Яқин тарихимиз бўлган совет даврида шундай шахсиятлар борки, бир сўз билан баҳо беришнинг иложи йўқ. Манбаларга кўра, улар ўлкада шўро ҳукуматининг қарор топишида фаол иштирок этган, совет бошқарув идораларининг юқори лавозимларида иш олиб бориб халқ орасида коммунистик мафкуранинг ашаддий тарғиботчилари бўлганлар. Хўш, улар ким, хоинми қаҳрамонми? Агар хоин бўлсалар нега шўро тузуми қатағон сиёсатининг қурбонларига айландилар? Жумладан, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Абдуллажон Каримов, Султон Сегизбоев, Турор Рисқулов, Султонбек Ходжанов... Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Худди шундай тақдир соҳибларидан бири ҳозирда Қозоғистонда 125 йиллиги нишонланаётган Ўроз Жондўсовдир.
Ўроз Қийқимович Жондўсов 1899 йил 20 февралда Еттисув вилояти, Каскалин туманида туғилган. 1918 йил Верний (Алмати) шаҳридаги эркаклар гимназиясини тугатади. Еттусув вилоятида совет ҳокимияти мустаҳкамланар экан Ўроз Жондўсов депутатлар кенгашида иш юритувчи бўлди. Туркистон советларининг 3-сьездида маҳаллий аҳоли вакилларини ҳукуматга жалб этиш масаласи илгари сурилди. Ўроз Жондўсов инқилобий-ҳарбий қўмита раҳбари сифатида Верний, Копал, Жаркент, Лепсин уездларида қаршилик ҳаракатини тугатишда фаол иштирок этди. Еттисув миллий ишлар бўлимига раҳбарлик қилар экан, Қозоғистонда иш юритиш ҳужжатларининг маҳаллий тилга ўгириш масаласини илгари суради. 1919 йил май ойида унинг ташаббуси билан биринчи қозоқ оқинлари танлови ўтказилиб, унда Жамбил Жабаев, Кенен Азербаев каби кўплаб маҳаллий оқинлар иштирок этадилар.
1920 йил сентябрь ойида Туркистон компартиясининг 5-қурултойида Ўроз Жондўсов Туркистон Республикаси компартиясининг аъзолигига сайланди. Еттисув вилояти иш ҳужжатларини миллий тилда олиб боришга киришди. Қозоқ тилининг иш юритиш тили бўлишига ҳаракат қилди – иш ҳужжатлар таржима этилди. Вернийни 22 ёшида Алмати деб ўзгартиришга қўл қўйди. Айни пайтда вилоят “Қўшчи” иттифоқига раҳбарлик қилди. Очарчилик йилларида ерларга экин экиб элнинг қўлини нонга етказди. Бу эса Ўрознинг совет тузумига ишонмасдан мамлакат миллий иқтисодиётининг илмий асосларини яратишга жиддий киришганидан дарак беради. У ер-сув ислоҳотини тайёрлаб, унда ислоҳотнинг имкон қадар халқ учун фойдали бўлишига интилган.
“Фарғона” газетасининг 1921 йил сентябрь 40-сонида “Известия” газетасидан олинган “Қозоғистон жумҳурияти ва бошбошдоқлиқ” сарлавҳали мақола босилди. Мақола “Қозоғистон жумҳуриятида етти ойдан буён ҳукм сурмоқда бўлғон бошбошдоқлиқ (бандитизм) натижасида кўплаб шўро хўжалиқлари, ўнларча Тошкент-Масков поездлари таланиб, овқот омборлари куйдирилди. Кўп районлардаги қишлоқ, ҳам давлат шўролари ҳайдалибди. Қишлоқлардаги фирқа бошчилари ҳам, ёшлар иттифоқи аъзолари, жуда кўп оддий, ҳам масъул ишчилар, айниқса овқат ишларини бошқарадурган ишчилар отиб ўлтирилибдурлар. От минуб олғон бошбошдоқлар ўзларига қарши турадурғон отлиқ қизил аскар бўлмавидан фойдаланиб пиёда аскарни хоҳлаганича талаб, ўлдириб поезд остига ташлабдилар” деб бошланади. Шундан сўнг “Ҳозирги кунда иқтисодий аҳволимиз қозоқ бошбошдоқлари ўзидан ўзи тарқолади деб саргардон бўлиб турушқа йўл қолдирмайдур. Қозоқистон жумҳуриятининг ярмида бу йил очлиқ ҳукм сурмоқда, буни устига яна бошбошдоқлар (бандитлар) ҳаракатга бошлабдилар. Улар оч деҳқон, ҳам кўчиб келган одамларни жуда хафа қиладурлар. Оч халқ албатта чорасизликдан бошбошдоққа қатнашиб кетадир. Шундоғ бўлса ҳам халқ бошбошдоқларни хўб кўради деб айтиб бўлмайди. Бошбошдоқлар деҳқонларнинг хўжалиқ асбобларини бузар ҳам отларини ҳайдаб олиб кетадурлар. Бошбошдоқларни бу ҳаракатига баъзи жойлардаги деҳқонлар бетарафлик сақлаб келса, баъзи жойларда душман назари билан қарайдурлар. Қозоқлар эса бу бошбошдоқликни соб қилиш ишига маҳкам равишда ёрдам қиладурлар...” деб мақсадга кўчади ва “Қозоқлар отлиқ аскар учун от берадилар, улар таловчиларнинг йўлларини ва турган жойларини жуда яхши билар ҳам кўргазадурлар. Ҳозирда Қозоғистон ўлкасида кўтарилган бу бошбошдоқлиқ ҳаракати сиёсий бир ранг олмасдан фақат ўғрилар, одам ўлдирувчилар фирқаси бўлсалар ҳам овқот солиғин йиғиш вақтларида кутилмаган равишда ишни бузиб қўйишлари яқин турадир. Ўшал кунда ҳам қишлоқлардаги овқот ишлари хизматкорларини ҳайдаб юбордилар, фалон жойда олиб кетдилар деган дараклар келиб турадур. Бундоғ воқеалар ҳозирга унча кўп эмас, лекин ўрталарида шўролар ҳукуматига қарши қуролланган одамлар бўлиши, кутилмаган воқеаларнинг кўтарилиб кетиши ҳам эҳтимол. Бошбошдоқлик ҳаракатини тездан соб қилишни чорасига киришмаслигимиз, шўролар ҳукуматини деҳқонлар қошида нуфузини йўқотадур. Лекин кетса ўғрилар ўз ўзидан тарқалиб кетар деб қўл қовуштириб туришнинг маъноси йўқ. Вақтинда овқат солиғини йиғиб олиш масаласи жуда аҳамиятлидир. Бу ҳаракат билан курашни қоттиғ чораларига киришилди. Мунинг учун қаҳрамон қизил аскар фирқаси тузилди. Бу фирқа пиёда аскарнинг ёрдами билан бу бошбошдоқларни қийнаб ётадур. Отлиқ аскар фирқаси барпо қилинмасдан илгари бу таловчилар хоҳлаганларини қилардилар. Уларга ҳеч ким қарши туролмади. Ҳозир бўлса отлиқ аскарнинг сифати ва деҳқонлардан таловчиларга ёрдам бўлмови соясида бу ҳаракатнинг тездан так томири билан йўқ қилинажоғида шубҳа йўқ”[1] деб хулоса қилинади. Очларга ёрдам Марказий комиссиясининг ТАССР қирғиз аҳолисига ёрдам ҳақида ёзишмалар номли 1921 йил 20 ноябрь – 8 декабрь ҳолатида 26-ишнинг ТурМИК қошидаги очларга ёрдам Марказий комиссиясининг 1921 йил 10 ноябрь санаси билан имзоланган 1905-сонли ҳужжатида комиссия раисининг талаби қизиқ...[2]
Ўроз Жондўсов 1921–1923 йилларда Туркистон компартияси Марказий қўмитасида тарғибот-ташвиқот бўлими мудири вазифасида иш олиб борди. 1921 йил октябрь-декабрь ойларида Туркистон республикаси Миллий ишлар халқ комиссарининг ходимлар рўйхатига қарасак Туркреспублика Миллий ишлар бўйича халқ комиссари Диманштейн раҳбарлигидаги жамоада номи кўрсатилган 42 нафар аъзонинг 34 нафари европа миллатларига мансуб инсонлар эканидан ҳам комиссарликнинг қанчалик номига мос эмаслигини англаш мумкин. Жумладан, қирғиз бўлими котиби Қодиров, туркман бўлими мудири Ханов, ўзбек бўлими мудири С.Ходжановлар бўлишига қарамай комиссарликнинг ахборот ва ишлар бўлимида бирорта маҳаллий миллат вакиллари ишламаган. Бу ҳолат ҳам юқоридаги фикримизни қувватлайди. Яъни, муассасанинг асосий вазифаси миллатларнинг туб манфаатларини ифодалаш эмас, кўпроқ Марказнинг ғаразли мақсадини амалга ошириш воситаси бўлиб хизмат қилганини кўрсатади[3].