Xон Ўзбек асли ким? Унинг чиндан ҳам монголларга алоқаси бўлганми?


Сақлаш
14:29 / 25.11.2024 309 0

Ўзбекларнинг аждодлари Турон-Туркистон деб атаб келинган ўлканинг энг қадим аҳолиси ҳисобланади. Ўтмишда улар вазиятга кўра ўғуз, қипчоқ, уйғур, хун, турк, ўзбек деб турлича аталган бўлса-да, фарқ фақат номда бўлди, эл аслиятича қолди. Атамалар ўзгарди, халқ этник томондан ўзгармади. Аждодларимиз улкан Евросиё ҳудудини тўлиқ бир ватан билишди. Турон (Тартар) дейилганда нафақат Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон каби юртлар, балки “Олтин Ўрда” ҳудуди ҳам тушунилган. “Олтин Ўрда” турклари ва Туркистон турклари асли бир эдилар, уларни фақат дин ва сиёсий номларгина ажратиб турарди холос. Қадимги аждодларимиз нафақат Туркистонда, балки Миср, Хитой, Ҳинд ва шимолнинг айрим қисмларида ҳам ҳукмронлик қилишди. Бугун биз “Олтин Ўрда”нинг улуғ хони Ўзбекхон ҳақида мухтасар фикр юритишни ният қилдик.

 

Олтин Ўрда атамаси хонликлар ҳукмронлиги даврида умуман қўлланмаган. Бу атама рус тарихчилари томонидан XVII асрдан бошлаб ишлатилган. Ўтмишда Улуғ Улус (ёки Жўчи Улуси, Жўлчи Улуси) деб аталган Олтин Ўрда тарихида кўплаб хонлар ҳукмронлик қилиб, улар доимо аждодлари қадамжоси бўлган Туркистон эли, азиз-авлиёлари, ҳукмдорлари билан бевосита муносабатда бўлган. Бироқ улардан ҳеч бири Олтин Ўрда хони Султон Ғиёсиддин Муҳаммад Ўзбек (1282–1342) каби жаҳоний қудрат ва шуҳрат топмаган.

 

Тарихчиларимиз назаридан нисбатан четда турган, фаолияти кенг ёритилмаган хон Ўзбек асли ким эди? Унинг монголларга алоқаси бормиди? Қайси тил хонликнинг амалий ва адабий тили бўлган? Мақоламизда шуларга қисқача тўхталиб ўтамиз.

 

Ўтмишда ҳар қандай ҳукмдор Ўзбекхон каби хон унвонига сазовор бўлавермаган. Ҳатто Амир Темур не чоғлиқ қудратли бўлмасин, умрининг сўнгига қадар “амир” унвони билан қолаверди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур империя асосчиси бўлса-да, Туркистонда “мирзо”, Ҳиндда “подшо” дейилган.

 

Ўтмишда кимлар хон аталиш ҳуқуқига эга бўлган? Турон ҳукмдори Алп Эр Тўнга, унга авлод саналган қорахонийлар ва ниҳоят Чингизхоннинг ҳукмдор авлодларигина хон аталишган, сайидлар таъсиридаги чингизийларни эса тўра ҳам дейишган. Айрим тушунчаларда найман ва кидан (қорахитой) императорлари Хитой ҳудудида қудратли Ляо салтанатини (907–1125) яратгани ҳурматига хонлар хони маъносини англатувчи “гурхон” номи билан аталган.

 

Олтин Ўрдада қарийб 30 йил (1312–1342) ҳукмронлик қилган ва “Мамлакати Ўзбек” ёки “Ўзбек Улуси” давлатининг асосчиси бўлган Султон Ғиёсиддин Муҳаммаднинг асл номи Ўзбек эди. Ўзбекхон томонидан Олтин Ўрдада ислом расмий дин сифатида қабул қилингандан сўнг хонликка қаровчи ерлар “Ўзбек Улуси”, хоннинг ўзи Султон Ғиёсиддин Муҳаммад деб аталди.

 

Хоннинг аждодлари силсиласи қуйидагича: отаси Тўғрулдир. Тўғрул Олтин Ўрда хони Мангу Темурнинг ўнинчи ўғли. Мангу Темур Туқан ўғли, Туқан Ботухон ўғли, Ботухон Жўлчи ўғли, Жўлчи Чингизхоннинг тўнғичидир.

 

Ўзбекхондан олдин Олтин Ўрданинг хони амакиси Тўхта эди.

 

Тўхта вафот этгач, унинг ўғли Элбосар (Элбосмиш) хон вазифасини бажарадиган бўлди. 1312 йили таъзия билдириш учун Урганчдан Ўзбек ва Хоразмнинг қудратли амири, Ўзбекнинг бўласи Қутлуғ Темур етиб келади. Элбосар билан ўртада низо келиб чиқади, Ўзбек бир вақтлари амакиси Тўхтанинг номардлик қилиб ўз отаси, яъни Ўзбекнинг бобоси бўлмиш Олтин Ўрда хони Мангу Темурни ўлдиргани учун қасос олади. Сусткашликка йўл бермай Элбосарни ўлдириб, ўзига яқин кишилар ёрдамида Олтин Ўрда тахтини эгаллайди. Қутлуғ Темур Ўзбекхонни ислом динига ўтишга ундайди. Бунда Урганч қозиси, Қутлуғ Темур қайнотаси Садр Абу Ҳафс Умар ал Бакрининг маслаҳатлари ҳам ўз самарасини беради.

 

1320 йили Ўзбекхон расмий равишда ислом динини Аҳмад Яссавийнинг устози, Арслонбоб муриди ва Занги ота авлоди бўлган Саид отадан қабул қилиб олади. Султон Ғиёсиддин Муҳаммад номини қабул қилган Ўзбек Туркистондаги пир ва шайхлар кўрсатмаларига кўра кенг миқёсда ислом динини жорий қилади. Бу ҳаракат тангричи Олтин Ўрда оқсоқол ва беклари томонидан қаттиқ қаршиликка учрайди. Сарой амирлари “Сен биздан итоат ва хизмат қилишимизни кутгин, бизнинг динимиз ва эътиқодимиз билан нима ишинг бор? Биз бобомиз Чингизхон ўгити ва ясоқини унутиб арабларнинг динига ўтамизма?” деб эътироз билдиришади. Бироқ Ўзбекхон уларнинг сўзларига қулоқ солмайди, исломни қабул қилмаганларни қаттиқ жазолайди, Чингизхон ясоқи ва тангрилик тушунчалари чеккага сурилиб, шариат қоидалари амалга киради.

 

Хонликда ҳудудий-маъмурий ислоҳотлар ўтказилади, Олтин Ўрда 4 улкан ҳудудга: Сарой, Хоразм, Қирим, Дашти Қипчоқ улусларига бўлинади. Улусбеги томонидан бошқариладиган Этилбўйи, Хоразм, Қирим ва Қипчоқ дашти вертикал бошқарув билан қатъий тартибга олинади. Ўзбекхон қалтис вазиятларда ёрдам берган Қутлуғ Темурга миннатдорчилик маъносида унга Хоразм улусини совға қилади.

 

 

Ўзбекхон даврида улкан Олтин Ўрда ҳудуди.

 

Туркистон муҳити тарбиясини олган Ўзбекхон Олтин Ўрда тарихида мисли кўрилмаган ислоҳотларни бошлаб юборади, инсон омили, такомили биринчи ўринга чиқади, қонун-қоидалар тартибга олинади, миллий ва диний низоларга барҳам берилади, маданий-маънавий ҳаёт ренесанс даврини бошидан ўтказади, санъат ва адабиёт юксалади. Давлат тили – Ўзбек тилида асарлар яратилди. Кўплаб шаҳар ва такрорланмас архитектура бинолари қисқа вақтда тикланади. 1314 йили Қиримда қурилган машҳур Ўзбекхон жомеъ масжиди ҳанузгача мавжуд.

 

Суратда Ўзбекхоннинг Қиримдаги масжиди.

 

Олтин Ўрданинг янги пойтахти – Сарой (Сарой ал Жадид) шаҳри ҳозирги Волгаград вилояти ҳудудида қайта тикланади. Тарихчи ибн Арабшоҳнинг ёзишича, “Сарой тутган ўрни ва халқининг жуда кўп бўлиши билан энг катта шаҳарларнинг бириси эди. Оз вақт ичида бу ерда кўплаб атоқли, машҳур кишилар тўпланди”.

 

Ўзбек адабиётининг улуғ сиймоси Қутб Хоразмий маълум муддат Олтин Ўрданинг бошкентида яшади. Шоир 1330–1336 йиллар орасида Ўзбекхон ўғли Тинибекка бағишлаб “Хисрав ва Ширин” достонини ёзди. Достон Низомий Ганжавийнинг шу номли асари таъсирида ёзилганини ушбу мисралардан ҳам билса бўлади:

 

Қозонтек қайнаб уш савдо пишурдум,

Низомий болидин ҳалво пишурдум.

 

Яна бир машҳур ўзбек мумтоз шоири Сайфи Саройи ҳам Олтин Ўрдада ижод қилди. Кўплаб ғазал, қасида, рубоийлар, “Суҳайл ва Гулдурсун” достонини ёзган, “Гулистон”, “Синбоднома” каби асарларининг эркин таржималарини яратган шоир ижодининг чўққиси Ўзбекхон ўғли Тинибек ва Жонибекларнинг ҳукмронлиги даврига тўғри келади. Хонлик пойтахти Сарой шоир ижодида жуда муҳим ўрин тутади, у ўз нисбасини шу шаҳар номи билан бежиз боғламайди:

 

Келуб бўлдум Саройда шеър фидойи,

Саройнинг шоири, элнинг гадойи.

 

Шунингдек, Сарой шаҳрида Маъсуд Тафтазоний, Қутбиддин ар-Розий, Камолиддин ат-Туркманий, Ҳофиз ибн Баззозийлар ҳам фаолият олиб бордилар. Машҳур шоир Камолиддин Хўжандий ХIV аср охирларида Саройда яшаб ижод қилди.

 

Кучайиб бораётган Ўзбекхон билан кўплаб мамлакатлар дипломатик алоқаларни йўлга қўйиш учун интилар эди. Ғарбий Европа, шунингдек туркий сулолалар ҳукмронлик қилаётган Туркистон, Ҳиндистон, Миср, Хитой давлатлари билан кенг кўламли савдо-сотиқ ишлари йўлга қўйилди. Миср султони ан-Насир Муҳаммад ва Византия қироли Андроник II Ўзбекхон билан дипломатик алоқалар ўрнатишдан ташқари қариндош тутинишни ўзларига шараф билишди. Ан-Насир хоннинг синглисига уйланган бўлса, Андроник ўз қизи Тайдулни Ўзбекхонга никоҳлаб берди.

 

 

Руслардан чиққан кўрагон

 

Ўзбекхон қўл остидаги рус князларига доим диққат ва эътибор қаратган, меҳрибонлик билан бирга қаттиққул сиёсат юритган. Москва князи Юрий Даниловичнинг 3 йил хон саройи бўсағасида Ўзбекхоннинг синглиси Кунчоқой қўлини сўраб ялинишлари оқибатида 1317 йили хон синглисини унга турмушга берди, куёв Юрий кўрагон аталди. Москванинг улуғ князлари давлат рамзи бўлган “Мономах шапкаси” Кунчоқой билан бирга Москвага олиб кетилди. Бичимига кўра туркистонлик усталар томонидан Бухоронинг тилло зарларидан ясатилган қалпоқ туркий маликаларнинг, аниқроғи Кунчоқойнинг бош кийими бўлган. Вақти билан Чингизий маликанинг қалпоғи Москва подшоҳларининг улуғ хонадонга яқинлик, қудрати рамзи, кўрагонлик белгисига айланган.

 

Сувратда “Мономах қалпоғи” акс этган.

 

Айримлар қалпоқни Ўзбекхоннинг Москва Буюк князлари куёви Юрий Данилович ва унинг акаси Иван Калитага қилган совғаси дейишади.

 

Иван Калита қалпоқ тепасига хоч ўрнатиб, провослав ҳукмдорнинг чиройли тожини майдонга келтирган. Бу тож авлоддан авлодга ўтиб Москванинг буюк князларига кийдирилган, сўнг мазкур анъана подшоҳларига ҳам ўтган.

 

Яқингача бу воқеанинг ясама тарихи бўлакча эди: гўёки қалпоқни византиялик император Константин IX невараси, Киев князи Владимир Всеволодович Мономахга Москва князларига мерос сифатида берган ва ўшандан бери қалпоқ давлат қудратининг рамзи бўлиб подшоҳдан подшоҳга ўтадиган бўлган, гўёки.

 

Ўтмишда ўзбек элидан қиз олиш улуғ шараф билинган. Кўпгина ҳукмдорлар Ўзбекхонга қуда бўлишга ва юксак Кўрагон унвонини қўлга киритишга интилардилар. Бежизга Абулғози Баҳодирхон “Шажараи турк” асарида форс шоҳи Таҳмаспнинг ушбу истагини келтирмаган: “Мен хонға ўғул бўлайин дейтурурман. Темурбий Чингизхон авлодина куёв бўлди эрса, ҳанузгача ани Темур Кўрагон дейтурурлар. Мен ҳам Чингизхон авлодина кўрагон бўлмоқни кўнглим излай турур. То Хунхордек улуғ душманим айтқай ким шоҳ Таҳмосиб ўзбек подшоҳининг қизин олди; яхши ярашди!”.

 

Тверь князи Михаил Ярославич Ўзбекхон саволларига жавоб истамоқда. В.П.Верешагин сурати.

 

Кўрагон Юрий Данилович князлик фаолиятида ҳар жабҳада қайноғаси Ўзбекхонга орқа қиладиган бўлади. Тверь князи Михаил Ярославич билан бўлган жангда Юрий енгилгач, Михаил унинг хотини ва Ўзбекхоннинг синглиси Кунчоқойни Тверга олиб кетади. Кутилмаганда Кунчоқой Тверда вафот этади. Домод Юрий фалокатда Михаилни айблайди ва хотинига заҳар бериб ўлдирган дея Ўзбекхонга шикоят қилади. Тверь князи Михаил Ярославич Ўрдага чақирилади ва айбдор деб топилиб қатл этилади.

 

Рус князлари ҳавфсизлиги доимо Ўзбекхон назоратида эди. Галицино-Волин князлигини поляклар босқинидан сақлашга ёрдам берди, куёвининг оғаси Москва князи Иван Калитани чинсўзлиги ва жасорати учун ёрлиқ билан тақдирлади. Унга душманга қарши курашда ёрдам учун 50 минглик қўшинни ажратди. 1337 йили хон розилиги билан ўзбек-рус қўшини Польша ҳудудида жойлашган Люблин салтанатига ҳарбий юриш қилди, Польша қироли Казимир III га қарши курашда рус князларига ёрдам бўлсин деб 40 минглик қўшинини рус ерлари ҳимоясига юборди...

 

Ўзбекхон ҳукмронлиги даврида хонликда ҳар жабҳада қатъий тартиб-интизом, сиёсий барқарорлик ҳукм сурган. Манбаларда келтирилишича, Хоразмдан Қиримга чиққан карвон уч ой йўл юрса-да, йўловчилар ёки туялар озиқасини олиб юришга чек қуйилиб, барча керакли нарсаларни йўлда етказиб бериш ёки маҳаллий халқлардан сотиб олиш тизими қатъий йўлга қуйилган.

 

Ўзбекхон 1342 йили вафот этади, Улуғ Улусдаги ҳокимият унинг ўғли Тинибекка, сўнгра иккинчи ўғли Жонибекка ўтади.

 

Ўтмиш тарихчилари Ўзбекхонни шундай хотирлайдилар:

 

XIV асрнинг машҳур тарихчиси Ибн Батутта: “У дунёнинг энг буюк ва қудратли етти хоқонидан бири эди!”

 

Ал-Бирзолий: “Қачонки бу хон (Тўхта) жон бергач, унинг ўрнига ўттиз ёшлардаги Ўзбек хон бўлди. У мусулмон бўлиб, ақли-ҳофизаси, гўзал сийрат ва қадду қомати билан ажралиб турар эди”.

 

Тарихчи ал Муфаддал: “Бу ёш йигит гўзал ҳусн эгаси, аъло хулқли, олийжаноб мусулмон, жасур ва уддабурондир”.

 

Сайёҳ ва тарихчи ал Айни: “У мард ва жасур, диндор ва художўй эди, фиқҳ аҳлини эъзозлар, олимларни ҳурмат қилар, уларга қулоқ тутар, ишонар, раҳм қилар, шайхларнинг зиёратига борар ва уларга яхшиликлар қилар эди”.

 

Ўзбекхон ҳам, унинг улуси ҳам ҳеч қачон монгол бўлмаган!

 

Мўғуллар монголлар эмас, балки туркий элларнинг сиёсий уюшмаси, монголлар (халхалар) эса умуман бошқа халқ бўлиб, ҳукмдорлари хон эмас, хунтайжи деб аталган, уларнинг тили, дини, шакли мўғул деб аталган туркларникига сира ўхшамаган...

 

Ўзбек номли шахслар, саркардалар XI-XII асрларда ҳам бўлишган, бироқ улар ўз номини элига-да, юртига-да беришмаган. Тарихий манбаларда ўзбек эли номи Ўзбекхондан олингани ҳақида шундай маълумотлар келтирилади:

 

Мирзо Улуғбекнинг “Тарихи арбаъ улус” асаридан:

 

“Ҳазрат Султон Муҳаммад Ўзбекхон ... 1312 йилда салтанат тахтидан жой олади. Тахтга ўтиргандан кейин саккиз йил ўткач, мусулмонлар шайхи Занги Отанинг ва толиблар йўлловчиси Саид Отанинг ишорати билан милодий 1320 йили ислом динини қабул қилиш шарафига муяссар бўлдилар.

 

Султон Муҳаммад Ўзбекхон ўзининг эл-улуси билан илоҳий саодат ва фазилатга етишгач, ҳазрати Сайид Отанинг ғайб ишорати ва Аллоҳнинг инояти билан уларнинг барчасини Мовароуннаҳр диёри сари олиб келди. Қулоқ солишдан бўйин товлаганлар, бу саодатдан бебаҳра ҳолда, у ерда (Дашти Қипчоқда) қолдилар ва “қалмоқ” деган номга мансуб бўлдилар, бунинг маъноси “қолган” демакдир”.

 

Ҳазрати Сайид Ота ҳамда Султон Муҳаммад Ўзбекхон билан ҳамкорликда Мовароуннаҳрга келган кишилардан: “Бу келганлар ким деб сўрадилар. Уларнинг сардори ва подшоҳи Ўзбекхон бўлгани учун уларни “ўзбек” деб атадилар. Шу сабабдан ўша замондан бошлаб Мовароуннаҳрга келган кишилар “ўзбек” деб атала бошланди. Дашти Қипчоқда қолиб кетган кишилар эса “қалмоқ” бўлдилар”.

 

Маҳмуд ибн Вали: “Туркистон эли ҳар даврда бошқа ном ва атамага эга бўлган. Жумладан, Тур ибн Ёфас давридан Мўғулхон хоқон бўлганга қадар бу мамлакат аҳолиси турк деб аталган. Мўғулхон ҳокимиятидан кейин бу юртдаги барча уруғлар мўғул дейиладиган бўлди. Ўзбекхон давлатининг тўғи юксалгач, бу юрт эли ўзбек деб аталди ...”

 

Абулғози (1642–1663): “Ўзбекхон исломни қабул қилгач, барча унинг Жўлжи элини ўзбек эли деб атай бошлашди. Қиёматгача бу эл шундай номда қолажак”.

 

Арман Вамбери: “Туркий халқ” асаридан: “...Агар Ўзбекхонни эсласак, “ўзбек” номининг негизи бизга анча яхши тушунарли бўлади... Хулоса қилиб айтганда XIV-XV асрларда “ўзбек” деганда мусулмон динига ўтган турклар тушунилган ва шу ном билан улар бошқа, эски динга садоқатли бўлиб қолган турклардан фарқ қилганлар”.

 

Шермуҳаммад Муниснинг “Фирдавсул иқбол” асаридан: “Ўзбекхон ибн Тўғрулхон ибн Мангухон ... мулкни забт қилди ва ҳар кимнинг мартабасиға кўра ҳурмат қилди. Ва ҳар кишининг қадриға лойиқ инъом берди. Ва тамомати элу улусини дини исломға таклиф қилиб, барча ул соҳиби давлатнинг шарофатидин шарафи исломға мушарраф бўлдилар. Ва ҳукм қилдиким, “...Мусулмон бўлғон элни отим била атасунлар”. Мундин сўнг Жўлжи элини “ўзбек” эли дедилар, то қиёматғача ҳам айтғусудурлар”.

 

Эркин МУСУЛМОНОВ,

Самарқанд давлат чет тиллари институти профессори,

филология фанлари доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17366
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//