«Атиргуллар очди чирой», «Болайык бирге», «Езизим» – халқларни бирлаштирган ўзбек қўшиғи


Сақлаш
22:40 / 29.11.2021 3167 0

«Масхарабоз» фильми саундтреки бўлган «Атиргуллар очди чирой» қўшиғини 2014 йили хонандалар Жасурбек Жабборов ва Дилноза Акбарова «Азизим» номи билан қайта куйлагач, нафақат республикамиз бўйлаб, балки хорижда ҳам оммалашиб кетди. Клип биргина “YouTube” тармоғи ўзбек сигментидаги энг йирик мусиқий портал –“RizaNova.uz«да айни вақтга қадар 22 миллиондан ортиқ кўрилган, 5000 га яқин изоҳ ёзилган. Уларнинг орасида турли миллат вакилларининг ўзбек санъатини беҳад яхши кўриши ҳақидаги эътирофлари, миннатдорлик изҳорларини кўплаб учратиш мумкин. “Oyinа.uz” таҳририяти ушбу қўшиқнинг яратилиш тарихи ва интернетда кенг тарқалиши тафсилотларини ўрганди.

 

 

Қўшиқ интернет оламида оммалаша бошлагач, 2016 йили қозоғистонлик машҳур хонандалар Қуандиқ Раҳим ва Альбина Шардарова қозоқчага таржима қилиб, «Болайык бирге» номида ижро этишди. Бунинг учун бастакор Мирҳалил Маҳмудовдан рухсат сўрашган. Сўзлари сезиларли ўзгарган. Қизиқарлиси, клип Ўзбекистонда суратга олинган. Янгича талқин қозоғистонликлар томонидан илиқ кутиб олиниб, ижрочиларга машҳурлик келтирди.

 

 

Таронанинг саёҳати Қирғизистонда давом этди. Нурлан Насип ва Самара Каримова қўшиқни ўзбекчадан эмас, қозоқчадан таржима қилиб, янги асар дея мухлисларга ҳавола этган. Аммо қирғизлар қўшиқнинг аслидан хабардор бўлгани боис сўзлари ўзгарганидан норози бўлишади. Шундан кейин қўшиқ ростдан ҳам оригинал эмаслигини тан олишдан бошқа илож қолмади.

 

«Бу қўшиқ бир неча тилларда куйланган экан. Унинг бошланиши Ҳиндистондан келган, дейишади. Лекин мен ҳинд тилидаги вариантини учратмадим. Ўзбекчасини, қозоқчасини эшитдим. Жуда яхши куйлашибди. Менга бу қўшиқни айтишни Нурлан Насип таклиф қилди», деган Самара Каримова.

 

 

Икки йилча аввал ижтимоий тармоқларда ҳиндча ижро ҳам кенг тарқалган эди. Дуэтдошлар келин-куёв бўлиб, «Азизим» тўй қўшиғи сифатида махсус куйланган.

 

 

Дунё бўйлаб шу қадар шуҳрат қозонган қўшиқнинг шеъри муаллифи ким? 1994-1996 йиллари суратга олинган «Масхарабоз» фильми сценарист ва режиссёри Шароф Бошбеков, саундтрекни Козим Қаюмов ва Зайнаб Мирзатиллаева ижро этган.

 

Янгича талқин ижроларидан бири, «Ниҳол» мукофоти совриндори Дилноза Акбарова билан боғланишнинг иложи бўлмади. Продюссери Нурбек Мажидов аслида ушбу қўшиқни қайта куйлаш унинг ғояси экани ва Козим Қаюмовдан, Зайнаб Мирзатиллаеванинг фарзандларидан, кейинроқ Мирҳалил Маҳмудовдан рухсат олганини таъкидлади:

 

– Қўшиқни болалигимдан яхши кўриб такрорлаб юрардим. Қайта куйлаш ғоясини айтганимда аввалига хонандалар унашмади. Кейин овоз ёзиш жараёнида ўзлари ҳам ёқтириб қолишди. Чин юракдан куйлашди. Аҳлиёр Азимов қайта сайқал бергач, қўшиқнинг жозибаси янаям ошди. Клип суратга олиб, ижтимоий тармоқларга қўйганимиздан сўнг қозоқ, қирғиз, уйғур, озор қардошларимиз куйлай бошлади. Биласизми, улар бу қўшиқни давлат тадбирларида мунтазам ижро этадиган бўлишган. Аммо ўзимиздаги расмий маросимларда биз эмас, бошқалар айтиб келди. Шу йил Наврўз байрамидагина Дилноза Акбарова куйлади. Қўшиқ қўшни давлатларда бир неча мукофотларга сазовор бўлди, концертларда қирғизлар билан бирга куйланди.

 

Козим ака қўшиқни қайта айтишимизга қарши бўлмаган. Аксинча, “Кино ичида қолиб кетганди, сизлар фильмдан ташқарига олиб чиқдингиз. Энди ўша қўшиқни куйлаб беришни мендан ҳам сўрай бошлашди”, деб айтган. Бу мен учун жуда қувончли гап, аслида. «Азизим» оммалаша бошлагач, Мирҳалил акадан ҳам рухсат олдим, кеч сўраганимизга бироз хафа бўлдилар, албатта. Аммо Шароф ака билан гаплашишга бироз иймандим. Аммо бориб, узримни айтиб, дуосини олиш ниятим бор, – деди Нурбек Мажидов.

 

Шундан сўнг “Oyinа.uz” таҳририяти Шароф Бошбеков билан боғланиб, саундтрекнинг яратилиш тарихи ҳақида суриштирди:

 

– Қўшиқ матни муаллифи мен эмасман. Фильм сценарийси ва ундаги яна бир саундтрек – «Йиғламайман»нинг сўзи менга тегишли. «Атиргуллар очди чирой» эса Азим Суюн қаламига мансуб. Шоирга сценарийни бериб, махсус шеър битишини сўрагандим. Жуда тез, бир-икки ҳафтада ёзиб келгани ёдимда. Кейин Мирҳалил унга мусиқа басталади. Шу тариқа янги қўшиқ яратилди. Бугун чет элларда ҳам машҳурлигидан хабарим бор, янги талқинини Дилноза Акбарова яхши айтган, – деди Шароф Бошбеков.

 

«Атиргуллар очди чирой» («Азизим») ўзбек, қозоқ, қирғиз, уйғур, озор каби ўнга яқин тилларда куйланди. Барча ижролар ўз давлатида тингловчилар меҳрига сазовор бўлиб, ўзбек санъатини дунёга танитишга ҳисса қўшди. Ижтимоий тармоқларда ушбу қўшиқ сабаб Ўзбекистонни кўриш истаги уйғонгани ҳақидаги изоҳларни кўплаб учратиш мумкин. Тингловчиларнинг муносабатларини ўқиб, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда санъатдан ўтадигани йўқ, деган эски ҳақиқатга яна бир карра амин бўласиз.

 

 

Лилия Гусева: Чарующая песня согревает душу в заснеженной Москве, напоминая о родном крае! (Жозибали қўшиқ қорли Москвада қалбни иситади, бизга она юртимизни эслатади.)

 

Жаңабай Төлеуіш: Отличная песня. Оригинал. Узбекский язык – это язык СEРДСО и Доброты. Рахмет. (Ажойиб қўшиқ. Бетакрор. Ўзбек тили бу – қалб ва эзгулик тили. Раҳмат.)

 

Анара Асылханова: Горячий привет из Казахстана солнечному народу Узбекистана. Красивая песня. Дилноза передала всю красоту Узбеков. (Қозоғистондан қуёшли Ўзбекистон халқига қайноқ саломлар. Гўзал қўшиқ. Дилноза ўзбекларнинг бутун гўзаллигини етказган.)

 

Aizada Kuralbekova: Сколко нежности 😍😍😍. Узбекский язык похож на Казахский, я без перевода поняла текст песни. (Қанчалар ёқимли. Ўзбек тили қозоқ тилига ўхшайди. Қўшиқ матнини таржимасиз тушундим.)

 

Раиса Халитова: В Дагестане тоже любят вашу музыку. Здес тоже живут народности тюркской группы. (Доғистонда ҳам қўшиқларингизни яхши кўришади. Бу ерда ҳам туркийлар яшайди.)

 

Zuhra Nurutdinova: Узбекския язык похож на наш кумыкский, очен мелодичный...⚘⚘⚘ (Ўзбек тили бизнинг қўмиқ тилига ўхшайди. Жуда оҳангдор.)

 

FiKa Music: Я из Болгарии. Эта песня моя любимая, и я слушаю ее с болшим удоволствием! (Мен Болгарияданман. Бу менинг севимли қўшиғим. Ўзгача завқ билан тинглайман.)

 

Javid Huseyn: Очен красивая песня, исполнители супер. Болшое спасибо. Привет из Азербайджана. (Жуда чиройли қўшиқ, ижрочилар ажойиб. Минг раҳмат. Озарбойжондан салом.)

 

Möminə Mömin: Türk soyunun bütün dilləri belə şirin, mahnıları da ürəyə yatandır. Alqışlar özbək türklərinə və Türk soylarına 🤟. Mahnı superrr. (Туркий қавмнинг барча тиллари ширин, қўшиқлари ҳам юракка хуш ёқади. Ўзбек туркларига ва туркий халқларга олқишлар бўлсин. Қўшиқ ажойиб!)

 

Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА,

"Oyina.uz" мухбири

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17636
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//