб туради. Адабий тилнинг орфоэпик қоидалари ҳамма шевалар учун умумий бўлган бир хил талаффуз меъёрларини ҳосил қилади. Худди шунингдек, адабий тилнинг орфографик қоидалари шеваларимиз учун сўзларни тўғри ёзиш меъёрларини амалий жиҳатдан кучайтиришга ёрдам беради. Мақолада таҳлил учун Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Жавоғи қишлоғи аҳолисининг оғзаки сўзлашув услубида ишлатадиган сўзлари танланди. Ўрганилган сўзлар адабий тилда нисбатан кам қўлланилади ёки умуман қўлланилмаслиги кузатилди. Мисол учун: беқилиқ, бойна, бойнаги, чинақай, дўқалаш, ғужурли, гажир, гириллак, глагай, ҳаят, итирқим, кайпанг, олашақшақ, пидана, пинна, пори, қўтан, сергимоқ, шапшак, шўтаноқ, шўттак, сийирмоқ, сўнармоқ, сонсиз, тайпиш, тимирскиланиб, туятоппон.

 

Айрим феълларнинг талаффузида эса фарқлар кузатилади. Чунончи, шундай қилиб-шуйтиб деб айтилади. Яна шундай отлар борки, айтилишида озгина тафовут сезилади: супурги-шивитки, ловлови-лавлаги каби. Шунингдек, яна айрим сўзлар халқ тилига бошқа тилдан ўзлашган ва шу тилдаги сўздан фойдаланади. Қишлоқ аҳолиси бундан эллик-олтмиш йил аввал турли жойлардан кўчиб келишгани боис бу ерда яшовчи кишилар талаффузида ҳам турфаликни учратиш мумкин. Кейинги даврларда бошқа ҳудуддан қиз олиб, қиз узатиш кўпайгани боис ёш болалар нутқида турли шеваларга хос сўзларни учратишимиз мумкин. Бу бевосита оналар нутқи билан боғлиқдир.

 

Қуйида биз ушбу сўзларни ва уларнинг адабий тилимиздаги изоҳини бериб ўтамиз (таҳлилда тилшунос Шавкат Раҳматуллаев томонидан тузилган «Ўзбек тилининг этимологик луғати» га мурожаат қилинди. Таҳлил давомида эътибордан четда қолдирилган айрим сўзларнинг жадвали тузилди). Баъзи сўзлар ҳақиқатдан ҳам юқорида тилга олинган қишлоқ аҳолисининг доимий кундалик сўзлашувида ишлатилиб келинмоқда. Савдо-сотиқ, борди-келди ва тўй-маросимлардаги яқинлик сабаб Жавоғи қишлоғи одамларининг шеваси Яккабоғ туманидаги бошқа қишлоқлар, жумладан, Совуқбулоқ, Қасноқ, Тезоб, Ғозлиқ, Қўтонтепа ва Чироқчи туманидаги Ўймовут қишлоғи одамларининг шеваларида ҳам учрайди.

 

Бу ўринда Қашқадарёнинг қипчоқ лаҳжасида бўлган «Ж»лашишга оид сўзлар таҳлилга тортилмади. Қолаверса, воҳа тилидаги сўз сўнгида келувчи «Ғ» ундошининг «В» каби талаффуз этилишини ҳам, сўз охиридаги «Қ», «К» ундошларининг тушириб қолдирилишини ҳам ёзиш маъқул топилмади. Тадқиқотда, асосан, адабий тилдаги сўзларнинг шевада бошқача айтилиши ёки ёндош сўзга яқин талаффуз этилиши таҳлил қилинди. Умуман олганда, ҳозирги ўзбек адабий тилига хорижий сўзларнинг кўплаб олиниши ёки баъзи қўшимчаларнинг тилимиздан йўқолиб бораётгани туфайли уларнинг ўрнини чекка ҳудудлардаги ўзбек шевалари орқали тўлдириш, муқобил вариантини аниқлаш лозимдир. Зотан, ушбу изланиш миллий тилнинг равнақи ва нақадар бой эканлиги белгилашга хизмат қилади.

 

 

Фонетик жиҳатдан фарқланувчи сўзлар

 

Шевадаги сўз

Адабий тилдаги вариант

Изоҳи (Ўхшаш ва фарқли жиҳатлари)

Сўз туркуми

Белқарс

Белбоғ

Қўшма сўзнинг иккинчи қисмидаги сўзда ўзгариш юз берган.

От

Билла

Бирга

Товуш ўзгарган.

Олмош

Бирич

Гуруч

Товуш ўзгарган.

От

Бошмардоқ

Бошбармоқ

Товуш ўзгарган.

От

Бува

Бобо

Товуш ўзгарган.

От

Буйтиб, бетиб

Бундай қилиб

Товуш ўзгарган.

Феъл

Бяқда

Бу ёқда

Товуш ўзгарган.

От

Бярда

Бу ерда

Товуш ўзгарган.

От

Чуччи

Чучук, ширин

Товуш тушиши ва товуш ортиши рўй берган.

Сифат

Чапча

Сапча; Қовуннинг каттароқ тугунаги, ҳали пишмаган майда қовун

Товуш ўзгарган.

От

Достиқ

Ёстиқ, болиш

Товуш ўзгарган.

От

Думалоқ

Юмалоқ

Товуш ўзгарган.

Сифат

Дўппи

Тўп

Товуш ўзгариши ва ортиши юз берган.

От

Дувол

Девор

Товуш ўзгарган.

От

Эланиш

Ялиниш

Товуш тушиши ва товуш ўзгариши юз берган.

Феъл

Эна

Она, ойи

Товуш ўзгарган.

От

Эяқда

У ёқда

Товуш ўзгарган.

От

Эярда

У ерда

Товуш ўзгарган.

От

Гиттак

Қиттак, Озгина

Товуш ўзгарган.

Сифат

Ҳи

Ҳа

Товуш ўзгарган.

Модал сўз

Ияриб

Эргашиб

Товуш ўзгарган.

Феъл

Кўппала, кўппалавола

Кўп, бир талай

Товуш ортиши юз берган.

Равиш

Кўча ош

Гўжа ош

Товуш ўзгарган.

От

Ловлови

Лавлаги

Товуш ўзгарган.

От

Маккаи

Маккажўхори

Товуш тушиши юз берган.

От

Мейлов

Мўйлаб

Товуш ўзгарган.

От

Навода

Мободо, бордию

Товуш ўзгарган.

Боғловчи

Оя

Она

Товуш ўзгарган.

От

Пиччи

Пича

Товуш ўзгариши ва ортиши юз берган.

Сифат, равиш

Шашов

Шошқалоқ

Товуш тушиши юз берган.

Сифат

Ширвунич

Ширгуруч

Товуш ўзгарган.

От

Ширчой

Сутчой

Қўшма сўзнинг биринчи қисмидаги сўз бошқаси билан алмашган.

От

Шивитки

Супурги

Товуш ўзгарган.

От

Шўтанақ (шўтаноқ)

Шўх– шаддод

Товуш ортган.

Сифат

Шўттак

Нордон, шўр (шўрдак),

Товуш ўзгарган.

Сифат

Шуйтиб, шетиб

Шундай қилиб

Товуш ўзгарган.

Феъл

Шяқда

Шу ёқда

Товуш ўзгарган.

От

Шярда

Шу ерда

Товуш ўзгарган.

От

Тува, тева

Тепа, тепалик

Товуш ўзгарган.

От

Ул

Ўғил

Товуш тушган.

От

Уйтиб, этиб

Ундай қилиб

Товуш ўзгарган.

Феъл

ʼ

Морфологик жиҳатдан фарқланувчи сўзлар

Шевадаги сўз

Адабий тилдаги вариант

Градиционал шакли

Сўз туркуми

Ажриқ

Чим

Нейтрал сўз

От

Алқинди

Ишлатилган совун, совун бўлаги

Салбий

От

Алағда бўлмоқ

Хавотир олмоқ

Салбий

Ибора

Аримоқ

Кетмоқ, даф бўлмоқ

Ижобий

Феъл

Арғамчи

Ингичка арқон.*[1]

Табу ва евфимизм доирасида илонни англатгани учун салбий маънода ишлатилади.

От

Аврамоқ

Ишонтириш, кўндириш*

Ижобий

Феъл

Ая

Она

Нейтрал сўз

От

Баявой

Баҳайбат, гавдали

Ижобий

Сифат

Бачча

Бола

Нейтрал сўз

От

Бепаллаки

Ўйламай гапирадиган

Салбий

Сифат

Беқилиқ

Шум

Салбий

Сифат

Бийи

Қайнона

Нейтрал сўз

От

Боди

Олифта

Салбий

Сифат

Бойна

Бироз аввал

Нейтрал сўз

Равиш

Бойнаги

Ҳалиги

Нейтрал сўз

Сифат

Бултур

Ўтган йили

Нейтрал сўз

Равиш

Бўла

Амакивачча, аммавачча, холавачча, тоғавачча

Нейтрал сўз

От

Бўхча

Кийим-кечак ўралган тугун*

Нейтрал сўз

От

Чакки

Сузма

Нейтрал сўз

От

Чаққон

Енгил, юпун

Нейтрал сўз

Сифат

Чайла

Капа

Нейтрал сўз

От

Чеча

Янга

Нейтрал сўз

От

Чечан

Сўзамол

Ижобий

Сифат

Чикин(а)

Ўхшаб (Ундайчикин-унга ўхшаб)

Салбий

Кўмакчи

Чин

Рост

Нейтрал сўз

Сифат

Чинчинаки

Ҳақиқий

Ижобий

Сифат

Чинақай

Жимжилоқ

Нейтрал сўз

От

Дармайит

Боқиманда

Салбий

Сифат

Дўнг

Тепа

Нейтрал сўз

Сифат

Дўнглик

Тепалик

Нейтрал сўз

От

Дўқалаш

Қўзғаш, аралаштириш

Салбий

Феъл

Доритмоқ

Яқинлаштирмоқ

Салбий

Феъл

Довур

-гача

Нейтрал сўз

Равишдош

Довруппа

Наҳотки, бўлиши мумкинмас

Салбий

Модал сўз

Эмчи

Табиб

Нейтрал сўз

От

Эртачи

Барвақт, вақтли

Нейтрал сўз

Равиш

Ғужурли

Тадбирли

Ижобий

Сифат

Гажир

Жанжалкаш

Ижобий

Сифат

Гириллак

Айлана

Нейтрал сўз

Сифат

Глагай

Янги туққан сигирнинг сути

Нейтрал сўз

От

Говхона

Молхона

Нейтрал сўз

От

Гурри

Уришқоқ

Салбий

Сифат

Гурунг

Суҳбат

Нейтрал сўз

От

Ҳаво

Ёмғир, ёғин

Нейтрал сўз

От

Ҳачча

Тиргак

Нейтрал сўз

От

Ҳалинчак

Арғимчоқ

Нейтрал сўз

От

Ҳаят

Тўр, адоқ, ҳовлининг тўри

Нейтрал сўз

От

Ҳайиқмоқ

Қўрқмоқ, ҳадиксирамоқ

Салбий

Феъл

Ҳийла

Ана

Нейтрал сўз

Олмош

Ҳиййи

Ҳа, албатта

Салбий

Модал сўз

И-и

Йўқ

Салбий

Модал сўз

Илашмоқ

Зич бўлмаган ҳолда ёпишмоқ, тегмоқ*

Нейтрал сўз

Феъл

Иринг

Инжиқ қайсар

Салбий

Сифат

Итирқим

Кўп, саноқсиз

Салбий

Равиш

Жанқовул

«Ж» билан гапирувчилар

Салбий

От

Життиламоқ

Қилпиллаб ўзини кўрсатмоқ

Салбий

Феъл

Жомайкор

Иш кийими

Нейтрал сўз

От

Жувона

Ҳўкиз

Нейтрал сўз

От

Каккилламоқ

Шарақлаб кулмоқ

Салбий

Феъл

Камитир

Оқсоқол

Нейтрал сўз

От

Кайпанг

Охирини ўйламайдиган киши, ўйламай шошиб қарор қабул қилувчи

Салбий

Сифат

Кайвони

Ёши улуғ билгич

Нейтрал сўз

От

Кучук

Ит

Нейтрал сўз

От

Куттача

Нимча, жакет

Нейтрал сўз

От

Лаҳат

Қабр

Салбий

От

Лахча-тўппа

Хамирли овқатнинг бир тури

Нейтрал сўз

От

Лўла

Катта болиш

Нейтрал сўз

От

Лўх

Қамишнинг бошқача тури

Нейтрал сўз

От

Маяк

Тухум

Нейтрал сўз

От

Машак

Қундуз, ондатра

Нейтрал сўз

От

Мўрча

Чумоли, қумурсқа

Нейтрал сўз

От

Мома

Буви

Нейтрал сўз

От

Мой

Ёғ

Нейтрал сўз

От

Мурдашов

Ювғич

 

От

Муюм

Нарса, буюм

Нейтрал сўз

От

Найнов

Бўлар-бўлмасга алжирайдиган

Салбий

Сифат

Нақирис

Хасис, зиқна

Салбий

Сифат

Ўламса

Нозик, касалванд

Салбий

Сифат

Обтова

Қумғон

Нейтрал сўз

От

Олашақшақ

Ҳакка

Нейтрал сўз

От

Пандият

Сабоқ, дарс, хулоса

Нейтрал сўз

От

Пақир

Челак

Нейтрал сўз

От

Пасил (Бир пасил)

Бир оз, бир дам

Нейтрал сўз

Равиш

Паянап

Сувнинг чиқиши, изова сув

Нейтрал сўз

От

Пидана

Ялпиз

Нейтрал сўз

От

Пинна

Пухта, муғомбир

Салбий

Сифат

Пишак

Мушук

Нейтрал сўз

От

Пиёва

Ёвғон

Нейтрал сўз

От

Пори

Гўнг

Нейтрал сўз

От

Потирдоқ (патирдақ)

Қоқи, кўкат

Нейтрал сўз

От

Повут

Халал, халақит

Салбий

От

Пучча

Муғомбир, ичидан пишган

Салбий

Сифат

Қалампир

Гармдори

Нейтрал сўз

От

Қаланғи-қасанғи

Таги зоти паст

Салбий

Сифат

Қалпоқ

Дўппи

Нейтрал сўз

От

Қасқон

Гардиш, доира шаклидаги темир

Нейтрал сўз

От

Қайишмоқ

Ёнини олмоқ

Ижобий

Феъл

Қитмир

Қув, шум

Салбий

Сифат

Қўтан

Қўра, қўйхона

Нейтрал сўз

От

Қултум

Ҳўплам, ютум

Нейтрал сўз

Ҳисоб сўз

Қумурсқа

Чумоли

Нейтрал сўз

От

Сергимоқ

Қуримоқ, нами қочмоқ

Нейтрал сўз

Феъл

Шалақ

Оғзи ёмон

Салбий

Сифат

Шолақ (шолах)

Мазах, калака

Салбий

От

Шолча

Гиламча, тўшамчи

 

От

Шапшак

Бетгачопар, ўйламай гапирадиган

Салбий

Сифат

Шиптир

Кийими нам ва сасиган

Салбий

Сифат

Сийирмоқ

Шилмоқ, арчимоқ

Салбий

Феъл

Сўғун

Кейин

Нейтрал сўз

Равиш

Сўнармоқ

Мўлтираб қарамоқ

Салбий

Феъл

Сўрри

Новча, бўйи узун.

Салбий

Сифат

Сонсиз

Уқувсиз, бефаросат, дидсиз

Салбий

Сифат

Тапаланглаб

Ҳовлиқиб, довдираб

Салбий

Феъл

Таппи

Тезак

Нейтрал сўз

От

Тармашмоқ

Маҳкам ушламоқ, ёпишмоқ*

Салбий

Феъл

Тайпиш

Ҳовлиқма

Салбий

Сифат

Тимирскиланмоқ

Синчковлик билан қарамоқ

Салбий

Феъл

Тирранча

Кучи етмаса ҳам зўравонлик қиладиган, зумраша

Салбий

От

Тиртангламоқ

Бирон ишга кучи етмаса ҳам ўзини урмоқ

   

Тоти

Боди, олифта

Салбий

Сифат

Туятоппон

Бесўнақай, беўхшов

Салбий

Сифат

Уннамоқ, уннаб қолмоқ

Ўтирмоқ, ўтириб қолмоқ (ҳидга нисбатан)

Салбий

Феъл

Увуз

Туғиш олдидаги сигирнинг елинидаги суюқлик

Нейтрал сўз

От

Хамсия, ҳамсоя

Қўшни

Нейтрал сўз

От

Хайми

Хўпми

Салбий

Модал сўз

Хезланмоқ

Қасдланмоқ

Салбий

Феъл

Хийли (хийливола)

Кўп

Нейтрал сўз

Равиш

Хурри

Хуррак отувчи

Салбий

Сифат

Йўнғичқа

Беда

Нейтрал сўз

От

Зардоли

Ўрик

Нейтрал сўз

От

 

Анвар ЭШНАЗАРОВ

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

 

Ўзбек тилининг изоҳли луғати. //Биринчи жилд. – Москва: Русский язык, 1981.

 Эназаров Т.Ж., Каримжонова В.А., Эрназарова М.С., Маҳмадиев Ш.С, Рихсиева К. Гʼ. Ўзбек диалектологияси (ўқув қўлланма), – Тошкент, Университет, 2012.

Асҳирбоев Самихон Ўзбек диалектологияси Ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналиши талабалари учун, – Тошкент, 2013.

Ш.Раҳматуллаев. «Ўзбек тилининг этимологик луғати» (туркий сўзлар), Тошкент, 2000.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10547
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//