
Қарияпман шекилли.
Болалик хотираларимнинг кўпидан тафсилотлар ўчиб кетган. Лекин, хайриятки, моҳият эсимдан чиқмаган. Шулардан бири илк бор дурбинни қўлга олганим. Ҳаяжондан юрагим қинидан чиқиб кетай деган.
Ўша пайтлар кўзим жуда ўткир эди десам, балки ёлғондир. Лекин кўзимдан сира нолимаганим аниқ. Ҳамма нарсани ўз ўрнида ва ўз шаклида кўрар, тушунар эдим. Лекин дурбин фикратимни остин-устин қилиб юборди. Олисдаги нарса қўл узатсам етадиган масофага келиб қолгандай бўлди. Беихтиёр қўлимни ҳам чўздим. Дурбин ойнасида баҳайбат бармоқларимни кўриб, уларни шартта тортиб олдим. Менга дурбин берган йигит кулиб, қўлимдан дурбинни олди ва уни айлантириб, яна қўлимга тутқазди. Дунё бирдан узоқлашиб кетганидан баттар талвасага тушдим. Боягина кўз олдимда турган дарахт бир чақирим масофага бориб қолгандай эди.
Албатта, бу ҳол оптик иллюзия (табиийки, бу сўзни ўша пайтда билмасдим) эканини англайдиган ёшда эдим. Ҳар қалай бу пайтда талай китобларни ўқиган эдим. Дурбинни аввал кўрмаган бўлсам ҳам, у ҳақида ўқиган, маълум тасаввурим бор эди. Бироқ мавҳум билиш бошқа, кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб кўриш бошқа. Эмпирик билим назарий билимдан устун туюлишининг сабаби ҳам шунда. Ҳолбуки, уларнинг иккаласи ҳам нотўғри бўлиши мумкин.
Дурбин билан боғлиқ яна бир хотира.
Қишлоғимиз тепасидаги баланд қир устида олисларни томоша қилардим. Боботоғнинг кунботарида – Сурхон воҳасининг ғарбида Бойсун тоғи бор. У менга улкан қалъа девори каби туюлди. Бу “қалъа девори” тарихини кейинлар ўйлаганимда, болаликда ўша хотира энди тарихий далиллар билан тўйиниб қуйидаги ифодани касб этарди: Анвар пошо Миршодида тўхтаб, Иброҳим лақайни кутиб ўтирмаганида, Бойсунни жанубдан айланиб, Дарбанд тепасидаги Темир дарвоза дарасини душмандан олдинроқ қўлга олганида эди, шўроларни бу юртга ўтказмаган бўларди... Эҳтимол ўшанда тарихимиз ҳам бутунлай бошқача кечармиди?!
Кейин дурбин мурватини бураб, яқинроқдаги Сўфи Оллоҳёр бобонинг қабри жойлашган Вахшивор тоғини кузатдим. Ҳар дарасидан бир сой ё жилға шовуллаб энаётган, қирлар ёнбағрини қалин узумзор қоплаган, қуюқ дарахтлари тагига тангадай соя тушмайдиган қишлоқларни томоша қила туриб, асли Самарқанд ҳам жаннатдай жой, Сўфи Оллоҳёр бобомиз узлатни ихтиёр қилганда нега бу юртга келди экан деган саволга жавоб қидирдим.
Дурбинни жанубга буриб, жуда олисда, саратон тўзони орқасида хира кўринаётган маъволардан Жарқўрғон минорасини изладим. Менинг бола пайтимда бу минорани кўпчилик билмас, дарсликларда ҳам у кўҳна обида ҳақида ёзишмасди. Аммо жарқўрғонлик бир киши бизнинг қишлоққа келиши асносида бу ҳақда билиб олгандим. Минорани топсам, ҳар кимки узлат ихтиёр қилса, кимсасиз юртларга кўчади деган сийқа фикрдан ғолиб бўлишимни билардим. Катта шаҳарда эмас, кичик бир қишлоғида шундай улкан минораси бўлган юртни Сўфи Оллоҳёр бобонинг узлат учун маскан тутиши, у бу юртга тинчлик ва эзгулик истаб келган деган хулосани устувор қилиши лозим эди. Бироқ уни тополмадим.
Дурбин эмас, телескоп бўлганида уни албатта топардим, ҳатто Термиздаги Султон Саодат мажмуасини ҳам томоша қилиб, Термиз отанинг қабрини кўз билан зиёрат қилардим деб ўйлаганим ҳозир ҳам ёдимда.
* * *
Уч-тўрт йил дорилфунунда талабаларга сабоқ бердим. Кейин бу юмушни ташладим. Гап – эшитадиган қулоқни эмас, тушунадиган бошларни тополмаганимда.
Бир куни дарсда бадиий асарларга турлича ёндашиш мумкинлигини тушунтириш учун мисолларни қалаштирдим. Фалон асар ҳақида пистончи бундай фикр айтган, писмадончи унинг бу фикрига қўшилмай мундай деган, менинг назаримда эса... деб гапириб турган эдим. Тўсатдан айтаётган гапларим талабалар онгига етиб бормаётганини ҳис қилдим. Уларга бу фикрлар мутлақо қизиқмас эди. Айримларигина дафтарига нималарнидир ёзиб оларди. Қатор оралаб юрар эканман, шундай дафтарлардан бирига ўғринча қарадим... ундай деган... мундай деган...
“Гап нима деганидагина эмас, нима учун шундай деганида” дедим. Кейин “нега биронтанг савол бермайсан?” дедим зарда қилиб. Ҳамма бошини эгди.
Назаримда энг қобилиятли туюлган бир талаба рўпарасида тўхтаб, қўлимдаги қаламни унинг кўз ўнгида тутдим. “Нимани кўраяпсиз?” деб сўрадим. “Қаламни” деди у. “Суврат эмас, шакл ҳақида гапиринг” дедим овозимдаги зарда оҳангини босишга уриниб. “Нима шакл кўраяпсиз?”. “Қаламни” деди у яна.
Қалам учини унинг кўзига тўғриладим. “Энди нимани кўряпсиз?”. “Қаламни” деди у яна.
“Илтимос, – дедим ўзимни босишга ва меҳрибон устоз қиёфасига киришга уриниб, – сиз бунинг қалам эканини биласиз, лекин ҳозир билганингиз ҳақида эмас, кўриб турганингиз ҳақида айтинг! Қайси шаклни кўраяпсиз?”.
Жимлик.
Бориб, доскага катта бир нуқта чиздим ва талабанинг ёнига қайтдим. Унинг ёнида туриб доскага қарадим. Ниҳоят, у менинг нима жавоб кутаётганимни тушунди ва шодон ҳолда “қаламни эмас, нуқтани кўрдим” деди.
Қўлимдаги қаламни яна унинг кўз олдига тутиб, бу сафар ярим айлантирдим: “энди нимани кўраяпсиз?”.
“Қаламни” деди у ишонч билан.
“Яна бояги саволимни такрорлайман, сиз бунинг қалам эканини биласиз, лекин ҳозир сиздан бунинг қалам ё қалам эмаслигини эмас, айнан қандай шаклни кўраётганингизни сўраяпман?”.
Яна жимлик.
Мен яна доска олдига қайтдим ва қалин чизиқ чиздим.
Ортимдан ўзига ишонқирамаган овоз эшитилди: “чизиқни кўраяпман”.
Мен яна дарс мавзусига қайтдим. Гап адабиёт ҳақида кетаётган бўлса ҳам, бироз фалсафа сўқдим. Дедимки, гап доимо бизнинг нарса ва ҳодисаларга қайси нуқтадан қарашимизга боғлиқ. Қаламни тикка ушласак тикка чизиқни, ётиқ ушласак горизонтал чизиқни, кўзимизга қаратиб ушласак нуқтани кўрамиз. Лекин биз қайси шаклни кўраётганимиздан қатъи назар, қаламнинг моҳияти ўзгариб қолмайди. У доимо қаламлигича қолаверади.
Мисолимиз конкрет жисм эди. Ва бу жисмни ҳаммамиз яхши биламиз. Мавҳум нарсалар ҳақида гап кетганда эса кўпинча ўша мавҳумиятнинг шакли ҳақида гапирамиз. Асли, яъни моҳиятини эса шу шаклга боғлиқ равишда тушуниб оламиз.
Кейин умрида илк бор филга дуч келган кўр одамлар ҳақидаги ривоятни айтиб бердим. Филнинг оёғини ушлаган кўр уни устунга, хартумини ушлагани илонга ўхшатади. Уларнинг ҳар иккиси ҳақ эди. Лекин аслида фил устунга ҳам, илонга ҳам ўхшамайди. У сизлар ҳайвонот боғида ё телевизорда кўрган фил бўлиб қолаверади.
Адабиётшунослик илмида буни ракурс дейдилар.
* * *
Бот-бот “Ўтган кунлар” романига тошлар отилиб қолиши маълум. Икки йилча бурун ҳам шундай хуружлардан бири содир бўлди. Шунда яна талабага қалам кўрсатганимни эсладим.
Акром Маликнинг “Ўтган кунлар” асари қаҳрамонлари бўлмиш Юсуфбек ҳожи, Отабек, Кумуш, Зайнаб ҳақидаги гаплари баҳсларга сабаб бўлди. Бироқ бу Акром Маликнинг нуқтаи назари эканини унутмайлик. Унинг адабиёт, тарих ва ҳаёт ҳақидаги қарашлари чўққисидан туриб қаралганда шундай кўриниши шубҳасиз. Фақат бир нозик жиҳати бор: у асар ҳақида эмас, унинг қаҳрамонлари ҳақида гапирган. Худди филнинг оёғини ушлаган кўр ҳақ бўлгани каби, Юсуфбек ҳожи оила измини бир қадар хотинига топшириб қўйгани ҳам ҳақ. Лекин нисбий ҳақиқатлар ҳар доим ҳам асл ҳақиқатга олиб келавермайди. Миллатнинг энг олди одамларидан бири бўшанг, бошқаси ландовур бўлса, бундан “Халқ қалбига “Сен шу қадар хорсан!” деган ғояни қуяди” деб ҳукм чиқариш адолатдан бўлмайди. Юсуфбек ҳожи сираям идеал одам эмас. Отабек ҳам идеал одам эмас. Марғилонда яхши кўрган, севган хотини бўла туриб, “бўшанг”лиги учун онасининг гапи билан иккинчи хотинга уйланади. Аммо бир жиҳатни ҳам сира унутмаслик керак: бўшанг, ландовур деётган қаҳрамонларимиз сира қўрқоқ кишилар ҳам эмас. Ўзбекона, шарқона, иймонли кишининг андишасининг ўрни ҳам бу характерларда яхшигина тош босади.
Бу одамлар ниҳоят бир куни ўзига “Бас!” дея олгани учун ҳам бизнинг кўз олдимизда қаҳрамонга айланади. Мабодо, бу одамлар идеал қаҳрамон бўлишганида “Ўтган кунлар” романи ҳам пайдо бўлмасди.
Айбсиз – парвардигор. Қодирий бобомизнинг асарида ҳам камчилик бўлиши мумкин. Бироқ аввал гўзалликни кўра билишга ўрганиш даркор. Энг аввал эл-юрт ғамида сочи оқарган Юсуфбек ҳожини, кўнглини асраб қолмоқчи бўлаётган Отабекни, ўлим тўшагида ётганида ҳам қайнота ҳурмати учун ўрнидан қўзғолган Кумушни, “Мен – Кумуш!” деб ёлворган бахтиқаро Зайнабни кўришни ўрганмасак, адабиётимиз орқага кетаверади.
Ўрганиш... гўзалликни кўришга ўрганмасак, нуқул камчилик, хато топаверамиз. Чунки гўзалликни кўрмасак, демак, хунукни кўраётган бўламиз. Қаламни гоҳ чизиқ, гоҳ нуқта шаклида кўрганимиз билан қаламнинг моҳияти ўзгариб қолмайди ахир.
Дурбин олиб қарасак, Навоий бобомизнинг салтанат ҳукмдори Бойқарога бағишлаб ёзган ўнлаб мадҳияларига дуч келамиз. Бемалол “ия, Навоий бобомиз ҳам маддоҳлик қилганми?” деб юборишимиз мумкин. Дурбинни айлантирсак-чи? Кўз олдимизда буюк Навоий пайдо бўлади ва бирдан англаб етамизки, Навоий бобомиз ҳукмдорга қарата “Сиз шунчалар буюксизки, ёмон қилиқлар бундай буюк одамга сира ярашмайди” деб тарбиялаётган бўлиб чиқади. Бобомиз эл-юрт манфаати учун маддоҳлик жандасини елкасига илишдан сира ор қилмаган экан деймиз.
Бу кўҳна тарихни идрок қила туриб тушундимки, Навоий Бойқаро ёнида сиз буюксиз деб турган чоғларда шоҳ ҳам ўз буюклигига ишонган ва фақат буюкларга хос ишлар қилган экан. Навоий шоҳ ёнидан узоқлашгандагина Бойқаро фитратидаги бадбинлик, жаҳолатга йўл очилган. Чунки Навоий қўрғон эди.
* * *
Адабиёт эр-хотин муносабатлари, қўйди-чиқди мавзуларига ўралашиб қолаётган, шеърлар оҳ-воҳга, насрий асарлар нуқул умуртқасиз қаҳрамонларга тўлиб кетаётган бўлса, бунга жамият сабабчи эмас. Қалам аҳли қўлида дурбин йўқлигидан. Ёки қаламни айлантириб кўрмаётганидан.
Мусулмон НАМОЗ
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 2-сон.
“Дурбин ва қалам” мақоласи
Санъат
Тарих
Ватандош
Мафкура
Жараён
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ