
2023 йилнинг 12–19 октябрь кунлари Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими ташаббуси билан амалга оширилган илмий экспедиция таркибида Мўғулистонда бўлганимизда Тўнюқуқ ёдгорликларини бориб ўргандик. Бу ҳақда илмий-оммабоп мақола тайёрлашни ўша ерда ният қилгандим, бу иш осон кечмади. Тўнюқуқнинг ҳаёти, фаолияти, дунёқараши билан боғлиқ манбаларни саралаганимда, мақолани якунлашга кучим етмаслигини англадим. 2023 йилнинг ноябрида бошланган мақола тугалланиши бир йилга чўзилди, сабалари эса қуйидагича:
Биринчи сабаб, Тўнюқуқнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ географик ва тарихий билимларим кам эди. 2023 йилги “Боболар изидан...” экспедициямизда Олатов, Балхаш атрофи, Иртиш ва Талас, Чуй водийлари атрофини кузатдим. Хакасиядаги Энасойдан Ўрхунга бориладиган йўлларнинг геграфияси ва ландшафтини кўриб чиқдим.
Иккинчи сабаб, Тўнюқуқ битиктошларидаги матннинг олимлар томонидан ўқилиши ва таржимасида, шунингдек талқинида катта фарқлар бор экан. Қўлимда асосан совет давридаги манбалар бўлгани учун европалик олимлар эмас, янги асрдаги туркий олимларнинг тадқиқотларидан фойдаланиш истаги мени тўхтатиб турди. Бу орада мўғулистонлик олимлар ва Мўғулистон миллий университети Туркологик тадқиқотлар институтида фаолият олиб бораётган туркиялик олимлар билан маслаҳатлашдим. Ниҳоят, тақдир тақазоси билан 2024 йилнинг сентябрь ойида машҳур манбашунос олим, Л.Гумилев номидаги Евроосиё миллий университети профессори Турсинхон Закенули Қайиркен Қозоғистондан юртимизга келганда, у билан ушбу мақола юзасидан батафсил гаплашиб олдик. Турсинхон Закенули Тўнюқуқ ҳақида “Мангутош” номли роман ёзган. Шу боис унинг айтган маълумотлари бадиий ифода билан бирлашиб мантиқийлик касб этади.
Ҳозирги Мўғулистон ҳудудларида туркийлар тарихи билан боғлиқ жуда кўплаб ёдгорликлар сақланган. Уларнинг асосий қисми Ўрхун дарёсининг қирғоқларида жойлашган. Бу ёдгорликлар 2004 йилдан “Ўрхун дарёси водийлари маданий ландшафти” номи билан UNESCO томонидан Бутунжаҳон комплекс маданий объекти сифатида рўйхатга олинган. Улар орасида Тўнюқуқ, Билге хоқон ва Kултегин тошбитиклари, Қорақўрим ва Қарабалғасун (Орду балиқ) шаҳар харобалари бутун дунёга машҳурдир.
Билге хоқон ва Қултегин ёдгорлик тошлари Ўрхун дарёсининг ўзанларидан бири – Кўкшин Ўрхун ўзанининг қирғоқларида, Қўшо Сайдам манзилгоҳида жойлашган.
Чингизхон давлатининг пойтахти бўлган Қорақўрим шаҳри Улан-Батордан 360 км узоқликда, Қўшо Сайдамга кетиш йўлида жойлашган. Аввал Қирғиз, кейин Уйғур хоқонликларининг пойтахти бўлган Қарабалғасун (Ўрдубалиқ) шаҳрининг харобалари эса Қорақўримнинг шимолий-шарқ томонида 17 км узоқликда жойлашган.
Тўнюқуқ битиктошлари улар орасида энг қадимийси бўлиб, Ўтеген (Отукен) водийсида, Орхун дарёсининг Туул ўзани атрофидаги Баин-Соқто манзилгоҳида жойлашган. Бу жойга энг яқин қишлоқ этник қозоқлар яшайдиган Налайх қишлоғидир.
Ўтеген (Ўтукен) водийси қадим даврларда ҳам туркийлар учун муқаддас жой саналган. Билге хоқон бу ерни “туркийларнинг юраги” деб атаган. Ўрхун айнан шу водийдан, тоғ тепасидаги Ўтеген (Ўтукен) ўрмонлари орасидаги ирмоқлардан бошланади.
Тўнюқуқ битиктошлари ёзувлари билан бирга 716–731 йиллар оралиғида барпо этилган. Манбаларга кўра, тошбитиклар унинг ўзи томонидан айтиб ёздирилган. Ёдгорликлар эпитафия, яъни қабртошига ўйиб ёзилган битик кўринишида бўлиб, улар иккита тошустунлардан иборат. Биринчи устуннинг баландлиги 1,76 см, иккинчисининг баландлиги 1,60 см. Биринчи устунда 36 қатор (1–36), иккинчисида ҳам 26 қатор ёзув жойланган.
Ҳозирги кунда ҳар иккала битиктош қазиб олинган ва вақтинча сақлаш учун махсус қурилган иншоот ичида сақлаб турилибди. Эски ўрнида эса Туркиянинг TICA ташкилоти томонидан янги усти ёпиқ бино барпо этилаяпти.
Битиктошлар 1897 йилда Д.А.Клеменц, 1998 йилда В.В.Радлов, 1909 йилда Г.Р.Рамстедт, 1925 йилда Б.Я.Владимирцов, Б.Бародинлар, Дэндев томонидан тадқиқ қилинган[1]. 1957 йилдан Мўғилистон фанлар академияси ва бошқа илмий-тадқиқот муассасалари олимлари Н.Сэр-Оджав, Ц.Доржсурэн, Д.Баяр, Б.Ринчен бошқалар томонидан ўрганилган[2]. 1962 йилда польшалик Э.Триярский[3] келиб битиктошларни тадқиқ қилган.
1991 йилдан кейин Монголияда туркий тошбитикларни ўрганиш бўйича янги давр бошланди. 1997 йилда Мўғулистон фанлар академиясининг тарих институти ҳамда Туркия ишбирлиги ва кординация агентлиги (TICA) “Мўғилистон ҳудудларидаги туркий ёдгорликларни ўрганиш, консервациялаш ва реконструкция қилиш” лойиҳасини бошлашди[4]. Ҳозирги кунда ўнлаб турк олимлари Тўнюқуқ битикларини тадқиқ қилишда давом этмоқда. 2007 йилдан Мўғулистон-Қозоғистон қўшма лойиҳалари доирасида ўнлаб қозоқ ва мўғул олимлари, хусусан Д.Баяр, Р.Мунхтулга, З.Самашев, Е.Тулегенов ва Б.Напиллар битиктошларни ўрганишди[5].
Матнларнинг ўқилишида В.В.Радлов, Х.Н.Орхун, М.Спренглинг, С.Е.Малов, П.Аалто, Р.Жиро, М.Ергин, Г.Клоусон, Г.Айдаров, Б.Базылхан, Т.Текинларнинг вариантлари муҳим аҳамиятга эга. Аммо бугунги кунда Алтай Аманжолов ўқиши туркий битикларнинг тўғри ўқилиши бўйича энг ишончлиси саналади. Қозоғистонда Алтай Аманжолов бутун умри давомида айнан қадимги туркий тил графикаси бўйича ўнлаб илмий китоблар, қўлланмалар ва дарсликлар тайёрлаган[6].
Битиктошдаги ёзувлар қадимги турк ёзувида ёзилган бўлиб, дастлабки сатрларда Билге Тўнюқуқнинг Табғачлар юртида туғилгани ва ўша даврда туркий эллар табғачларга тобе бўлгани ҳақидаги маълумотлар берилган:
Bilge Tuňuquq: ben özüm: Tabγač eliŋe: qïlïntïm: Türük budun: Tabγačqa: ükü erür erti: Мен ўзим Билге Тўнуқуқ: Табғач элида туғилдим. Турк эли Табғачга тобе эрди[7].
Кейинги сатрларда Тўнюқуқ туркийларнинг табғачларга тобелиги сабабини, туркий элни бирлаштиришнинг зарурлигини, ўзининг то умрининг охирига қадар бажарган ишларини ёзган. Матнда воқеалар тавсифи қисқа, аммо мазмунли сатрларда даврийлик тартибида баён қилинган.
Тўнюқуқ Хитойга тегишли Табғачлар юртида тахминан 650 йилда, ашидэ уруғига мансуб оилада туғилади ва шу ерда хитойча таълим олади. Тўнюқуқ мансуб ашидэ уруғига кўпинча ашина уруғи билан бирга тилга олинади ва ҳар иккиси туркийларнинг оқсуяклар уруғи саналган. Ашидэларга кўпинча хон, хоқон ёки эркин унвонлари қўшиб айтилган. Эркинлар орасида айримларига тегин унвони ҳам берилган[8].
Шу ўринда “табғачлар ким?” деган савол туғилади. Табғачларнинг асли турк бўлган. Қозоқ олими Олтой Омонжўловнинг таъкидлашича “табғачлар хитойлашган туркийлардир”. Улар хитой маданиятини қабул қилган ва ўзлигини унутган эдилар. Тўнюқуқ табғачлар орасида улғаяр экан доимий камситишлардан безиб, туркийларнинг озодлиги тўғрисида ўйлайди.
Айни пайтда, ашина уруғидан бўлган Қутлуғ хоқон хитойлар истибдодидан безиб озодлик йўлида қўзғолон бошлаган эди ва ўзи учун энг ишончли, илмли, ҳарб илмини чуқур эгаллаган йўлдош ахтараётган эди. У Тўнюқуққа “Менга қўшил! деб айтади ва Билге Тўнюқуқ унга қўшилади”[9]. Шу тариқа, 682 йилда ашина хонлари уруғидан бўлган Қутлуғ хоқон ва ашидэ уруғидан бўлган Билге Тўнюқуқ туркларни Хитой мустамлакасидан озод қилиш йўлида бирлашади.
Тўнюқуқ ва Қутлуғ хоқон бутун туркийларни бирлаштириш учун бел боғлаган бу давр туркий эллар бир-бирига нисбатан ишончини йўқотган, таҳликали давр эди. Тўнюқуқ бу ҳақда “душманларимиз атрофимизни худди йиртқич қушлар каби ўраб олган, биз эса улар учун ўлакса каби эдик” дея ёзади. Шарқда қиданлар[10], ғарбда тургешлар[11], жанубда табғачлар, шимолда ўғузлар ва Энасой қирғизлари[12] уларни ўраб олган эди. Икки турк улкан режалар тузади. Аммо қўшини, маблағи, эл орасида эътибори бўлмагани учун элни бирлаштириш қийин кечади. Иккиси от миниб юртларни кезади. Туркий қавмлар орасига кириб режаларини тушунтиришади. Кимлардир қўшилади, баъзилари эса хитойларга бош эгса-да тинч юришни афзал кўради.
Тўнюқуқнинг Қутлуғ хоқон билан бирга амалга оширган ишларидан асосий мақсад мустақилликка эришиш учун барча туркий халқларни бирлаштириш бўлган. Чунки хитойларнинг сони жуда кўп бўлиб, бирлашмасдан уларни енгиб бўлмасди. Шу сабаб улар мақсадлари йўлида собит турадилар ва йирик қўшин тузишга маваффақ бўладилар. Бирлашган турклар Қутлуғ хоқонга “Элтериш билге хоқон” (элларни бирлаштирган билге хоқон) унвонини беради.
Бу пайт туркий эллар хитой маданиятини ва уларга тобелигини тан олган, хитойларга қарши бўлган ва сиёсий жараёнларга лоқайд қавмлардан таркиб топган эди. Улар қаршиларни ўзларига қўшиб олиш, хитойпарастларни қаттиқ жазолаш, лоқайдларни эса бўйсундириш йўлидан боришади.
Вазият қийин бўлишига қарамай улар тез орада Тан империясига қарши жанг бошлашади. Тан империясини, қиданларни, тўғуз-ўғуз[13]ларни, Энасой қирғизлари ва тургешларни қисман бўйсундиради. Айни шу даврда туркий қавмлар Отюкен (Ўтеген) водийсига кўчириб келинади ва салтанат шу ердан бошқарила бошлайди. Бу ер Хитой ҳужумидан сақланиш учун, қолаверса шу жойдан Мўғулистондан ташқари Жанубий Сибир ва Манжуриянинг бир қисмини назоратда сақлаб туриш учун қулай эди[14].
Қутлуғ хоқон 693 йилда вафот этганидан сўнг ўрнига укаси Мочур хоқон бўлади[15]. Тўнюқуқ эса унинг буйруқчи[16]сига айланади. Мочур тез орада Тан империясини жангда енгиб сўнгра қиданларни, тўғуз-ўғуз[17]ларни, Энасой қирғизлари[18] ва тургешларни тўлиқ ўзига бўйсундиради. Шу сабаб бўлса керак унга Қапағон унвони берилади. Қапағон туркий “қап” ўзагидан қопловчи, ўзига бўйсундурувчи маъносини билдиради. Тўнюқуқ хоқонликнинг ҳудудларини кенгайтириш ва сиёсий барқарорлигини таъминлашда Қапағон хоқон билан узанги йўлдош бўлади.
Қапағонхон даврида қиданлар, яшил ўғузлар бўйсундирилади. Бу даврда Энасой қирғизлари катта хавф солиб турар эди. Шунинг учун Тўнюқуқ Соён тоғлари орқали Энасойга ўтиб, Ағбан[19] атрофида қирғиз хоқонлигини тўлиқ забт этади. Хоқонини ўлдириб, қолган қирғизларни ўзларига бўйсундиради[20].
Кейинги ҳужум Туркеш хоқонлигини забт этишга қаратилади. 711 йилда Тўнюқуқ Қапағоннинг ўғли Иналхон билан Яриш водийсидаги[21] Туркеш хоқонлигини забт этади.
Шундан кейин қўшинлар Шошни ва Сўғдни эгаллайди. Турк хоқонлигининг чегаралари Темир қапиқ (темир дарвоза)гача етади[22]. Шу тариқа Билге Тўнюқуқнинг қўмондонлиги остида жами 23 та шаҳар туркийлар қўлига ўтади[23]. 716 йилда Қапағон хоқон байирқу уруғининг жангчилари томонидан ўлдирилади ва унинг ўрнига Иналхон хоқонликка ўтиради.
Аммо амалда қўшинлар ва ҳокимият қўлида бўлган Қултегин уни ва бутун аъёнларини ўлдириб ўрнига ўзининг акаси Билгехонни хоқонлик тахтига ўтирғизади. Тўнюқуқга эса тегинилмайди. Чунки янги хоқон унинг куёви бўлиб, қизи Қутлуғ Сабоғ Хотунга уйланган эди. Тўнюқуқ Қултегиннинг бу тўнтаришини оқламайди, шунинг учун хафа бўлиб, бир муддат давлат ишларига аралашмай юради. Аммо вазият ёмон, ҳамон Хитойнинг хавфи сезилиб турар, қолаверса бу тўнтаришлар Хитойнинг фойдасига ишлаётган эди. Билгехон ҳам уни маслаҳат бериш учун чорлай бошлайди ва у яна “бойла баға тархан”, яъни хоқоннинг бош маслаҳатчисига айланади. Шундан сўнг, янги хоқон – Билгехон, укаси Қултегин ва қайнотаси Тўнюқуқ туркийларни Хитой маданиятидан ва Тан империясининг сиёсий таъсиридан озод қилиш йўлида бирлашадилар. Бу учликнинг биргаликдаги бошқаруви даврида туркий хоқонлик Тан империяси билан тўлиқ тинчлик сулҳини тузади ва энди урушлар эмас, балки мамлакатни мустаҳкамлаш, ҳарбий салоҳиятини ошириш, маданиятни юксалтириш йўлидан борадилар[24]. Тинчлик даврида хоқонликда илм-фанга, савдо ва иқтисодий алоқаларга катта эътибор қаратилади. Тўнюқуқ тили билан айтганда: Эл йема эл болти, бодун йема бодун болти (Давлат давлат бўлди, халқ ҳам xалқ бўлди)[25].
Билге хоқон давридаги тинчлик узоққа чўзилмаган. Тан империяси 720 йилда басмиллар, киданлар ва татабларни ўзларига оғдириб, туркларга қарши қўйишни режалаштиради. Басмиллар туркий халқ бўлган, бироқ М.Кошғарий басмилларнинг тили туркийдан сал фарқ қилганини айтиб ўтган[26], киданлар ва татаблар эса мўғул халқлари бўлган. Буни яхши билган Тан қўшинлари қўмондони Вань Цзунь улардан ўз мақсадларида фойдаланишни режалаштиради. Басмилларни шимолдан, киданлар ва татабларни шарқдан xоқонликка қарши йўналтиради. Аммо Билге Тўнюқуқ уларга қарши яхши режа тузади ва аввал басмилларни Бешбалиқ атрофида қўлга олади. Уларни ўзларига бўйсундириб, кутилмаганда Ганьсуга ҳужум уюштиради ва унга қўшиб Шарқий Туркистон ҳудудларини ҳам қўлга олади. 721 йилда турклар Тан империясининг иттифоқчисига айланган киданлар ва татабларни ҳам яксон қилади. 722 йилга келиб Тан императори мағлубиятига иқрор бўлади ва Шарқий Турк хоқонлигини бутун дунё тан олади.
Шарқий Турк хоқонлигининг шаклланиши ва таркиб топишида Билге Тўнюқуқнинг ўрни беқиёс. Уни том маънода мустақиллик курашчиси деб атаса бўлади. У хитой фалсафаси, хусусан, даосизм ва буддавийлик фалсафасини чуқур ўрганади. Уларнинг туркий маданиятни йўқотишга қаратилган стратегиясини англаб етади. Ва агар туркийлар бирлашмаса ва қарши турмаса хитой маданияти турк маданиятини барбод қилади, натижада ер юзида туркийларнинг оти ҳам қолмайди, деган хулосага келади. Шу йўлда курашади ва давлат тузилишида энг асосий сиёсий раҳнамога айланади:
Тўнюқуқ ўзи ёзиб қолдирган битиктошда “Хитойга қарши бирлашиш” ғоясини олға суради ва бу туркий хоқонликнинг мафкураси бўлади.
Тўнюқуқ хоқонликнинг барча жанглари тактикаси, стратегиясини ишлаб чиқади ва ижтимоий-иқтисодий соҳани бошқаради. Хоқонликнинг ташқи алоқалари, солиқ сиёсати, қурилиш, ишлаб чиқариш, қурол ишлаб чиқариш ва ҳунармандчилик ишлари унинг маслаҳатлари билан амалга оширилади.
Тўнюқуқ туркий тилни ўша давр учун энг мукаммал ҳолатга келтиради. Унинг битикларида тил нормалари, адабий қоидаларга амал қилинган, ҳикоя қилиш усуллари жуда енгил, фольклор элементлари ва қофиялар маҳорат билан қўлланган.
Тўнюқуқ хитойларнинг маданиятини, қадриятларини, ҳарбий санъатини ва фаласафасини чуқур ўрганади. Туркийлар учун хитой маданияти қанчалар хавфли эканини уқдиришга ҳаракат қилади, унга қарши янги ғояларни илгари суради. Шунинг учун унга эл орасида “Билге”[27] унвони берилади. Битикларда ҳам Тўнюқуқ номи доим билге унвони билан бирга – “Билге Тўнюқуқ” шаклида ёзилган[28]. Билге сўзи ўша даврда донишманд, файласуф маъносида қўлланилган. Билик сўзи эса фалсафа, ҳикмат, донишмадлик илми маъноларини англатган. Шунинг учун Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”и ҳам айнан фалсафий-дидактик асарлар сирасига киради. Мўғуллар Тўнюқуққа мерген унвонини қўшиб ишлатишади ва мерган мўғул англашимида донишманд, файласуф маъносини беради[29].
Билге Тўнюқуқ 732 йилда вафот этади. Унинг вафотидан сўнг 731–734 йилда Қултегин, уч йил ўтиб 734 йилда Билге хоқон ҳам вафот этади. 734 йилда тахта Билге хоқон ва Қутлуғ Сабоғ Хотуннинг ўғли Тўнюқуқнинг невараси Йўллиғ тегин тахтга ўтиради. Йўллиғ тегин давлатни беш йил бошқаради ва 739 йилда вафот этади. Шундан сўнг тахтга унинг укаси Билге Қутлуғхон ўтиради. Билге Қутлуғхон ёш бўлгани учун амалда салтанатни Қутлуғ Сабоғ Хотун бошқаради. Аммо кейинчалик яна фитналар бошланади ва Шарқий турк хоқонлиги парчаланиб кетади.
Аммо...
Аммо бу сафар туркийлар хитойга тўлиқ тобе бўлиб қолмайди. Хоқонлик ўрнига янги туркий давлатлар, хусусан қарлуқ, уйғур хонликлари ташкил топади.
Анвар БЎРОНОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
[1] Клеменц. Д.А.Археологический дневник поездки в Среднюю Монголию в 1891 г. // Сборник трудов Орхонской экспедиции, II, Санкт-Петербург, 1895 С. 48–59; Радлов В.В. Атлас древностей Монголии. СПб., 1899, вып. I; 1892, вып. II; 1893, вып. III; 1896, вып. IV; 1899.; Ramstedt G.J. Seven journies Eastward, 1898–1912. Bloomington, Indiana, 1978. Р. 194–196; Ramstedt G.J. Seven journies Eastward, 1898–1912. Bloomington, Indiana, 1978. Р. 194–196.; Владимирцов Б.Я. Этнолого-лингвистические исследования в Урге, Ургинском и Кентейском районах // Северная Монголия. Вып. II. Ленинград,1927. С. 36–42.; Увгун Дэндэвийн дурдатгал. Д.Наваан тэмдэглэн бичив. Улаанбаатар, 1963. 23 т.
[2] Сэр-Оджав Н. Шинэ олдсон турэг бичээсийн тухай // Studia Archaeologica. Tomus. I.Fasc. 7. Улаанбаатар, 1960. 16 т.; Баяр Д. Туулын хундий дэх Турэгийн умнух уеийн хун чулууны тухай // Монголын эртний туухийн судлал. Studia Archaeologica. Tomus VII. Fasc. 10. Улаанбаатар, 1979; Ринчен Б. Монгол нутаг дахь хадны бичээс гэрэлт хушууний зуйл //Corpus Scriptorum Mongolorum. Tomus XVI. Fasc. 1. Улаанбаатар, 1968.
[3] Tryjarski E. On the archaeological traces of Old Turks in Mongolia // East and West. Rome, 1971. Vol. 21. №1–2. Р. 121–135.
[4] Монгол-Туркийн хамтарсан, Монгол орон дахь турэгийн уеийн зарим хушуу дурсгалыг хадгалж хамгаалах, судлах, сэргээн засварлах туслийн эхний жилийн археологийн судалгааны тайлан. Улаанбаатар, 1997.
[5] Баяр Д., Мунхтулга Р. Монгол-Казахстаны хамтарсан археологийн хайгуул судалгааны тайлан / ШУА-ийн Археологийн хурээлэн гар бичмэлийн сан хумруг. Улаанбаатар, 2007.
[6] А.С.Аманжолов «История и теория древнетюркского письма», Алматы, «Издательство «Мектеп», 2003.
[7] Базылхан Б.Тоньюкукийн түрэг руни бичээс . Bulleten the IAMS News Information on Mongol Studies. 1993, № 2 (12), 1994, № 1 (13), х.55.
[8] Liu Mau-tsai. Die chinesischen Nachrichten zur Geschichte der Ost-Türken. 1-2. Weisbaden, 1958. (101/102).
[9] Orhun H.N. Eski Türk yazıtları. – Ankara: Türk Dil Kururmu Yayınları, 1994. – s. 100, 102.
[10] Қиданлар (кидан, цидан, қитай, хитай) – мўғул халқи. Ўз давлатчилигига эга бўлган ва XIII асрдан кейин кўплаб туркий ва мўғул халқлари таркибига кирган.
[11] Жетису гегорафик ҳудудида шаклланган туркий этнос.
[12] Энасой ва Олтой-Сайон ҳудудларида яшаган қирғизлар.
[13] Тўғуз-ўғуз – Мўғулистон ҳудудларида шаклланган ўғуз уруғларидан таркиб топган этник бирлик. https://cyberleninka.ru/article/n/tokuz-oguzskaya-problema-v-istorii-izucheniya-drevnih-uygurov-tsentralnoy-azii
[14] Кляшторный С.Г. Древнетюркские рунические памятники как источник по истории Средней Азии // История Центральной Азии и памятники рунического письма / Яковлев В.В. – СПб.: Филологический факультет СПбГУ, 2003. – 560 с.
[15] Кляшторный С.Г. Древнетюркские рунические памятники как источник по истории Средней Азии // История Центральной Азии и памятники рунического письма / Яковлев В.В. – СПб.: Филологический факультет СПбГУ, 2003. – 560 с.
[16] Турк хоқонлигида вазир буйруқчи деб аталган.
[17] Тўғуз-ўғуз – Мўғулистон ҳудудларида шаклланган ўғуз уруғларидан таркиб топган этник бирлик. https://cyberleninka.ru/article/n/tokuz-oguzskaya-problema-v-istorii-izucheniya-drevnih-uygurov-tsentralnoy-azii
[18] Энасой ва Олтой-Сайон ҳудудларида яшаган қирғизлар. Уларнинг авлодлари ҳозиги хакаслардир.
[19] Хакасиянинг бош шаҳри – Абакан, хакасча Абаған дейилади..
[20] Giraud R. Tonyukuk’un Orhon’dan Temir Kapı’ya gidiş yolu // V. Türk Tarih Kongresi. – Ankara, 1956. 12–17 Nisan. 317–322 с.
[21] Қирғизистондаги Қўчқор водийси.
[22] Малов С.Е. Памятники древнетюркской письменности.Тексты и исследования.// М. Л.: 1951. 451 с.
[23] Гумилев Л.Н. Древние тюрки. – СПб.: СЗКЭО, 2002. – 576 с.
[24] Гумилёв Л.Н. Древние тюрки. – М.: Наука, 1967. – С. 315–316, 323; 12, 84.
[25] Тўнюқуқ битиктоши. 56- қатор.
[26] “Девону луғотит турк”. 1-том. Тошкент: Фан. 1960. 66-б.
[27] Билге – билимдон, файласуф.
[28] Тишин В.В. Очерки историографии общества и государственности тюркских каганатов VI-VIII вв / Васильев Д.Д. – Астана: «Гылым» баспасы, 2019. с. 207.
[29] Буянбадрач Ч. Тоньюкукын гэрэлт хөшөө (түүх соёлын дурсгалт газар). http://www.touristinfocenter.mn/cate5_more.aspx?ItemID=11
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ