Ҳиндихитойдаги коммунизм диктатураси. Ўз халқи геноцидини ўтказган «қизил кхмерлар»


Сақлаш
14:52 / 11.10.2024 47 0

ХХ аср бошида янги сиёсий ғоя – коммунизм дунё саҳнасига чиқди. Аср бошида коммунистик тузумдаги илк давлат СССР ташкил топди. Советлар бутун жаҳон бўйлаб социализм-коммунизм ғояларини ёйишга киришди. Бирин-кетин Хитой, Куба, Ветнам каби давлатларда ушбу сиёсий оқим ҳукмронлиги қарор топди. Уларнинг барида «қизил инқилоблар» катта қирғинлар билан бирга кечди. Айниқса, Ҳиндихитой яриморолида жойлашган Камбоджа давлатида бу жараён жуда даҳшатли ва қонли бўлди.

 

1977 йилда Жанубий Осиёнинг Камбоджа (ўша даврда Кампучия деб аталган) давлатида ҳақиқий мантиқсизлик ва шафқатсизлик ҳукм сурарди. Бу ерда кўчага кўзойнак тақиб чиққан одамлар ўлим жазосига ҳукм қилинар, ҳукуматдан рухсат олмасдан бола кўрган оилалар олий жазога тортиларди. Оила қуришда ҳам абсурд усулларда фойдаланилар эди. Масалан, эркаклар ва аёллардан иборат иккита гуруҳ қарама-қарши сафга тизилиб, бўй-бастга қараб эр-хотин деб эълон қилинарди.

 

Ҳиндихитой яримороли

 

Камбоджа

 

1945 йилда Япония таслим бўлгач, япон аскарлари Ҳиндихитой яримороли, жумладан, Камбоджа ҳудудини тўлиқ тарк этади. Мамлакат устидан яна Франция ҳукмронлиги ўрнатилади (Франция бу ерни 1884 йилда босиб олганди). Қирол Нородом Cианук аввалига Франция таъсиридаги Ҳиндихитой федерациясига, кейинроқ Франция иттифоқига қўшилиш бўйича келишувни имзолайди. Бу Франциядан мутлақ озод бўлиш ва эркин давлат тузиш тарафдорларининг жиддий норозилигига сабаб бўлади.

 

Қирол сиёсатдан норози Камбоджа мухолифати таркибида асосий ўринни коммунистлар эгаллайди. 1951 йилда «Камбоджа халқ-инқилобий партияси» (кейинчалик Кампучия коммунистик партияси, қисқартмаси – ККП) тузилади ва у амалдаги тузумга қарши кураш бошлайди.

 

1955 йилда чет эл (Франция ва Ветнам) қўшинлари Камбоджа ҳудудидан бутунлай чиқиб кетади. Қирол Нородом Cианук тахтдан воз кечиб, президент ва бош вазир сифатида давлатни бошқаришга киришади. Камбоджада либерал социалистик тузум ўрнатилади. Cианук ички ва ташқи барқарорликни сақлаб туриш учун нейтрал сиёсат олиб боради. Камбоджа секинлик билан ривожланиб боради.

 

Қирол Нородом Cианук

 

1966 йилги парламент сайловларида Лон Ноль раҳбарлигидаги ўнг кучлар (капиталистлар) ғалаба қозонади. Бу ўз навбатида сўлларни мухолифатга ўтишга мажбур қилади ва улар ўзларнинг қуролли гуруҳларини тузишни бошлайди. Шу тариқа Камбоджада коммунизмдаги «қуролли халқ қўзғолони»ни амалга оширишга замин тайёрланади.

 

Фуқаролар уруши ва АҚШ бомбардимонлари

 

1968 йилда Камбоджада катта қурғоқчилик кузатилади. Озиқ-овқат маҳсулотлари танқисилиги ортиб, нархлар кескин кўтарилади. Мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият фонида, 1969 йилда Cианук Лон Нолга янги ҳукумат тузишни буюради. Бироқ ҳокимиятни ўз қўлига олишни истаган Лон Ноль 1970 йилда, шаҳзода Цианук даволаниш учун СССР’га кетганида, уни ҳукуматдан четлаштиради ва ўзи президентга айланади. Бунга жавобан Камбоджа коммунистлари Лон Нолга қарши қуролли қўзғолон кўтаради ва мамлакатда фуқаролар уруши бошланади.

 

Мамлакат бўйлаб ҳаракатланаётган коммунист гуруҳлар ичида энг йириги «қизил кхмерлар» (кхмер – Камбоджадаги энг йирик халқ) дастаси эди. Унга ёш, ғайратли коммунист Пол Пот (асл исми Салот Сар) раҳбарлик қилаётганди.

 

Ташқи сиёсатда АҚШ’га таянган Лон Ноль Камбоджа ҳудудидан ўтувчи, мамлакат шарқида жойлашган Шимолий Ветнам армиясини таъминловчи «Cианук йўли»ни ёпиб қўяди. Бу йўл орқали СССР ва Хитой Шимолий Ветнам ҳарбийларига қурол, ўқ-дори ва бошқа юкларни етказиб берарди. Лон Ноль Камбоджада жойлашган Шимолий Ветнам ҳарбийларидан мамлакатни 72 соат ичида тарк этишни талаб қилади. Талаб қондирилмайди, аксинча, Ветнам коммунистлари 1970 йилда Камбоджа қўшинларига қарши кенг кўламли ҳужум бошлайди.

 

Пол Пот

 

Тез орада Шимолий Ветнам кучлари Камбоджа пойтахти Пномпенга яқинлашади. Лон Ноль иттифоқдошлари АҚШ ва Жанубий Ветнамдан ёрдам сўрайди. 1970 йилнинг 30 апрель куни АҚШ бўлинмалари Камбоджага кириб келади. Америкаликлар ва жанубликлар Камбоджа шарқидаги Шимолий Ветнам базаларини йўқ қилади. Деярли жиддий қаршиликсиз Пномпенни қамалдан озод этади. Шимолий Ветнам дивизиялари Камбоджа ғарбида курашни давом эттиради.

 

Иттифоқчилар урушни охиригача олиб бора олмайди. Яна бир давлатга интервенция АҚШъда катта норозиликларга сабаб бўлади ва 1970 йил 30 июнда АҚШ аскарлари Камбоджадан чиқиб кетади. Шундай бўлсада, улар ҳаводан Камбоджа кучларини қўллашда давом этади.

 

1973 йилга келиб, Шимолий Ветнам армияси ва улар билан бирга ҳаракат қилаётган «қизил кхмерлар» мамлакатнинг 70 фоиз ҳудудини ўз назоратига олади. Шу йили иккала Ветнам ўртасида Париж тинчлик келишуви имзоланади ва Шимолий Ветнам армияси Камбоджа фуқаролар урушидаги иштирокини тўхтатади. Шунга қарамай Пол Пот бошчилигидаги «қизил кхмерлар» Пномпен томон илдам ҳаракатланишни давом эттиради.

 

АҚШ президенти Ричард Никсон Камбоджа кириш режасини намойиш қилмоқда

 

Ўз иттифоқчисини сақлаб қолишни истаган АҚШ 1973 йил март июль ойларида Камбоджа ҳудудида тарихидаги энг катта бомбалаш операциясини ўтказади. Ушбу вақт оралиғида америкаликлар Камбоджага 250 минг тонна бомба ташлайди. Турли маълумотларга кўра, ушбу бомбардимонлар сабаб 300 мингдан кўпроқ инсон ҳалок бўлган. Аммо бу ҳам Лон Ноль режимини қутқариб қола олмайди. АҚШ ёрдами тўхташи билан унинг ҳукумат қулайди.

 

1975 йилда «қизил кхмерлар» пойтахт Пномпенни эгаллайди, Лон Ноль шаҳардан қочиб кетади. Мамлакат номи Камбоджадан Демократик Кампучия республикасига ўзгартирилади. Пойтахтда қолган Лон Ноль тарафдорлари, жумладан, унинг укаси Лон Нон қатл қилинади. Камбоджа ўз тарихидаги энг даҳшатли давр остонасида эди.

 

Энг шафқатсиз диктатура

 

«Қизил кхмерлар» ҳокимиятга келганидан бир неча кун ўтиб, мамлакатдаги катта шаҳарлар аҳолиси қишлоқ хўжалиги ишларини бажариш учун ёппасига қишлоқларга ҳайдала бошланади. Маоизм ғояларига асосланган кхмерлар социалистик инқилобнинг асосий кучини деҳқонлар ташкил этиши керак деб билган ва шаҳарликларни АҚШ билан ҳамкорлик қилган «хоинлар» деб ҳисоблаган.

 

Маълумотларга кўра, «қизил кхмерлар» даврида Камбоджада икки миллионга яқин шаҳарлик одамлар қишлоқларга мажбуран кўчирилган. Кўчиш пайтида инсонларга улар икки-уч кундан сўнг қайтиб келиши айтилиб, мол-мулкини ўзи билан олиб кетиши шарт эмаслиги таъкидланган. Шу тариқа одамлар янги жойга ҳеч нарсасиз борган ва у ерда бир неча йиллаб қолиб кетган.

 

Кўчишдан бош тортган инсонлар отиб ташланган.

 

 

Қишлоқларда меҳнат кооперативлари тузилган. Унда барча баравар, бир хил ишлаши белгиланган. Одамлар кооператив ҳудудидан рухсатсиз чиқиши тақиқланган.

 

Тез орада марксизмга жуда қаттиқ ишонган кхмерлар СССР ва Хитойдан ҳам ўзиб кетган коммунистик жамият қуришни бошлайди. Улар эркин бозор, хусусий мулк, нормал таълим ва пул муомаласини бекор қилади, хорижий, диний, миллий кийимларни кийишни тақиқлайди (фақат коммунистик кийиниш лозим эди).

 

Давлат мактаблари, университетлар, масжидлар, черковлар ва ибодатхоналар ёпилади ҳамда қамоқхоналарга айлантирилади. Ҳукумат қарорларини муҳокама қилиши жиноят этиб белгиланади. Бинобарин, уч кишидан кўп одам бир жойда тўпланса, улар қамоққа олиниб, қатл этилиши мумкин эди.

 

Кампучияда жамоат ва шахсий транспорт, хусусий мулк йўқ эди. Дам олиш тадбирлари қатъий чекланганди. Бутун мамлакат, шу жумладан партия раҳбарлари ҳам инқилобий кийим ҳисоблаган қора китель кийиб юрарди.

 

 

Геноцид

 

«Қизил кхмерлар» социалистик инқилобни фақат «тоза» одамлар амалга ошириши мумкинлигини таъкидлаган. Ҳокимиятга келгач улар, собиқ Лон Ноль тузуми даврида ҳукуматга ишлаган давлат хизматчилари, аскарлар, зобитларни оммавий ҳибсга олган ва уларни «тоза» бўлмаган одамлар деб эълон қилиб, отиб ташлаган.

 

Пол Пот раҳбарлигидаги кхмерлар 4 йил давомида юз минглаб зиёлиларни қатл этади. Шунингдек, мамлакатдаги кам сонли халқлар (масалан чам халқи), ветнамликлар ва хитойликларни қирғин қилинади. Юз минглаб инсонлар қамоққа олинади. Камбоджанинг С-21 деб номланувчи энг катта қамоқхонасига кхмерлар замонида тахминан 14 минг маҳбус жойлаштирилган. Улардан фақатгина 12 нафари тирик қолган.

 

Французча «politique potentielle», яъни, «имконият сиёсати» сўзини қисқартириб (пол пот), ўзига тахаллус ясаган Салот Сар (у Францияда ўқиганди) ёш болалардан иборат армия тузганди. У катта одамлар аллақачон, инқилоб руҳидан узоқлашган, болаларни эса ҳақиқий инқилоб хизматчилари қилиб тарбиялаш мумкин деб ҳисоблаган.

 

 

Болалар 4-5 ёшдан ота-онасидан тортиб олинган ва махсус тарбияланиб, 11 ёшда армияга жалб қилинган. Қизиққон, жўшқин ёшлар ёрдамида Пол Пот ўзига ёқмаган ҳар қандай одамни йўқ қилган. Бу жиҳатдан ёш кхмерлар Хитойдаги «хунвейбинлар»га ўхшарди.

 

Кўчаларда одамлар кўзойнак таққани учун отиб ташланган, чунки фақат зиёлилар кўзойнак тақади деб ишонилган. Ёш аскарлар инсонларни кўнгилхушлик учун ҳам ўлдираверган.

 

Пол Потнинг ёш қотиллари қиммат ўқ-дориларни кўп сарфламаслик учун одамларни энг шафқатсиз ва мураккаб усуллар билан ўлдирарди. Хусусан, «қизил кхмерлар» асирларни кетмон, бамбук таёқлар ёки арматуралар билан аёвсиз калтаклаган, судралиб юрувчилар тўла ҳовузларга ташлаган ёки тириклайин кўмган. Оммавий қатлларда эса маҳбуслар тиканли сим атрофига боғланган ва сим орқали электр токи ўтказилган.

 

Турли манбаларга кўра, «қизил кхмерлар»нинг 4 йиллик (1975-1979) ҳукмронлиги даврида Камбоджа аҳолисининг учдан бир қисми, яъни 2 миллиондан ортиқ инсон йўқсиллик, очлик, репрессия ва қийноқлар натижасида ҳалок бўлган. Мутахассислар, қисқа муддатда бундай катта қирғинни амалга оширгани учун Пол Пот режимини тарихдаги энг шафқатсиз тузум дея таърифлайди. 1975-1979 йилларида «қизил кхмерлар» томонидан олиб борилган ушбу қирғин геноцид (бир халқни йўқ қилиш) сифатида баҳоланади.

 

 

Ноинсоний тузумнинг қулаши

 

Кампучия ичида мутлақ назоратга эришган Пол Пот энди ташқи сиёсатда ҳам ютуқларга эришишга ҳаракат қилишни бошлайди. У ўз нутқларида IХ-ХIII асрларда ҳукм сурган Кхмер империясини тиклаш ҳақида тез-тез гапира бошлайди. Бу империя Ветнам, Лаос, Таиланд ва Камбоджа ҳудудларини ўз ичига олган бўлиб, уни қайта қуриш ушбу давлатларни Камбоджага қўшиб олиш кераклигини англатар эди.

 

Пол Пот минтақадаги асосий рақиб сифатида ўзи каби социалистик тузумдаги Ветнамни кўрди. Бу пайтда Хитой ва Ветнам муносабатлари дарз кетган, Ханойни фақат СССР қўллаётганди. Хитойнинг Кампучияга катта ёрдам беришига ишонган Пол Пот 1977 йилдан бошлаб Ветнам чегаралари бўйлаб босқинлар уюштиради. Кхмерлар тез-тез чегарадан бир неча километр ичкарига кириб, маҳаллий аҳолини шафқатсиз қирғин қилади. Чунончи, 1978 йилда Кампучия армияси Ветнам жанубидаги Батюк қишлоғи аҳолисини бутунлай қириб ташлайди. Кхмерлар 3 мингдан ортиқ одамни ваҳшийларча ўлдиради.

 

 

Ниҳоят, 1978 йилнинг декабрь ойида Ветнамнинг сабри тугайди. Жанубий Осиёдаги энг жанговар армия ҳисобланган Ветнам халқ армияси 25 декабрь куни Кампучияга кенг кўламли ҳужум бошлайди. Пол Потнинг ўсмирлардан иборат армияси қаршилиги осонлик билан синдирилади. 7 январь куниёқ Ветнам армиясининг зарбдор бўлинмалари Кампучия пойтахти Пномпенга кириб келади. Пол Пот ва унинг тарафдорлари мамлакат ғарбига, ўрмонларга қочиб кетади. Мамлакатда қирол ҳокимияти тикланиб, конституцион-монархия тузуми ўрнатилади.

 

«Қизил кхмерлар»нинг Ветнам томонидан йўқ қилиниши, уларнинг иттифоқчиси Хитойни қаттиқ ғазаблантиради ва Пекин 1979 февралда Ветнамга бостириб киради. Бироқ бир ойлик жанглар давомида катта йўқотишлар берилишига қарамай, Хитой деярли ҳеч қандай жиддий ютуққа эришмайди ва урушни тўхтатади.

 

Таиланд чегараларида паноҳ топган «қизил кхмерлар»ни АҚШ қўллай бошлайди. Вашингтон Ҳиндихитой минтақасида душмани Ветнамнинг (яъни, СССРънинг) таъсири ошиб кетишини истамайди ва уни тийиб туриш учун «қизил кхмерлар»дан фойдаланади. Таиланд орқали Пол Пот гуруҳига турли таъминотлар етказиб бериб турилади.

 

Аммо 1991 йилда СССР парчаланиши билан, «қизил кхмерлар» ортиқ АҚШга керак бўлмай қолади. Таъминот занжири узилади. 1997 йилда гуруҳ ичида зиддият кучаяди. Қариб, ҳаммадан шубҳаланишни бошлаган Пол Пот эски сафдоши Сон Сенни 13 нафар оила аъзолари билан қатл қилишни буюради. Шундан сўнг «қизил кхмерлар» раҳбариятида бўлиниш юз беради ва Пол Пот қамоққа олинади.

 

Қариган Салот Сар

 

Унинг устидан хорижий журналистлар иштирокида суд уюштирилади ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. 1998 йилда ХХ асрдаги энг қаттол, жирканч диктатор вафот этади.

 

«Қизил кхмерлар» собиқ йўлбошчи ўлимига юрак етишмовчилиги сабаб бўлганини маълум қилган. Лекин кўпчилик ўз жонига қасд қилиш ва заҳарланиш версияларини илгари суради.

 

Салот Сар ўлимидан сўнг ҳаракат кучсизланиб боради ва 1998 йилда Камбоджа қироли билан шартнома имзолаб, унинг ҳокимиятини тан олади.

 

Бугунги кунда «қизил кхмерлар»нинг жуда кичик гуруҳлари мавжуд бўлиб, улар ҳали ҳам ўғрилик ва контрабанда билан шуғулланади. Ҳаракат амалда ўз фаолиятини тўхтатган.

 

Камбоджа бугунги кунда энг миналашган давлатлардан бири ҳисобланади. Кўплаб камбоджаликлар психологик жароҳатлар билан яшайди ва мамлакат энг камбағал давлатлардан бири. Шубҳасиз, бу Пол Пот бошлиқ коммунистларнинг хаёлий, реалликка айланиши мумкин бўлмаган телба-тескари ислоҳотларининг натижасидир. Қолаверса, АҚШнинг улкан бомбардимонлари ҳам Камбоджа ерларининг катта қисмини яроқсиз ҳолга келтирган.

 

Шундай қилиб, Пол Пот ҳар жиҳатдан ўзининг коммунист ўтмишдошлари – Сталин ва Мао Сзедунга муносиб ворис бўлди. Қирғинлар ўтказиш борасида, ҳатто улардан ўзиб ҳам кетди. Камбоджадаги «қизил кхмерлар» ҳокимияти коммунистик ғоялар сароб экани, уни фақатгина куч билангина ушлаб туриш мумкинлигини яна бир исботлади.

 

Муҳаммадқодир Собиров

 

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//