1955 йил 15 июнь куни Ҳиндистон Бош вазири Жаваҳарлал Неру расмий ташриф билан Тошкентга келади. Нуфузли меҳмон шарафига Ўзбекистон Фанлар Академияси мажлислар залида тантали тадбир ташкил этилади. Анжуман якунига етгач Ҳиндистон бош вазири таржимони СССР Ташқи ишлар вазири ўринбосари Василий Кузнетсовга «жаноб Бош вазир ҳурматли профессор Булат (Пўлат) Солиев жаноблари билан учрашмоқчи» дейди. Ўша пайтдаги Ўзбекистон ССР Ташқи ишлар вазири Ғани Султонов бундай одамни танимаслигини айтиб вазиятдан чиқмоқчи бўлади. Ҳамма ялт этиб Ўзбекистон Фанлар Академияси президенти Теша Зоҳидовга қарайди. Олималар Ҳадича Сулаймонова ва Сабоҳат Азимжоновалар лабини тишлаганча ерга қараб туришарди. Бироз сукутдан сўнг Теша Зоҳидов ўзини қўлга олиб, «Жаноб бош вазир, профессор Пўлат Солиев анча йиллар олдин йўлда вафот этган. Қабри қаердалиги номаълум» дейди.
Ўша вақтда ўзбекистонликларни ноқулай вазиятга солиб қўйган, 1938 йил 28 февралда «халқ душмани» сифатида отиб ташланган, исми тилга олиниши тақиқланган бу инсон – биринчи ўзбек тарих профессори Булат (Пўлат) Солиев эди.
Ўзбекистон илм-фанининг таниқли арбоби, Марказий Осиёдаги янги тарихшунослик илмий мактаби асосчиларидан бири бўлмиш Пўлат Солиев 1882 йил 22 мартда Астрахан шаҳрида, манғит уруғига мансуб ўзбек оиласида туғилган. Шу боисдан расмий ва илмий ҳужжатларда унинг исми гоҳ Булат, гоҳ Бекбулат, аксарият ҳолларда Пўлат шаклида тилга олинган.
Қозон ва Уфа шаҳарларида мадраса таълимини кўрган, араб, форс, турк, рус, кейинчалик француз ва немис тилларини пухта ўрганган олим, 1909 йилда она юрти Туркистонга келади. Булат Солиев жадид сифатида Туркистоннинг кўпгина шаҳар ва вилоятларида жумладан, Тошкент, Фарғона, Жалолобод вилоятларида ўзининг маърифий фаолиятини олиб боради. Тошкент ва Қўқон мактабларида тарих, арифметика ҳамда она тилидан дарс беради.
У 1917 йилда Туркистон Мухториятининг ташкил этилишида жонбозлик кўрсатади ва Мухториятнинг асосий нашри бўлган «Эл байроғи» газетасининг бош муҳаррири бўлади. 1918 йил Мухторият қулатилгач, ўзини тўлиқ илмий-педагогик фаолиятга бағишлайди. Шу йилнинг ноябрь ойида Пўлат Солиев Назир Тўрақулов билан биргаликда Қўқон Халқ университетини ташкил этишда иштирок этади. Мазкур ўқув даргоҳи асосан Фарғона водийсидаги қишлоқ ўқитувчиларнинг малакасини ошириш билан шуғулланади ва Пўлат Солиев унинг директори этиб сайланади. Ушбу олийгоҳ кейинчалик Фарғона водийсидаги педагогика институтларининг пайдо бўлишида тамал тоши бўлади.
СССР’нинг бутун 70 йиллик умри давомида, тарих фан сифатида мафкуравий аралашув объекти бўлиб келган. 1920 йилларнинг охиригача инқилобдан олдинги тарихчилик мактаби вакиллари нисбатан эркин фаолият юритиши, ўз асарларини ўқув масканларида ўқитиши ва нашр этиши мумкин эди. Бундай «илиқлик»ка 1920-1928 йилларда амалга оширилган Янги иқтисодий сиёсат (НEП) ҳам бир қадар имкон берганди.
Булат Солиев ҳам бу пайтда ўзининг асарлари билан аллақачон маҳаллий зиёлилар орасида танилганди. Жумладан, олим томонидан ёзилган «Манғитлар даврида Бухоро», «Ҳиндистон Англия зулми остида», «Бухоро тарихи I қисм», «Ўрта Осиёда савдо капитали даври», «Ўрта Осиё тарихи: ХI-ХV асрлар», «Ўзбекистон тарихи», «Ўзбекистон ва Тожикистон», «Ўрта Осиёда исломнинг тарқалиши» асарлари бирин-кетин нашр этилади. 1926 йилда Булат Солиевга профессор унвони берилади.
Булат Солиевнинг ёзиш услуби мутлақо ўзига хос эди. У асосан бирор илмий муаммони кўтараётганда, аслида умуман бошқа нарса ҳақида ёзаётган бўларди. Масалан, олимнинг 1920 йилда нашр этилган «Ҳиндистон Англия зулми остида» номли асарида Булат Солиев тарихчи сифатида капиталистик Англиянинг Ҳиндистондаги кирдикорларини очиб берган бўлсада, олим шу ўринда Ленин бошлиқ большевиклар ҳукуматининг босқинчилик сиёсатини ҳам моҳирлик билан фош қилиб кетган. Хусусан, олим ушбу асарда шундай дейди: «Ҳиндистонга хавф бўлғонлиғи учун Англия давлати Тибетни ўзига тобе қилди. Ўзининг назорати остига олди. Тибет ихтиёрсиз суратда Англияга итоат этишга мажбур бўлди. Кўнгилга бир сўроқ келадир: Англиянинг Тибетга ҳужум этишга қандай ҳаққи бор? Тибетда қандай иши бор? Қандай асосға биноан Ангиля давлати Тибетни ўзига қўшади? Белгили бу иш ҳаққониясизлик, адоласизликдир».
Ушбу саволларнинг барчаси аслида Туркистонни куч билан босиб олган совет доҳийларига қаратилган эди.
1920 йиллардаёқ Пўлат Солиев Туркистон тарихига оид дарслик ёзиш ишига жиддий киришади. Бироқ большевиклар Солиев ва бошқа маҳаллий олимлар томонидан тайёрланган тарих бўйича дарслик лойиҳаларини доимий равишда рад этиб келади. Шундай бўлсада, олим 1929 йилда «Ўзбекистон тарихи» китобини нашр эттиришга муваффақ бўлади. Муаллиф тарих соҳасидаги мафкуравий кўчкига қарши эканлигини таъкидлаган ҳолда, китобнинг кириш қисмига, ўша кунларда совет мафкурачилари томонидан аёвсиз таҳқирланган Амир Темур суратини илова қилади.
«Ўзбекистон тарихи» асари ўқувчига Темур даврида Туркистоннинг жаҳон геосиёсатида қандай ўрин тутгани ва Туркистоннинг буюк ўтмиши ҳақида қимматли маълумотлар берарди.
Бундан сал аввал, яъни 1927 йилда ҳам Пўлат Солиев «Маориф ва ўқитувчи» журналида «Ўзбеклар ҳам Темур болалари» деб номланган мақоласи билан катта шов-шувга сабаб бўлганди. Ушбу мақола чиқиши билан совет мафкурачилари ўша даврдаги даврий нашрларда бирин-кетин Пўлат Солиевнинг мақоласи ҳақида танқидий материаллар эълон қила бошлайди.
1933 йил август ойида Бутуниттифоқ Коммунистик партиясининг Самарқанд бўлими томонидан олимнинг 1926 йилда нашр этилган «Ўрта Осиё тарихи» асари ғоявий жиҳатдан «нобоп» деб топилади. Чунки асардаги Хоразмшоҳлар давлатининг нуфузи ва Ўрта Осиёнинг ХИ асрда жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар советларга ёқмаган эди.
1936 йилдаги тарихчилар қурултойида Булат Солиев асарлари «ўтмиш идеаллаштирилган» ва «пантуркистик» дея баҳоланиб, олий ўқув юртларида дарслик сифатида қўллаш тақиқлаб қўйилди. Пўлат Солиевнинг тарихшунослиги «миллатчилик ва пантуркистик» руҳда дея таърифланди.
1937 йилда бошланган «Катта террор» сиёсати натижасида Ўзбекистондаги бир қатор таниқли давлат арбоблари ва адабиёт санъат намоёндалари ҳибсга олинади. Булат Солиев бошига ҳам қора булутлар кела бошлайди. 1937 йил центабрда профессор Пўлат Солиев Самарқанддаги Ўзбекистон давлат университетидан бўшатилди
1937 йил 11-октабрда Солиевни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарилади. Унда жумладан шундай дейилади:
«Тошкент шаҳри, 1937 йил 11 октябрь. Мен Ўзбекистон НКВД 3 бўлими оператив ходими – давлат хавфсизлиги лейтенанти Гайнитдинов пантуркистик ташкилот аъзоси бўлган Пўлат Солиевга тегишли ҳужжатларни ўрганиш жараёнида унинг бутунлай Ўзбекистонда Совет ҳокимиятини ағдаришни мақсад қилган антисовет пантуркистик ташкилот аъзоси бўлганлигини, маҳаллий зиёлилар орасида мунтазам равишда советларга қарши ташвиқот олиб борганлигини аниқладим».
ЎзССР Жиноят Кодексининг 49-модда «6« бандига асосланиб,
Қарор қилинади: 1882 йилда таваллуд топган, партиясиз, Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон Давлат университети профессори, СССР фуқароси бўлмиш Пўлат Солиев ҳибсга олинсин ва ЎзССР Жиноят Мажмуасининг 60- ва 67-моддаларига кўра жавобгарликка тортилсин».
Шу тариқа қарийб 5 ой давом этган қийноқлардан сўнг 1938 йил 8 февралда «махсус учлик» Булат Мажидович Солиевни отувга ҳукм қилади. Ҳукм 1938 йил 28 февралда ижро этилади. Шу тариқа биринчи ўзбек тарих профессори Пўлат Солиев СССРънинг қатағон машинаси томонидан маҳв этилади.
Пўлат Солиевнинг асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки кўплаб Шарқ халқлари орасида анча кенг шуҳрат қозонади. 1954 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган Ҳиндистон бош вазирининг ҳам олимни йўқлагани бежиз эмас эди. Солиевнинг вафот этганлигини эшитган Неру унинг «Англия зулми остидаги Ҳиндистон ўлкаси» асари ҳинд озодлик ҳаракати намоёндалари орасида машҳур бўлгани, уларнинг мустақиллик курашларига илҳом берганини айтиб, ўзбек тарихчисига миннатдорлик билдиради.
Орадан икки йил ўтиб, 1956 йилда Ўзбекистон ССР Олий Суди комиссияси Булат (Пўлат) Солиев ҳақдаги 1938 йилги қарорни унинг жинояти тасдиқланмаганлиги туфайли бекор қилади. Олимнинг номи оқланади.
Солиевнинг аёли Фотима ая 1987 йилда вафот этади. Булат Солиевдан 4 фарзанд қолган. Улар ҳозирда турли фаолиятлар билан машғул. Пўлат Солиевнинг невараси Алишер ака Муҳиддинов бугунги кунда бобосининг меросини сақлаб келмоқда.
Қувваталиев Убайдулла.
ТерДУ қошидаги
Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори
Тарих
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ