Квадробер – ҳайвонларнинг одат ва ҳаракатларига тақлид қилувчи болалар, асосан, ўсмирлардир. Улар маълум ҳайвон, масалан, кучук, мушук, маймун кабиларни акс эттирувчи аксессуар ва кийимлар билан, дум, қулоқ, панжали қўлқоп ва ниқоблар тақиб, одамлар орасида ўша ҳайвоннинг ҳаракатлари билан намоён бўлади. Ўзини тўлиқ ўша ҳайвон сифатида кўрсатадиган бу болалар оёқ-қўлида худди 4 оёқли ҳайвон каби сакраб, югуради. Баъзан эса суйкалиб, унинг товушини ҳам чиқариши мумкин.
Квадробика – субмаданият, тренд ёки норасмий спорт…
Оммавий ахборот воситалари унга шундай таъриф берсада, унинг аниқ нима эканини ҳали бир сўз билан ифодалаб бўлмайди. Жамоатчилик бу борада турли фикрлиларга ажралади: баъзилар уни зарарсиз хобби деса, бошқалар қатъиян потенциал хавф сифатида баҳоламоқда.
Капалак эффекти ҳақида биласизми? Қуйидаги спортчи ҳикоясида уни чуқурроқ англашингиз мумкин. Ўз ишини маҳорат билан бажарган атлетни маймунга қиёслаш, уни Гиннеслар китобига киришига, шу билан бирга, бугун ўзбек жамиятини ҳам хавотирга солаётган “Квадробика”нинг яралишига сабаб бўлган. Воқеанинг қисқача ривожи шундай бўлади:
Дастлаб квадробика япон атлети Кенъити Ито томонидан кашф этилган спорт тури (квадро, яъни тўрт ва аэробика) бўлган. Спортчи машғулот вақтида жуда тез югурган. Унинг ҳаракатлари ташқаридан хунук кўриниб, одамлар уни маймунга ўхшатиб, мазах қилади.
Кейинроқ Кенъити Ито ҳайвонларни, хусусан, Гусар маймунларини кузата бошлаган. Баъзи маълумотларга кўра, у ҳайвонларнинг ҳаракат ва одатларини ўрганиш учун ўрмонда яшаб, овчи қурбонига айланишига ҳам бир бахя қолган. Орттирилган тажрибалар натижасида, спортчи ўзининг 4 оёқ-қўлда югуриш усулини ишлаб чиқиб, Гиннес рекордлари китобидан жой олган.
Шу тариқа спорт шаклида пайдо бўлган квадробика бугун келажак авлодни инсонийлик хислатларидан узоқлаштириб, жамиятни халокат ёқасига яқинлаштирмоқда.
Мутахассислар фикрига кўра, ҳайвонларга тақлид қилиш ғарбий субмаданият остида оммалашмоқда. Квадроберлар бошқа мамлакатларда турли фестиваль ва тадбирларда чиқиш қилган бўлса, бугунги ўсмирлар ўзининг мулоқот доирасини шу усулда шакллантириб, шу тариқа дўст орттиришга уриниши ҳавотирли туюлади.
Яна бир тахмин – унинг ортида болалардан фарқли ўлароқ, нима қилаётганини жуда яхши англаётган катталар турган бўлиши ҳам мумкин. Ушбу фикрга асос сифатида мутахассислар квадроберлар учун махсус озуқа, кийим, маска ва бошқа аксессуарлар аллақачон савдо расталаридан ўрин олганини келтиради. Дарҳақиқат, исталган маркетплейнинг қидирув бўлимига калит сўзларни киритиб, субмаданиятга оид маҳсулотларни осон сотиб олиш мумкинлигига гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Умуман олганда, квадробикани бирданига оммалашуви жиддий хавотирларга етарлича асос бўла олади. Кўча-кўйда, оммавий манзилларда ҳайвон тусидаги ўсмирларнинг ғайритабиий ҳаракатлари квадробика ҳақида эшитмаган исталган кишини чўчитиб, унга руҳий зарба бериши, қўрқиб кетган кишининг эса квадроберга беҳосдан жисмоний зарар етказиб қўйиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Ажабланарлиси, дунё бўйлаб ортиб бораётнан ушбу ҳолатни ўта нормал қабул қилиб, унга нисбатан бағрикенгликка чақираётганлар ҳам учраб турибди. Квадробикани безарар хобби деб баҳолаётганларнинг аксарияти болаларни телефонга “қадалиб”, интернетда вақт ўтказишдан кўра шу тариқа жисмоний фаоллик билан машғул бўлишини маъқуллайди. Атрофдагиларга эса “қўйинг, болалигини қилсин” дея муносабат билдиради.
Жамиятда ҳар томонлама турлилик бўлиши табиий, албатта. Бироқ бола ўзини омма олдида ҳайвон кўринишида талқин қилишига нима сабаб бўлгани, оила аъзоларининг унга муносабати, қандай рози бўлганию, унинг руҳиятида нималар содир бўлганини ўйлашнинг ўзи кишини хавотирга солади.
Квадроберлар билан боғлиқ турли видеоларнинг инстаграм, тик-ток каби ижтимоий тармоқларда борган сари кенг тарқалаётгани, мутахассисларнинг ушбу “хобби” юқумли эканини таъкидлаши бўлса, “Болани интернетдан узоқлаштиришнинг яхши йўли” деган фикрнинг асоссиз эканини кўрсатади.
Ҳақиқатан ҳам, ўсмирлик даврида ҳали “ўзини” топиб улгурмаган болаларда атрофдагилардан, айниқса, ижтимоий тармоқлардан намуна олишга мойиллик юқори бўлади. Шунинг боис, руҳшунослар боланинг эркинлигини айниқса, ўсмирлик давригача бўлган муддатда назоратда тутиб, вақтини фойдали машғулотларга йўналтириш зарурлигини таъкидлайди.
Квадробика 2019 йил АҚШда оммалашди. 2024 йил баҳор ойларида эса россиялик ўсмирлар ҳайвонларга хос дум-қулоқлар билан ўтлар устида 4 оёқда кезиб, ўтган-кетганларга сакраб, товуш чиқариш ҳолатлари кўпайди.
Август ойи якунида Россиядаги юз берган бир ҳолат – мамлакатда квадробикани маъқулловчилар сони етарлича эканини яна бир бор кўрсатди:
30 август куни Россиянинг Надим шаҳрида “Шаҳар куни”га бағишланган концерт бўлиб ўтади. Саҳнага Mia Boyka таҳаллуси билан танилган хонанданинг адашиб қолган 8 ёшли мухлисаси Маряна мушук ниқоби ва думи билан олиб чиқилади. Хонанда уни кўриб, “Сен мушукчамисан ё Худо кўрсатмасин, квадробер?” деб сўрайди. Қизча квадробер экани, бу билан кўпчилик қатори ҳам шуғулланишини айтса, бу ҳали машғулотими? Кваодробер бўлиш сенга нега керак, ширингина қиз бўлсанг, дея ажабланади. Бойканинг қизчага муносабати нафақат томошабинлар, балки ўз ҳамкасблари орасида ҳам қаттиқ танқид остига олинади. Егор Крид, Клава Кока каби хонандалар ва бир неча журналистлар квадробер-қизга тарафкашлик қилиб, “Мен улардан қайси бири кўпроқ ўзини ҳайвонлардек тутиши ҳақида баҳслашган бўлардим” дея воқеага фикр билдирган. Хавфсиз интернет лигаси раҳбари Екатерина Мизулина эса хонандани судга беришини айтган.
The Voice аёллар журналининг ёзишича, россиялик ўсмирлар квадробика ҳақида Likee, TikTok ва YouTube тармоқларидан ўрганган. Ведомости газетаси Россиядаги квадроберларнинг тахминий ҳисобини аниқлаш учун VKontakte ижтимоий тармоғидаги квадроберлар жамияти гуруҳлари ҳамда очиқ телеграм-каналлардаги кузатувчилар сонини ўрганган. Жорий йилнинг сентябрь ойи якунига кўра 3000 кишидан иборат (VKontakteʼда) ушбу жамият аъзолари у ерда расм, видеолар билан бирга ўзлари ҳақида маълумотлар юбориб, фаол тарзда дўст қидиради. Ушбу тематикада юритиладиган телеграм-канал кузатувчилари эса мос даврда 19 857 кишини ташкил этган.
Бу орада Россия квадробикага оид қонун ишлаб чиқди.
Квадробиканинг хавфлилик даражаси ҳақида россиялик мутахассислар шундай дейди:
“Агар замонавий болалар квадробикага спорт-ўйин сифатида ёндашса, бу хавфли эмас. Спортда яхши натижа кўрсатиш учун ҳайвонлар каби ҳаракатланишни ўрганиш – яхши амалиёт. Улардан эластик ҳаракатларни, тўғри сакрашни ўрганиб, яхши натижалар кўрсатиш мумкин. Бошқа жиҳатдан, боланинг мияси 8-14 ёшлар оралиғида жуда пластик бўлиб, унда янги нейрон алоқалар осон ривожланади. Бу янги билимларни ўрганиб, ўзлаштириш учун ажойиб давр саналади. Муаммолар эса бола машғулот чегарасини кесиб ўтганида бошланади: у ҳайвоннинг ўзига ва атрофдагиларга ҳам жисмоний зарар етказиши мумкин бўлган тажовузкор ҳаракатларини ҳам ўзлаштира бошлайди. Бунда аниқ кардинал фарқ бўлади: бирида ҳайвон образини яратиш, иккинчисида эса ўзини ҳайвон деб билиш”.
Сўнги кунларда Ўзбекистонда кузатилаётган ҳолат эса мутахассиснинг иккинчи берган таърифига мос келади: Квадробер атрофдагиларга ит каби ҳужум қилиб, йўловчиларни қаттиқ қўрқитиб юборди. Расмийлар ва жамоатчилик фаоллари унга муносабат билдирди:
“Биз аввало, ҳар бир тирик жонзотга меҳр-шафқатли бўлиш, ҳайвонларга озор бермасликни инсонийликнинг муҳим фазилати сифатида қадрловчи халқмиз. Бироқ табиат гултожи бўлган инсон бўлишдан воз кечишга уриниш, ҳайвонларда кузатиладиган агрессив хатти-ҳаракатларни қилишни ҳар қандай халқ қоралайди, умумбашарий қадриятлар инкор қилади. Айниқса, онги таъсирчан, тақлидга мойил, янгиликларга қизиқувчан ёшлар учун квадроберлик жуда хавфли. У болани жамиятдан айро, одамлардан узоқ, ҳар қандай юриш-туриш қоидаларидан бегона қилиб қўяди” – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов.
Ҳасанов шунингдек, ота-она, устоз ва мамлакат зиёлиларини шу каби вазиятларга инсонийликни тарғиб қилувчи қадриятларимиз асосида муносабатини билдиришга чақирган.
Бу ҳолатлар қонун ҳимоячиларининг ҳам эътиборидан четда қолмади. 13 октябрь куни йўловчига ташланган квадробер воқеасига нисбатан муносабат билдирди. Унга кўра, вояга етмаган фарзандининг тарбиясига беэътибор бўлган ота-она Конституциянинг 77-моддасига риоя қилинмаганликда айбланиб, маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги эслатиб ўтилган:
“... Вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси ўз болаларини инсонпарварлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, маънавий, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаши шарт” – дейилади хабарда.
Тегишли ҳолатларда қонуний жавобгарлик эслатиб ўтилгани яхши, лекин ижтимоий тармоқ фаоллари бу каби хабарлар субмаданиятнинг янада кенг ёйилишига сабаб бўлиши мумкин, деган фикрда:
“Менимча ИИВнинг квадроберлар субкултураси ҳақидаги хабари яна кўпроқ квадроберлар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Ҳатто болаларим ҳам жўнатишди шу хабарни” – Азиза Қурбонова.
Пост изоҳида Нодиржон Мадаминов исмли фойдаланувчи ҳамфикр бўлган:
“Мен билмасдим ва шу хабардан кейин улар ҳақида маълумот қидирдим интернетдан. Бу нафақат субмаданият, балки спорт ҳам экан. Кеничи Ито исмли япон спринтери маймунга тақлидан 4 оёқда югуриб жаҳон рекордини ўрнатгач квардоберлик оммалашган”.
Ҳақиқатдан ҳам, ўсмирлар орасида кенг тарқаладиган зарарли одатларнинг аксарияти улар хақида ахборотлар ортгани сайин кўпаяди. 2017 йилларда кенг дунё миқёсида тарқалган “Синий кит” ўйини бунга мисол бўла олади. Бундан ташқари, ушбу “машғулот” билан шуғулланишга кўпроқ имкон яратиб, оддий маҳсулотлари (масалан, бизга болаликдан таниш байрам ниқоблари) номига ҳам квадробика, квадробер калит сўзларини қўшиб ёзаётган ҳамда ҳақиқатан уларга мос товар савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорларни тартобга чақириш зарур.
Ҳар қандай ҳолатга бағрикенглик қилишдан аввал киши фақат ўзига эмас, ён-атроф ва жамиятга унинг зарари ва оқибатлари ҳақида ҳам ўйлаши зарур. Агар бугун “квадроберлар тишламайди, емайди, зарар бермайди” деб уларнинг эркин ҳаракатига қўйиб берсак, руҳан заиф авлод етишишига, инсоний хислатлар эса йўқолиб боришига сабабчи бўлиб қолишимиз мумкин.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ