Мутахассисларга берилаётган энг оғриқли саволлардан бири – “Қайси имло луғати тўғри?”


Сақлаш
15:55 / 26.09.2024 281 0

Бугунги кунда амалий лексикография шу қадар такомиллашиб кетдики, ҳатто бир турдаги анъанавий (босма) ва замонавий (электрон) луғатнинг сон-саноғини аниқлаб бўлмайдиган даражага етди. Биз илк марта луғат деб билган ва мактабда дастлаб фойдаланган меъёрий луғатнинг бугунги кунда жаҳон ортологиясида бир неча кўринишлари, жумладан, имло луғати, тўғри талаффуз луғати, ёзилиши муаммоли сўзлар луғати, грамматик луғатлар (сўз ясалиши, сўз таркиби, сўз шакллари), лексик бирликлар луғати (изоҳли луғатлар), орфографик, орфоепик, лексик, фразеологик минимумлар ва бошқа кўринишларини учратиш мумкин.

 

Таниқли лексикограф В.В.Дубичинский ХХI асрни Россияда “лексикографиянинг олтин асри” деб номлаган ва бунинг учун етарлича асослар келтирган эди [1: 375]. Шундай бўлса-да, рус лексикографиясининг назарий ва амалий тараққиётида муҳим рол ўйнаган В.А.Козирев ва В.Д.Чернякларнинг “Ортологик луғат ва нутқ маданияти” мақоласи “Сўнгги йилларда нутқий саводхонликка ўргатиш билан боғлиқ луғатлар тақчиллигида ўзига хос “лексикографик портлаш”ни юзага келтирди. Ҳозир китоб жавонларида турли-туман – “катта”, “универсал”, “янги”, “замонавий” каби жумлалар билан ўқувчини жалб қилишга интиладиган саноқсиз имло луғатларини учратиш мумкин. Аммо табиий савол туғилади: уларнинг барчаси ишончлими? Афсуски, бунга “ҳа” деб жавоб бера олмаймиз” [2: 19].

 

 

Модомики, соҳадаги ютуқлари билан жаҳон лексикографиясида муносиб ўрнига эга бўлган тилда имло луғатлари ишончлилигига кафолат йўқ экан, ҳозирги вақтда ўзбек адабий тилининг ҳуқуқий-меъёрий асослари қай даражада мустаҳкам? Ўзбек тилида адабий тилнинг имловий меъёрларини белгилаш, барқарорлаштириш, такомиллаштириш ҳамда коммуникатив компетентликни шакллантириш ва мулоқот маданиятига ўргатишнинг муҳим воситаси, ёзма нутқ илмий меъёрларининг ҳуқуқий асоси ҳисобланган имло луғатларимиз, хусусан, мактаб имло луғатчилиги аҳволи қай даражада? Бу борада қандай муаммоларимиз бор ва унинг илмий, амалий ечимлари нималар билан боғлиқ? Замонавий тилшуносликда ўзбек тили илмий меъёрларининг тил тизими ва унга боғлиқ ҳолда ҳаракатдаги ҳамда тарихий ўзгарувчанлигини ўрганиш юзасидан қандай ишлар амалга ошириляпти? Нутқнинг тўғрилиги ҳақидаги мавжуд назариялар нечоғлик устувор? Шу каби саволларнинг кун тартибига қўйилиши табиий, албатта.

 

Имло луғати адабий расмий тилнинг ёзма шаклидаги барқарорликни таъминлайди, меъёрни белгилайди. У имло қоидасига мос яратилади. Имло қоидаси эса ҳуқуқий асосга эга ва у ҳукумат қарори билан тасдиқланади. Шундан кейин кучга кириб, тузилаётган имло луғатлари учун асос вазифасини ўтайди. Афсус билан айтиш керакки, сўнгги йилларда биз мутахассисларга берилаётган энг оғриқли, энг кўнгилни ғаш қиладиган саволлардан бири – “Қайси имло луғати тўғри?”.

 

Қизиқ, бу қандай савол бўлди? Наҳотки имло луғати бўлади-ю, унинг тўғри-нотўғриси бўлса, дерсиз!

 

Минг афсуски, бу муаммо бор ва ҳанузгача ўз ечимини топгани йўқ. Сўнгги беш-ўн йил ичида турли муаллифлар томонидан йигирмага яқин катта-кичик имло луғатлари нашр этилган. Деярли барчасининг биринчи саҳифасида “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти Илмий кенгаши нашрга тавсия этган” деб ёзиб қўйилган. Уларнинг ҳаммаси амалда, бирортаси расман инкор этилмаган. Юқоридаги каби саволларнинг ўз-ўзидан туғилмаётганини мазкур луғатларда бир неча сўзнинг имлосида келтирилган тафовутлар яққол тасдиқлайди (1-жадвал).

 

Энг кўп мурожаат этилаётган электрон луғатлар, веб-муҳаррир, турли мобил қурилмаларда ишлашга мўлжалланган, матндаги ҳам имловий, ҳам услубий хатоларни тузатиш, саводхон ёзиш учун хизмат қиладиган матн текшируви дастурлари ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Негаки, уларнинг лингвистик таъминоти юқоридаги луғатларга бориб тақалади.

 


 

Имло луғатини хоҳлаган киши, хоҳлаган пайтида қайта-қайта ўзгартириб нашр этаверишга ҳақли эмас! Бу нафақат зиёли қатламни чалғитади, балки ўқиш-ўқитиш ишларига таъсир ўтказади, энг асосийси, миллий тил меъёрларининг қатъийлигига путур етказади. Айни пайтда бир неча имло луғатининг расман амалда экани, юқорида айтилганидек, “Қайси имло луғати тўғри?” деган ғайриодатий саволнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда. Очиғи, ҳозир сентабрми ё сентябрми деган саволга аниқ жавоб бера олмаслигимиз фожиа.

 

Ўзбек адабий тилининг жорий меъёрларини мустаҳкамлаш, ёзма ва оғзаки нутқнинг амалдаги қоидаларини такомиллаштириш вазифасини бажарувчи ортологик воситалар – меъёрий луғатларни тузиш назарияси ва амалиёти билан шуғулланувчи имло луғатчилигимизнинг нақадар аянчли аҳволдалигини аллақандай ҳаваскор луғатчилар тижорий мақсадда нашрга тайёрлаган, савияси ҳаминқадар бўлган луғатлар асосида эмас, республикада меъёрий луғатларни чоп этишга масъул, бу соҳага йўналтирилаётган катта-катта маблағлардан фойдаланиш имкони юқори бўлган, соҳанинг энг етук мутахассислари томонидан тузилган имло луғатлари мисолида асослашга ҳаракат қиламиз.

 

1976 йилда С.И.Иброҳимов раҳбарлигида нашрга тайёрланган кирилл ёзувидаги 65 минг сўзни жамлаган, ўз даври учун академик манба мақомидаги энг сўнгги ва мукаммал манба – “Ўзбек тилининг имло луғати” сўзбошисида қуйидаги жумлаларни ўқиймиз: “Адабий тилнинг имловий нормаларини белгилаш ниҳоятда қийин ва масъулиятли ишдир. Имло масалалари ўзбек тилшунослигида ҳали етарли ишланмаган ва илмий умумлаштирилган эмас. Асар муаллифлари буни тўлиғича ҳис этишади ва луғатда берилган баъзи сўзларнинг имловий шакллари ҳақида бошқачароқ қарашларнинг бўлиши эҳтимоллигини инкор этишмайди” [3: 4-5].

 

Мазкур луғат чоп этилгандан салкам қирқ йил ўтиб, 2013 йилда профессор Н.Маҳмудов таҳрири остида Э.А.Бегматов ва А.П.Мадвалиев муаллифлигида нашр этилган имло луғати сўзбошисида яна айнан шунга ўхшаш жумлалар такрорланади: “Адабий тилнинг имловий меъёрларини белгилаш ғоятда масъулиятли ва қийин ишдир. Ўзбек луғатчилиги тарихида ҳозирга қадар турли типдаги ўнлаб имло луғатлари тузилган бўлса-да, бу тип луғатларни тузишнинг илмий асос ва тамойиллари, луғатга киритиш лозим бўлган материалнинг характери ва таркиби, имло луғатлари билан кундалик ёзув амалиётида юз берадиган тафовутлар ва ушбу асосда имло қоидаларини такомиллаштириб бориш каби кўпгина масалалар ўзбек тилшунослигида ҳали етарли тадқиқ қилинмаган ҳамда назарий асосланмаган (таъкид бизники – Б.Б.)” [4: 4].

 

Орадан яна ўн йил ўтиб, 2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти Илмий кенгаши тавсиясига кўра, Давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти буюртмасига биноан Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан нашр этилган “27 000 дан ортиқ (луғат зарварағида айнан шундай ёзилган!) сўз ва сўз шаклларининг тўғри ёзилиши кўрсатиб берилган” “Ўзбек тилининг ўқув имло луғати” сўзбошисида яна айнан юқоридаги ҳаволани учратамиз: “Адабий тилнинг имловий меъёрларини белгилаш ғоятда масъулиятли ва қийин ишдир. Ўзбек луғатчилиги тарихида ҳозирга қадар турли типдаги ўнлаб имло луғатлари тузилган бўлса-да, бу тип луғатларни тузишнинг илмий асос ва тамойиллари, луғатга киритиш лозим бўлган материалнинг характери ва таркиби, имло луғатлари билан кундалик ёзув амалиётида юз берадиган тафовутлар ва шуларга боғлиқ ҳолда имло қоидаларини такомиллаштириб бориш каби кўпгина масалалар ўзбек тилшунослигида ҳали етарли тадқиқ қилинмаган” [5: 5].

 

Хўш, биз қачонгача ушбу сўзбошиларга таяниб, вазиятдан чиқиб кетаверамиз? Ўзбек тили имло луғатчилиги тарихида энг катта нусхада нашрга тайёрланган, давлат томонидан молиялаштирилган уч луғатда эллик йилдан буён биридан иккинчисига кўчиб юрган сатрларнинг ўзиёқ ўзбек тилида имло луғатчилиги аҳволи қай даражада эканини очиқ-равшан кўрсатмаяптими? Ярим аср ўтиб ҳам бу тип луғатларни тузишнинг илмий асос ва тамойиллари ўзбек тилшунослигида ҳали етарли тадқиқ қилинмаган ҳамда назарий асосланмаган бўлса, имло луғатларида нима айб?! Буни яна қанча кутиш мумкин? Алифбодаги тўртта ҳарфни ўзгартириш устида беш-олти йилдан бери бир қарорга кела олмаётган тилшунослигимиз қачон имлони тартибга солишга диққатини қаратади? Қачон адабий тилнинг ойнаси бўлган ёзма саводхонликни ошириш, антропосентрик парадигманинг асосий тадқиқ омили тил эгаси – инсонни тилдан тўғри фойдаланишга ўргатишга қаратилган ҳақиқий амалий тадқиқотларга йўл очиб берамиз? Муаммонинг ечимлари қаерда?

 

Таъкидлаш керакки, имлога доир асосий муаммолар ўзлашма сўзларнинг ёзилиши доирасида кузатилмоқда. Жорий имло қоидалари бўйича ёзилишида муаммо юзага келаётган аксарият сўзлар асли лотинча бўлиб, рус орфографияси принсиплари асосида ёзилган, ўзбек тилига тўғридан тўғри эмас, воситачи тил – рус тили орқали ўзлашган. Икки ундош ўртасида й орттириладиган сўзларни ёзишда бир принцип асосида ёндашиб бўлмайди. Бу сўзларнинг аксарияти лотинча бўлиб, й сиз ёзилган: алумен, алуминис. Инглизча луғатда алуминиум. Рус тилида алюминий. Ўзбек тилида алуминий шаклини танлаган маъқул. Баъзи сўзлар имлосини белгилашда фонетик хусусиятига ҳам қараш керак. Баъзан уни тушириш сўз этимологиясига таъсир этиши ҳам мумкин: авантюризм – авантуризм.

 

Ўзбек тилининг имло қоидалари тасдиқлангандан сўнг нашр қилинган имло луғатларида [6, 7] нутқимизда фаол ишлатиладиган кўпгина ўзлашма сўзларнинг имлоси белгиланган бўлиб, улар луғат бошида берилган имло қоидаларига мос эди. Айрим сўзлар имлоси талаффуз учун эриш туюлса-да (октябрь/октабр, тюлень/тулен, шляпа/шлапа, этюд/этуд, пляж/плаж, дюйм/дуйм) ўтган давр мобайнида мазкур луғат асосида яратилган дарсликлар, ўқув қўлланмалари, оммавий ахборот воситалари сабаб омма шу шаклга мослаша бошлаган эди. Мазкур луғат айрим камчиликлардан холи бўлмаса ҳам, имлода асосий муаммо келтириб чиқараётган таркибида е, ё, ю, я графемалари иштирок этган сўзлар имлосини белгилашда халқ жонли талаффузини инобатга олган ҳолда битта принсипдан келиб чиқиб ёндашилмаган эди. Масалан, бюро, бюрократ, бюст, гравюра, дворян, компьютер, плёнка сўзлари ва глукоза, алуминий, рукзак, иллузия, сужет, парашут, агглутинатив сўзлари имлосини белгилашда индивидуал ёндашилган эди.

 

Шунингдек, таркибида ц ҳарфи бўлган сўзлар имлосини беришда ҳам талаффуз (фонетик ёзув) ва аслига таянишда (шаклий ёзув) мувозанат сақланган эди: лицей, акция, антициклон каби. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, кейинги имло луғатларида “Имло қоидалари”га қўшимча изоҳнинг берилиши [8] таркибида ц ҳарфи бўлган сўзларни ёзишда бир принципга таянишга олиб келди ва жонли талаффуз ҳамда имло ўртасида номувофиқликни вужудга келтирди: публицистик – publitsistik, процессуал – protsessual, полицмейстер – politsmeyster, плацкарта – platskarta, пацифизм – patsifizm, лейкоцит – leykotsit, классицизм – klassitsizm, коэффициент – koеffitsent, фармацевтика – farmatsevtika, эритроцит – eritrotsit, процент protsent, процессор – protsessor, ациклик – atsiklik, ацетон – atseton, бициклик – bitsiklik, бицилиндр – bitsilindr, гидроцилиндр – gidrotsilindr, гидроцентр – gipotsentr, гомоцентрик – gomotsentrik ва ҳ.к.

 

Abssess, abssissa, ssenariy, ssintigramma, ssuda, krossbriding, krossvord каби сўзларнинг ёзилиши ҳам талаффузга мос эмас. Ҳатто рус орфографиясида ҳам с ва ц ҳарфли сўзларни ёзишда қатъий бир принципга таянилмайди. Ундошларнинг бир бўғинда қатор ёки такрор келиши туркий тилларга хос бўлмагани сабабли abssess (ингл. abscess) каби сўзлардаги такрор қўлланган ундошлар тилимизда бир товуш билан талаффуз қилинади. Мавжуд ўзлашма сўзларда ҳам ундошларнинг такрор қўлланиши, асосан, сўз охирида учрайди: металл, ватт, грамм, кросс, стафилакокк, кристалл каби. 5-синф Она тили дарслигида: “Грамм, металл, конгресс каби сўзлар охирида келган қўш ундошлардан бири талаффузда тушириб қолдирилса ҳам, ёзувда ҳамиша ифодаланади. Бундай ундош билан тугаган сўзларга шундай товуш билан бошланадиган қўшимчалар қўшилганда, қўш ундошнинг бири ёзилмайди: металл+-лар→металлар” [9: 97] тарзида қоидалаштирилади. Шу сабабли сўз охиридагиларини сақлаб қолиб, сўз боши ва ўртаси вариантини бир товуш билан ифодалаш лозим: ssenariy / senariy, ssintigramma / sintigramma, krossbriding / krosbriding, krossvord / krosvord каби. Бундай ҳолатда, бизнингча, умумий битта принципдан келиб чиқиб эмас, ҳар бир сўзнинг имлосига индивидуал ёндашиш мақсадга мувофиқ.

 

Юқоридагилар мустақил давлатнинг расмий тили бўлган она тилимизнинг илмий меъёрларини белгилаб берадиган ягона ва мукаммал имло луғатини яратиш ёки улар ичидан энг маъқулини танлаб расман эълон қилишни талаб этади. Бир пайтда бир неча муаллифларнинг субьектив ёндашуви асосида тузилган имло луғатининг расман амалда бўлиши имлони издан чиқариши табиий.

 

Дунёнинг аксарият ривожланган давлатларида меъёрий луғатлар, айнан орфографик луғатларни тайёрлаш ва чоп этиш ҳукумат назоратидаги стратегик масалалардан ҳисобланади. Масалан, АҚШда луғат қонунчилиги деган тушунча шаклланган бўлиб, ҳозирга қадар С.Жонсон луғати (“A Dictionary of the English Language”, 1755) имло луғатларини яратиш учун меъёрий-ҳуқуқий асос бўлиб келмоқда.

 

С.Жонсон ўз даврида меъёрларни ўзгартириш тарафдори бўлган ягона олим ҳисобланган. “Инглиз тили луғати” сўз бошисида у “Қоида, меъёрсиз натижа самарали бўлади. Инглизлар қатъий меъёрни талаб этади. Тил эса табиатан ўзгарувчан. Уни бир меъёрда ушлаб туриб бўлмайди. Балки меъёрни ўзгартириш керакдир” [10] деган фикрни ўртага ташлайди.

 

АҚШнинг ХIХ асрдаги икки буюк лексикографи Н.Вебстер ва Ж.Э.Ворсестер С.Жонсон луғати асосида ўз фаолиятини бошлайдилар. Гарчи Вебстер кейинчалик С.Жонсон луғатининг айрим меъёрларини ўзгартириш борасида кескин мулоҳазалар билдирган ва имло ислоҳоти ташаббускори сифатида “Universal and Critical Dictionary of the English Language луғатини тузган бўлса-да, С.Жонсон луғатига “у нашр этилгандан буён бу тил учун бундай стандарт бошқа ишлаб чиқилмаган”, деб баҳо беради. Мутахассислар орасида қуйидаги жумла тез-тез ишлатилади: “Америка Конституцияси ўзгартирилмагунча, Жонсоннинг луғати Америка қонунчилигида муҳим рол ўйнайверади” [11].

 

Инглиз тилида айни пайтда бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган имло луғатларининг аксарияти “Баррингтон Стоке” болалар нашриёти томонидан нашр қилинса, мактаб ўқувчилари учун луғатлар, одатда, Оксфорд университети нашриётида “Oxford Dictionaries” сериясида чоп этилади.

 

Луғат қонунчилиги билан боғлиқ ушбу тажриба Россияда ҳам амалда. Россия Таълим ва фан вазирлиги меъёрий луғатларни апробатсиядан ўтказиш ва чоп этиш бўйича ягона тизимни шакллантирган бўлиб, бу вазифа билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган нашриётлар рўйхатини тасдиқлаган. Унга кўра айни пайтда замонавий рус тилидан фойдаланилганда Россия Федерациясининг давлат тили даражасида ёндашадиган махсус ташкилотлар – Россия Фанлар академиясининг Рус тили институти, “AST-PRESS”, “Flinta” нашриётлари ушбу ҳуқуқни қўлга киритган.

 

Лексикографлар, одатда, тил қонуниятларини меъёрда ушлаб туриш тарафдори бўлади, тил эса турли йўл билан тинимсиз бойиб, тараққий этиб боради. Бу, ўз-ўзидан, меъёрларни мутлақлаштирмаслик, муайян даврларда ислоҳ қилиш заруратини юзага келтиради. Тилда имлоси муаммоли сўзлар талай. Имло луғати тилда пайдо бўлган янги сўзни зудлик билан қамраб ололмайди. Зиёли қатлам, омма уни ўзича транслитерация қила бошлайди. Аслида меъёр амалиётга асосланади. Агар тилда луғатда акс этмаган муайян сўзни кўпчилик маълум бир шаклда ёзишга одатланган бўлса, шу шакл ортограмма сифатида тан олинади.

 

Юқоридагилардан хулоса шуки, мамлакатимизда меъёрий луғатлар нашрини қатъий назоратга олиб, луғат қонунчилиги даражасига кўтариш, мамлакатнинг энг кучли, нуфузли олимлари, педагогларини унга жалб қилиб, мазкур иш билан шуғулланиш ҳуқуқини энг ишончли нашриётлар ва илмий тадқиқот марказларига топшириш шарт. Шунинг ўзиёқ бугунги кунда амалий тилшуносликнинг имлога доир илмий-назарий тавсифларини ишлаб чиқишга зарурат борлиги сезилди.

 

Шу билан бир қаторда, уларни амалиётга татбиқ этиш жараёнларини қамраб оладиган ортология, ортография, лингводидактика, педагогик лексикография каби замонавий йўналишларининг мамлакатнинг бевосита тил сиёсатини амалга ошириш вазифаси юклатилган соҳалари сифатида тан олиниши ҳам зарур.

 

Буларнинг барчаси эса тегишли тадқиқотларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, молиялаштирилиши, ҳуқуқий кафолатининг таъминланишини тақозо этмоқда.

 

Башорат БАХРИДДИНОВА,

 Қарши давлат университети профессори,

филология фанлари доктори;

 

Шарифа НАБИЕВА,

Қарши давлат университети докторанти

 

“Тил ва адабиёт таълими” журнали, 2024 йил 8-сон.

“Луғат қонунчилиги тушунчаси ва ўзбек меъёрий луғатчилиги муаммолари” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10327
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//