Абдулла Қодирий ҳазратлари бир мақоласида аҳволотини ушбу мазмунда баён қилади: “Юрт бузилган замонларда яшаш пешонасига ёзилганлар тақдири шундай кечиши табиий – орзулари армонга, ёруғ кунлари қора тунларга, ҳақ айтмишлари бўҳтонларга айланган, айлантирилган бандаларга осон тутманг!..”
Биринчи ўзбек генерали, жадид ҳаракатининг фаол аъзоларидан бўлмиш Жўрабек Қаландар қори ўғли 1906 йилнинг январида Тошкентнинг Қорасув даҳасидаги далаҳовлисида ваҳшийларча ўлдирилган. Ўшанда у 66 ёшда эди.
Генерал Жўрабекнинг ҳаёти жанги жадаллар, мураккаб ва зиддиятли воқеалар, фожиалар ичида кечган десак янглишмаймиз. Ул адоқсиз кўргиликлар, сўнгсиз изтироблар учун ким жавоб беради? Не тонгки, эрксевар ва маърифатпарвар бобомизнинг муборак хоки қаерда экани-да маълум эмас.
Манглайига қалтис замонларда яшамоқ битилган жўмард зотнинг аянчли тақдирига доир манбалар кўп, аммо аксари чала-ярим, мавҳум ва мубҳам. Ҳақиқатнинг илдизига етаман десангиз, қарама-қарши фикрлар гирдоби сизни домига тортиб кетади.
Ниҳоят, бир неча ўн йиллар мобайнидаги изланишларимиз ҳосиласи ўлароқ “Генерал Жўрабек: давр ва қисмат” деган китоб ёзиб тугалланди. Қимматли манбалар, тарихий маълумотларни (қўлимиз етмоғи мушкул бўлган махфий манбалар мавжудлигини инкор қилмаймиз) ўрганиш, таҳлил қилиш, ўтмишга янги замон нуқтаи назари ила қараш, “улуғ оғалар” битган ёлғоняшиқ тарихнинг сарасини саракка, пучагини пучакка чиқариш истаги бош мақсадимиз бўлди.
Армонли, аламли замонлар ортда қолди. Энди ўтмиш хатоларидан оқилона сабоқ чиқармоқ ва ҳаққоний хулоса қилмоққа шошилайлик. Шундай эзгу ниятлар ила севимли журналимиз муштарийлари ҳукмига янги китобдан бир бобни ҳавола этмоқдамиз.
Мудҳиш тун
Ўша йили Тошкентга қор ҳар йилгидан кўпроқ ёққан, ҳаво совуқлигидан эриб битмас, юрганда этик остида ғижирлаб ажиб саслар берар, айниқса, тунда кўчада кетаётган одамнинг қадам товушини бир чақиримдан эшитиш мумкин эди.
Эгнига қоратус қалин матодан тикилган оврупоча пальто кийган, мўйна телпагини қошигача бостирган, пайғамбар ёшидан ошиб кетган бўлса-да, ҳалиям гавдаси тик, қадамлари залварли одам хуфтон маҳали Эскишаҳарда ўтган ихчам машваратдан уйига қайтаётган эди. У ўша куни эрталаб вақтли йиғинга жўнаркан, остонада деворга илиниб турган беқасам тўнига бир қур назар ташлаган, бир хаёли пальтони ечиб, тўнни елкасига илмоқчи ҳам бўлган эди. Аммо чор маъмурларию сон-саноқсиз айғоқчилар биринчи навбатда шаҳарда тўн кийган одамларга эътибор қаратишини ўйлаб, фикридан қайтди. Ҳарқалай ташқи кўриниши овруполикка ўхшайди. Ўзимизники деб эътибор беришмас, манзилга хавотирсиз етиб оларман, деб ўйлаган. Аслида уни, неча кунки, қаттиқ кузатаётганларини қайдан ҳам билсин?
Аёли илҳақ бўлиб ўтиргандир. Ҳовли тўридаги хонада алоҳида яшайдиган жияни Усмон ҳам ҳамиша сергак ҳолда тоғаси келишини кутади, ўтган кун ҳақидаги гурунгини эшитмагунча ухламайди; ҳозир ҳам дарвоза очилишига қулоқ солиб йўлини пойлаётгандир. Лекин вақт қора хуфтонга оғиб кетгани боис уйдагиларни уйғотиб юбормаслик учун эшикни очаётганда овоз чиқармасликка ҳаракат қилди. Даҳлизга қадам қўйдию икки шарпага кўзи тушди. Ғира-ширада талмовсираб турган бу кимсалар негадир юзларига ниқоб тақиб олган эди.
Жўрабекни бир лаҳзагина ғафлат босди шекилли, қўйнидаги тўппончасини олгани ҳаракат қилмади. Бу кимсалар кунда-кунора уйига уни қора тортиб келиб, ўз муаммоларини дастурхон қиладиган арзгўйлардир, деган хаёлга ҳам борди. Юзидаги ниқобни ҳам кўчадан келаётганида ўзини танитмаслик учун таққандир, деб ўйлади.
Икки нотаниш кимса гўё уй эгасига пешвоз чиқиб, салом бермоқчидек гавдасини олдинга ташлади. Орадаги масофа икки қадам қолганида Жўрабек улардан бири эски пальтоси баридан алланимани илдам суғуриб олганини кўрди. Даҳлизнинг очиқ эшигидан кирган хира нурда нимадир ялтираб кетгандек бўлди. Иккинчиси унинг ён томонига ўтмоқчи бўлган чоқда шериги қўлидаги нарсани баланд кўтарди. Ана шу оний лаҳзада ниқобли нусханинг қўлидаги болта эканини кўрдию бир қадам ортга чекинди.
У ёғи девор эди...
Қотиллар аниқ, буюртмачилар-чи?
Рус армиясининг истеъфодаги генерали Жўрабекнинг тунда ўлдириб кетилиши катта шов-шувга сабаб бўлди. Тошкентда чоп қилинган газеталар бу ҳақда шошилинч хабарлар берди. Маърифатпарвар инсонларнинг ҳамдардлик номалари эълон қилинди.
Жўрабек Қаландар қори ўғлининг жанозасига йиғилган тумонат одамни Қорасув даҳаси кўчалари сиғдира олмай қолди. У ўзининг далаҳовлисига дафн қилинди. Кейинчалик яқинлари ва унга ихлоси баланд одамлар ўзини шу қабр ёнига қўйишларини шараф деб билди. Орадан ўн беш йил ўтгач эса, мард ватанпарварнинг сўнгги манзили катта қабристонга айланиб кетади...
Маҳаллий нашрлар қотилликда гумондор сифатида уч шахс ҳибсга олингани ҳақида ёзган. Жумладан, “Туркистон вилоятининг газети”да (1906 йил 6 февраль) қуйидаги маълумот берилган: “Марҳум генерал Жўрабекни ўлдурғон босмачилар ичида уч нафари топилиб, маҳбус бўлинибдур. Чунончи, бир армани Нерсес Осипов, иккинчиси Бухорога тобе Жўрабой Ортиқбой ўғли, учинчиси Самарқанд шаҳрининг фуқароси Қодир Худойберди ўғлидур”.
Таниқли адиб Набижон Боқий 1988 йил “Ёшлик” журналида чоп этилган “Генерал Жўрабекни ким ўлдирган?” сарлавҳали мақоласида илк бора ушбу қотиллик буюртмачиларини топиш билан боғлиқ турли тахминларни ўртага ташлайди. Унда “Туркестанские ведомости” газетасида ўша вақтда босилган мақоладан иқтибос келтирилган: “Марҳумнинг душманлари йўқ эди. Шубҳасизки, қотиллик талончилик мақсадида содир этилган: генерал Жўрабек жаноби олийлари Бухоро амирига ажойиб боғини ижарага бергани учун куни кеча бир неча минг сўм пул олган эди. Жиноятчилар жавондаги барча буюмларини, ёзув столи ғаладонларини, гардеробни ағдар-тўнтар қилиб ташлашибди, лекин, чамаси, фақат пулларини ўғирлаб кетишибди. Қимматбаҳо буюмларга, жумладан, жавонда турган ўқланмаган тўппончага (ҳозирги замонда қимматбаҳо ҳисобланадиган ашё) қўл теккизилмаган...”
Туркистон генерал-губернаторлигининг расмий нашрида чоп этилган мақоланинг эътиборни тортадиган томони шуки, атайин бўлса керак, Бухоро амирлиги эсланмоқда. Чор маъмурлари Жўрабек амир билан ҳеч қачон келиша олмаганини яхши билади. Боғ ижараси ким томонидан таклиф қилинди ва Жўрабек нега бунга рози бўлди, деган саволнинг жавобини энди излаш бефойда. Агарда ҳақиқатан ҳам бир кун олдин амир ижара учун пул берган бўлса, буни билганлар ҳали Тошкентда бўлиши керак эмасмиди? Ана ўшаларнинг ўзи қотил ёлламадимикан?
Хулоса қилмоққа шошмайлик, фурсати билан тафсилотларга ўтамиз.
Энди Н.Боқий ўз мақоласида ўртага ташлаган яна бир тахминни кўриб чиқамиз. Муаллиф ёзади: “Расмий ҳужжатларда генерални чакана ўғрилар ўлдирди, деб қайд этилган. Лекин, ўша кезлардаги сиёсий вазиятни назарда тутсак, генерал Жўрабек тасодиф туфайли ҳалок бўлганига ишониш қийин: у миллий қасоскорлар томонидан инқилоб номи билан қатл қилинган бўлиши мумкин”.
Адиб талқинини шунчаки фараз деб қабул қилган ҳолда бунга қўшила олмаймиз. Биринчидан, Жўрабек чор армияси билан Қўқон хонлигини босиб олишда иштирок этган, холос. Бунда ҳам балки Худоёрхонга нисбатан қасоси борлиги учундир, у ёғини Худо билади. Ўшанда бирорта ҳарбий нишон олмагани унинг жангларда қандай урушганини кўрсатади. Яна бир марта, яъни 1880-йилларда русларга қарши водийда кўтарилган қўзғолонни бостиришда қатнашгани айтилади, аммо яна тақдирланмайди.
Унга илк ҳарбий орден янги тайинланган генерал-губернатор Михаил Черняевга мухолифлиги, унинг устидан оқподшога қадар норозилик хатлари ёзгач, Черняев Петербургга чақириб олинганидан кейингина берилади. Бу аслида маҳаллий аҳоли орасида катта обрўга эга шахсни тан олиш эди. Қолаверса, Жўрабек ўша икки юришда қатнашганидан буён чорак асрча вақт ўтган эди.
Чор Русиясидаги беқарор вазият: рус – япон уруши, биринчи инқилобий чиқишлардан сўнг Жўрабек ўлкани озод қилиш учун фурсат пишиб етилди деган ўйда аҳоли орасида мустамлакачиларга қарши норозилик кайфиятини уйғотиш ҳаракатига тушган эди. Ўз уйида бу масалада тўрт марта яширин йиғилиш ўтказгани маъмурларга етказилган чақувларда акс этган.
Афсуски, қўлга олинган уч нафар қотил устидан юритилган тергов ҳаракатлари баёни, айблов хулосаси ва суд жараёни муҳокамалари матбуотда очиқланмаган. Устига-устак, ҳужжатлар архивларда ҳам сақланиб қолмаган. Бу эса қотиллар тергов ва суд жараёнида ҳақиқий буюртмачилар кимлиги ҳақида “гуллаб” қўймадимикан, деган мулоҳазага ундайди.
“Туркистон вилоятининг газети” хабарида яна бир шубҳали ўрин бор: “уч нафари...”. Нима, қотиллар кўпчиликмиди?
Қотиллар орасида Бухоро амирлигига тобе шахс бўлганини тушунамиз. Лекин биринчи бўлиб эслатилган армани Нерсес Осипов кимнинг одами ўзи деган савол туғилади.
Шу ўринда чор маъмурлари (кейинчалик шўролар ҳам) бошқа халқларни итоатда тутиб туришда ўзга миллат вакилларидан фойдалангани масаласига тўхталсак. “Дашнокцутюн” миллатчи партиясининг бош мақсади туркий халқлардан қасос олиш бўлган. Буни яхши билган чор ҳукумати, Ўрта Осиёни забт этаркан, маҳаллий миллат ойдинларини доимо қўрқувда ушлаб туриш учун айнан ушбу миллатчилардан фойдаланган бўлиши эҳтимоли катта. Қизиғи, улар асл исм-фамилиясини ўзгартирган ва маҳаллий халқ орасига сингиб кетган.
Эсингиздами, Туркистон озодлиги ҳаракатида фаол қатнашган Усмонли саркардаси Анвар пошони ҳам унга ёрдамчилик қилиб юрган кимса ўлдиради. Ғирт мусулмонча исм-шарифли ва яна ислом фарзларини бекаму кўст бажариб юрган бу қотил чекистларнинг айғоқчиси, дашноқ бўлиб чиқади.
1918 йили Қўқон мухториятини тугатишда шўролар айнан дашноқлардан фойдалангани, улар ўн мингдан ортиқ тинч аҳолини қирғин қилгани ҳам тарихдан маълум.
Генерал Жўрабекнинг қотиллари орасида биринчи бўлиб зикр қилинган ўша Нерсес Осипов марҳум хонадонига талончилик учун келмагани аниқ. Чоризм ва шўролар даврида бу миллат мансублари бошқаларга қараганда тўқ ва фаровон яшаганини биламиз.
Яна бухоролик, самарқандлик ва яшаш манзили тайинсиз шахс биргаликда қотиллик режасини тузгани шубҳали. Балки, Нерсес Осипов икковлонни “генералнинг уйида пул кўплиги”га ишонтиргандир? Бош қотилнинг ёрдамчилари бўлган маҳаллий миллат вакиллари унга ишонган, у тузган режага учган бўлиши ҳам мумкин. Эҳтимол, қотиллик сиёсий асосга эга эмас деб ўйлашлари учун генералнинг уйидан пул олингандир?!
Айнан Нерсес Осипов қотиллар бошлиғи бўлгани генерал Жўрабек чор маъмурлари томонидан ўлдирилди, деган тахмин ҳақиқатга яқинлигини тасдиқлайди.
“Туркистон вилоятининг газети”да босилган “фақат уч нафар қотилликка алоқадор шахс ушлангани” ҳақидаги хабар Жўрабекнинг яқинларини бефарқ қолдирмаган. Улар барча қотиллар ва уларнинг буюртмачилари топилишини истаган. Марҳумнинг рафиқаси Иқлимбиби ва ўғли Оллоқулибек бу масалада Туркистон генерал-губернатори номига бир неча марта арз қилган, аммо мурожаатлар жавобсиз қолдирилган. Бу ҳам кўнгилдаги шубҳаларимизни кучайтирадиган жумбоқдир.
Таъзиянома ортидаги сир
“Туркестанские ведомости” газетасининг 1906 йил 17-сонида Жўрабекнинг ўлими муносабати билан таъзиянома чоп қилинган. Унда генерал-майор Жўрабекнинг Китоб беги бўлгани, сўнг “чор маъмурлари хизматига ўтгани ва садоқат кўрсатгани” бадиий бўёқларда тасвирланган. Асосий урғу Жўрабекнинг Михаил Скобелев қўшини сафида Қўқон хонлигини тугатишдаги иштирокига берилиб, “унинг отряди Андижонни қўлга киритишда Маҳрам қишлоғи ёнида “жасорат кўрсатгани” ва бу “хизматлари учун подшо олий ҳазратлари Жўрабекка полковник унвони бергани” қайд этилади.
Шу ерда бир зум тин олиб, тарихий саналарга аниқлик киритиб кетамиз. Таъзиянома муаллифлари Жўрабек Андижонни олиш учун Маҳрам қишлоғидаги жангларда жасорат кўрсатди, шунинг учун подшо томонидан ҳарбий унвонга лойиқ кўрилди, деяпти. Мазкур жанг 1876 йил 1 октябрда бўлиб ўтган, Жўрабекка полковник унвони эса 1882 йили берилган. Унинг “жасорати”, наҳотки, орадан олти йил ўтгач эсларига тушиб қолган бўлса?
Таъзияноманинг яна бир жойида Жўрабекнинг 1880-йиллари Фарғонада рўй берган тўполонларни тинчитишда жонбозлик кўрсатгани, айни шу хизматлари учун полковник унвонига сазовор бўлгани айтилган. Қайси бирига ишониш керак? Умуман, ўша “Фарғона тўполонлари” (таъзияномада ўрисча “смута” дейилган) қандай воқеа ўзи? Аниқ қайси санада рўй берган? Мавҳумлик очиқланмагани ортида ҳам қандайдир сир бор. Бу вақти келганида Жўрабекка “ўз халқига қарши курашди” деган тамғани босиш учун ўйлаб топилгандек туюлади.
Таъзияномада Жўрабек “халқ қўзғолонларини бостиришда фаол қатнашгани” иддао қилинса-да, унинг муаллифлари бир нарсани унутгандек. Гап шундаки, 1882 йил 24 июнда Тошкентда тарихга “Вабо исёни” номи билан кирган қўзғолон рўй беради. Ўша йили баҳор адоғида шаҳарда вабо тарқалади. Чор маъмурлари вабога қарши бир қатор чора-тадбир белгилаб, уларнинг ижросига маҳалла-мавзелардаги оқсоқолларни масъул қилиб тайинлайди. Ўшанда Матёқуб оқсоқол деган киши адолатсизликка йўл қўйиб, шаҳар маъмурияти ажратган пулни ўз танишларига бериб юборади, дори-дармон тарқатишда ҳам холис бўлмайди. Хасталик кенг ёйилиб, одамлар “Вабодан ўлгандан кўра, адолат учун курашиб ўлайлик!” дея уюшган ҳолда қўзғалади. 600 нафардан ортиқ исёнчи полиция бошқармасига бориб, шаҳар бошлиғи Путинцевдан Матёқуб оқсоқолни топиб беришни талаб қилади. Маҳалладошлари ғазабига учрашдан қўрққан оқсоқол полиция маҳкамасига яширинган эди.
Путинцев халқ талабини рад этади, шундан сўнг ғазабланган исёнчилар уни калтаклай бошлайди. Бу орада казак отлиқлари келаётгани хабари етиб, қўзғолончиларнинг бир гуруҳи Матёқуб оқсоқолнинг уйига боради ва унинг мол-мулкини вайрон қилади. Исён катталашишидан қўрққан генерал Гродеков қўшин билан уларнинг ортидан боради ва қуролсиз халққа ўқ узишни буюради. Отишмада 10 киши ҳалок бўлади. Аскарлар қуролсиз кишиларни дўппослаб, анҳорга улоқтиради. Кейинчалик анҳордан 80 кишининг ўлиги топилади. Кечқурун исёнчилар яна тўпланади ва Матёқуб оқсоқолнинг қолган иморатларини вайронага айлантириб, катта боғини тамом пайҳон қилиб ташлайди. Қўзғолон эртаси куни казак отлиқлари ёрдамида бостирилади. 60 киши судга тортилиб, улардан 8 нафари ўлимга, 17 киши маҳбуслик роталарига ҳукм қилинади. Кейинроқ шаҳарнинг таниқли кишилари талаби билан ўлим ҳукми сургунга алмаштирилади. Талабномани генерал-губернаторга шахсан Жўрабек олиб боради.
Бу маълумотни нега келтиряпмиз? Чор маъмурлари Жўрабекнинг таржимаи ҳолини сохталаштирар экан, уни “халқ қўзғолонларини шафқатсиз бостирувчи” сифатида кўрсатишга уринган. Маҳаллий халқ вакили сифатида Жўрабек неча юз чақирим узоқдаги қўзғолонни бостиришга юборилган экан, нега унда беш қадам жой, шундоққина шаҳар маъмурияти бурни остидаги ғалаённи тинчитишда ундан фойдаланишмади? Ахир, исёнчилар шаҳар полиция идорасини қамал қилганда бошқарма ёнгинасидаги генерал-губернаторлик маҳкамасида Жўрабек ишлаб ўтирган эди-ку!
Билмадик, балки вазият жиддийлашиб кетишидан ҳадиксираган босқинчилар шундай илтимос билан Жўрабек ёнига келгандир. У рози бўлмай, “ўзлари пиширган ошни ўзлари ичишлари кераклиги”ни айтгандир... Бу ҳақда расмий ҳужжатлар сукут сақлайди.
Яна таъзияномага қайтамиз. Унинг тенг ярми “Жўрабекнинг чоризмга хизматлари, офицер қасамига ҳамиша содиқ бўлгани, унда рус зиёлиларига хос хислатлар намоёнлиги” кабилардан иборат. Ҳатто “у умри охиригача чоризм сиёсатини ёқлаб, ўз халқи тинч ва фаровон яшаши учун ҳаракат қилди” деган жумлалар ҳам тиқиштирилган.
Таъзиянома Тошкентдаги чор маъмурияти томонидан пухта ўйлаб тайёрлангани аниқ. Ундаги асосий урғу қотилликда чор маъмурларининг мутлақо алоқаси йўқ, деган хулосани аниқ кўрсатиб турибди. Некрологда Жўрабек истеъфога чиққач, умрининг сўнгида чоризм сиёсатига қарши тургани, биринчи рус инқилоби даврида намойишларда қатнашгани, уйида яширин йиғинлар ўтказгани, чор сиёсатини мўғуллар юритган сиёсат билан тенглаштириб, бу ҳақда рус олимларига ҳеч иккиланмай, қўрқмай гапиргани ҳақида бир оғиз жумла йўқ. Ҳа, бундай маълумотларни таъзияномага қўшиб бўлмаслигини уни тайёрлаганлар яхши биларди. Ҳатто ишора қилинганида ҳам, қотиллик изи қай томонга тортиб кетиши очилиб қоларди.
Аслида, чор маъмурлари расмий нашрида чоп қилинган таъзиянома тарих суди маҳкамасида уларнинг ўзларига қарши айбномадир! Ярми ёлғон, ярми нисбатан чин некролог чоризм юритган иккиюзламачилик сиёсатини фош этиб қўйган.
Талончилик эмас
Генерал Жўрабек талончилик мақсадида ўлдирилмаганини қотилликдан сўнг унинг уйида ўтказилган тинтув хулосалари тасдиқлайди. Генералнинг тўппончасини нега олишмади? Талончилар учун ҳар қандай қимматли буюм аҳамиятли-ку! Бу тоифа қўлга илинган, бозорда ҳемири турадиган нарса борки, олади. Ўша вақтда генералнинг тўппончаси “қора бозор”да ўғрилар, турли жиноий гуруҳлар учун ўта қимматбаҳо мол ҳисобланган. Ҳатто одамини топиб, Бухоро амири ижарага берган пулдан кўпроққа пуллаш мумкин эди. Хўш, нега олинмаган?
Балки буюртмачилар пулдан бошқа буюмларга тегмасликни тайинлагандир? Негаки, пул – ўғри учун ўша замонда осон ўлжа. Муомалага киритилганидан сўнг рақамлари орқали пулнинг ким томонидан кимга берилганини аниқлаш тергов органларида кейинчалик русумга айланди. Тўппонча эса саноқли бўлади. Яна унинг рақами мавжуд. Тўппончани сотиб олган одам қачондир қўлга тушса... ана унда кимдан олгани ойдинлашади – қотилларни топиш, энг асосийси, уларнинг буюртмачиларини “сув юзига чиқариш” мумкин бўлади. Бу каби деталлар қотиллик ортида касбий маҳоратга ва тажрибага эга кучлар турганини кўрсатади. Бизнингча, Бухоро амири буюртмачи бўлганида масаланинг бу жиҳатларига эътибор бермасди.
Амир кимдан қўрқарди?
Амир Музаффар отаси каби кенагаслардан кўп бора зарба еган ҳукмдор эди. Жўрабек ҳам мудом унинг йўлида тўғаноқ бўлган. Кенагаслар Китоб ва Шаҳрисабз бекликларини амирликдан мустақил қилиб, салкам ўн йил ўзлари бошқарган. Отаси таслимчилик йўлини тутгач, ўғли Абдумалик тўра ёвга қарши уруш эълон қилганида, амир қўшинини енгиб, ҳатто Самарқандни қамал қилганида уни қўллаган ҳам Жўрабекнинг эрксевар кенагаслари эди. Ўшанда Константин фон Кауфман истаса, амирни тахтдан ағдариб, ўрнига ўғлини қўйиши, у билан сулҳ тузиши ҳам ҳақиқатга яқин келарди.
Амир Музаффарнинг қўрқуви Жўрабек ва Бобобек ўз юртини тарк этиб, Тошкентда яшаган даврда ҳам аримаган эди. Улардан ҳамиша ҳайиққан, ўрнимни эгаллашади, деган ўй тождорни ҳеч қачон тарк этмаган. Бунинг исботини қуйидаги воқеада кўриш мумкин. Полковник Бобобекнинг қизи Тўхтабибининг Шаҳрисабзга кетиши билан боғлиқ ёзишмалар сақланиб қолган. Тўхтабиби Тошкентда Саййид Мирак Мусахўжа ўғлига турмушга чиқади. Қиз туғилган вақтидаёқ шу йигитга “бешиккертти” қилинган эди. Ёш келин-куёв Шаҳрисабзга бориб яшаш учун кўп оворагарчиликларни бошдан кечиради. Негаки, Бухоро амири Бобобекнинг ҳатто қизи ҳам Шаҳрисабзга келишини истамас эди.
1897 йил 31 мартда Бобобек Туркистон генерал-губернаторига талабнома ёзади. Унда қизи Тўхтабиби бир йилки эри билан Тошкентда яшаётгани, улар боболари юртига бориб, муқим яшамоқчи экани баён қилинган. Чор маҳкамасининг элчилик бўлими талабномага жавобан барон Александр Вревский имзоси билан чор Русиясининг Бухородаги агенти Владимир Игнатьевга қуйидагича мактуб йўллайди: “Полковник Бобобекнинг қизи Тўхтабибининг Шаҳрисабзга кўчиб боришига эътирозим йўқ деб ҳисоблашим ҳақида Бухоро ҳукуматига хабар беришингизни сўрайман!”
Жўрабекнинг илтимоси билан ўрис маъмурлари яна бир бора масалага аралашади, аммо ўша вақтда Ялтада дам олаётган амир Музаффар рухсатисиз бу иш амалга ошмас эди. Хабар амирга етказилганида, у розилик бермайди.
Бу орада маъмурлар амир барибир ижобий жавоб беради деган умидда Бобобекнинг қизи ва куёвига йўлга чиқишга рухсат беради. Ушбу можаронинг тафсилотлари узун. Мухтасар айтсак, келин-куёв бир муддат Шаҳрисабзда яшайди, амир Музаффарнинг шахсан генерал-губернаторга ёзган мактубидан кейин эса Тошкентга қайтишга мажбур бўлади.
Ажабо, оддийгина фуқаролик иши, ёш эр-хотиннинг боболари юртида яшаш масаласи генерал-губернаторлик ва Бухоро амирлиги ўртасида жаҳоншумул сиёсий воқеага айланиб кетгани нимани англатади?
Жавоб аниқ: полковник Бобобекнинг қизи ва куёви Шаҳрисабзда муқим яшар экан, Жўрабек ва Бобобекни яхши билган, шу икки жўмард фарзанди Тошкентда мажбуран “маданий сургун”да юрганидан хабардор кенагаслар улар атрофида яна тўпланиши мумкин эди. Бобобек ёки Жўрабек бирор тўй-маросим баҳона келин-куёв ёнига келса... ана унда бир кунда катта қўзғолон кўтарилиши ҳеч гап эмас эди. Жўрабекнинг номи кенагасларни бир лаҳзада бирлашишга ундар эди. Хўш, агар шундай бўлса, Жўрабек кенагаслардан катта қўшин тўплаб Бухоро сари юрса нима бўларди?
Амир Музаффар чор мустамлакасини тан олгач, илгари илкида бўлган кўп сонли мунтазам қўшин сонини кескин қисқартирган. Қўл остидаги шаҳар ва кентларни ўрис маъмурлари кўмагида ушлаб тургани учун ғазнага ортиқча чиқим бўлган аскарлари сони камайган, фақат амир саройи ва бошқа далаҳовлиларини қўриқлайдиган бир қисм қўшин қолган. Амир Музаффар ўрислар ёрдамида салтанатда тинчлик ўрнатгач, маишатга берилган, ҳарамидаги канизаклар сони икки юздан ошиб кетган эди...
Ҳар қандай қўшин тез-тез уруш бўлиб турсагина жанговарлигини сақлайди. Жанг кўрмаган, дангаса бўлиб қолган амир қўшинини Жўрабек бирор ўн минг кишилик кўнгиллилар билан тор-мор этиши ва Бухорони қийинчиликсиз эгаллаши мумкин эди.
Шундай қўзғолон рўй берганида чор маъмурлари нима қилар эди? Улар Самарқанддаги гарнизонни амирга кўмакка дарров юбормас, икки туркий қавмнинг ўзаро урушишини кузатар эди. Бундай исён босқинчилар фойдасига ишлар, сара йигитлар бир-бирини маҳв этиб, қаршилик қиладиган ватанпарварлар сони камаярди. Башарти Жўрабек Бухоро тахтига ўтирса, уни маҳаллий халқ қўллаши аниқ эди. Улар Жўрабекнинг адолатли сардор эканини билар, боз устига, амирнинг маишатбозлиги, элнинг чиройли, ёш қиз-ўғилларини ҳарамига тортиши, солиқларни ҳаддан оширгани раиятнинг жонига теккан эди.
Бухоро тахтига ўтириши мумкин эди, дея фараз қилганимиз Жўрабекка нисбатан чор маъмурлари қандай йўл тутарди? Аввало ўзлари “икки қарши томон низосини тинчитган, юртда осойишталик ўрнатган, ёввойи осиёликларни келиштирган” бўлиб майдонга чиқар, “Қаранглар, бизлар бўлмасак булар бир-бирининг гўштини ейди!” деб дунёга жар солар эдилар. Бухоро халқи иродасига қарши бормай, уларнинг талаби бўйича Жўрабекни амир деб эълон қилиб, у билан музокара олиб боришарди.
Мана, амир Музаффар нимадан қўрққанини энди англадингизми?
Жўрабекнинг қотиллари орасида Бухоро фуқароси бўлгани бежиз эмас. Бу жиноят ким томонидан уюштирилганини чалғитиш учун атай қўлланган усул бўлса керак. Қотилларнинг бири бухоролик эканини эшитган одамлар орасида “Ҳа, Бухоро амири охири азалий душмани Жўрабекдан қасдини олибди-да!” деган миш-миш тарқаши мумкин эди. Худди шундай бўлди ҳам.
Бек кундалик юритганмиди?
...Генерал Жўрабекнинг ваҳшийларча ўлдириб кетилгани хабари шу ондаёқ бутун шаҳарга тарқалади. Маҳаллий полиция изқуварлари тонг маҳали етиб келганида, қонга беланган эри жасади устида сочларини юлиб йиғлаётган мусибатзада аёлни кўрадилар.
Изқуварлар ишга киришади: жасад синчиклаб кўздан кечирилади, атрофда шубҳали кўринган нарсалар суратга олинади, кўча бошидан, дарвоза олди ва даҳлиздан бегона оёқ кийим излари ахтарилади.
Бу орада шаҳар бош полицмейстери ва чор маҳкамасидан бир генерал ҳам етиб келади. Уйда, кўча бошида машҳур инсон таъзиясига одамлар тўплана бошлайди...
Изқуварлар Жўрабек яшаган хонани ҳам кўздан кечиради. Сўнг унинг кутубхонасига ўтишади ва айни шу ерда кўпроқ ушланиб қолишади. Жавондаги китобларни бирма-бир олиб кўришган, ҳатто айрим китоблар саҳифалари орасини ҳам силкиб-силкиб нималарнидир излашган. Кутубхонадаги уй эгаси фойдаланган ёзув столи усти, ғаладонларидаги ҳар бир варақ қоғоз эътибордан қочирилмайди. Бу ёқда маййит эгалари марҳумни дафн қилиш тадоригига киришган, кутубхонада изқуварлар нима иш билан бандлиги ҳеч кимни қизиқтирмаган...
Генерал Жўрабек кундалик юритганмиди? Ўз юрти тарихи, бошидан кечган воқеалар тўғрисида қораламалар қилганмиди? Балки у умр хотираларини тизимли равишда ёзиб боргандир? Афсуски, буни билмаймиз. Билганимиз шуки, ўша куни унинг иш столидаги кўпгина қоғозлар, дафтар ва қўлёзмалар терговчилар томонидан “қотиллик сабабини аниқлаш ва қотилларни топишда асқатади” деган баҳона билан олиб кетилган.
Ҳеч бўлмаганда, маҳаллий аҳоли Жўрабекка ўз муаммолари юзасидан ёзган аризалар, уларни ўрганиш учун тўпланган ҳужжатлар бўлгандир иш столида?
Чор маъмурларини марҳум жасадидан кўра айнан қўлёзмалар кўпроқ қизиқтиргани аниқ. Туркистон генерал-губернаторининг энг яқин одами бўлмиш академик Василий Бартольдга “чор маъмурлари мўғул маъмурларидан фарқ қилмаслиги” ҳақида очиқ-ойдин гапиришга журъат қилган инсон кундалигида бундан ҳам кескин фикрлар билдирган бўлса ажаб эмас. Иш столидан топилган ҳар бир саҳифа марҳумнинг кимлигини, сиёсий нуқтаи назарини ифода этар ва чоризм тузумига қарши асосли айблов бўла олар эди.
Кейинчалик яқинлари ўша машъум кун Жўрабекнинг кутубхонасидан қандайдир қоғозлар олиб кетилгани ҳақида эслайдилар. “Тергов учун олинган” ҳужжатларнинг бир қисми кейин қайтариб берилган. Ҳаммаси эмас, албатта! Қайсидир илмий, бадиий китобдан кўчирма тарзида олинган аҳамиятсиз қоғозлар қайтарилган бўлиши мумкин. Жўрабекнинг шахсий қарашлари, чор маъмурлари, уларнинг зулми, порахўрлиги ҳақидаги қайдлари, шу мазмундаги фуқаролар мурожаатлари битилган қоғозлар қайтариб берилмаган, уларнинг кейинги тақдири бугунги кунгача номаълум бўлиб қолмоқда.
Жўрабекнинг кундаликлари ҳақида ўрис миссионери Николай Остроумов билиб-билмай оғзидан гуллаб қўйган. Унинг гувоҳлигига қаранг: “Жўрабекнинг ёндафтаридаги қайдлар Туркистоннинг келгуси тарихчилари учун аҳамият касб этажак!” Демак, бир вақтнинг ўзида “маърифатпарвар”, яна “ношир ва шарқшунос”, аслида айғоқчи ва миссионер бўлган Остроумов генерал Жўрабек билан узоқ вақт “дўст бўлиб” унинг суҳбатларини олган, уйида меҳмон бўлган кезларда ёндафтарини кўрган, ундаги қайдларни ўқиган. Ўша дафтардаги қайдлар фақатгина тарихий воқеалар силсиласидан иборат бўлмай, ҳар бир ҳолат ва воқеага муаллифнинг ўз нуқтаи назари, қарашлари, сиёсий баҳоси акс этгандирки, Остроумов уни ўта муҳим деб баҳолайди. Жўрабек шунчаки стенографист эмасди, фақат қайд этиш билан чекланмасди. У Туркистон бошига тушган мусибатни аритиш, оммани уйғотиш, қадим анъаналарни қайта жонлантириш устида кўп бош қотирган. Бинобарин, бу борадаги фикр-мулоҳазалари, мақсад-режаларини изчил ёзиб боргани аниқ. Олим Рашид Бойтуллаевнинг қуйидаги фикри бунга исбот бўла олади: “Жўрабекнинг довюраклиги, ҳамиша ҳақиқат юзига тик боқиши, подшо амалдорлари ҳақида танқидий, айни пайтда, ҳаққоний фикрлар билдириши Фурқатда унга нисбатан кучли меҳр-муҳаббат, ихлос уйғотган эди”.
Манбашунос олим, профессор Шариф Юсуповнинг ёзишича, Тошкентда 1905 йил ноябрь-декабрь ойларида Жўрабек бошчилигида йиғинлар ўтказилиб, ўлкани чидаб бўлмас оғир аҳволдан қутқариш масаласи кун тартибига қўйилган. Қаҳрамонимизнинг бу ҳаракатларига босқинчилар қўрқув, хавотир билан қарагани маълум. Ш.Юсупов архивдан айни ўша кунларда Петербургга жўнатилган бир махфий хатни топганини қайд этган. “Ерлилар орасида ўзларининг турмушини яхшилаш мақсадида ҳукуматга ариза бериш учун ҳаракатлар бўлиб турибди. Шу сабабли ерли халқ ўзининг мақсадига эришиш учун чор ҳукуматининг ҳозирги қийин аҳволидан фойдаланмайди деб бўлмайди”, дейилади номада.
Бунақа махфий хатлар қанча юборилган экан? Уларнинг қанчасида генерал Жўрабек эсланган экан? Чор маъмурлари ўз сирларини очадиган ҳужжатларни архивга топширмаган. Топширилган тақдирда ҳам унга ҳамманинг қўли етмаган.
Жўрабекнинг ёндафтари ҳозир Россиянинг қай бир махфий фондида сақланаётган бўлиши мумкин. Келгусида уни топиш, тадқиқ этиш тарихчиларимиз олдидаги муҳим ва муқаддас вазифадир.
Норқобил ЖАЛИЛ
Рўзимбой ҲАСАН
“Tafakkur” журнали, 2024 йил 3-сон.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ