Донат – эҳсон, брокер – ўртакаш, плагиатор – ўйўғри. Четсўзларнинг муқобиллари


Сақлаш
16:39 / 16.07.2025 7 0

1. Донат – инглизча donation феълидан олинган, ҳадя, эҳсон маъноларини билдиради. Интернетдаги саҳифа эгаларини моддий қўллаш тушунилади.

 

2. Хейтер – инглизча hate феълидан олинган, маъноси – нафратланмоқ. Таниқли инсонларни ижтимоий тармоқ орқали асоссиз танқид қиладиган, чиқишларига атай салбий фикр билдирадиган одамлар тушунилади.

 

3. Тролл – шу номли афсонавий махлуқ бор, аммо замонавий талқини инглизча trolling – балиқ овламоқ сўзи билан боғланади. Балиқчи хўрак ташлаб ўлжасини чалғитгани каби ижтимоий тармоқда одамларни чалғитиб, фикрини бошқа томонга йўналтирадиган ёлланма одамлар тушунилади.

 

4. Стартап – инглизча сўз бўлиб, умумий маънода бошланғич дегани. Ёш тадбиркорлар амалга оширмоқчи бўлган ғоя, лойиҳалар тушунилади.

 

5. Баттл – лотинча battalia сўзидан келиб чиққан, кураш, жанг дегани. Бугунги кунда хонанда, сўз усталари, киберспортга қизиқувчилар ўртасидаги баҳс, мунозара тушунилади.

 

6. Трейдинг – инглизча trade – савдо қилмоқ феълига асосланган. Қимматли қоғоз, валюта, криптовалюталар билан савдо қиладиган онлайн молиявий фаолият тури.

 

7. Брокер – французча brocuer воситачи дегани. Савдо операцияларини бажарувчи, харидор ва сотувчи ўртасида даллоллик қилувчи шахс ёки ташкилот.

 

8. Диспетчер – французча dispatcherмувофиқлаштирувчи, тарқатувчи дегани. Транспортлар йўналишини, юклар ёки хизматларни бошқарувчи, тартибга солувчи масъул шахс.

 

9. Плагиатор – лотинча plagiariusўғирловчи дегани. Бошқа бир инсоннинг интеллектуал мулкини ўзиники қилиб кўрсатадиган одам.

 

Тарих фанлари доктори, ЎзФА академиги Азамат Зиё тавсия қилади:

 

1. Донатэҳсон. Ушбу сўз кўп ишлатилади. Маънодошлари ҳам мўл: хайрия, садақа, инъом ва бошқалар. Жойига қараб туҳфа, ҳадя, совғани ҳам қўлласа бўлади. Эҳсон сўзини шартли равишда бердик. Атамачилигимиз муаммоси ўлароқ фикрласак, ўхшаш ҳолатларда маънодош сўзларни ишлатиш устуворлиги илмий вазифасини тизимли кўриб чиқиш лозим.

 

2. Хейтержиртаки. Хейтерлик ўзлигимизга ҳам, сўзлигимизга ҳам ёт бўлгани учун унинг ўзбекчасини топиш жуда қийин. Ичи ва ташига кўра жиртаки тўғрироқдек туюлди.

 

3. Троллуйдирмачи. Ушбу ҳолат бўйича ҳам сўз бойлигимиз етарли: ёлғон, ёлғондакам, ясама, сохта... Қўллаш учун уйдирмачи тузукроқ.

 

4. Стартапстартап. Бу фаолият биронта жозибали ғояни бажариш учун пул тикиб, тезда натижа ва мўмай даромад топишни билдиради. Тарих ва замонамиздан бунга ўхшаш, ғирт ўзимизники бўлган ифодани тополмадик.

 

Биз сўзлигимизнинг чет атамалар эвазига бойишига қарши эмасмиз. Иложи йўқ кезларда чет сўзларни “тил қўрғонимиз”га киритиш мумкин. Ўшанда ҳам олдин туркий халқларда бор (сақланиб қолган) сўзлар, агар уларда бўлмаса, форсча, сўнг арабча, арабларда ҳам бўлмаса, кейин ғарбча атамаларга ўтилса мақсадга мувофиқ бўлади.

 

5. Баттлайтишув.

 

6. Трейдинголди-сотди.

 

7. Брокерўртакаш. Ушбу маънода қўлланадиган сўзларимиз етарли: даллол, ўртакаш, воситачи ва бошқалар. Ўртакаш маъқулроқ.

 

8. Диспетчеришбоши.

 

9. Плагиаторўйўғри.

 

Сўнгсўз сифатида “Маънавий ҳаёт” журналининг тилимиз табиийлиги, тозалиги ва гўзаллигини асраш, чет сўзларнинг босқинига қарши туриш, сўзлигимиз кучига куч қўшиш йўлидаги изчил уринишларини олқишлаймиз. Масаланинг тубига кўз ташласак, маънавий турмушимиз бош қуроли аслида тил ва ёзувдир.

 

Шу билан бирга, ушбу эзгу ишни тилшунос, адабиётчи, тарихчиларимиз ғайрат ва имконларини бирлаштириб, тизимли ва илмий йўсинда йўлга қўйиши, журнал эса бу тарихий юмушнинг ўчоғи бўлиши керак.

 

Филология фанлари доктори, профессор Зулхумор Холмонoва тавсия қилади:

 

1. Донат ҳақ. Чунки ушбу хорижий сўз ифодасида қўллаш маъноси яширин. Ҳар қандай меҳнатга, фаолиятга тўланадиган ҳақ негизида ҳам қўллаш мазмуни ётади.

 

2. Хейтербадбин. Тўғри, у форсча сўз бўлиб, бад – ёмон, бинкўрмоқ сўзларидан ясалган. Хорижий тиллардан кириб келган сўзнинг эса аввало туркий муқобилини топмоқ зарур. Аммо туркий муқобил бўлмаганда форсча, арабча сўзларни қўллаган маъқул. Чунки мазкур тиллардан ўтган сўзлар тилимизда минг йиллардан бери қўлланиб келмоқда ва уларга ўзбек тили соҳиби идрокига хос маънолар юкланган.

 

3. Троллчалғитувчи. Дастлаб бу сўзни термин сифатида қўллаш эриш туюлиши мумкин. Аммо маълум муддатдан сўнг, такрор-такрор қўллаш омили асосида кўникма ҳосил бўлади. Умумистеъмолдаги сўз терминга айланади. Терминлар тизими ички манба ҳисобига ортади. Тадбиркор, буюртмачи терминлари шу тариқа, ички имконият асосида юзага келган.

 

4. Стартапстартап. Халқаро доирада фаол қўлланадиган термин. Бу сўз оммалашиб бўлди. Шу ўринда халқаро доирада фаол қўлланадиган терминлар луғатига эҳтиёж борлигини таъкидлаб ўтамиз.

 

5. Баттлрақобат. Бугунги кунда хонанда, сўз усталари, киберспортга қизиқувчилар ўртасидаги ижодий баҳс рақобат сўзи билан ифодалангани маъқул.

 

6. Трейдингтрейдинг. Халқаро доирада фаол қўлланади, ўз ҳолича қолгани маъқул.

 

7. Брокервоситачи. Бу сўз маъносига мос келадиган даллол сўзи ҳам қўлланади. Бироқ даллол сўзида терминлик бўёғи акс этмайди, сўзлашув услубига хос атама. Салбийлик бўёғи ҳам бор. Шунинг учун бу сўз фақат шахсга нисбатан қўлланади, ташкилотга нисбатан ишлатиб бўлмайди. Савдо операцияларини бажарувчи, харидор ва сотувчи ўртасида воситачилик қилувчи шахс ёки ташкилотни воситачи деган маъқул.

 

8. Диспетчермувофиқлаштирувчи.

 

9. Плагиаторкўчирмачи. Ўзбек тилида ўзлаштирувчи сўзи ҳам плагиатор тушунчасини беради. Лекин унда салбий бўёқ кам. Қолаверса, таълимда, психолингвистикада сўз ўзлаштириш билан боғлиқ ўзлаштирувчи атамаси ҳам ишлатилади. Шу боис плагиатор тушунчасини кўчирмачи сўзи билан ифодалаган маъқул. Шунда салбийлик бўёғи ҳам акс этади.

 

Байрам АЛИ тайёрлади.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 2-сон.

“Эшиклар очиқ, аммо...” мақоласи

 

Фото: Абдуманнон Муҳаммад

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19343
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//