Мусулмон мамлакатларидаги илк банк тизими, хотин-қизлар таълимига урғу – Ислом қоидаларини янги йўлга бурган Туркистон жадидлари


Сақлаш
23:02 / 31.10.2024 80 0

XIX аср охири XX аср бoшлида Мисрда содир бўлган инқилий вoқeaлaр Туркистoн ижтимoий ҳaётидa ислoҳoтлaрнинг бoшлиши, млум мaънoдa сиёсий тaфaккурнинг ривoжлишигa кaттa туртки берди. Бу вақтда Туркистoн Қўқон хонлиги ҳудудида ташкил этилган Туркистон генерал-губернаторлиги, ярим мустамлака шароитдаги Буxoрo амирлиги вa Xивa xoнликлидaн ибoрaт эди. Мисрда XIX аср охирларида бошланган давлатчилик борасидаги ислоҳотлар, ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўзгаришлар ва озодлик ҳаракатлари диний нуқтаи назардан баҳоланди. Бу борада афғонистонлик Жамолиддин Афғоний (1839–1897) ва унинг мисрлик шогирди Муҳаммад Абдо (1849–1905)ларнинг фаолиятларини қайд этиш мумкин.

 

Жамолиддин Афғоний Туркистон мутафаккирлари Абу Али ибн Сино ва Абу Наср Форобийнинг мантиқ ва фалсафага оид асарлари билан танишиб, уларнинг саккиз аср олдин давлат ва жамият ҳақида билдирган фикрларининг XIX асрда ҳам эскирмаганини кўрган, тараққиётнинг асосий шарти – доимий ислоҳотлар қилишда деб билган. Шарқ тараққийпарварлари орасида биринчилардан бўлиб исломнинг диний, ижтимоий, фалсафий тизимини мустамлакачиликка қарши кураш вазифалари асосида қайта кўриб чиқиш заруриятини англаб етган.

 

Жамолиддин Афғоний 1869 йилгача афғон амирлари хизматида бўлган ва уларни давлат бошқаруви, солиқ тизими, маданий-ижтимоий соҳаларда ислоҳотлар ўтказишга ишонтирган. Лекин мамлакатдаги ички аҳволнинг беқарорлиги, тож-тахт учун кураш, инглиз мустамлака идораларининг доимий аралашуви бу ислоҳотларнинг кўзга кўринарли натижа билан тугашига йўл қўймайди. Жамолиддин Афғоний чет элга кетишга мажбур бўлган. Ҳаётининг кўп қисмини Ҳиндистон, Миср, Ироқ, Россия, Франция, Англия, Туркия каби давлатларда ўтказади. У мисрлик Шайх Муҳаммад Абдо, татар маърифатпарвари Ризоуддин ибн Фахриддин (1859–1936), афғон зиёлиси Маҳмудбек Тарзий ва турк шоири Меҳмед Амин кабиларнинг камол топишида муҳим роль ўйнаган.

 

Жамолиддин Афғоний

 

Жамолиддин Афғоний ва Муҳаммад Абдо ўз ғояларини тарғиб қилиш учун 1888 йили Россияда бўлиб, мусулмонлар билан учрашган вақтларида фақатгина исломни ислоҳ қилиш ва янгилаш ҳақида эмас, балки мусулмонларнинг фан ва техника ютуқларини эгаллашлари ҳақида ҳам сўзлайдилар. Жамолиддин Афғоний ўз нутқида Европа маданиятини мусулмон дунёсига юзаки жорий этишга қаршилигини айтиб, Шарқнинг бой маданияти ва ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда иккала маданиятни бир-бирига яқинлаштириш, шу тариқа ўзининг миллий уйғониши учун шарт-шароит яратиш керак, деб таъкидлайди.

 

Жамолиддин Афғонийнинг шогирди Муҳаммад Абдо Миср муфтийси лавозимига сайлангач, исломнинг анъанавий қоидаларини янгича талқин қилиш йўлидан борган. Унинг бу борадаги ҳаракатлари мусулмон мамлакатларида банк тизимини жорий этиш жоизми ёки гуноҳми деган масала юзасидан бошланган мунозарада ўз аксини топган. Муҳаммад Абдо 1899 йили банк омонатлари ва улардан фоиз олиш судхўрликка кирмайди, у ман қилинган “рибо” ҳисобланмайди, деб фатво чиқарган. Бу фатво мавжуд молия тизимини сармоядорлар манфаатига мослаштиришни кўзда тутган. Мусулмон мамлакатларида тадбиркорликнинг ривожланиб бориши шариат қоидаларини ҳам, анъанавий тамойилларни ҳам янгича талқин қилишга олиб келган. Аммо Муҳаммад Абдонинг бу фатвоси Бухоро муфтиларининг кескин норозилигига сабаб бўлган. Жумладан, муфти Муҳаммад Икром ўзининг “Ийқозу-н-ноимийн ва иълому-л-жоҳилийн” (“Уйқудагиларни уйғотиш ва жоҳилларга билдириш”) асарида фоиз эвазига берилган ҳар қандай пулни “рибо” деб ҳисоблаб, Миср муфтиси Муҳаммад Абдонинг фатвосидан норозилигини айтган.

 

Айни шу даврда Бухоро амири Саййид Абдулаҳадхон банклар очиш ҳамда тадбиркорлар, савдогарлар ва деҳқонларга кам фоизли кредит бериш тизимини жорий қилган. Чунки ҳинд ва Бухоро судхўрлари томонидан юқори фоизли пуллар берилиши барча тоифадаги кишиларнинг моддий аҳволи ёмонлашишига олиб келган эди.

 

Муҳаммад Абдо

 

Муҳаммад Абдо ижтиҳод ҳуқуқини[1] илгари суриб, ҳар бир даврнинг шарт-шароитидан келиб чиқиб ислом ақидаларини талқин қилиш зарур, деб ҳисоблаган. Баъзи урф-одатлар ва таъқиқларни енгиллаштиришни ёқлаб чиққан. Унинг ғоялари татар тараққийпарварлари Абу Наср Курсавий ва Шаҳобиддин Маржоний ғоялари билан уйғун бўлиб, Бухорода ҳам кенг тарқалган.

 

Муҳаммад Абдо томонидан Ал-Азҳар университетининг қайта ташкил этилиши ва ундан кейинги даврларда ҳам Миср маърифатпарварларининг ташаббуси билан дунёвий илм берувчи олийгоҳларнинг ташкил этилиши Туркистон тараққийпарварлари томонидан эътироф этилган. Маҳмудхўжа Беҳбудий мақолаларида ҳам Мисрдаги таълим ислоҳотлари тилга олинган, истеъдодли ёшларнинг олий таълим учун юборилиши зарурлиги таъкидланган. У “Таъмини истиқбол” мақоласида: “Ҳозирги мадрасаларда сарфи ва наҳфи арабий ўқиган талабалардан Туркистон ва Бухорони ҳар бир шаҳридан ақал мартаба тўрт нафардан Миср ул-Қоҳира таҳсили илми диний ва фалсафаи замоний ва адабиёти арабий учун юбормоқ керак. Ва булар Мисрда уч йил муддат таҳсили илмға машғул бўлуб, сўнгра ватанимизға келиб, илми калом, тафсир, ҳадис, адабиёти арабия ва ақлиёти замония таълимига қўшиш қилсинлар”, деб уқтирган.

 

Бухорода чоп этилган “Бухорои шариф” ва “Турон” газеталарида Мисрдаги тараққиёт, ислом давлатида дунёвий фанларнинг кенг ўқитилишининг йўлга қўйилганини кўрсатувчи қатор мақолалар чоп этилган. “Турон” газетасида чоп этилган Мирзо Жалол Юсуфзоданинг “Ибрат” сарлавҳали мақоласида Мисрнинг қадимдан илм ери экани, Ал-Азҳар дорулфунунида юзларча мударрис ва 10–15 минг нафар талаба таҳсил олаётгани, халқнинг кучи билан миллионлаб пул сарфлаб янги олийгоҳлар қурилаётгани, дорулфунунларда дунёвий фанларга кенг ўрин ажратилгани, Ғарб давлатларидан ортда қолиб кетмаслик ва мамлакатни тараққий эттириш учун мисрликлар бу йўлни танлаганлари ёзилган. Мақола муаллифи “Мисрлиларнинг жадвалларида берилган илм ва фанун (қонун)дан хабарсиз қавм ва миллат жамият башария тўфонда қаторинда ҳисоб қилинмайдур. Мана шул сабабдан мисрлилар ўзларини башарият ҳузурига исбот қилмоқ учун бу қадар ғайрат қилибдурлар. Мисрлилар бу ғайрат фидокорлиқлари илан янғи бир иш қилмабдурлар, балки, ўзларининг ва умуммусулмонларнинг ғайиб қилган ва йўқотган нарсаларини топубдилар. Чунки, мусулмонлар бундан 4-5 юз йил аввал шундайин илм ва фанлар таҳсил қила эдилар. Ва мундайин мадрасаларга молик эдилар. Бу кун Мисрда аҳолининг ҳамияти илан барпо бўлган дорилфунунлардек дорилфунунлар ва дорилулумлар ислом ҳукуматлари  тарафиндан бино қилинган эди”, деб туркистонликлар ва бухороликларни мисрликлардан ўрнак олишга чақиради.

 

Мисрда XIX аср бошларидаёқ мактаб таълимини ислоҳ қилиш учун бошланган ҳаракатлар, аср охирига келиб мадраса тизимини ўзгартириш заруратини кўрсатган. Мисрнинг марказий шаҳарларида диний ва дунёвий билим берувчи дорилфунунларнинг ташкил этилиши натижасида янги усул мактаби битирувчилари истаган йўналишларида олий маълумот олиш имкониятига эга бўлганлар ҳамда Миср давлатининг ишлаб чиқариш ҳамда саноат соҳасида кадрларга бўлган эҳтиёжини тўлдириб борганлар. Бу пайтда бутун Туркистонда дунёвий билимларни ўргатувчи бирорта олий таълим муассасаси йўқ эди. Тиббиёт табибликка, саноат ва ишлаб чиқариш эса қўл меҳнатига асосланган эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитратлар Мисрнинг замонавийликка интилаётганини, мамлакат тараққиёти илм-фанни ривожлантириш билан белгиланишини мутаассиб уламолар ва халққа тушунтиришга ҳаракат қилганлар. Туркистонда ҳам дорилфунунлар, дорилмуаллиминлар очилишини орзу қилганлар. Истеъдодли ёшларни Мисрга бориб диний ва дунёвий билим олишга даъват этиб, ўқиш истагида бўлганларга ҳомийлик қилганлар.

 

Жамолиддин Афғоний ва Муҳаммад Абдонинг ислом дини ислоҳига оид қарашлари Туркистон тараққийпарварлари нашри “Ал-Ислоҳ” журналида таҳлил қилинган бўлса, диний фанлар билан бирга дунёвий фанларни чуқур ўрганиш,  маориф ва таълим-тарбия ишларини тубдан яхшилаш, газета ва журналлар нашр қилиш, фан ва техникани ўрганиш, Европа давлатларининг мустамлакачилик сиёсатига қарши жипслашиш, давлат бошқарувидаги монархия тартибларидан воз кечиш ҳақидаги ғоялари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Носирхонтўра Комилхонтўра ўғли ва бошқалар томонидан ўрганилган ҳамда Туркистон жамиятида тарғиб қилинган.

 

Наманган жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган вакили, давлат ва жамоат арбоби, миллий истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий раҳнамоси Носирхонтўра Сайид Комилхонтўра ўғлига бу икки шахс ғоялари сезиларли таъсир кўрсатган. У 1913 йилдан жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган. 1915 йили Носирхонтўра Сайид Камолхонтўра ўғлига оренбурглик тараққийпарварлар Муҳаммад Вали ва Неъматулла Ҳазрат Жамолиддин Афғоний ҳамда Муҳаммад Абдоларнинг Истанбулда нашр қилинган асарларини етказганлар. Бу китоблар билан танишиб чиққан Носирхонтўра Сайид Камолхонтўра ўғли Муҳаммад Вали ва Неъматулла Ҳазратлар  билан ёзишмалар олиб бориб, фикр алмашган. Носирхонтўра Сайид Камолхонтўра ўғли Жамолиддин Афғоний ва Муҳаммад Абдоларнинг ислом дини софлигини асраш борасидаги фикрлари, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётни ислоҳ қилишга оид қарашлари Туркистон учун ҳам зарурлигини уқтириб, уни тарғиб қилишга ҳаракат қилган.

 

Туркистон ва Миср тараққийпарварларининг оила ва хотин-қизлар масаласидаги қарашлари ҳам турлича бўлган. Жумладан, Жамолиддин Афғоний ҳамда Муҳаммад Абдо издошларидан бўлган Қосим Амин (1865–1908) асосий эътиборини аёлларнинг ижтимоий мавқе, таълим олиши ва оиладаги нуфузига қаратган. У аёллар масаласини ислом динини ислоҳ қилиш нуқтаи назаридан кенг ёритиб берган. Шарқ мамлакатларида аёлларнинг ўраниб юриши масаласи, таълим олиши юзасидан мавжуд муаммоларга ислом дини сабабчи эмаслигини Қуръони карим ва ҳадислардан иқтибослар келтириб исботлашга ҳаракат қилган.

 

 

Қосим Амин ўзининг “Хотин-қизларни озод қилиш” китобида аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги энг асосий хизмати никоҳ, фарзанд дунёга келтириш ва тарбиялашдан иборатлигини таъкидлаган ҳолда, уларнинг бирор касб эгаси бўлиши лозимлигини ҳам уқтириб ўтган. Кўпхотинликни танқид қилиб, Қуръони каримга асосланиб, эркаклар аёли узоқ вакт касал ёки бефарзанд бўлса, иккинчи марта уйланиши мумкинлигини қайд қилган.

 

Аёлларнинг ўраниб юриши масаласида ҳам тўхталиб, ҳижоб, чодра ва паранжи аёлларнинг хавфсизлиги юзасидан ўғри ҳамда қароқчилардан муҳофаза қилиш учун ўйлаб топилган кийим эканини ёзган. Ривожланган XIX асрда хотин-қизлар бундай кийимларга эҳтиёжманд эмаслиги, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ҳам аёлларга юзлари ва қўллари очиқ ҳолда юришларига рухсат берилганини айтган. Аммо Шарқ мамлакатларидаги ижтимоий жараёнларни кузатар экан, Қосим Амин эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўраниб юришдан воз кечишга маънан ва руҳан тайёр эмасликларини англаб етган.

 

Қосим Аминнинг аёллар масаласидаги қарашлари бутун Шарқ дунёсида, жумладан Туркистонда ҳам тарқалган. XX аср бошларида Туркистон тараққийпарварлари ҳам ўз асарларида ва миллий матбуотда аёлларнинг дунёвий билим олишлари зарурлигини муҳокама қила бошлаганлар. Туркистоннинг тараққийпарвар уламолари ва жадидлари аёлларнинг ўраниб юриши масаласида Қосим Амин фикрини қабул қилмасалар-да, уларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлайдилар. Жумладан, муфти Муҳаммад Икром аёлларнинг касб-ҳунар эгаллашлари фойда эканини таъкидлаб, кийиниш масаласида анъанавий қарашларида собит қолган. У “Рисолайи форсия дар баёни вужуби сатри нисо” рисоласи орқали аёлларнинг ўраниб юришлари лозимлигини тафсир, ҳадислар ва кўплаб исломий китоблар орқали исботлашга уринган. “ХХ аср бошларига қадар қулчилик анъаналари давом этиб келаётган бир пайтда, аёлларнинг ёпиниб юриши уларнинг чўри эмаслигидан далолатдир”, деб Қосим Амин фикрларига қарши чиққан. Фикрини “Тафсири Кашшоф”да келтирилган ривоят орқали ифодалаб, ислом дини пайдо бўлган дастлабки даврларда озод аёллар чўрилар каби жоҳилия давридагидек очиқ кийимларда кечки пайтда бирор юмуш билан кўчага чиққанларида ёш йигитлар уларга чўри деб ўйлаб тегажоқлик қилганини ёзиб, “Озод аёлларнинг кийимларини чўриларникига ўхшамайдиган қилиш буюрилди. Шундан кейин улар таъмагирларга салобатли ва ҳашаматли кўринишлари учун ҳамма жойларини ҳамда бошлари ва юзларини ҳам тўсадиган бўлдилар”, деб таъкидлаган.

 

Туркистонда Миср матбуоти ҳам кенг тарқалган бўлиб, форс тилида чиқадиган “Чеҳранамо” ва “Парвариш” газеталари жадидлар томонидан мунтазам кузатиб борилган. Бу газета орқали улар дунё янгиликларидан хабардор бўлиш билан бирга, Шарқ мамлакатларини Ғарб мустамлакачилигига қарши курашга даъват этувчи мақолалар билан мунтазам танишиб борганлар.

 

Хуллас, Туркистон жадидчилигининг ривожланиб боришида Миср тараққийпарварлари томонидан илгари сурилган ислоҳотпарвар ғояларнинг таъсири катта бўлган. Туркистон жадидлари Жамолиддин Афғоний, Муҳаммад Абдо, Қосим Аминларнинг давлат ва жамиятни ислоҳ қилишга оид фикрларини ўрганиб, таҳлил қилганлар. Ушбу янгича қарашлар Туркистон учун ҳам муҳимлигини эътироф этганлар. Туркистон тараққийпарварларининг бир қисми Миср шаҳарларида бўлиб, мисрлик ислоҳотпарварлар билан учрашганлар ва улар билан доимий алоқада бўлганлар. Туркистон ёшларининг Мисрда таҳсил олишларига хайрихоҳ бўлиб, илм олишлари учун ҳомийлик қилганлар.

 

Дилноза ЖАМОЛОВА,

ФА Тарих институти директорининг

илмий ишлар бўйича ўринбосари,

тарих фанлари доктори



[1] Ижтиҳод қилиш ҳуқуқи исломда янги пайдо бўлган масалаларни ҳал қилиш ҳамда фатво бериш,  ўта муҳим фиқҳий савол бўйича мустақил қарор чиқаришдир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 42
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10404
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//