“Маҳкум саёҳати”ни анча секин ўқиб тугатдим. Китобни ўқишни негадир охиридан бошладим. Портрет-эсселарда муаллиф ўзида қай бир жиҳати – ижоди, инсонийлиги, шахсияти билан таассурот, фикр ва ҳавас уйғотган ўнга яқин шахслар ҳақида ҳикоя қилган. Бу эсселар айрича самимият, дилгирлик ва билгирлик билан ёзилган, шунинг учун битиклар кайфияти ўқиганга дарров юқиб қолади. Менда шундай бўлдики, ўқиш жараёнида муаллифнинг ўй-муносабати, изҳорлари таъсирида тез-тез танаффус қилиб, у сўз очган томонларга кетиб қолдим. Оламшумул қуввали куйларини топиб эшитдим, шоир Усмон Қўчқор шеърларини бошқа бир эътибор билан ўқиб чиқдим. Яна Майна Ҳасанова ҳақидаги романни топиб ўқиш иштиёқи туғилди. Хуршид Дўстмуҳаммад ҳақидаги битикда ёзувчи шахси ҳақидаги фикрларим билан қандайдир яқинлик, мутаносиблик кўрдим... Умуман, Севара “чизган” бу портретлар биз билан бир замонда яшаган-яшаётган “борлигини билганимиз, кимлигини англамаганимиз” инсонлар дунёсига яхшироқ назар солишга даъват қилади, қандайдир яқинлик ҳис эттиради.
Инсон нима учун ёзиши ва ёзувчилик ҳаёт тарзи қизиқ ҳодиса. “Зерикиш машқлари” номи остидаги таржима эсселар айни шу ҳодисот, мавзу ҳақида баҳс этади. Аминманки, бу таржималар асло зерикиш туфайли эмас, Севаранинг ўз саволларига жавоб ахтариши, ёзишга бўлган эҳтиёжи моҳият-сабабини тушунишга, шарҳлашга бўлган изламининг бир парчаси. У ўз мулоҳазалари, туйғуларини турли макон ва замондаги адибларнинг фикрлари билан ойдинлаштиради, таққослайди, тасдиқлайди гўё. Ростдан ҳам у нима учун ёзади? Бунинг жавобини китобнинг аввалидан жой олган эсселардан топиш мумкиндай.
Хаёлидаги турфа пўртаналарнинг ифодаси бўлган уч эссе чин маънода муаллифнинг шундай бизга аён-ноаён ботиний оламига йўлак очади. Бу эсселарда унинг руҳий тўлғонишлари, ўй-кечинмалари, мулоҳазалари, шубҳалари билан юзлашамиз. Ўзини англаш, излаш изтироби ва ифода этишга бўлган бедор-безовталикни сезамиз. Илк бошда Севаранинг атроф-бошқаларга қараган нигоҳи энди ўз кўнгли, ўз шууридаги ҳаётга боқишини, аёвсиз тафтиш қилишга ўтганини кўриш мумкин. (Китобни охиридан бошлаганим аслида тўғри бўлган эди.) Инсон руҳияти, ҳаёти-хаёлоти, ўзлиги ҳақидаги бу эсселарда экзистенсиал кайфият уфуриб туради. Безовта тафаккур ва қалб мавжудликдан, ўз борлигидан маъно-мазмун ахтаради. Битикларида индивидуаллиги, заковати ва бадиий маҳорати намоён бўлади.
Боқий саволлар қаршисида баъзан тоқат билан жавоб излаётган, гоҳ чирпирак бўлаётган беҳаловат тафаккур “Маҳкум саёҳати” эссесида башар мавжудлигини, қисматини тубига етгиси келади, уни бир предмет мисоли қўлига олиб, ҳар тарафини айлантириб кўради, ўйлайди, кузатади ва бу дунёда мавжудлик маҳкумлик билан эгизлигини илғаб қолади. Инсон ҳаётининг туб англамини маҳкумлик деган ягона ҳолатда кўради. Ўй эгаси (муаллиф) нинг кайфияти, юқувчан изтироби сизга ҳам ўтганини ҳис қил қиласиз. Дунёнинг бир маҳкуми ўлароқ сиз ҳам беихтиёр бош тебратиб буни тасдиқлайсиз. Унга шерик бўласиз. Сафарнинг сўнгини сафарга йўллаган билишини ҳис қилиб, ожизлик сакинатига чўмасиз.
“Бегемот ва мен” эссесида бу сафарнинг турфа машаққатлари, хусусан, жудолик билан юзлашган одам руҳиятидаги англамсиз, ғайришуурий ҳолатнинг изоҳини излаш жараёни акс этади. Муаллиф ўзига мавҳум ҳисларининг моҳият-мантиғини ахтаришга киришади, фикрлар оқимини эркин қўйиб юборади. Фактлар, саволлар, кечинмалар ҳеч бир аниқ хулосага олиб бормайди, лекин тушунишга бўлган эҳтиёж алангаси ловлаб ёниб-ёниб, сокинлашади. Тушуниш билан инсон ором топади. Тушуниш – ақлнинг доғули талвасасини босади гўё. Эсседаги Бегемот – ўз танангда, руҳингда олий, илоҳий қудрат босимини ҳис қилиш эди. Туйилган, аммо илғанмаган сир, ишора ёки рамз эди. Эссе бир ҳиссий оқимда, катта билим ва оғриқ қоришиқлигида, моҳирона ёзилган. Шу жиҳати билан “Бегемот ва мен” шахсан менда айрича таассурот қолдирди.
“Сукунат шовқини” ҳам руҳий ҳодиса – инсоннинг ўзидан қочиши, ташқи олам шовқини ичра мавҳ бўлиши хусусида, мен ҳақимда, биз ҳақимизда. Эсседа муаллиф ўзидаги бу ҳолатни туйқус англаб қолади, бунинг боисини излайди, ўйланади. Хўш, нега одам сокинликдан бу қадар безор? Чунки сукунат мажруҳ руҳимиз сасини чақиради. Ичимизда бир-бирига қоришиб ётган балки қичқириқлар, балки йиғилар, саволлар, бақириқлар, нолишлар, увлар, қарғишлар, зорланишлар суронини қўзғайди. Буларни эшитишга, барҳам беришга бардошимиз етмас, қурбимиз етмас. Шунда сакинат бизни маҳв этувчи бўшлиққа айланади гўё. Шу боис ўз ботинимиздаги суронлардан жон қадар қочиб, зоҳирий шовқин дунёсига мудом беркинмоқчи бўламиз. Дунёда энг осон, энг оғир иш ҳам ўзингни эшитиш, ички мувозанатни сақламоқ эканини биласан. Лекин… биз не тилсиммиз, бизнинг дунё не тилсим? Севара ушбу битигида ўзини ҳам, бизни ҳам шундай руҳият тафтишига отади. Ўзи ҳам ҳадсиз ҳорғинлик сезади, бизни ҳам шу оғриққа гирифтор этади.
Умуман, ҳар бир эсседа муаллиф бир савол ортидан фикран-хаёлан ўтмиш-у келажакни, азал ва абад дунёнинг ибтидосию интиҳосини кезиб чиқади. Гоҳ торлик дунёсига қамалади. Гоҳ ҳадсиз кенгликларда сарсон йўқолади, бизни ҳам ортидан тортқилаб кетади. Топганларини мантиқ заррабинига солади, зарралаб ўрганмоқчи бўлади. Буларнинг барини борича сўзга сиғдиришга, шаклга солишга уринади. Муаллиф асли ўзини эзғилаган қай бир саволдан, қай бир оғриқдан, юкдан халос бўлиш учун ичини қоғозга тўкканини пайқайсан.
Хуллас, ушбу эсселар коинотда, ер юзида, маконда, замонда, лаҳзада, ҳолатда ўзини, ҳаддини англашга, мавжудлигининг маъно-мантиғини тушунишга интилаётган ўйчан ва ҳассос инсон сийратини ифода қилади.
Севара, сиз билан доим кўп нарсалар ҳақида суҳбатлашганмиз, лекин бу сафар бошқача бўлди. Китобингиз узоқ “гапирди”, мен тингладим ва у – китобдаги суҳбатдош билганимдан бошқароқ инсон эди. Яъни, китобда сийратингиз билан яхшироқ, ҳақиқийроқ танишдим, десам бўлади. Сизга эса айтар гапим шу: Эй, маҳкум! Саёҳатингда давом эт! Ёз. Ўқувчинг кўп бўлсин.
Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА,
санъатшунос
Маънавият
Тил
Тарих
Санъат
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ