Адабиёт
Ҳазрат Навоийнинг нурли сиймоси ва муаззам ижодиёти ҳар бир ўзбек учун, хусусан, ўзбек адиби учун бир қуёш кабидир. Бу қуёшдан ҳар ким ўз имкони даражасида тафт ва куч олади. Ози оз, кўпи кўп олади. Абдулла Орипов буюк бобокалонимиздан катта куч ва ёниқ тафт олган ХХ аср иккинчи ярмида етишган улуғ шоирдир. Ҳозир улуғ ёшдагилар биладики, шоир адабиётга кирган дастлабки йилларда унинг таваллуд санаси 1942 йил деб ёзиларди. Кейинчалик бу сана 1941 йилга ўзгартирилдики, бу зинҳор бежиз эмас. Демак шоиримиз Ҳазрат Навоийдан роса 500 йил кейин дунёга келган ва бу ниманидир англатса керак.
Шундай қилиб, Абдулла Орипов, таъбир жоиз бўлса, Ҳазрат Навоийнинг панневара шогирдидир. Устозлик ҳаммага ҳам насиб этавермаганидек, ҳамма ҳам шогирдлик мақомига (Навоийга шогирдлик – бу мақом) эриша олмайди. Абдулла Орипов шу мақомга эришган саноқли шоирларимиздан бири эди. У битикларидан бирида чуқур афсус билан “Навоий бўлолмадиқ” (шундай шакл унинг сўз қўллашида бор эди) деб ёзган эса-да, шу гапни айтиш, айта олиш учун ҳам анчайин ҳуқуқ талаб қилинарди.
Шундай ҳуқуқ Абдулла Ориповда бор эди.
Шоир Ҳазрат Навоий ҳақида талай мисралар битганки, уларнинг сараси, шубҳасиз 1968 йилда ёзилган “Алишер” шеъридир. “Байтингга бир бора қовушган ҳар лаб, Такрорлаб кетгуси маҳшаргача то” дейди Шоир ушбу шеърида. Ундан ташқари, Шоир адабий суҳбат ва мақолаларида буюк бобомиз ҳақида талай мулоҳазалар билдирган, закий кашфиётларни ўртага ташлаган. Шулар асосида ҳам “Абдулла Орипов – навоийшунос” деган тадқиқот олиб бориш мумкин ва у самарали бўлади, деб ишонаман. Шоир 1982 йилда адабиётшунос Анвар Жабборов билан “Шеър ва шеърият ҳақида” деб номланган суҳбатида дейди:
“Мен навоийшунос деган терминга қаршиман. Чунки бу шундай катта баҳри муҳитки, унинг денгизлари бор. Шунинг учун, “Лайли ва Мажнуншунос” ё “Фарҳод ва Шириншунос” бўлиш мумкин. “Чор девон” бир умр ўрганилса кам. Мен Навоийдан масаланинг моҳиятига киришни, шеърни сеҳрли таёқчадай ўйнатишни ўргандим. У киши мазмун ифодасининг устаси, шеър айтиш мумкин, лекин шеърни мазмун билан фақат Навоий айтган”*.
Масалага илмий жиҳатдан ёндошилса, Ҳазрат Навоий ижодининг Абдулла Орипов шеъриятига таъсири жуда катта мавзу. Уни тадқиқ этиш балки том-том китобларни тақозо этар, лекин қуйидаги мулоҳазалар ушбу катта ишнинг бир заррасигина дейиш мумкин. Зеро ХХ-ХХI аср ўзбек шеъриятининг йирик намояндаси ўзбек адабиёти даҳоси ижодидан, ушбу “баҳри муҳит”дан сув ичмаслиги, улги олмаслиги мутлақо мумкин эмасдир.
Биз қуйида шоиримиз 1965 йилда, ёшлик палласида битган лирик шедеври “Булбул”нинг илҳомбахш нуқтаси, сарчашмаси ҳақида сўзламоқчимиз. Бу эса айнан Ҳазрат Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонидаги бир лавҳа ва унинг “Булбул” шеъри яралишида ижодий туртки бўлганлигини қайд этамиз ҳамда кейин эса ҳар икки мустақил ҳодиса, достондаги лавҳа ва шеърнинг қиёсий-типологик таҳлилини амалга оширмоқчимиз. Бундан кўринадики, таъсир ва типология муайян ўринларда бир-бирини инкор этмайдигина эмас, бир-бирини тўлдиришига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Шундай қилиб, Ҳазрат Навоий “Хамса”сининг учинчи достони “Лайли ва Мажнун”ни мутолаа қилар эканмиз, унинг 13-бобида шундай лавҳага дуч келамиз. Аввал боб унвонидаги айрим жумлаларни кўчирсак: “Қайснинг... булбули шабҳез била ишқ достонлари адосида нола қилғони ва булбул соясидек туфроққа йиқилғони...”. Боб давомида Мажнунга эврилган Қайснинг ёниқ ишқ изтиробларини булбулга айтиб, у билан бир нав баҳсга киришгани тасвир этилади:
Булбул била соз этиб навони,
Булбулдин ошар эди фиғони.
Шундан сўнг Мажнуннинг булбулга таъна қилиб айтган сўзларини насрий баёнда келтирамиз, энг зарур ўринларда Ҳазратнинг ўз сўзларидан фойдаланамиз.
Насрий баёндан: “У булбулга қараб:
– Сенинг бундай нола қилишинг ўринсиздир, чунки ёринг билан биргасан; жойинг тоза гулшан, қўнадиган еринг эса гуллар шохида. Сен гулшанда ҳарам маҳрамисан, гуллар орасидаги суҳбатнинг азизисан. Гўё сен ўз мавқеингни писанд қилмайсан ёки ёр васлидан тўйдингми?”
Энди Ҳазратнинг ўз сўзлари:
Ким шому саҳар (таъкид бизники – С.М.) қилиб мароға,
Минг тил била ун солиб ароға.
...Сен аҳли висолсен, дам урма,
Ҳажр аҳли қошида нукта сурма!
...Олингда сени висолдин боғ,
Бағримда менинг фироқдин доғ.
Бундаги оҳангга эътибор беринг.
Қайс булбулни беҳудага одамларга, элга озор бериб, ўзингни ошиқи зор қилиб кўрсатма. Сен нола чекишинг ўринсиз. Ёринг, гулинг ёнингда-ку, демоқда Мажнун. Булбулга қаратилган таъна оҳангги ва таъкид ила кўрсатганимиз “шому саҳар” ибораси А.Ориповнинг юқорида тилга олганимиз “Булбул” шеърида манаман, деб турибди: “Шому саҳар тиним билмай шарҳ айладинг дилингни...” Ягона бош қаҳрамон ва ушбу икки ашё – ўхшаш оҳанг ва ҳар икки матн учун муштарак ибора “Булбул” шеъри бевосита “Лайли ва Мажнун” достонидаги келтирганимиз лавҳа таъсирида туғилган, деган илмий фаразни олға суришга имкон беради. Асрдош улуғ шоиримиз буюк достонни ўқиш жараёнида ушбу лавҳага тўқинган ва у шоиримизнинг поэтик ҳаёлотида “Булбул” шеърининг сеҳрли мисралари кўклам ёмғиридек қуюлиб келишига туртки ва илҳом берган. Шу ерда “Булбул” шеърини тўлиқ келтирамиз. Яхшиямки, у қисқа, бори-йўғи тўрт байт, саккиз мисра:
Булбул
Раҳматжонга
Сен – булбулсан, булбулларни маст қила қол, булбулим.
Менинг учун сайрашингни бас қила қол, булбулим.
Шому саҳар тиним билмай шарҳ айладинг дилингни,
Қани, айт-чи, булбулгинам, ким тушунди тилингни?
Биров сени нола деди, биров деди оҳ-фиғон,
Булбул тилин булбул билар, мен билмасман, булбулжон.
Англарми деб беҳудага роз сўйлама, қушим, ҳай,
Сен – булбулсан, булбулгинам, сени булбул тушунгай.
Асл бадиий асарда тасодифий унсур бўлмайди. Ушбу шеър сарлавҳасидан кейин “Раҳматжонга” деган ёзув-бағишлов бор. Биламизки, бу киши Шоирнинг ҳамюрт қадрдонларидан бири, янтоқдан бошқа нарса ўсмайдиган тақир даштдан чиққан таниқли булбулнафас бастакор Раҳматжон Турсуновдир. Бағишлов Шоир ушбу бастакорнинг дилбар қўшиқ ва куйларидан қаттиқ таъсирланганини англатиши мумкин. Бу фикрни тан олган ҳолда айтиш жоизки, бу ерда бошқа бир сабаб, ижодий сир бор, ҳойнаҳой. Бу Шоир шеърда қўллаган ўзига хос усул – бадиий четланиш билан боғлиқ. Асардаги бош персонаж булбул идеалда, юксак нуқтада шоирнинг ўзи, унинг поэтик тимсоли. Лекин, Шоир бадиий усул қўллаб, Ўзини “сен”дан, яъни булбулдан ажратмоқда: “Сен – булбулсан, булбулларни маст қила қол, булбулим, Менинг учун сайрашингни бас қила қол, булбулим”. Бу ердаги “мен” бир тарафдан шоир, бошқа тарафдан унинг мухолифи. Яъни Шоир айтмоқдаки, сен – булбулсан, мен эса бошқаман... Ана шу бадиий усул тасдиғи учун – бу биринчи қатламдаги тасдиқ, иккинчи қатламда у энди ишламайди – булбулнафас бастакор номи, яъни бағишлов керак.
Шому саҳар тиним билмай дилини шарҳ айлаётган Шоирнинг ўзи-ку. Унинг тилини тушунмаганлар (“ким тушунди...”) эса “мен”. Бу “мен” сал ўтиб “биров”га айланади: “Биров сени нола деди, биров деди оҳ-фиғон”. Бундай ҳукм совет даврида салкам “халқ душмани” деган тавқи лаънатга тенг эди. Шеърга қайтамиз. Бунда “биров” билан “мен” ўртасига тенглик аломати қўя олмаймиз, чунки “мен” булбулнинг тилини билмаса-да, лекин уни яхши кўради, дилдан ардоқлайди. Бежиз “булбулжон, булбулгинам” дея атамайди. Авайлаш ва эркалаш оҳангги сўнгги байтда ўз ҳадди аълосига чиқади: “Англарми деб беҳудага роз сўйлама, қушим, ҳай, Сен булбулсан, булбулгинам, сени булбул тушунгай”.
Охирги байт шеър апофеози, шодон тантанаси бўлиб, унда шеър бошланишидаги ёт, ёқимсиз “мен” ўрнини булбулга хайрихоҳ ва меҳрибон “мен” эгаллайди, лекин у “мен” тарзидаги сўз эмас, грамматик қўшимча орқали “қушим”, “булбулгинам” – ифодаланган менлик маъносидир. Шунда, шу ерга келиб Мен ва Булбул яхлит вужудга айланиб, муаллиф атай яширган ғояни нозик ишора орқали юзага чиқаради.
Яъни булбул – бу Шоирнинг автотимсоли, фақат англанмасликдан аламзада Шоир тимсолидир.
Бадиий усулга яна бир бор эътибор беринг. Бир тарафдан Мен, яъни шоир ўзини булбулдан ажратади. Унга ётлигини таъкидлайди. Бир пайтнинг ўзида, иккинчи тарафдан, булбулга қондош ва жондош эканлигини эркалаш оҳанглар орқали муҳрлайди: “Сен булбулсан, булбулгинам, сени булбул тушунгай”. Учта “булбул” сўзи қўлланган ушбу мисрада иккита булбул бор – булбуллиги таъкидланаётган ва булбулни тушунадиган булбул. Улар эса моҳиятан бир Булбул, яъни Шоирнинг ўзидир.
Юқорида замондош шоиримиз ушбу шоҳбайтини ёзишда Ҳазрат Навоийдан куч ва илҳом олгани, “Лайли ва Мажнун” достонидаги лавҳадан таъсирлангани ҳақида ёзгандик. Лекин Абдулла Ориповнинг шеъри достондаги лавҳадан қанчалар фарқли ва мустақил. Муштараклик зимнида тафовут, тафовут зимнида муштараклик мавжуд. Бу қиёсий типологик тадқиқотларнинг, таъбир жоиз бўлса, олтин қонуни. Қайс мажнуний ҳолатда Булбулга таъна қилар экан, у булбулдан нафратланмайди, нафрат туйғуси бу ерда ўринсиз. У ишқий жазбада булбулни ўзига яқин олиб, яқин билиб, унга қарата нолалар қилади. Сўзининг охирида ақлу ҳушидан жудо бўлиши бежиз эмас:
Чун чекти бу ерга навҳаи дард,
Бўлди яна ақлу ҳушдин фард.
Зеро, унинг булбулга мурожаати ишқий жабҳанинг олий даражаси, ҳадди алоси эди.
Бинобарин, ҳар икки матнни Булбулга мурожаат бирлаштиради, лекин Ҳазрат Навоийда Мажнун ва Булбул охиригача мустақил субъект, ҳодисалар бўлса, Абдулла Орипов шеърида Мен ва Булбул бошда ажралса, иккиланса, шеърий ривож сўнгида битта вужудга, дардчил Шоирга айланади. Лекин ҳар икки матнда ҳам “шому саҳар” нола қилаётган булбул ўзаро қондошдир.
Ҳазрат Навоий булбулидан куч ва илҳом олган Абдулла Орипов булбули (яъни ўзи) мустабид даврнинг юзига тик боқади. Ўз дарду ва аламларини тўкиб солганда, уларни нола ва оҳ-фиғон дея таъна тошини отаётганларга, айб қўяётганларга “Булбул тилин булбул билар, мен билмасман, булбулжон” деб уларни дидсизлик ва дардсизликда айблаш учун куч-қувват топа олади. ХV асрдан ХХ аср томон парвоз қилган Булбул ушбу асрдаги ўзбекнинг дарду ноласини куйлай бошлади.
Булбул икки – Ҳазрат Навоий булбули ва Абдулла Орипов булбули. Лекин дард эса ҳамон ўша-ўша...
Сувон МЕЛИ,
филология фанлари доктори
*Абдулла Орипов. Танланган асарлар. Тўрт жилдлик. 4-жилд. Т.: Ғаффур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 2001. 62-бет.
**Алишер Навоий. Лайли ва Мажнун. Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1990. 69-бет.
***Абдулла Орипов. Танланган асарлар. Т.: Шарқ, 2019. 52-бет.
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ