Хитой ва Турон тарихи ва мифларидаги ўхшашликлар


Сақлаш
11:46 / 18.07.2025 14 0

Филология фанлари доктори Эркин Мусурмонов билан суҳбат

 

– Эркин ака, Ялангтўш Баҳодирнинг миллатимизга қайтадан таништирилишига салмоқли ҳисса қўшдингиз. Аслида бу ҳақда анчадан бери мақолалар эълон қилардингиз. Ялангтўш Баҳодир ҳақидаги маълумотларга дастлаб қаерда дуч келгансиз?

 

– Биринчи марта Ялангтўш Баҳодир ҳақидаги маълумотларга юртимизда эмас, илмий изланишлар чоғи Хитойда дуч келдим. XVII асрда Хитой доимий равишда Жунғор ва Ёркент хонлиги билан муносабатда бўлган. Жунғор султонлари эса кўп марта Дашти қипчоққа, у ердаги туркий қавмлар устига юриш қилган. Хитой манбаларида Жунғор қўшинига қарши жиддий курашган саркарда Самарқанд ҳукмдори, аштархонийлар амири Ялангтўш Баҳодир экани ёзиб қолдирилган. Ўша манбалар Ялангтўш Баҳодир шахсиятига аниқлик киритиб, бадиий фильм сюжети яратилишига ҳам сабаб бўлди.

 

Буюк ипак йўли тарихи билан боғлиқ воқеалар, хитой фолклори, адабиёти ва маданияти бўйича изланганингизда халқимизга оид яна қандай нотаниш, қизиқарли маълумотлар топдингиз?

 

– Хитойликлар қадимда бизнинг юртни Ғарб деб ҳисоблаган. Уни сеҳрли диёр дейишган ва бу ерларга қизиқишган. Хан императори Ханвуди (рус манбаларида У-Ди, милоддан аввалги 156–87-йиллар) хунлар яшайдиган ўлкалар ҳақида маълумот йиғиш, улар билан алоқа ўрнатиш мақсадида милоддан олдинги 138 йилдаёқ дипломат ва сайёҳ Чжанг Тянга юз кишини қўшиб, Довон (Фарғона) юртига юборади ва шу билан кейинчалик Европада Буюк ипак йўли номи билан машҳур бўлган карвон йўлига асос солинади.

 

Элчи император Ханвудига Фарғонанинг тенгсиз учқур арғумоқлари ҳақида “Довон ўлкасида улкан тоғлар бор. У тоғларда кезиб юрувчи осмон отларини тутиб олишнинг сира имкони йўқ. Улардан насл олиш учун маҳаллий эл чибор байталларини тоғ ёнбағирларига қўйиб юборади. Чатишишдан пайдо бўлган тенгсиз арғумоқлар қон билан терлаш хусусиятига эга, шунинг учун улар самовий тулпор ҳисобланади” деган маълумотни юборади.

 

Чжанг Тян юртимиз ҳақида ёзар экан, уни катта-кичик етмиш шаҳар ва қўрғонга эга бўлган, тотлиликда тенгсиз гуруч ва буғдой экиладиган, асалдек узум, энг муҳими, самовий отлар боқиладиган ниҳоятда гуллаб-яшнаган ўлка деб эътироф этади.

 

Шунингдек, Чжанг Тян Канцзюе (Хоразм) ва унинг жанговар эллари, Усун (ҳозирги Еттисой, Самарқанд, Бухоро, Тошкент) улуси, Бақтрия, Парфиёна, Тенгритоғ (Тяншан) ва Помир тоғ тизмалари, Инжу (Сирдарё) ва Ўкуз (Амударё) дарёлари, Орол денгизи ҳақида императорга маълумот етказади. Хитой императорининг кўрсатмасига кўра Чжанг Тян иккинчи марта милоддан олдинги 118 ва 115-йиллар орасида яна бир бор қадимги Ўзбекистон ҳудудига келади.

 

Чжанг Тяндан кейин хитойликларнинг юртимизга муҳим сафарларидан бири Танг даври алломаси, будда роҳиби, сайёҳ дарвеш Сюанцзангнинг (рус манбаларида Сюанцзан, 602 – 664) саёҳати бўлди. Сюанцзангнинг Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Термизга келиши бежиз эмас. Манбаларга кўра Будда таълимоти қадимги Хитойга I асрда бизнинг юртимиз орқали кириб борган. Сюанцзангнинг “Буюк Танг даврида Ғарбга саёҳат” номли битиклари Ўрта ва Жанубий Осиё бўйлаб ўн етти йиллик сафар ҳақидаги эсдаликлар бўлиб, унда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги эллар ҳақида қизиқ ва ниҳоятда муҳим маълумотлар келтирилган.

 

Бундан ташқари, икки халқ мифологияси орасида ҳам ўхшашликлар кўплигини кўриш мумкин. Бундай мифлар сирасига, хусусан, космогоник, календар, қаҳрамонлик, астрал, ҳайвон ва махлуқлар ҳақидаги асотирлар мансуб. Пангу ва Тенгри, Нуйва ва Умай она, Ғарб маликаси Сивангму ва Эрлик, аждарҳо ва от, бўри, мерган Йи ва Алпомиш каби хитой-ўзбек мифологик персонажлари жуда ўхшаш, айримлари бир генезисга эга.

 

Сизнинг ўзбек қалпоғи ва хитойларнинг Ин ва Янг тушунчалари ўртасида боғлиқлик борлиги ҳақидаги қарашларингиз ҳам жуда ажойиб топилма. Ота-боболаримиз ҳеч бир рамзни беҳикмат қўлламаган. Бунга ҳатто хитойликлар ҳам тан берган экан-да...

 

– Шундай. Конфуцийликнинг беш китоби таркибига кирувчи мўътабар манба “Ижинг” – “Эврилишлар” китобида (мил. ол. VIII-VII асрлар) оламнинг пайдо бўлиши беш бош унсур – тупроқ, оғоч, темир, олов ва сувнинг ўзаро муносабатига боғлиқ деб изоҳланади. Инсон, табиат ва борлиқ бир бутунликда кўрсатилади. Бу жараён Янг ва Ин қарама-қаршилиги, саккиз триграмма (кўк, тоғ, олов, шамол ва дарахт, сув ҳавзаси, тупроқ, чақмоқ, сув) ва уларнинг муносабатидан ҳосил бўладиган олтмиш тўрт гексограмма формуласи асосида талқин қилинади. Гексограмманинг тўғри чизиғи – эркак ибтидоси Янгни, узилган чизиқ эса аёл ибтидоси – Инни билдиради. Янг доирадаги оқ, Ин эса қора аждаҳоча кўринишида (биздаги оқ дев, қора дев каби) тасвирланган (1-расм).

 

 

Ин-Янг, саккиз триграмма ва ўзбек дўпписи

 

Дао таълимотига кўра, бутун олам икки қарама-қарши – “Ин-Янг” ёки ўзбекча айтганда, оқ ва қора кучлар ўртасидаги курашга асосланади. Қутблар ўртасидаги доимий кураш бир-бирини таъқиб этувчи аждаҳочаларга ўхшаш оқ (янг) ва қора (ин) рангли шаклларда ва бутун борлиқнинг қурилишини акс эттирувчи триграмма – горизонтал уч қаторли чизиқчаларда акс этган. Унинг моҳиятини кун ва тун, қуёш ва ой, осмон ва ер, иссиқ ва совуқ, тоқ ва жуфт, эркак ва аёл каби тушунчалар ўртасидаги муносабатда кўришимиз мумкин. “Бир-бирининг кетидан қувиб юрувчи аждаҳочалар” ва уч кетма-кет чизиқчаларнинг турли кўринишлари шарқликларнинг деярли барча фалсафий рамзларида, табобати, санъати, кийимларида акс этиб, бу нарсани улар узоқ умр кўришнинг, иқтисодий тараққиёт, бой ва бахтли яшаши, уйғунлик ва гармониянинг сабабларидан бири деб билишади. Бу тушунчалар Жанубий Корея байроғида, энг қизиқ томони, ўзбекнинг миллий бош кийими – қалпоқ нақшларида ҳам ўз аксини топган!

 

Фарқи шуки, ўзбек қалпоғи тепа қисмида фақат эзгулик – Янг тимсолининг андозаси туширилган. Бу эзгулик энергиясининг тўрт томонга тўрт баробар куч билан ёйилиб туришини билдиради. Борлиқни акс эттирувчи уч қаторли чизиқчалар эса қалпоқнинг тўрт ёнбошида тўрт мартадан тасвирланган. Яъни, қалпоғимизда олам диалектикасининг рамзлари ўз аксини топган.

 

Дао фалсафасига “аждаҳочалар” рамзини ҳадя қилган буддавийлик таълимоти қадимги Хитойга Турондан саёҳатчилар орқали етиб борган. Гарчи бу таълимот Ҳиндистонда пайдо бўлган эса-да, унинг негизлари юртимизда ҳам бўлган. Шу маънода, хитой, япон ва карис халқларининг диний-тарихий ва фалсафий тушунчаларига қадимги Туронда яшаган халқлар дунёқараши асос бўлган десак адашмаймиз.

 

Изланишларимиз натижасида Самарқанддан Хитойга гладиатор жангчи сифатида бориб қолиб, кейинчалик у ерда император бўлган Ан Лушан (Кан Ялошан, Алп Арслон); қадимги Мисрда туркий давлат тузган мамлук султонлари Сайфиддин Қутуз ва Бийбарс Бундуқтарий; Хитойга ном берган киданлар (қорахитойлар); Хитойда буддавийлик илмини ёйган улуғ аллома Кан Сэн Хуэй (220 йилда туғилган); Хитой императорининг армонига айланган аждодлари самарқандлик малика Ипархон ҳақидаги тадқиқотларимиз эълон қилинди.

 

“Хитой” атамаси Хитойда “Ляо” (ёки “Буюк Ляо”, маъноси – “Темир хонлик”) деб аталган йирик ва кучли давлат (916–1124) тузиб, 200 йилдан ортиқ  ҳукмронлик қилган кидан эли номидан келиб чиққан. Кидан хонлиги 916–926-йиллар орасида Кунботар Манжурия, Бохай подшолиги, уйғур хoқонлиги, Хитойнинг шарқий ва шимолий ерлари ҳисобига ҳудудини кенгайтиради. Ўша пайтдаги Хитой давлати Уюэ (893–978), Шимолий Танг (937–975), карис хонлиги Кўкурё (918–1392), Тибет, тангут давлати Кунботар Ся (982–1227) Ляо хонлигининг вассали эди.

 

 

Киданларнинг Ляо империяси ҳудуди

 

Бир сўз билан айтганда, Кидан хонлиги Шарқий Осиёда энг қудратли давлат бўлган. Аммо 1125 йилдан бошлаб киданлардан омад юз ўгира бошлайди. Шу йили Ляо империясига тобе бўлган журжанглар қўзғолон кўтаради. Сонг империяси уларга ёрдам беради ва мағлубиятга учраган киданларнинг катта қисми Турон ҳудудларига сиқиб чиқарилади. Шу билан Ляо давлати таназзулга юз тутади.

 

Киданлар Марказий Осиёга куч ва қўшин тўплаб, Хитойдаги хонлигини қайтариб олмоқ мақсадида келишган. 1137 йилдан бошлаб киданлар қорахонийлар ерларини ишғол эта бошлайди. 1141 йил 9 сентябрь куни Самарқанд ёнидаги Катавон (Қатағон) чўлида киданлар билан Султон Санжар қўмондонлик қилган қорахонийлар ва салжуқийларнинг бирлашган қўшини ўртасида катта жанг бўлади. Киданлар бу жангда ғалаба қозонади ва янги Қорахитойлар хоқонлиги – Ғарбий Ляо (1125–1211) давлатини тузиб, Туронда муқим бўлишади.

 

Кидан элининг Самарқанд топонимикасида ўрни катта: Каттақўрғонда киданлар яшаган жойлардан бирининг номи – Кадан. Булунғурда Килдан, Ғаллаоролда Хитойюз, Жомбойда Қорахитой қишлоқлари бор. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам бу элга алоқадор кўплаб жой номлари учрайди. Бунга Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Қорахитой шаҳарчасини, Қашқадарё вилояти Касби, Муборак, Косон туманларидаги Қорахитой, Шаҳрисабздаги Хитой қишлоқларини, Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги Наймановул, Наймантўба, Хоразмнинг Боғот ва Шовот туманидаги Хитой қишлоқларини, шунингдек, хитойнайман, ағрон, саройнайман, қоранайман каби қўрғон-қишлоқларни ҳам мисол тариқасида келтирсак бўлади.

 

Нафақат Ялангтўш Баҳодир, фикримча, Самарқанд билан тақдири боғлиқ бўлган Турон хоқони Алп Эр Тўнга, юқорида номи тилга олинган Ан Лушан, киданлар тарихини, аждодлари асли самарқандлик бўлиб, ҳозир Хитойда яшаётган солор халқи тарихини, Самарқандда яшаб ўтган улуғ ижодкор Аҳмад Югнакий (XII аср, Самарқанд, Югнак қишлоғи – XIII асрнинг биринчи ярми), XVIII асрнинг сўнгги чорагида Самарқандда ҳукмронлик қилган ва шаҳарни қайта тиклаган Шоҳмурод ибн Дониёлбий (1749 – 1800) каби улуғ шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳам ўрганиб, халқимизга ҳавола қилишимиз манфаатли бўларди.

 

– Тадқиқотларингизда хитой ва ўзбек мумтоз адабиётидаги айрим рамз ва тимсоллар, мифологик тушунчаларнинг уйғунлиги ҳақидаги фикрлар бор. Навоий “Хамса”сида Хитой подшосининг ўғли Фарҳод тамомила янгича образ сифатида намоён бўлгани ёки “Садди Искандарий” достонида Буюк хитой деворининг ўзига хос рамзга айлантирилгани...

 

Лайли ва Мажнун” достонидаги Лайлининг энг қадимги прототипи шумер мифологиясидаги Лилит (Лолита) тимсолида кўринади. Лилит (тун) шумер мифологиясида Одам Атонинг Момо Ҳаводан олдинги биринчи аёли бўлиб, у Одам Ато билан бир кунда яралган деб  ривоят қилинади.

 

Хамса арабча  خمسة  (сомий тилларида  חמסה) сўз бўлиб, “беш” маъносини англатади. У нафақат адабий жанр, балки яҳудий ва араб халқлари мифологиясида беш бармоқли олақон (кафт-панжа) шаклидаги тумор бўлиб, “Мириам олақони”, “Фотима олақони”, шунингдек, “Илоҳ олақони” деб номланади.

 

 

Хамса-бармоқли олақон (панжа)

 

Яҳудийлар тушунчасида “хамса” – Довуд пайғамбарнинг олти қиррали  юлдузидан кейин энг машҳур бўлган яҳудийлик белгиси саналади. Уларнинг талқинида “хамса” моҳиятида қуйидагилар тушунилган:

 

1. Мириям панжаси. Яқин Шарқ мамлакатлари орасида Фотима панжаси деган ибора ва тушунча кенг ёйилган. Мусо пайғамбар ва унинг акаси Ҳоруннинг синглиси бўлган Мириямнинг панжаси билан боғлиқ тушунча ҳам бор. Яҳудийлар орасида Исроил қавми денгизнинг нарига томонига ўтганда Мириям оломон орасидан чиқиб, Яратганга ҳамдлар айтган ва Исроил халқи халоскори бўлган деб талқин қилинган.

 

2. Тавротнинг беш китоби. Беш бармоқ Тавротнинг беш китобини ёки худони англаш учун мусовийлар ҳис қилиши керак бўлган беш ҳиссиётни билдиради. Археологик маълумотларга кўра, ерга йўналтирилган хамса тумор шаклида монотеистик динларга амал қилинишидан олдин ҳам қўлланган. Кўз тегишидан сақловчи мазкур тимсол – ўнг очиқ кафт дастлаб Месопотамия туморларидаги “Инанна қўли” (ёки “Иштар қўли”), Mano Pantea ва Будда туморларида мавжуд бўлган.

 

Араб мифологиясидаги “хамса” – беш бармоқли олақон “Фотима қўли” деб аталган. Унинг ҳар бармоғи пайғамбар оиласига мансуб бўлганларнинг бирини англатади: бош бармоқ Муҳаммад(с.а.в.)ни, иккинчи бармоқ Фотимани, учинчиси имом Алини, тўртинчиси имом Ҳасанни, бешинчи бармоқ имом Ҳусайнни билдирган.

 

Шунингдек, ровийлар келтиришларича, беш бармоқ диннинг беш устунини – иймон, рўза, ҳаж, намоз ва закотни ҳам англатган.

 

Алишер Навоий:

 

“Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, 

Низомий панжасига панжа урмоқ”

 

деганида шу каби сакрал маъноларни ҳам назарда тутган бўлиши мумкин.

 

Қизиқ томони, қадимги Хитойда ҳам шунга ўхшаш тушунча ва адабий анъана бўлган. Хитойда вужудга келган “Бешлик” (, Wǔjīng; Беш китоб; сўзма-сўз – “беш асос”) фалсафий-адабий тушунчаси конфуцийлик таълимотида, кейинчалик беш мумтоз роман моҳиятида маълум маънода акс этди.

 

Конфуцийлик қонун-қоидаларининг “Бешлик” туркуми – “Вужинг”га қуйидагилар мансуб:

 

Ижинг  эврилишлар китоби, каромат қилишнинг ўзига хос тизими талқинига бағишланган китоб. Кейинчалик “Ўн қанот асари сирасидаги тафсирлар билан бойитилган;

 

Шижинг” – қўшиқлар китоби;

 

Шужинг” – тарих китоби. Хитой элининг вужудга келиши ва қадимги тарихи ҳақида саж шаклида ёзилган эпик асар;

 

Лицзи” – маросимлар китоби. Ҳукмронлик ва бошқарувнинг мукаммал тизимига оид қайдлар ижтимоий муносабатларни, урф-одат маросимларини тартибга солиш, конфуцийлик талабларидаги энг мукаммал деб билинган қадимги хонлар бошқарув тизими, қадимги тақвим ҳақидаги йўриқнома;

 

Чунцю” – баҳор ва куз. Лу амирлигининг солномаси. Гарчи асар шахсан Конфуций маълумотлари асосида ёзилган дейилса-да, манбанинг сўнгидаги ҳодисалар алломанинг ўлимидан кейин юз берган. Асар воқеалар баёнидан кўра кўпроқ уларга конфуцийлик ахлоқ сиёсати томонидан берилган баҳо, муносабатга бағишланган.

 

Хитой мумтоз фалсафасидаги беш унсур тушунчасига мувофиқ Конфуций эътиқодли инсоннинг қуйидаги беш қоидасини ишлаб чиққан эди:

 

1. Жэн (仁) – “инсон аввали”, “инсонсеварлик”, “раҳмдиллик”. Жэнга амал қилиш – инсонларга меҳрибонлик ва муҳаббатда бўлиш. Бу хусусиятлар ҳайвонга хос сифатлар – ёввойилик, ифлослик ва шафқатсизликка терс бўлиб, шу билан инсонни ҳайвондан мукаррам қилади. Жэн тимсоли – дарахт.

 

2. И ( []) – “ҳақиқат”, “адолат”. Ҳар қандай яхшилик мутаносиб тарзда яхшиликни яратади. Инсон улғайтиргани учун ота-онасини эъзозлаши, қадрлаши керак. Ининг тескариси худбинликдир. Қадим хитой мақолида “Комил инсон Ини излайди, тубан киши – фойдани” дейилади. Ининг тимсоли – темир.

 

3. Ли ( []) – “анъана”, “одат”. Аждодлар анъанасига садоқат, ота-онага ҳурмат. Кенг маънода Ли жамиятдаги эзгу одатларни (биздаги оқсоқоллар, маҳалла институтлари фаолияти сингари) сақлаш ва уларга амал қилиш. Лининг тимсоли – олов.

 

4. Чжи (– соғлом ақл, тиниқ тафаккур – маълум фаолиятнинг оқибатларини тўғри илғай билиш ва уларга четдан назар солиш. Аҳмоқликнинг тескариси. Чжининг тимсоли – сув.

 

5. Син (– самимийлик, яхши тилак, инсофлилик. Синнинг тимсоли – ер.

 

Конфуцийнинг бу беш қоидаси ва у бошлаб берган “Беш китоб” (“Вужинг”) анъанаси хитой адабиётига сингиб кетган.

 

Хитой адабиёти ва умуман санъати, маданиятида муҳим ўрин тутган мазкур беш ўзак доимий ҳаракатда ва муносабатда бўлади: сув – дарахтни, ёғоч – оловни, ўт – тупроқни, ер – металлни, темир – сувни яратади ва, аксинча, сув оловни ўчиради, олов металлни эритади, металл дарахтни емиради, тупроқ сувни кўмади.

 

 

Беш унсур ва уларнинг муносабатлари (Беш ўзак ва уч доира: биринчи айлана тўсиқни енгиш йўналиши, иккинчи айлана яратувчилик ҳаракати, учинчиси ҳаракатни сўндириш)

 

Юқорида келтирилган хитой ва семит фолклоридаги “Бешлик”лар қисман “Хамса” жанридаги асарлар шакли ва мазмунида, қаҳрамонлар моҳиятида ҳам кўринган.

 

Дарҳақиқат, Алишер Навоий “Хамса” асарида Хитой (Чин) мавзусига алоҳида эътибор қаратади. “Хамса”нинг айрим достонлари бош қаҳрамонлари – Фарҳод, Дилором, уларнинг тақдирида муҳим ўрин тутган Моний ва турли тоифадаги Чин гўзаллари ватани бежиз Хитой деб келтирилмайди. Моний Алишер Навоийнинг “Хамса”сига кирган “Фарҳод ва Ширин”, “Сабъаи сайёр” достонларидаги хитой санъаткорлари билан боғлиқ бадиий лавҳаларда талқин қилинади.

 

Алишер Навоий лирик девонларида ҳам Хитой – Чин билан боғлиқ “наққоши Чин”, “мушки Чин”, “нигорхонайи Чин”, “Чин луъбати”, “Чин кийиги”, “Чини зулф” каби кўплаб ибора ва ташбеҳларни келтирганлиги маълум.

 

“Ҳайратул-аброр” достонида Чин (Хитой) билан боғлиқ сўзлар ўн саккиз марта, “Фарҳод ва Ширин” достонида Хитой (Хито) ўн саккиз, Чин саксон олти, Хўтан тўрт марта, жами бир юз саккиз марта ишлатилган.

 

Алишер Навоий хамсанавислик анъанасига ўзгартириш киритиб, асар бош қаҳрамонини Хитой ўлкасидан танлайди ва бу юртга муносабати яқинлигини кўрсатгандек бўлади.

 

Нилуфар ҲАЙИТОВА суҳбатлашди.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 2-сон.

Сеҳрли диёрнинг самовий тулпорлари” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19373
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//