Зарғалдоқ ранг, «Иштар қўли» ҳамда шер ва қуёш рамзи. Ўзбек байроқлари тарихи


Сақлаш
15:28 / 15.11.2024 111 0

 

Байроқ – қадимги даврлардан буён инсонлар томонидан фойдаланиб келинаётган асосий рамзлардан биридир. Жанговар туғлардан бошланган байроқ эволюцияси жуда узоқ ва бой тарихга эга. Жумладан, ўзбек халқи ҳам ўзининг улуғвор ва ўзига хос байроқлар ўтмиши билан фахрлана олади.

 

Кўк бўри

 

Энг йирик туркий халқлардан бири бўлган ўзбеклар байроғи тарихини туркийларнинг шонли империяси – Буюк Турк хоқонлиги яловидан бошлаш мумкин.

 

Ҳозирда Буюк Турк хоқонлиги рамзи сифатида ишлатилган байроқнинг аниқ версияси бўлмасада, турли олимлар тадқиқотлар натижасида унинг тахминий кўринишини яратган.

 

 

Ушбу туғда кўктурклар рамзи бўлган ранг – кўк ранг ва бўри тасвирини кўриш мумкин. Туркий халқлар афсоналарига кўра, туркийларнинг бош бўғинларидан бири, Ашина уруғи она бўри ёрдамида тирик қолган ва кўпайган. Шу сабабдан ҳам империя байроғида ушбу жонзот акс эттирилган.

 

Қашқир ҳозирги кунда ҳам туркийлар тотеми, рамзи ҳисобланади.

 

Уч ёй

 

Ўзбекистон давлатчилиги ҳамда ўзбек халқи тарихида муҳим из қолдирган давлатлардан бири – бу Қарлуқ-қорахонийлар салтанати эди. Ушбу давлат ялови аксарият ҳолда тўқ сариқ рангда тасвирланади.

 

 

IХ-ХI асрларда ҳукм сурган ушбу империя уч туркий қабила – қарлуқ, чигил ва яғмо иттифоқи негизида ташкил топганди. Салтанат байроғидаги уч ёй ва ўқ айнан шу уч қабилани англатиши ҳақида тахминлар кенг тарқалган.

 

Сариқ-қора ёхуд яшил ранг ҳамда товус

 

Осиё марказида улкан империя қуриб, туркий ва форсий маданиятни бирлаштирган Ғазнавийлар давлати байроғи борасида олимлар фикри иккига бўлинади.

 

Европалик тадқиқотчилар ушбу салтанат яловини сариқ доирали қора ранг билан тасвирлайди. Бу версия ўзига яраша асосларга эга. Доира шакли Ғазнавийлар назорат қилган Ҳиндистонда анча машҳур бўлган ва бу шаклни Амир Темур ҳамда кўплаб бошқа тарихий давлатлар байроғида учратиш мумкин. Қора ранг эса туркийларда куч, ҳукмронлик рамзи ҳисобланган.

 

 

Туркий тарихчилар илгари сурувчи туғда эса ислом рамзи бўлган яшил ранг ва Ой ҳамда товус тасвирланган. Ғазнавийлар даврида туркий қабилалар ислом динига янада яқинлашгани ва сулоланинг қудратли ҳукмдори Маҳмуд Ғазнавий мусулмон маданиятига катта эътибор бергани ҳисобга олинса, байроқда ислом рамзлари – яшил ранг ва ҳилол бўлиши тўла мантиқий.

 

 

Товус эса исломда ҳам, буддавийликда ҳам алоҳида аҳамиятга эга қушлардан бири.

 

Икки бошли бургут

 

Туркий халқларнинг энг йирик империяларидан бири бўлган Салжуқийлар салтанати бошқа туркий халқлар қатори ўзбеклар ўтмишида ҳам муҳим ўрин тутган.

 

Ушбу давлат байроғидаги икки бошли бургут рамзи тарихи милоддан аввалги асрларга бориб тақалади. Маълумотларга кўра, ушбу рамз ҳозирги Туркия ҳудудида ҳукм сурган қадимги Хетт подшолигида пайдо бўлган. Шундан бери турли динлар ва халқлар ушбу геральдикадан фойдаланиб келади.

 

 

Чунончи, Россия, Албания, Шри-Ланка, Черногория, Германия ва Испания каби давлатларнинг бугунги рамзларида ҳам икки бошли бургутни кўриш мумкин.

 

Туркийлик ва ислом рамзи

 

Осиёда улкан ҳудудларни забт этиб, катта империя қурган Хоразмшоҳлар ўз аждодлари бўлмиш туркийлар анъанасини давом эттириб, мамлакат ялови учун куч-қудрат ранги – қорани танлаган.

 

 

Қолаверса, улар байроққа ислом рамзи сифатида яшил ой тасвирини ҳам қўшган.

 

Чиғатой улуси

 

Ўзбек тарихи ва тили учун муҳим давр ҳисобланган Чиғатой улуси замонида мўғул байроқлар руҳидаги туғ мамлакат белгиси бўлган. Чиғатой улуси кўпчилик ўзбеклар томонидан мўғул давлатчилиги деб янглиш қабул қилинади. Аслида Чингизхон давлати ва унинг мероси тарихдаги жуда баҳсли мавзулардан бири. Шуниси аниқки, Чиғатой улуси аҳолисининг катта қисми туркийлар бўлган ва улар бошқарувда ҳам етакчи ўринни эгаллаган. Айнан Чиғатойхон улуси бўлиниши ўзбек ва уйғур халқларининг ажралишини ҳам бошлаб берган. Ўзбек тили кейинги асрларда чиғатой тили деб юритилган.

 

 

Чиғатойхон давлати байроғи ХIV асрда тузилган қимматли Каталон атласида тасвирланган. У бошқа бир мўғул давлати – Ҳулокулар давлати ялови билан фақат рангларда фарқ қилган. Байроқдаги сариқ тўртбурчак кенг, текис даштни ёхуд кенг даштга ўрнатилган ўтовни англатиши айтилади.

 

Ўзбекхон байроғи

 

Ўзбек халқи этногенезида асосий роль ўйнаган Олтин Ўрда (Дашти Қипчоқ) уруғлари узоқ вақт Ботухон сулоласи тамғасидан (босаға тамға) давлат туғи сифатида фойдаланиб келган.

 

 

Кейинроқ, 1320 йилда ислом дини Ўзбекхон томонидан давлат дини деб эълон қилингач, байроққа ислом белгиси – ҳилол қўшилган.

 

Олтин Ўрда ҳам Чиғатой ва Ҳулоку давлати каби оқ рангли байроқдан фойдаланган.

 

Буюк ўзбек ялови

 

Соҳибқирон Амир Темур байроғи ҳақида жуда кўплаб тадқиқотлар қилинган, турли фикрлар илгари сурилган.

 

Уларнинг баъзилари Темур яловидаги уч доира уч қитъага (ўша пайтда маълум бўлган Осиё, Европа ва Африка) ишора эканини, баъзилари эса уч ҳалқа уч унсур: сув, ҳаво ва ерни ифодалашини таъкидлайди.

 

 

Яна бир версияга кўра, Темур яловидан ташқари яна бошқа муҳрларда (масалан, Юань сулоласи байроғида) ҳам учровчи бу уч ҳалқа қадимги ҳинд белгиси – Чинтаманига боғлиқ.

 

Чинтамани – инсоният тарихидаги энг қадимий ҳамда кенг тарқалган рамзлардан бири ҳисобланади ва у дунё саодатини англатади.

 

 

Соҳибқирон ялови ранги борасида ҳам икки хил версия бор. Бири кўк-оқ ранг, бири эса қора-қизил ранг комбинацияни ташкил қилади. Кўплаб манбалар Темур алами қора-қизил бўлганини илгари суради.

 

Қора ва қизил мос равишда куч-қудрат, ҳокимият ва янгиланиш, кўк-оқ эса туркий ҳамда мўғул байроқлари анъанаси рамзидир.

 

«Шер ва қуёш»

 

Соҳибқирон авлоди Заҳириддин Бобур ўз давлати байроғи учун бобоси каби жуда қадимий белгиларга мурожаат қилган. Хусусан, у тарихи Бобил подшолигига тақалувчи, Салжуқийлар давридан кенг фойдаланила бошланган «шер ва қуёш» символини ўз яловида акс эттирган.

 

Бобурийлар турли вақтларда (уруш, тинчлик, байрамлар) ҳар хил туғлардан фойдаланган

 

Аслида, бу рамздан Сафавийлар, Темурийлар ва Аштархонийлар ҳам фойдаланган. Самарқанддаги Шердор мадрасаси пештоқидаги йўлбарс орқасида тасвирланган инсон юзи ва офтоб – «шер ва қуёш» рамзининг муқобил кўринишидир.

 

 

Бобурийлар империяси байроғида «шер ва қуёш» белгиси ислом рамзи бўлган тўқ яшил рангда тасвирланади.

 

Ўзбек улуси

 

Абулхайрхон асос солган Ўзбек хонлиги ва унинг невараси Шайбонийхон барпо қилган Шайбонийлар давлати (Бухоро хонлиги) байроқлари ҳақида аниқ тўхтамлар йўқ. Бир неча манба ва ўша давр миниатюраларида Шайбонийлар ялови ҳақида маълумотлар учрайди.

 

 

Мавжуд далиллардан Шайбонийхон ва унинг авлодлари зарғалдоқ рангли учбурчак туғдан фойдаланганини билиш мумкин. Ушбу ранг туркийлар аждоди бўлмиш хунлар, Уйғур хоқонлиги, шунингдек Қорахонийлар империяси яловида акс этган.

 

Хамса ёхуд «Иштар қўли»

 

Бухоро амирлигининг энг машҳур байроғи Амир Музаффар томонидан 1868 йилда қабул қилинган.

 

Байроқнинг бир томонига калимайи шаҳодат, бир томонига эса амир исми ёзилган. Марказга исломда муқаддас ҳисобланувчи «Фотима қўли» (яҳудийларда «Марям қўли») ёхуд «хамса» рамзи туширилган. «Хамса» исломда пайғамбар оиласини англатади: Муҳаммад, Али ибн Абу Толиб, Фотима аз-Заҳро, имом Ҳасан ва имом Ҳусан. Шунингдек, ушбу кафт исломнинг беш арконини ҳам билдиради: иймон, рўза, ҳаж, намоз ва закот (садақа).

 

 

«Хамса» туморининг илдизи қадимги Бобилга («Иштар қўли»), баъзида ундан ҳам қадимийроқ Мисрга боғланади. «Хамса»га насронийликдаги Мано Пантеа’нинг эквиваленти деб ҳам қаралади.

 

«Хамса»нинг юқорисига яна ислом рамзлари: ҳилол ва беш бурчакли юлдуз туширилган. Бухоро амирлиги байроғи зарғалдоқ рангли (хунлар, қорахонийлар ва шайбонийлардан мерос) ҳошия билан ўралган яшил рангда бўлган.

 

Хоразмшоҳлар байроғи мероси

 

Хива хонлиги ўз давлат рамзини яратишда ушбу ҳудудда ҳукм сурган қудратли империя – Хоразмшоҳлар меросига таянган.

 

Хива хонлигининг дастлабки ялови Хоразмшоҳлар алами каби ҳилолдан иборат бўлган, аммо қора эмас, оқ рангда бўлган.

 

 

Кейин байроқ беш қиррали юлдуз мавжудлиги ҳамда ҳилол ва юлдуз тилла рангда эканлиги билан Хоразмшоҳлар байроғидан фарқланган. Қолаверса, хонлик байроғи ингичка кўк ҳошия билан ўралган. Бу ранг катта эҳтимол билан Амударё ва Сирдарёни ёхуд қадимги кўктуркларни ифодалаган.

 

 

Ой ва юлдуз

 

Қўқон хонлиги байроғи ҳам икки ўзбек давлати каби ислом рамзларини ичига олганди. Ушбу хонлик ялови деб тахмин қилинувчи байроқ оч яшил рангда эканлиги, Қўқон хонлари ўз илдизларини Темурийларга, жумладан Бобурга боғлаши билан изоҳланади. Бобурийлар байроғи ҳам оч яшил рангда бўлганди.

 

 

Байроқ марказидан мусулмонлар рамзи бўлган ҳилол ва юлдуз жой олган.

 

Туркийлик ва янгиланиш рамзи

 

1917 йил 28 ноябрдан 1918 йил 22 февралгача мавжуд бўлган Туркистон мухторияти, шубҳасиз, Марказий Осиё халқлари, айниқса, ўзбеклар давлатчилигининг муҳим қисми эди. Қисқа фаолиятига қарамай Туркистон мухторияти ўз давлат рамзлари: байроғи ва мадҳиясини (Чўлпоннинг «Озод турк байрами» шеъри) қабул қилди.

 

 

Мухториятнинг ой ва беш қиррали юлдуздан иборат қизил-кўк байроғидаги кўк ранг республика таркибидаги туркий халқларни (кўктурклар) ифодалаган. Қизил ранг эса янгиланиш ва инқилобни англатган. Ўлка халқларининг катта қисми мусулмон эканлиги рамзи сифатида қўшилган ҳилол ҳамда ҳимоя ва хавфсизлик белгиси бўлмиш беш қиррали юлдуз республика байроғининг бошқа туркий ва мусулмон давлатлариникига ўхшаш бўлишини таъминлаган.

 

Туркистон мухторияти ялови Ўзбекистон тарихидаги энг пухта ўйланган байроқлардан бири эди.

 

Яшил ва қизил

 

1920 йилда Бухоро амирлиги тугатилиб, Бухоро жумҳурият деб эълон қилинади ва Бухоро халқ шўролар жумҳурияти тузилади. Тез орада Файзулла Хўжаев раҳбарлигида янги давлатнинг ўз рамзлар яратилади.

 

 

Бухоро 4 йил ичида бир нечта байроқдан фойдаланган. Дастлабки байроқ қуйидаги кўринишга эга бўлиб, унинг юқорисига араб хатида «Бухоро халқ совет жумҳурияти» деб ёзилган. Шунингдек, унда одатдагидек беш қиррали юлдуз эмас, адолат рамзи бўлган саккиз қиррали юлдуз ҳамда ҳилол тасвирланган. Ушбу яловдан 1920-1921 йиллардан фойдаланилган.

 

 

Кейинги, асосий байроқ яшил ва қизил ранглардан иборат бўлиб, яшил ислом дини рамзи, шунингдек, амир байроғи ранги сифатида Бухоро ўтмишини ҳам ифодалаган. Қизил ранг эса Бухоро инқилобига ёрдам берган коммунистлар, қолаверса, инқилоб йўлида тўкилган қонни англатган. 1921 йилдан 1923 йилгача БХСР рамзи бўлган бу яловда саккиз қиррали юлдуз беш қирралига алмаштирилган ва унинг ичига социализм рамзи бўлган ўроқ ва болға жойлаштирилган. «Бухоро халқ шўро жумҳурияти» ёзуви ҳам русчага ўгирилиб, кирилл ҳарфларида ўзгартирилган.

 

 

Бухоро республикасининг сўнгги байроқларидан Москва босими остида ислом рамзи бўлмиш яшил ранг олиб ташланган. Бу СССРънинг атеистик сиёсати билан боғлиқ эди. Шундай бўлсада, байроқда ҳилол ва юлдуз белгилари сақланиб қолган.

 

Жўхори, ўроқ ва белкурак

 

1920 йилда Хива хонлигига хотима берилиб, Хива халқ совет республикаси (ХХСР) тузилади. Шу йилнинг 27 апрелида Бутунхоразм қурултойида янги мамлакатнинг Конституцияси ва давлат рамзлари қабул қилинади.

 

 

Хусусан, ХХСР байроғи қизил рангда бўлиши, унинг чап томон юқори бурчагида яшил рангда ХХСР белгиси акс этиши белгиланади. Ушбу белги ҳилол ва юлдуз, ўроқ ва белкурак ҳамда жўхоридан иборат эди. Ҳилол ва беш қиррали юлдуз маъноси юқорида айтилди. Ўроқ ва бел эса мамлакат социалистик (ўроқ ва болғанинг аналоги) йўлда эканини англатган, яъни хиваликлар бухороликлардан фарқли равишда ўз байроқларига социализм белгиларни ҳам киритган.

 

Жўхори Хивада ҳам, Бухорода ҳам энг кўп тарқалган ўсимликлардан бири эди. Бухоро гербида ҳам айнан ушбу ўсимлик тасвирланган. Жўхори – бу даврда асосий маҳсулотларидан бири бўлган. Етиштириш учун кўп сув талаб қилмаслиги (бу даврда сув катта муаммо эди), камбағал аҳоли учун асосий ун манбайи бўлгани сабаб ҳам жўхори икки давлатда юқори қадрланган.

 

 

ХХСР’нинг ҳам сўнгги байроғидан яшил ранг олиб ташланган, ҳамда чап бурчакка сариқ рангда «Хоразм совет социалистик республикаси» ва «Бутун дунё пролетарлари бирлашингиз» ёзуви туширилган.

 

Энг мукаммал ялов

 

1921 йилда Самарқандда Марказий Осиё мусулмонларининг миллий-демократик тузилмалари федерацияси қурултойи бўлиб ўтади. Унда Аҳмад Заки Валидий бошчилигидаги Туркистон миллий бирлиги федерацияси тарафдан таклиф қилинган байроқ лойиҳаси йиғилганлар томонидан маъқулланади. Ушбу байроқ ягона Туркистон давлатининг ялови бўлиш лозим эди.

 

Байроқ беш қизил ва тўрт оқ чизиқдан иборат бўлган.

 

Байроқдаги уч хил ранг қадимги туркий империяларни билдирган: зарғалдоқ — Хун, Қорахонийлар, Уйғур хоқонлиги ва Шайбонийлар давлати, оқ — Чингизхон, Чиғатой улуси ва Олтин Ўрда давлатлари, қизил — Темурийлар ва Усмонийлар империяси, Қозоқ хонлиги.

 

 

Қизил ва оқ чизиқларнинг чап тарафидаги зарғалдоқ рангли квадрат ичида ислом рамзлари: ярим ой ва беш қиррали юлдуз тасвирланган.

 

Байроқнинг чети ингичка кўк чизиқ билан ўралган бўлиб, бу ўлканинг исломгача бўлган тарихи ва ундаги халқларни (кўктурк-мўғул, эрон-орий) ифодалаган.

 

Тўққизта қизил ва оқ чизиқлар эса минтақада мавжуд бўлган тўққиз давлатни англатган. Булар Хива, Ҳирот, Қошғар ва Қўқон хонликлари, Бухоро амирлиги, Катта, Ўрта ва Кичик қозоқ жузлари ҳамда Туркман хонлигидир.

 

Шунингдек, бу тўққизта чизиқ Туркистонда яшовчи тўққиз асосий халқ — қозоқ, ўзбек, қирғиз, туркман, қорақалпоқ, тожик, уйғур, помир ва минтақада яшовчи туркийларнинг бошқа кичик «тўрт гуруҳ»ини билдирган.

 

Ушбу байроқдан кейинчалик Туркистон миллий озодлик ҳаракати аъзолари (қўрбошилар) ҳам фойдаланган. Минтақада СССР ҳокимияти ўрнатилгач бу ялов бутунлай тақиқланган. 1985 йилдан Туркистон байроғи яна машҳурликка эришишни бошлади, аммо бу жараён ҳар бир республика ўз байроғини қабул қилиши билан тўхтади.

 

Туркистон миллий федерацияси ишлаб чиққан байроқни ўлкадаги энг мукаммал байроқ бўлган дейиш мумкин.

 

Туркистон автоном совет социалистик республикаси

 

1918-1924 йилларда мавжуд бўлган Туркистон автоном совет социалистик республикаси байроғи тўла Москва буйруғи асосида яратилганди.

 

 

Биринчи байроқда Туркистон автоном совет социалистик республикаси номининг бош ҳарфлари араб ва кирилл алифбосида ёзилган. Кейинчалик араб хатидаги қисм олиб ташланган.

 

 

Қизил байроқлар

 

1924 йилда Ўзбекистон СССР таркибига киргач бир неча марта ўз байроғини ўзгартирган.

 

1925-1952 йиллар оралиғида 8 марта байроқ алмашган.

 

1925-1927 йилги байроққа араб ва кирилл ҳарфларида «Ўзбекистон ижтимоий шўро жумҳурияти» сўзлари икки тилда қисқартма шаклда ёзилган.

 

 

1927-1929 йилги қизил байроқда эса «Ўзбекистон ижтимоий шўро жумҳурияти» ёзуви араб хатидаги тожик тилида ҳам туширилган. Чунки бу вақтда Тожикистон АССР Ўзбекистон ССР таркибида эди.

 

 

1929 йилда лотин алифбосига ўтилиши муносабати билан байроқдаги ўзбек ва тожик тилидаги номлар лотин алифбосига ўгирилади. Бунда давлат номи «Øzвekistan Ьçtьmaьь Şora Çymhyrijəti» тарзида ёзилади ва унинг бош ҳарфлари қисқартириб олинади.

 

 

Шу йили Тожикистон АССР Ўзбекистон таркибидан чиқарилади ва байроқдан тожик тилидаги давлат номи олиб ташланади.

 

 

1934 йилда лотин ёзувидаги ўзбек алифбоси яна ислоҳ қилинади ва ундан Ɵ, Y, Ь ҳарфлари чиқарилади. Натижада байроқдаги давлат номининг бош ҳарфлари ҳам ўзгаради. «Ижтимоий» сўзи ҳам «социалистик»га ўзгартирилади.

 

 

1935 йилда ўзбек тилидаги «çумҳурият» сўзи «республика»га алмаштирилади. Оқибатда байроқдаги «Ç» ҳарфи «R»га алмашади.

 

 

1937 йилдан қизил байроққа «Ўзбекистон ССР» ёзуви икки тилда тўлиқ тушира бошланади.

 

 

1940 йилда ўзбек тили кирилл алифбосига ўтказилади ва шу муносабат билан байроқдаги республика номи кирилл ҳарфлари билан ёзилади.

 

 

1952 йилда ниҳоят, 1991 йилгача амалда бўлган ялов қабул қилинади.

 

 

СССР’да совет республикалари байроқларидаги рангларнинг расмий талқини берилмаган. Лекин байроқдаги кўк ранг осмон ёки Амударё ва Сирдарёни англатиши тахмин қилинган. Оқ чизиқ эса республикада энг кўп етиштирилувчи пахта рамзи экани таъкидланган.

 

Қизил ранг, ўроқ ва болға, беш қиррали юлдуз – социализм унсурлари сифатида қўшилган.

 

Фақат ёзувдаги фарқ

 

1925 йилда Россия совет федератив социалистик республикаси (РСФСР) таркибида Қора-қалпоқ автоном вилояти ташкил этилади ва Қозоқ автоном совет социалистик республикасига қўшилади. Шу йили янги вилоятнинг байроғи ҳам қабул қилинади.

 

Қорақалпоғистоннинг ушбу ялови социалистик руҳда бўлиб, унда қизил рангда катта ҳарфлар билан «РСФСР» сўзи икки хил – лотин ва кирилл алифбосида ёзилган. Ушбу ёзув пастига лотинча ва кириллча Қарақалпақстан АССО (кейинроқ АССР) номи туширилган.

 

 

1937 йилда Қорақалпоғистон автоном совет республикаси Ўзбекистон ССР таркибига ўтказилган ва шу муносабат билан унинг байроғи ўзгартирилган. Яловдаги РСФСР ёзуви Ўзбекистон ССРъга алмаштирилган.

 

 

1952 йилда ЎзССР ялови ўзгариши билан Қорақалпоғистон байроғи ҳам қайта яратилган. У ЎзССР байроғига ўхшаш бўлиб, ой ва юлдуз бироз марказроқда экани, ҳамда «Қарақалпоғистон АССРн» ёзуви борлиги билан фарқ қилган.

 

 

1992 йилда Қорақалпоғистон замонавий байроғига эга бўлди. Байроқдаги мовий ранги сув ва баҳор рамзидир. Сариқ ранг эса Қорақалпоғистоннинг бепоён чўлларини ифодалайди. Яшил ранг табиат, ишонч ва қуёшнинг янгиланиши белгисидир. Ярим ой мусулмонларнинг муқаддас тимсоли, беш юлдуз тасвири Қорақалпоғистоннинг энг қадимий бешта шаҳри ҳаёти ва ишончи туғидир.

 

 

Озодлик ялови

 

1991 йилда мустақиллик эълон қилингандан икки ой ўтиб, 18 ноябрда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб, ўз миллий байроғини қабул қилди. Замонавий ўзбек байроғи ва гербини яратиш гуруҳига рассом Анвар Мамажонов раҳбарлик қилган.

 

Ўзбекистон байроғи ҳақидаги қонунда байроқ ранглари қандай маъноларни англатиши айтилмаган. Бироқ Мамажонов Ўзбекистон байроғи ва гербини яратиш ишлари жараёни ҳамда ундаги маънолар ҳақида гапирган.

 

 

Унинг сўзларига кўра, байроқдаги ҳаворанг – зангори осмон ва мусаффо сув рамзидир. Оқ ранг эса тинчлик ва поклик тимсоли. Қизил чизиқлар қон, яъни уриб турган ҳаётий куч, Шарқ анъаналари бўйича янгиланиш рамзи. Яшил ранг эса она табиат белгиси. Ярим ой халқимизнинг кўп асрлик анъаналари рамзи.

 

Мамажоновнинг таъкидлашича, дастлаб байроқда ярим ой билан бир дона юлдуз тасвирланиши кўзда тутилган. Аммо президент Ислом Каримов мукаммаллик рамзи сифатида юлдузлар сонини 12 та қилиш таклифи билан чиққан ва бу депутатлар томонидан тасдиқланган.

 

Баъзилар ўн икки юлдуз республиканинг 12 вилоятини англатишини таъкидлайди, бироқ Ўзбекистон маъмурий жиҳатдан 12 га эмас, 14 га (Қорақалпоғистон республикаси ва Тошкент шаҳри) бўлинади.

 

12 юлдуз тасвирини 1955 йилда қабул қилинган Европа иттифоқи байроғида ҳам кўриш мумкин. Расман бу юлдузлар иттифоқ мукаммаллиги ва мустаҳкамлиги рамзидир.

 

 

Ўзбекистоннинг замонавий Ўзбекистон байроғи, шунчаки мато эмас, балки шу ўлкада яшаган, уни ҳимоя қилган, улкан салтанатлар барпо этган, ватанни авлодларга мерос қилиб қолдира олган буюк аждодлар, она юрт рамзи ҳамдир. Ҳар бир ўзбекистонлик миллий яловга қараганда айнан мана шу нарсалари хаёлидан ўтказиши лозим. Ушбу байроқ ўзида ўзбек халқи тарихи ва ўзлигини мужассам қила олган дейиш мумкин.

 

Муҳаммадқодир Собиров

 

Oyina.uz

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10333
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//