Олимлик ва одамийлик уйғун устозлар


Сақлаш
09:43 / 01.10.2024 71 0

Дунёда англаганингиз сари баҳоси тенгсиз бўлиб борадиган номли ва номсиз бойликлар бор. Шундай бойликлардан бирининг номи устоз деб аталади. Улар вақт, имкон, наф, бурч каби умрнинг қийматини белгиловчи омилларнинг сарлавҳаси. Улар шогирдларнинг йўл харитасини тепадан кўриб туради. Улар ҳар бил қалб, орзунинг меъморлари. Уларнинг хизматлари эвазига инсонийликнинг қиёфаси тиниқ, маънавий ва моддий оламимиз бугун шу кўринишда.

 

Бир кишига, бир сулолага, бир мамлакатга тегишли бойлик, мулклар бўлади. Шунингдек, миллатга, инсониятга тегишли бойликлар ҳам. Шундай инсонлар борки, улар инсониятнинг мулки, бойликларидир.

 

Oyina.uz Устозлар куни муносабати билан жамиятда сўзи, ўрни, амали билан ўчмас из қолдирган устозларнинг шогирдларидан миллат бойликлари ҳақида ёднома йиғди.

 

Уринтириб қўйиш, вақтларини олишдан тортиниб дастхат олмаганман

 

 Ҳасанхон қори ЯҲЁ АБДУЛМАЖИД,

 Қуръони Мажид мударрис устози

 

 

Аллоҳга ҳамд бўлсин, диндор, аҳли илм оилада дунёга келганмиз. Дадамиз Яҳёхон қори Андижондаги икки катта масжиднинг иккинчисида имом-хатиб эдилар. Онамнинг отаси, бобомиз эса катта масжидда имом эдилар. Шунинг учун дин, илм соҳасидаги гап-сўзлар, хабарлар бизнинг хонадонда доимий янграб турарди. Бола бўлсак ҳам ўша гап-сўзлар қулоғимизга кирариди, кейинчалик бу гапларни таҳлил қилиб яна ҳам англаб борганмиз.

 

Ҳазрат муфтий бўлаётган пайтларида айнан ўша муфтийлик қурилтойларида, сайловларида бизнинг оталаримиз, боболаримиз қатнашган. Тошкентга келиб кетиш асносида бўлаётган воқеалар ҳақида гапирилганда, жумладан шу гаплар эсимизда қолган, дадам айтганларки, Муҳаммад Содиқ деган йигит бор, жуда яхши олим одам, номзодларнинг ичида агар бу киши муфтий бўлса мусулмонларга ниҳоятда фойдали бўлади, яхши бўлади. Ҳазрат ҳақида биринчи эшитган гапимиз мана шу бўлган.

 

Кейинчалик ҳазрат муфтий бўлдилар. Қиблагоҳимиз вафот этиб қолдилар. Ҳазрат фотиҳага борганлар. Биз 7-8 ёш бола эдик. Ҳазрат укам иккаламизнинг пешонамиздан ўпиб, эркалатиб кўришганлар.

 

Мана шу жойда бир нуктани эслаб ўтгим келади. Бизнинг бир қўшнимиз бориди. У киши жуда кўчабезори одам бўлган. Ўша вақтда навқирон йигит вақти. Оиласи рус табиатли эди. У йигитнинг ота-онаси “русны язичны” бўлса ҳам у оилада муфтий бўлганларидан кейин ҳазратга нисбатан муҳаббат бор эди. Рус тилида гапирган нутқларига ишқибозмиз, дейишарди. Шундан ўғлида муҳаббат туғилганми, хуллас, ҳазрат бизникига борганларида ўша йигит ҳазратнинг қўлларига ўзим сув қуяман деб талашиб, шундай қилган. Бу ҳақда ўзи кейин ҳам айтиб юрарди, ўша бир марталик мулоқотда 180 градусга ўзгарган. Яъни, намозхон, ибодатли одамга айланиб кетди. Бу ҳам ўша аҳли илм, аҳли фазл кишиларнинг фазилатларидан бўлади. Ҳазратда мана шундай тавфийқ ҳам бориди. Бир марта учрашиб, мулоқот қилган одамда (муҳаббатга яраша Аллоҳ тавфийқ беради барибир) мана шундай ўзгариш бўлган. Кейинчалик у қўшнимиз билан анча қадрдон бўлиб юрганмиз. Бизнинг маҳалламизга борганларида хотирамизда мана шундай из, таъсир қолдиргандилар.

 

Кейинчалик “Тафсири Ҳилол”нинг илк жузлари, “Шоядки тақводор бўлсак”, “Иймон” китоблари нашр бўлди. Бу китобларнинг ҳар бири нашр бўлгандаёқ, сотувга чиқиши билан хонадонимизга кириб борарди. Онамиз раҳматли китобга ниҳоятда ҳарис эдилар. Ҳазратнинг китобларини ҳеч қолдирмай олиб келардилар, ўқиб берардилар. Мен аниқ эслайман “Ар-раҳмон” сурасини ёдлаётган пайтимизда, 8-9 яшар бўлсак керак,  “Тафсири ҳилол”дан таржимаси билан ёдлаганмиз. Чунки “Ар-раҳмон” сурасида ўттиз бир марта такрор келадиган оят бор, қори адашиб кетади. “Тафсири ҳилол”дан айнан маънолари билан ёдлаш орқали оятларнинг тартибини адаштирмайдиган бўлганмиз. Ана ўшандан ҳазратнинг китоблари орқали ғойибона шогирд бўла бошлаганмиз – эл қатори, илмларидан баҳраманд бўла бошлаганмиз.

 

2000 йил мусобақа ва Умра зиёратидан қайтаётганимизда ҳазрат кўп қаватли уйда турарканлар, ўша уйларида меҳмон бўлганмиз. Ўшанда ҳазрат Қуръонни тугатганларингга қанча бўлди? деб сўраганлар, биз 6-7 йил бўлганини айтганмиз. Шунда қанча дарс ўқиганимизни сўраганлар. “Кофия”ни тугатганмиз, “Мухтасар”дан озгина ўқиганмиз ва ҳоказо деганимизда, 6 йилга “Бу жуда оз, кўпроқ ўқишларинг керак” деб бизга иршод берганлар.

 

Кейинчалик, 2003 йилларда ҳазрат водийга кўпроқ борадиган бўлдилар. Биз маросимларда тез-тез учрашадиган бўлдик. Маросимларда Қуръон тиловат қилиш учун бизни ҳам кўп таклиф қилишарди. Шу зайлди ҳазратнинг маросимдаги суҳбатларидан баҳраманд бўлиб борилди.

 

Ҳазратнинг дадалари Муҳаммад Юсуф ҳожи даданинг суҳбатларида ҳам жуда кўп бўлганман. Суҳбатларнинг бирида яхши хотираларини айтганлар. Бухорода Муҳаммадамин домла деган устозлари бор экан. У киши оиласиз яшарканлар. Кўп хизматини Муҳаммад Юсуф ҳожи дадага айтар эканлар. Кейин яна таъкидлаб қўярканларки, бошқа болаларга ҳам айтсам бўлади, йўқ дейишмайди-ю, улар сал малолланганга ўхшайди, сен чин кўнгилдан қиласан, дер экан. Бир куни ўша устозлари қорин оғриқ бўлиб оғриб қолибди. Бир кунда 16 марта усти-бошларини алмаштирдим, дейдилар. Ўзи иккита алмаштиришга кийимлари бор экан. Биттасини ювиб-тозалаб, қуритиб туришингиз керак, иккинчиси ишдан чиқади бир пас туриб, дейдилар. Айтадиларки, бир кунда 16 марта алмаштирибман. Шунда домла йиғлаб дуо қилганлар, авлодингдан олимлар чиқсин, дунёга татийдиган олим чиқсин, деб.  Муҳаммад Ҳожи даданинг оғизларидан чиққан сўз шуки, Муҳаммад Содиқнинг муваффақиятларида устознинг мана шу дуоларининг баркаси бор деб биламан, деганлар.

 

Ҳазрат ўзларининг вақтларини қандай тежасалар, ўзларига хизмат қилиб турган шогирдларининг вақтини ҳам худди шундай тежашга ҳаракат қиларди. Бизнинг вақтимизни биздан кўра кўпроқ қизғонарди.

 

Ҳазрат билан сўнгги учрашувимиз ўша “Ҳикматли хислатлар” китоби тақдимоти бўлган. Ундан бир-икки ҳафтача олдин, балки бир ойча олдиндир, “Очиқ хат” китобининг тақдимоти бўлган. Тақдимотга мен, адашмасам, уч дақиқа кеч қолиб келдим. Ҳали бошланмаган экан. Менга биров шу тақдимотни ўткизиб берасиз, ё бошқа демаган. Оддий иштирокчи бўлиб кириб келяпман. Шошиб келиб ўтирсам, ҳазрат айтдиларки, нима қиламиз энди, мен ўзимдан ўзим гап бошламайман-ку. Қани олиб борувчиси? деб қолдилар. Бу мажлиснинг ташкилотчилигини менга топширмаган эдилар, шунинг учун бу гаплари менга малол келмади. Қани ким бошлайди, ким гапиради, деган эдилар, ўша ердагилар Ҳасанхон бошловчи бўлсин деб юборишди. Хуллас вазифани бажардим. Ҳазрат ўша кунги бошловчилигимдан хурсанд бўлганлар шекилли, “Ҳикматли хислатлар” тақдимотини сиз олиб борасиз, дедилар. У тақдимот ҳам яхши ўтган. Мана шу тақдимотда бизнинг охирги учрашувимиз бўлган. Битта нарсага мен жуда катта афсусмас-у, барибир афсус қиламан. “Очиқ хат” китобини эслаганимнинг сабаби, бу китоб тақдимотидан кейин ҳазратдан дастхат олганмиз. Ўзи бировларнинг илтимосини бажариб дастхат олардик, ўзимизга ёздиргани тортинардикки, у кишининг вақтларини олиб, уринтирганга ўхшайсиз. “Очиқ хат” китобида вазият бўлиб қолди, дастхат ёзиб бердилар. “Ҳикматли хислатлар” тақдимотидан кейин шу китобларнинг биттасига ҳазратдан дастхат олволай деган хаёл келяпти. Йўқ, яна эрта-мерта уйларига борганда, хотиржам вақтларида оларман дедим-у, олмадим. Лекин  у нарса насиб бўлмади, қолди. Тақдимот душанба бўлган бўлса, ҳазрат сешанба куни кечки пайт вафот этдилар.

 

Ҳазрат Аллоҳдан “хайри халаф бер” деб сўрардилар. Аллоҳ у кишига хайри халаф бериб, халқимизга ана шундай олимларнинг яна кўплаб чиқишини Ўзи насиб этсин.

 

 

Устозда олимлик билан одамийлик уйғун эди

 

Соҳиба УМАРОВА,

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент

 

 

Мен устозим Суйима Ғаниева билан 2009 йилда кўришганман. Унгача телевизор ва радиодаги чиқишларини эшитиб, матбуотда эълон қилинган мақолаларини кузатиб борардим. Катта навоийшунос олима эканликларини билган ҳолда жудаям ҳаяжонланардим, Навоийнинг қўлёзма асарларини тадқиқ этган матншунос олима сифатида ҳурматим балан эди. 2009 йили устозим Шуҳрат Сирожиддинов ташаббуслари билан Суйима Ғаниевага телефон қилганман. Улар билан суҳбатдан кейин менда янаям кучи масъулият, ҳаяжон бўлган.

 

Эртаси куни кафедраларида кўришдик. Бир даста гул олиб борганман. “Суйима Ганиева илмий-адабий фаолияти” мавзусида илмий иш қилмоқчи эканлигимни эшитиб роса хурсанд бўлганлар. Дарсларига олиб кирдилар. Қайтишда уйларида чой ичишга таклиф қилдилар. Уйларига қандай борарканман, устознинг ёнларида  қандай чой ичарканман деб ҳаяжонланганман. Дарс ўтишларида қанчалик катта билимга эга олима бўлишлари билан бирга инсон сифатида жудаям камтар, самимий эдилар. Шундай қилиб 2012 йилга қадар доим устознинг ёнларида бўлдим.

 

Устозда дипломатлик қобилияти ҳам юқори эди. 2010 йил, Сингапур университети энди очилган вақтлар. Навоий ва Бобур таваллуди муносабати билан тадбирга чақиришган экан. Мен ҳайрон бўлдим, менежер соҳаси, инглиз тилини ўрганадиган талабалар Навоий ва Бобурни қандай эшитаркан деб. Устоз саҳнага чиқдилар, мен бу талабаларни қизиқтирадиган қандай гап айтар эканлар деб турибман. Навоийнинг ҳаётидан кириш қисм қилиб келдилар-да, шоирнинг халқпарвар, инсонпарварлигига урғу бердилар. Алишер Навоий учун инсон қадрли бўлганига “Садди Искандарий”дан мисол келтирдилар. Искандар бир шаҳарни босиб олганда, ўша ҳудуд аҳолисига зиён етказмаслиги учун аскарларига шаҳардан ташқарида туришини буюради. Сўзларига хулоса сифатида Искандардай шоҳ инсонлар манфаатини ўйлаб шу ишни қилганини айтдилар. Сизлар ҳам келажакда менежер бўларкансизлар, маркетинг соҳасида ишларкансиз,  халқаро битимларнинг тузилишида қатнашаркансиз, сизнинг вазифангиз – ҳар қандай вазиятга инсонни юқори, биринчи қўйиш керак деган хулосани шундай чироқли йўл билан чиқариб бердилар. Устознинг дипломатик қобилиятига тан берганман шу ерда ҳам.

 

Устоз Ислом шариатини яхши билардилар. Бировга ваъда берган бўлсалар, бирор тадбирга бораман деган бўлсалар албатта бажарардилар. Қарз (совға, туҳфаларга ҳам шундай қарардилар) олган бўлсалар ортиғи билан қайтаришни фарз деб билардилар. Исрофни ёмон кўрардилар. Бир варақ қоғозни ҳам қадрлашни уқтирардилар. Ҳозир аксар олималар ўзларини ташқи кўринишдан олимага ўхшатиб олишяпти. Ички тутумларини кузатсангиз, олималикга ҳеч қандай даъвоси йўқ. Устозда олимлик билан одамийлик уйғун эди. Одамийлиги олимлигидан ҳам юқори эди.

 

Асомиддин Ўринбоев деган манбашунос, катта олим ўтган. Устозим ёшлигидан шу киши билан дўст бўлганлар. Бир куни устоз эртага туғилган кунга борамиз, дедилар. Эртаси куни мен шу кайфиятда кийиниб бордим. Айтилган хонадонга бордик. Қарайман, ҳеч бир туғилган куннинг кайфияти сезилмаяпти. Кейин билсам, Асомиддин Ўринбоев ўтганларига 7-8 йил бўлган, уларнинг акаларими, укалари яшайдиган хонадонга дўстининг туғилган куни санасида устоз ҳар йили келарканлар. Ўша кунги даврада ҳам дўсти роса эсланди: китоблари варақланди, расмлари кўрилди, бўлган воқеаларни айтиб бердилар. Устоз ҳар доим бажариб келадиган қадриятини ўша йили ҳам шундай бажарганлар. Баъзан инсонлар орасида “Ўлдинг – ўчдинг” мақолини ёдга солувчи ҳолатларга гувоҳ бўлганимда устозимнинг шу жиҳатларига ҳам таъзим қиламан.

 

Кейин ўйлаб юрардим – вақтим бекор кетиб қолди (буни урғу билан айтиб ўтишим керак), шунча юрдим, илмимни қилолмадим, деб. Ҳозир ундай демайман. PhD ишимнинг мавзуси  “Суйима Ғаниева тадқиқот усуллари ва мезонлари”, 2021 йили ҳимоя қилдим. Ўша йилларда бошлаган илмий ишимни охирига етказдим. Мен илм билан бирга илмга кирган бир инсоннинг ҳаётини ўша вақтда энг яқин масофадан кузатиб ўргандим, бу бахт. Ҳозир ўша кунларимни соғинаман, улар билан бирга юриб яхши иш қилган эканман, шундай инсоннинг ёнида юрган эканман деган фахр туяман.

 

 

Армонлари, ёза олмаган, ҳеч кимга айта олмаган ҳасратлари жуда-жуда кўп эди

 

Жавлон ЖОВЛИЕВ,

ёзувчи

 

 

Устоз Наим Каримнинг таъзия кунлари ўтгач, ўғиллари билан ишхонасига бориб, қолган китобларини, қўлёзмаларини Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фондига олиб ўтдик. Яқингача биласиз, Қатағон қурбонлари музейининг маъмурияти Адабиёт музейининг чап биқинида, иккинчи қаватида  жойлашган эди. Эски бино, кўҳна хоналар, қалин деворлари қалин ҳасратларни, мунгни, неча сирларни яшириб тургандай, кириш йўлакларига майда юпқа тахтакачларни қоқиб чиққандек кўринади, қорни босиб ўтган каби ҳар қадамнинг ғичири, довуши бор.  Ҳамма нарса ўша-ўша, жойида, аммо хона тўридаги столнинг неча йиллик эгаси йўқ…  

 

Академик Наим Каримов хонаси  кичкина экан, буни ўша куни англадим, ҳамма нарса ўта тордек, негадир шу маҳалгача жуда кенг, муҳташам кўринган экан кўзимга.

 

Китоблар, қўлёзмалар, эски компьютер, принтер, оқ кичкина чойнакча, сочиқ, тартибсиз сочилган қайт қоғозлари, таклифномалар, турли манзиллар ёзилган қоғоз халтачалар, кичкина сеп, тепада қандайдир навқирон ва кўркам ҳолда ишланган Беҳбудийнинг портрети, аммо бу хонага қачон кирманг сизга рангсиз юз, рангсиз кўзлар ила  зимдан боқиб турувчи устоз йўқ …

 

Эгасиз хонага кирар эканмиз, келганлар ҳар турли нарсаларни йиғиштира бошлади, ўғиллари иш столида қолган майда-чуйда, рўчка-қаламлар, ялтироқ жилдли совғаларни тахлашарди, қолганлар эса китоб ва қўлёзмаларни таширди, мен эса оқ чинни ликопчадаги бир дона гўммани кўриб қотиб қолгандим.

 

Домла Тошкентнинг энг қадим ва том маънода  зиёлилар  кўчаси – Навоий кўчасидан ишхона томон кўпинча пиёда келар, йўлдан иккита картошкали перашка ё иккита гўмма сотиб оларди, шу билан хонадан чиқмай тушликни  амаллар ва вақтдан ютарди. Ўша куни ҳам ишга келаётиб одатига кўра иккита гўмма сотиб олган, тушлик пайти биттасини еган, биттасига эса улгурмаган (ишхонада соғлиги ёмонлашганди), тўқсон йилки тинмай берилган насиба шу ерда паёнига етган, битган...

 

Архивдан топган кўп нарсани домлам билан соатлаб муҳока қилардик, охирги пайтларда кўзда ёшсиз кам гапирар, жадидларни йиғлаб, эзилиб эсларди. Лекин бу кексаликнинг йиғлоқилиги эмас, аянчли тарихнинг қаттол қилмишлари “меваси” эди.

 

Домла тўқсон ёшда ҳам тинмай, бир йигитдан кўп ишларди, аммо билардимки, домланинг армонлари, ёза олмаган, ҳеч кимга айта олмаган ҳасратлари жуда-жуда кўп эди, режалари бисёр эди, аммо...

 

Устознинг шахс сифатидаги тутумлари, илмга, вақтга эътиқоди, миллат қайғуси, инсонийлик бурчлари Наим Каримов деган сиймо билан китоблари қатида, шогирдлари қалбида, халқи ёдида яшайверади.

 

 

Лоладек кетдингиз, қайғузорлардан...

 

Гулжамол АСҚАРОВА,

шоира

 

 

Шамс келди, дедилар, Мавлоно (Румий) шодланганидан суюнчисига тўнларини ечиб бердилар. Алдадик, дейишди. Мавлоно жилмайиб, “ёлғонингга тўнимни бердим, рост айтганингда жонимни берардим”, дедилар...

 

Ҳазрат Жомий қуёшдир, мен тупроқман. Тупроққа қуёшдан нур тушмаса бир гиёҳ унгайми? деганлар Навоий бобо...

 

“Ўлаётиб тобутимда бошим остига Сизнинг китобингизни қўйишларини сўрайман”, дея мактуб битган улуғ Анна Ахматовага Марина Цветаева...

 

Леонардо до Винчи Довуд пайғамбар сувратини чизаётганда шогирдининг сиймосидан фойдаланган экан...

 

Ҳалима опам билан биз яхши кўрардик бу тарихий фактлар ва ришталар таърифини, ўта инсоний меҳр изҳорларини... Ва меҳру муҳаббат камёблашиб, меҳр ҳеч кимга керакмасдек совуқ бир ибтидони бошдан ўтказаётган замонда бу улуғвор муносабатлар Устозим ва мен ўртамдаги ришталарни ҳам янада қаттиқроқ боғлашга ҳисса қўшган бўлса ажабмас.

 

Чиройли яшашни ўргатардилар доим, виқорли, шоҳона ҳаётни севардик иккимиз ҳам. Ҳеч ғариб кўрсатма ўзингни, дердилар.

 

Қабртошларига “Лоладек кетарман қайғузорлардан” деган сатрларини ёзишларини илтимос қилгандим. Шу сатрлар муаззам бир шоирнинг умрига чизги бўла олади, деб ўйлайман.

 

Мен ўзимни Ҳалима опам ҳақида ёднома китоб деб биламан. Ҳаммаси қоғозга тушади, иншааллоҳ.

 

 

Устоз кўрган устоз эдилар

 

Каримбой РАҲМОНОВ,

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист

 

 

Устоз-шогирд тилнинг учидан айтиб кетиладиган гап. Лекин унинг тагида ҳисобсиз машаққат, меҳнат, эътибор, меҳр-муҳаббат ётади. Қачонки ҳисобсиз машаққатлар бажарилса, устоз-шогирд ўртасидаги ҳурмат-иззат, меҳр-муҳаббат, илм-таълимлар мустаҳкам бўлиб, устоз-шогирдлик ришталари маҳкам боғлансагина ҳақиқий устоз-шогирд бўлади.

 

Шогирд деган устозига ҳам шогирд, ҳам фарзанд ҳисобида бўлиши керак. Сабаби, ёнида юргандан кейин устознинг ҳамма сирларидан воқиф бўлади. Унинг сирларини сақлай билиши керак. Устонинг дилидан ишонч қозонадиган шогирдликка ҳамма ҳам муяссар бўлавермайди.

 

Мен 1979 йилда, 20 ёшимда (Бобомурод Ҳамдамов 38 ёшда бўлганлар) устозимнинг қўлини тутганман. 46 йил бўлибди. Аллоҳ раҳмат қилсин устозимни, охирги йўлгача, сўнгги васиятларини бажаргунгача ёнида бўлдим, қўл тортмадим.

 

Устозлар чашма, устозлар булоқ, бошимизда соябон бўлиб турган боғимиз, суянган тоғларимиз. Йўл десам катта гапириб юборган бўламан, устозлар юрган йўлнинг ёнида бир сўқмоқ бўлиб халқимизга хизмат қилиб келяпмиз. Номим элга танилгандан кейин ҳам устозимнинг ёнларида кўп йиллар юрдим. Ҳатто, бир гал устозим “Халқлар дўстлиги” санъат саройида концерт беряпти, мен орқада ансанбльда торда ўтирибман. Мени залдагилар таниб ўтирибди. Устоз 5-6 та қўшиб айтгандан кейин тўрда ўтирганларнинг бири “Каримбой айтсин” деди, устимдан қайноқ сув қуйилгандек бўлди. Устоз эшитмаганга олиб яна қўшиғини давом эттирди. Яна 2-3 қўшиқдан кейин 50-60 овоз бақирди. Устоз учун ҳам, мен учун ҳам ноқулай. Устоз яна қўшиғини айтаверди. Кейин бутун зал қичқириб бошлади. Шунда, устозимнинг камтарлигини кўринг-да, менинг ёнимга торини созлагандек бўлиб келиб, бир жуфт айтасанми, Каримбой, деди. Мен ноқулайлигини айтдим. Устоз индамасдан орқасига қараб кетди-да, микрофоннинг ёнига бориб “Ўртоқлар, мен устозим Комилжон Отаниёзовдан фахрланаман. Қолаверса, мана шу ерда ўтирган Каримбой Раҳмонов шогирдимдан ҳам фахрланаман”, деди. Залда шунақа қарсак, қийқириқ бўлди. “Энди навбатни шогирдимга бераман”, деди. Шу гапдан кейин устозим саҳнадан тўғри чиқиб кетиши мумкин эди, йўқ, келиб менинг ўрнимга ўтирди, мусиқа чалиш учун. Мухлисларнинг ер тепишига қарамай, устознинг ҳурмати учун бир жуфт айтиб, уларга навбатни бердим. Улар мана шундай, устоз кўрган устоз эдилар.

 

Устозим ҳеч қаерда мусиқа йўналишида ўқимаган. Ўша вақтларда техника училиши деган ўқиш бўларди, ўша ерда ўқиган. Аллоҳ берган истеъдоди билан буюк ҳофиз бўлган.

 

Устозим 10 га яқин тилда қўшиқ айтарди. Бошқа санъаткорларга қараганда серқирра эди. Шунинг учун мухлиси ҳам кўп эди. Мен ҳам устозимдан ўрганган ҳинд, туркман, қорақалпоқ, тожик, афғон, қозоқ каби 5-6 тилда қўшиқ айтаман.

 

Устозим Туркманистонда туғилган (мен ҳам Туркманистонда туғилганман), ҳиндистонлик ҳофиз Мукешни ғойибона устозим дердилар. Хорамз сувора, мақомларини айтиб шу даражага етди. Ҳамиша Хоразм, ўзбек элидан миннатдор бўлиб гапирарди.

 

Олти йил аввал, уйимда меҳмон вақтларида кўзига ёш олиб, ҳам шогирдим, ҳам ўғлимсан, менинг сенга айтадиган бир васиятим бор, дедилар. Айтинг, устоз, десам, мен Хоразмга, Ўзбекистонга келиб шу даражага етганман. Устозим Отажон Худойшукуровга қўл бериб Бобомурод Ҳамдамов бўлганман. Менга бир нима бўлган тақдирда, сенга ишонаман, мени устозим ётган қабристонга, ёнларига қўясан, дедилар. Буни қаранг, устозга садоқат, хоразм, ўзбек санъатига меҳр-муҳаббат. Ўзининг элини, юртини, ота-оналари ётган жойларни ташлаб, устози ётган қабристонни танлагани бу устоз-шогирдликнинг чўққиси деб биламан. Бунақа устоз-шогирдлар камдан кам бўлади.

 

Мен ҳам сўнгги кунларигача устознинг ёнларида бўлдим. Фарзандлари билан устознинг васиятларини бажариб, устозининг ёнларига қўйдик. Жаннат боғларининг боғбони бўлиб юрган бўлсин. Устозим жаннати инсон, ҳаётда ўзи камгап, камсуқум, савол берсангиз жавоб берадиган, оғир-босиқ инсон эдилар. Ўтган барча устозларимизни раҳматига олсин, борларининг умрини зиёда қилсин.

 

 

 

Шаҳнозахон НАЗАРОВА,

филология фанлари доктори

 

 

Устоз – бу ёруғлик, устоз – бу садоқат, устоз – бу сенга ота-онангнинг омонати дея қараши, устоз – бу неъмат, устоз – бу соғинч...

 

2010 йил ЎзМУнинг магистратура босқичига биринчилардан бўлиб ўқишга кирдим, лекин бир эмас учта стипендиант келди-ю, контрактга тушиб қолдим. Саноқли кунлар ичида тўлов қилиш керак. Дадам маошидан шошилинч ўтказади, аммо банк жониворнинг ҳиммати билан пуллар ҳавода муллақ турибди, берилган муддат тугашига эса бир кун қолган. Куйиб-ёниб Жиззахга қараб жўнадим. Ўзингда йўқ, оламда йўқ. Кечки савдо билан катта сигир арзимаган нархга пулланди. Эртасига аям билан аямнинг пластик картаси-ю, сигирнинг пулини олиб Тошкентга қараб чопдик. Тушдан кейинги 3 да етиб келдик. Контракт тўлашнинг охирги куни бўлгани учун маркетинг барча пулни фақат нақд кўринишда олишни ихтиёр этди. Неча ойлар давомида мисқоллаб йиғилган пуллар пластикда қолиб кетди. Устозим Ҳамидулла Болтабоев мени ҳам, аямни ҳам қаттиқ койиди ва уйига жўнатди. Телефонда келинига кўк пакетга солиб қўйилган пулни олиб чиқиб беришни тайинлади. Қорақамишга бориб, пулларни олдик. Контракт учун қанча керак бўлса, ўшанча миқдорда саналган пуллар солинган пакетни ҳеч сўзсиз олиб чиқиб беришди. Университетга чопдик, улгурмадик, соат 5 ларга бориб маркетинг тўловларни қабул қилишни тўхтатди. Кўча супуриб, ахлат тозалаб, солиқ йиғиб, туғилганлару вафот этганларнинг рўйхатини олиб, металлом тўплаб юрган ўқитувчининг боласига ўқишни ким қўйибди, яна қиз бола бўлса. Ўқиш ҳам соб бўлди. Кафедрага кираман, чиқаман, аям йўлакда сарғаяди, ўқитувчи бошини эгади, мунғаяди. Ичкарида устозим Омонилла Мадаев жиғибийрон бўлади:

 

– Болам, мен сенинг пулингни олиб қўйгандим, кенайингга қачон келса бериб юборасан, деб тайинлаб қўйганман. Кенайинг билан йиғиб қўйгандик. Нега айтмадинг, нега уйингга кетиб қолдинг.

 

Пулларни кафедра сейфига қўяман. Болтабоев домла калитни ўзимга тутқазади. Яна имкон берилса, ўша заҳоти бориб тўлайман. Аям алами-ю ёшини ютиб, уйга қайтади. Мен ётоқхонага кўмиламан...

 

Бир ҳафтадан сўнг яна маркетинг эшиклари очилади. Кафедра сейфидаги пулларни олиб бориб контрактимни тўлайман. Қувончдан ичимга сиғмайман, бутун кафедра, устозларимнинг юзи қувончимдан ёришиб кетади.       

 

Ҳар икки устозим мендан ҳеч қарздор эмас эди. Лекин улар бир-биридан бехабар, менга ҳам айтмасдан, контрактим учун пул ажратган ва аввалдан тайин қилиб қўйган экан. Мен биламан, ўқишни битиргунимча улар шундай қилишган.

 

Ҳозир фан докториман. Нуфузли давлат ташкилотида ишлайман. Ойлик маошим ўша бир йиллик контракт пулимдан бир неча ҳисса кўпроқ. Ва тайин бир жойда бир иқтидорли талаба учун илм, иймон ва садоқатимни қўшиб контракт пули жамғариб боришим кераклигини биламан.

 

Наргиза ОДИНАЕВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

//