Бухоро жадидлари: ислоҳот ва таназзул


Сақлаш
15:23 / 29.11.2021 2300 1

Бухородаги ислоҳотчилик ҳаракати Овруподаги илғор ғоялар таъсирида XX аср бошларида вужудга келди. Тараққийпарвар миллий зиёлилар Россияга мустамлака бўлган бу ўлканинг умумжаҳон тараққиётидан тобора ортда қолаётгани, иқтисодий, диний, маънавий соҳада юзага келган турғунликни англаб, кенг кўламли ислоҳот йўлида кураш бошлади.

 

Бухородаги ислоҳотчилик ҳаракати мураккаб ва машаққатли йўлни босиб ўтди. Кўҳна заминда жадидчиликнинг вужудга келишида ХХ аср бошларида Россия, Эрон, Туркияда кечган инқилобий ҳаракатлар, амирликдаги маърифатпарварларнинг ижтимоий-сиёсий фаолияти муҳим аҳамият касб этган (Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш. Тошкент, “Университет”, 1999. 58-бет).

 

Файзулла Хўжаев Бухородаги жадидчиликнинг Туркистондаги ислоҳотчилик ҳаракатидан фарқли жиҳатларига эътибор қаратиб бундай ёзади: “Бухорода ҳаракат бошқа йўл билан борди. Бухоро жадидчилиги деҳқонлар ва майда савдогарларга тушадурган солиқ оғирлиқларини енгил қилиш ҳам солиқ ишларини умумий тартибга солиш тўғрисида очилган гапдан бошлаб, тадрижий суръатда кўп аъзолар, шўъбалар ва Бухоро халқининг ҳар хил табақалари орасидағи ўзига хайрихоҳ омма билан бирга ҳақиқий бир яширин жамиятга айлана борди” (Хўжаев Ф. Бухоро инқилобининг тарихига материаллар. Тошкент, “Фан”, 1997. 63-бет).

 

Кейинчалик бу ҳаракатга мактаб ва мадрасаларни ислоҳ қилиш, дунёвий фанларни ўқитишга эътиборни кучайтириш каби маърифатпарварлик ғоялари билан чиққан айрим ҳукумат амалдорлари, маҳаллий бойлар, савдогарлар, уламолар, мударрислар ва талабалар қўшилди. Улар сафида Аҳмаджон Ҳамдий, Абдувоҳид Мунзим, Ҳамидхўжа Меҳрий, Садриддин Айний, Хожа Рофеъ, Мукаммал Бурҳон, Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли, Атохўжа кабилар бўлган.

 

1908 йил октябрда Абдувоҳид Мунзим ўз уйида тожик тилида дарс берувчи илк усули жадид мактабини очади. Бир йилдан сўнг ушбу мактаб ўқувчилари тантанали суръатда имтиҳон топширади. Ўқувчиларнинг билимидан таъсирланган кекса зиёли Бўрибой афанди кўзига ёш олиб, мажлис аҳлига бундай мурожаат қилади: “Мен умидворманки, ўн йилгача Бухорода инқилоб воқеъ бўлур, ватан авлоди бу куни разолат ва сафолатдан қутулур, эсизки, у кунни мен кўра олмайман, сиз ёшлар кўрасиз. Минг қатла шукурким, ишнинг бошланганини кўрдим” (Айний С. Асарлар. 8 томлик. 1-том, Тошкент,ЎзССР давлат Бадиий адабиёт нашриёти”, 1963. 210-бет).

 

Аммо бу хайрли иш эски тартиб тарафдори бўлган “қадимчилар” қаршилигига учради. Мулла Қамар, Мулла Холмурод, Мулла Абдурасул Закун ва Мулла Абдурауф мударрис, уламолар вакили сифатида, қушбегидан мактабни ёпишни қатъий талаб қилди.

 

Мактаб ёпиб қўйилса-да, жадидларнинг ғайрати заррача сусаймади. 1909 йил декабрда Садриддин Айний, Абдувоҳид Мунзим, Аҳмаджон Ҳамдий, Ҳамидхўжа Меҳрий, Ҳожи Рофеъ, Мукаммал Бурҳоновлар “Тарбияи атфол” жамиятини тузади. Маърифатпарварлар яширин иш олиб бориб, Термиз, Карки, Янги Бухоро ва Ғиждувонда жамиятнинг 28 та шахобчасини очдилар. Жамият ўз фаолияти давомида: 1) илмга ташна ёшларга иқтисодий ва маънавий ёрдам кўрсатиб, уларни Россия ҳамда Туркияда ўқитишга алоҳида эътибор қаратди; 2) Россиянинг мусулмон шаҳарларида, Туркия ва Эронда чиқувчи матбуот нашрлари билан бухороликларни таништиришга ҳаракат қилди; 3) ўринсиз сарф-харажатлар, тўй ва маъракалардаги исрофгарчиликларга қарши курашди; 4) амалдорлар, уламоларнинг золимлиги, юлғичлигини халққа тушунтириб, бу ишлар шариатга тамоман зидлигини ақлий ва нақлий далиллар билан исботлаб борди (ўша асар, 234-235-бетлар).

 

Ушбу жамият Бухорода илк бор усули жадид мактабларини дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминловчи “Маърифат” ширкатини очди. Жамият қисқа фурсат бўлса-да, ўзбек тилида “Турон”, “Бухорои шариф” газеталарини чиқаришга муваффақ бўлди, бу нашрлар бутун Туркистон ўлкасида эътибор қозонди.

 

1914 йил қадимчиларнинг уриниши билан Бухорода иккинчи марта жадид мактаблари ёпилди. “Садои Туркистон” газетасининг 11 июль сонида Музофир имзоси остида чоп этилган “Бухоро халқи” номли мақолада бу ҳақда атрофлича маълумот берилган.

 

1915 йилга келиб ҳукумат ва қадимчиларнинг доимий қаршилигида фаолият юритган Бухоро жадидчилик ҳаракати шиддат билан ривожланиб, сиёсийлаша бошлади. Жадидлар нафақат маданий ислоҳот, балки давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, қонунчилик, савдо-сотиқ, қишлоқ хўжалиги ва солиқларни тартибга солиш талаби билан чиқдилар.

 

1917 йил мартда Ёш бухороликларнинг Марказий қўмитаси ташкил қилинди. Абдувоҳид Бурҳонов қўмита раиси, Абдурауф Фитрат котиб, Усмон Хўжаев хазиначи, Муҳиддин Рафъат, Мусо Саиджонов, Ота Хўжаев, Аҳмаджон Абдусаидов, Файзулла Хўжаев ва Ҳомидхўжалар қўмита аъзолари этиб сайланади (“Бухоро инқилоби тарихига материаллар”, 82-бет). Улар Муваққат ҳукумат ва Петрограддаги ишчи, аскар депутатлари ҳукуматини Россия озодлиги билан табриклаб, Бухорода ислоҳотлар учун амирга босим ўтказишини сўрайди. Аммо бу ҳаракатлар зое кетади.

 

Шундан сўнг Ф.Хўжаев Абдурауф Фитрат ва Усмон Хўжаевни Муваққат ҳукуматни Бухородаги аҳволдан хабардор қилиш учун Петроградга жўнатади (Ходжаев Ф. К истории революции в Бухаре. Ташкент, УзГиз, 1926. Стр.19). Оренбургга етиб борган элчилар, жадидлар ва амир ўртасидаги низоларни ҳал қилиш учун Бухорога Россиядан вакиллар юборилганини эшитиб, ортга қайтадилар.

 

Ниҳоят, амир ислоҳот ўтказишга қарор қилади. Бироқ қадимчи етакчилардан Низомиддин Урганжий ва қозикалон Бурҳониддинлар қарши чиқади. Амир Олимхон ва Насрулло қушбеги ушбу масалада Ёшлар фирқаси вакиллари Мирза Муҳиддин ва эски тараққийпарвар Ҳожи Мустафоқул билан маслаҳатлашганида ҳар иккиси ҳам демократик ислоҳотларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлайди (Айний С. Асарлар. 8 томлик. 1-том. Тошкент, “ЎзССР давлат Бадиий адабиёт нашриёти”, 1963. 271-бет).

 

Амирнинг манифест лойиҳасини Россиянинг амирликдаги вакили муовини Шульга тайёрлаган бўлиб, унда тараққийпарвар муллалар, ёшлар ва жамиятнинг бошқа тоифаларидаги очиқ фикрли кишилардан Мажлис таъсис этиш, ушбу мажлис ҳукуматнинг харажат ва даромадларини ҳисобга олиши, ҳокимларни назорат қилиши, ер-мулк солиғи миқдорини белгилаши, давлат даромадининг бир қисми моддий ва маънавий таъминотга сарф қилиниши каби бандлар киритилган эди (ўша асар, 275-бет).

 

1917 йил 7 апрель куни Амир Олимхон ислоҳотлар хусусидаги фармонни имзолади. Фармонда хирож, закот ва бошқа солиқларни адолат асосида тартибга солиш; Россия билан савдога алоҳида эътибор бериш; амалдорлар устидан назорат ўрнатиш; фойдали илмларнинг тараққий этиши учун шариатга мувофиқ чора-тадбирлар кўриш; мажлис сайлаш; давлат хазинасини таъсис қилиш ва амирлик бюджетини белгилаш; босмахона очиш; қамоқда сақланаётганларни озод қилиш кўзда тутилган эди (МДА, 2-рўйхат, И-3 фонд, 513-ҳужжат, 42-варақ).

 

Фармонни қутлаб, шаҳар кўчаларида жадидлар бошчилигида тинч намойишлар ўтказилади. Айни чоқда, қарши кучлар ҳаракатга келиб, жадидларни танқид қилади. Натижада амирнинг буйруғи билан жадидлар қамоққа олина бошлайди. Аксар жадидлар Янги Бухорога қочиб, жон сақлайди.

 

1918 йили Бухоро жадидлари иккинчи марта қирғинга учради. Амир 1500 жадидни ўлдириб, қолганларини таъқиб этади. Маърифатпарварлар бу сафар Самарқанд ва Тошкентга бориб ўрнашади.

 

Доимий таъқиб остида бўлса-да, ислоҳотчилик ҳаракати вакиллари ўз фаолиятини тўхтатмади. Ватан озодлиги, маърифат ва тараққиёт учун кураш кейин ҳам давом этди.

 

Дилноза ЖАМОЛОВА,

Когон қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш

касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси

 

Tafakkur журнали, 2016 йил 2-сон

1 Изоҳ

Абдумутал

05:01 / 16.01.2024

Juda qiziqarli yahsi

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//