
Шарқу ғарб мутафаккирлари азалдан маънавият ва маърифат, тарбия масаласига алоҳида муносабатда бўлиб келган. Инсон мавқеи иқтисодий имконияти билан эмас, ўзни англаш, келтирадиган ижтимоий фойдаси билан ўлчанган. Бугунги дунёнинг глобаллашуви, қадриятлар трансформациясидаги ўзгаришлар, одамлар тафаккуридаги эврилишлар, давлатлар ва халқлар манфаатлари тўқнашуви эса инсониятдан ўз тақдири учун қаттиқ курашишни талаб қилмоқда.
Халқимиз Ўзбекистонни тараққий эттириш жараёнида иқтисодий, сиёсий, маданий-маърифий жабҳаларда улкан ютуқларга эришиб келаяпти. Маънавий муҳит барқарорлашиб, юртимиз қиёфаси йилдан-йилга яхшиланиб, обод қишлоқ ва шаҳарларимиз сони ортмоқда. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам борки, ким ютуқлардан қониқиб, фақат мақтовларга учиб яшаса ривожланишдан тўхтайди.
Ҳозир сиёсатлар, манфаатлар, қарашлар эволюцион эмас, инқилобий тусда ўзгариб бормоқда. Бешафқат жаҳоний жараёнлар, сиёсий-мафкуравий курашлар, давлатлараро, минтақалараро, цивилизациялараро келишмовчиликлар жаҳонни жар ёқасига олиб келиб қўйди. Кўп жойларда тинчлик деган муқаддас қадрият анча омонат бўлиб қолди. Бундай вазиятда воқеа-ҳодисалардан четда турмаслик ҳар кимнинг одамийлик бурчидир.
Замон ўзгариши, инновацион тараққиёт туфайли эҳтиёжларимиз ҳам кенгайиб бормоқда. Мамлакатимизда аҳоли сони ошгани ҳолда ер ости ва усти бойликларимиз кўпайиб қолгани йўқ. Сув ресурсларимиз ҳажми, тақсимланиши ва сарфланишида муаммолар бўй кўрсатмоқда. Оқибатда имкониятлар ва эҳтиёжлар ўртасида номутаносиблик яққол сезилаяпти. Бунинг устига глобаллашув даврида қадриятларнинг қадрсизланаётгани, ахлоқий тамойилларимизнинг емирилаётгани, оила институтига путур етаётгани ачинарли. Бу муаммоларга ҳар биримиз теран ақл, ўткир кўз билан қарашимиз замон талаби, айни пайтда ўзбекнинг зиммасидаги улкан бурч.
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “курашмоқ” сўзига бирор нарсага эришиш, мақсадни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилиш, фаолият кўрсатиш, тиришиш дея изоҳ берилган. “Курашчи” сўзи ўз мақсади йўлида фаол ҳаракат қиладиган, монелик қилувчи ғояларни енгиш учун ҳатто жанг қилишга тайёр шахс сифатида таърифланган. “Курашувчи” мустаҳкам ғоясига эга, ижтимоий фаол шахс. Шу кунлардаги муваффақиятларимиз ана шундай кишилар сабабли деб биламан.
Афсуски, орамизда замон шиддатини сезмаётган, эскича фикрлаш тарзидан қутула олмаётган, фақат ҳаловатини ўйлайдиган миллатдошларимиз кам эмас. Уларга курашувчанлик кайфияти етишмаяпти. Кимнидир жисмоний жиҳатдан маҳв этишимиз, кимдандир ақл-фаросат бобида кучлироқ, бировдан тарбия нуқтаи назаридан эслироқ бўлишимиз мумкин. Аммо ўзимизни енга олмаслигимиз, ўзимиз билан курашда енгилишимиз, тафаккурдаги ҳафсаласизлигимиз, маънавий ҳаётдаги мудроқлигимиз, шахсий ҳаётни жамият ижтимоий мўлжали билан уйғунлаштиришдаги нўноқлигимиз энг катта камчиликларимиздан бири. Арастунинг қуйидаги гаплари жуда ўринли: “Истакларини енга олганлар букилмас инсонлардир. Ўзини мағлуб эта олганлар жасур ва мардонадирлар”.
Алломалар доимо башариятнинг моҳиятини англаш йўлида заҳмат чеккан. Бироқ ҳозиргача инсоннинг асосий моҳияти нимадан иборатлигини англатувчи умумэътироф этилган мукаммал тушунча йўқ. Баъзилар уни инсоннинг эркинликка интилишида кўрса, бошқалар комиллик сари ҳаракат қилиш деб тушунади. Гёте эса “Мен одам эдим, одам демак – курашчи демак” дея инсон моҳиятини курашларда тобланишида кўради.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк зотлар инсоннинг ўзи билан курашишини нафс масаласида кўради. Абу Наср Форобийнинг қуйидаги фикрлари ҳамон долзарблигини йўқотган эмас: “Инсон нафсига (руҳига) худди унинг вужудига ўхшаш соғлиқ ва хасталик ҳам хосдир. Нафснинг соғломлиги шунда ифодаланадики, унинг ички ҳолати ва турли қисмлари ўртасида уйғунлик вужудга келади. Бунинг натижасида инсон доимо фазилатли, олийжаноб ишларни қилади ва гўзал хулқлар соҳиби бўла олади. Нафснинг (руҳнинг) хасталиги шунда ифодаланадики, нафснинг ички ҳолати ва қисмлари ўртасида мувозанат бузилган бўлади, шу туфайли одам доим разил ишларни, хунук ҳаракатларни қилишга одатланиб қолади”.
Абу Райҳон Беруний шундай таърифлайди: “Нафс балоси инсонни турли иллатлар – очкўзлик, молпарастлик, шуҳратпарастлик билан хасталаштиради. Буларнинг бари одамларда бойликка ҳирс, куч ва ҳокимиятга иштиёқ кайфиятини келтириб чиқаради. Нафснинг бузилиши ва унда турли иллатларнинг ақл устидан ҳукмронлиги кишиларнинг ўзаро муносабатларида рақобат ва тортишувларни, душманлик, нафрат, ҳасад туйғуларини, мунофиқлик ва вафосизликни келтириб чиқаради. Бундай иллатларнинг пайдо бўлиши билан кишиларнинг бир-бирига ҳурмати ва меҳри йўқолади, юраклари дағаллашади, нодонлик ва ёвузлик, разолат ва адолатсизлик қила бошлайдилар”.
Абу Ҳомид Ғаззолий нафсни энг катта бало сифатида кўради. “Эй инсон, – дейди аллома, – билиб қўйки, доим ёмонликни хоҳлаб турувчи нафс сенга шайтондан ҳам хавфлироқ душмандир. Шайтон нафснинг ҳойу ҳаваси сабабли бўйнингга миниб олиб, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштиради”.
Унутмаслик керак, мустабид тузум ва нодемократик давлатларда инсоннинг фаолияти бошқарилади, турли манипуляция йўллари билан тафаккур тарзи, ғоявий-мафкуравий таълимотлар асосида бўйсунувчанлик кайфияти шакллантирилади, янги ташаббуслар билан чиқишларига тўсиқлар қўйилади.
Мамлакатимизда демократик давлат қуришга эришиш учун шаффоф муҳит яратилган. Мавжуд шароитга қарамасдан иллатлар ботқоғидан қутула олмаётган, нафс балосини фаолиятидаги асосий мезонга айлантираётган ватандошларимиз йўқ эмас. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда деярли ҳар куни бундай қармоққа илинаётган, халқ ва давлат мулкини талон-тарож қилаётганлар тўғрисида маълумот бериб борилса-да, нафс қулига айланган кимсалар тобора урчиб бораяпти. Бунинг асосий сабаби ҳам одамларимизда ўзи билан курашиш маънавиятининг етишмаслигидир.
Миллий қадриятларимиз доим бало-қазолардан асраб келган, ижтимоий мавжудликка куч берган, унинг уят, ор-номус, андиша каби сифатлари жамиятдан бегоналашувимизга тўсиқ бўлган. Қонунлардан қўрқиш эмас, уларнинг фаолиятимизни тартибга соладиган омил эканини англаш керак. Шундагина турли иллатларни, бефарқликни енга оламиз.
Курашмаслик ҳамиша муваффақиятсизликка олиб келади. Бу одамни мустақил фикрига эга бўлмаган, ҳиссиёт қули бўлган кишига айлантиради. Фақат ҳиссиётга суяниш тўғри эмас, ақл ва ҳиссиёт уйғунлигига эришмоқ даркор.
Инсон ўзи билан курашиши осон эмас. Аввало дангасаликни бартараф этиши лозим. Баъзан суҳбатларда “секин-секин”, “аста-аста”, “ишга бориб-келиб турибмиз”, “қимирлаб турибмиз” каби сўзлар қулоққа чалинади. Бундай одамларнинг мақсади “амаллаб кунини ўтказиш”дан бўлак нарса эмас. Аҳд қилиш, жаҳд қилиш ва собитқадамлик инсонга ўзини енгиш учун куч беради.
Бекорчи одам нафақат жисмоний, айни пайтда тафаккурда, муносабатларда ҳам ҳаракатсиз. У янги ғояларга муҳтож эмас, ҳатто ўз турмуш тарзини ўзгартириш, янгилик киритишни ҳам ўйлаб кўрмайди. У бир ўлик кабидир дейиш мумкин.
Ҳусайн Воиз Кошифий курашга киришиш учун аввало аҳд қилиш, кўнгил хоҳлаган эзгу иш устида маҳкам туриш лозимлигини қайд этади. Аҳд мурод ва мақсадлар карвонининг бошловчиси, мушкулотларнинг ҳал қилувчисидир. Аллома “жид”нинг маъносини мақсадларга етиш учун кўнгилда янги ният қилишда кўради. “Жаҳд” эса шу ниятга етиш учун қаттиқ ҳаракат қилишдир. Одамнинг ҳиммати қанча улуғ бўлса, мақсадга етиш жидду жаҳди шунча кучли бўлади.
Ўзини енгишга киришган ҳар бир инсондан собитқадам бўлиш талаб этилади. Азми қатъийликдан мурод кўзланган иш сари дадил қадам қўйиш, охирига етмагунча воз кечмаслик, халал берадиган тўсиқларни енгишда маҳкам туришдир.
Курашиш – тўсиқларни енгиш, ўзини қийнаш, мақсад сари интилиш, ҳаракат, фидойилик кўрсатиш, жамиятга фойдали амаллар қилишга ўзини сафарбар этишдир. Агар жамият олдидаги масъулиятни сезмас эканмиз, ўзимиз билан курашга чиқишимиз амримаҳол. Одам табиатан эркин эканига қарамай, шахсий ҳаёти бутун жамият, бошқалар олдидаги масъулият билан узвий боғлиқ.
Масъулият маънавият нуқтаи назаридан ёндашилганда бурч, ижтимоий маънода жамият ва бошқалар олдидаги маънавий қарздорлик, жамоатчилик назоратининг намоён бўлиши, ҳуқуқий ёндашувда эса асосан юридик жавобгарликни англатадиган серқирра категориядир. Инсоннинг ўзини енгиши ўзида мавжуд бўлган қўрқувни бартараф этишни талаб этади. Ички қўрқув ҳисси ўзимиз ва жамият олдидаги масъулиятимизга муносабатимизни муайян чегарада ушлаб туришни талаб этади.
Афсуски, ҳали орамизда жамиятнинг очиқлиги, ўз фикрини бемалол билдиришдан иборат ижтимоий-маънавий муҳит яратилганига қарамасдан ички қўрқув ҳиссидан қутула олмаётган юртдошларимиз йўқ эмас. Қўрқув ҳисси инсонни фаол ҳаракат қилишга, янгилик яратишга, ўз ғоясига эга бўлишга монелик қилади. Бекорга буюк ватандошимиз Маҳмуд Замахшарий “Қўрқувга мубтало бўлган киши (офтоб тиғидан пана излагани каби) фақат қочишдан нажот излайди” деб уқтирмаган.
Қўрқув ҳисси нималарга олиб келиши ҳақида фикрлашайлик. Бундай тоифадагилар эркинлигини йўқотади, ҳар бир масалада раҳбарининг фикри асосида ишлашга кўникиб қолади. Мустақил фикрига эга бўлмаслик керагидан ортиқ эҳтиёткорликни юзага келтиради. Бундай одам хато қилишдан қўрқади, ўзини янги ишларга сафарбар эта олмайди. Ички қўрқуви ташаббускорликни бўғади, эркин тафаккур қилишга йўл қўймайди. Натижада бундайлар фақат топшириқни бажарувчи, белгиланган режадан “бир қадам ҳам четга чиқмайдиган винтча”га айланиб қолади.
Ички қўрқув туфайли ўзини енга олмайдиган одамда журъатсизлик пайдо бўлади. Журъатсиз одам кўпроқ мағлубиятни ўйлайди. Энг муҳими – мағлубиятга учрамаслик. Ундайлар доимо “суянчиқ” қидиради, тобелик позицияси кучли бўлади.
Қўрқув сабаб ўзи билан курашишдан воз кечганлар эскиликка ёпишиб қолган, моҳиятан консерватор бўладилар. Миллий қадриятларимизни асраб-авайлашда, тарбия тизимимиздаги анъанавийликка амал қилишда, асрлар оша янги мазмун билан бойиб келаётган соф ўзбекона инсонпарварлик, одамгарчилик, юксак ахлоқий тамойиллардагина биз соғлом консерватизмни қўллаб-қувватлаймиз. Бироқ дунё шиддат билан ривожланиб бораётган бир пайтда эскича фикрлаш, “ота-боболаримиз шундай қилиб кам бўлмади-ку” дея қониқиб ўтирадиган бўлсак, кўп нарсани бой берамиз.
Қўрқув касалига дучор бўлганларда курашувчанликка қараганда ҳимоя позицияси кучли бўлади. Инсоннинг моҳияти доим олға юришида, қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишдаги қатъиятида кўринади. Ҳимоя позицияси инсонни ҳаракатсизликка, ишончсизликка олиб боради.
Таҳдидларнинг кўпайиб, манфаатлар курашининг кучайиб бораётгани ҳар биримиздан мамлакат ва миллат келажаги учун ўзни сафарбар этишни талаб қилмоқда. Кўнглимизда юртпарварлик, қатъият, фидойилик, ўзимизни ислоҳ этиш каби сифатларни шакллантира олсак, ўзи билан – ўз нафси билан кураша олиш кучли маънавиятнинг кўриниши эканини англасак, инсон сифатидаги моҳиятимизни ҳам англаган бўламиз.
Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 2-сон.
“Одам демак – курашчи демак” мақоласи
Тарих
Жараён
Тил
Адабиёт
Санъат
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ