Соҳибқирон битган мактублар


Сақлаш
17:07 / 27.05.2025 134 0

Соҳибқирон Амир Темур давлатининг барча ҳудудларида кучли интизомга бўйсундирилган тезкор йўл-алоқа хизмати жорий этилган эди. Бу давлатнинг илдам тараққиётига хизмат қилган.

 

Ташқи сиёсат, халқаро муносабатлар ва дипломатияда мактубларнинг аҳамияти беқиёс бўлган. Биргина Миср султонлари билан дипломатик ёзишмаларни олайлик. “Амир Темур билан Султон Барқуқ ўртасидаги расмий алоқалар 1385 йилдан бошланган эди. Нисбатан қисқа муддатда   –  1386 йилдан то 1405 йилгача Амир Темур ҳамда Миср Султони Барқуқ ва Фараж, шунингдек, уларнинг Суриядаги ноиблари ўртасида тахминан 25 марта мактуб ва элчилар алмашинуви бўлган” (Хасанов А. Из истории дипломатических отношений Средней Азии с Египтом в конце XIV  –  начале XV вв. 1981. Стр. 126). Масалан, 1385 йил ноябрь ойида Амир Темур махсус элчи орқали Султон Барқуққа мактуб йўллагани маълум. Элчи Қоҳирада яхши кутиб олиниб, унга муносиб жавоб қайтарилган. Афсуски, бу мактубнинг мазмуни аниқланмай қолмоқда.

 

Амир Темур ва усмонлилар ҳукмдори Султон Боязид ўртасидаги ёзишмалар XIV асрнинг 80-йилларида бошланган. Амир Темур Сивасдан туриб усмонлилар ҳукмдорига йўллаган иккинчи мактубида, агар Боязид сулҳга розилик берса, узрхоҳлик юзасидан бир мактуб йўллаб маълум қилишини, бу тақдирда Сивасдан ортга қайтиб кетишини айтади. Шу билан бирга, ёш жиҳатидан улуғ эканига урғу бериб, Боязиддан итоатни талаб қилади. Боязид Амир Темурга ёзган мактубларида орадаги келишмовчиликларни тушунтиришга уринади ва мактуб якунида гина-кудуратларга барҳам беришни таклиф этиб, сулҳ ёки мужодала ихтиёрини Амир Темурнинг ўзига ҳавола этади.

 

Соҳибқироннинг Европа мамлакатлари билан дипломатик муносабатларида ҳам мактуб алмашинувининг муҳим ролини кўриш мумкин. Анқара жангидан сўнг Франция ва Англия ёзишмалар орқали Темур билан дипломатик муносабат ўрнатди. Француз қироли Карл VI билан Темур ўртасидаги ёзишмаларнинг бир қисми Франция ҳужжатхонасида сақланади. Улардан англашилишича, Темур Франция қиролининг таклифларини рад этмаган ва Карл VI нинг Шарққа нисбатан сиёсатини қўллаган.  Темурнинг форсча ёзилган ва 1402 йил 1 августда имзоланган мактуби, аслида, Анқара жангидан (1402 йил 20 июль) аввал битилган бўлиб, унга кейинроқ сана қўйилган. Мактубда Темур ўз давлати билан Франция ўртасида савдо алоқалари ўрнатиш истагини билдирган. Анқара жангидан сўнг элчилар Европага қайтиб кетаётганида Темур улар орқали Боязид ҳарамидан озод этилган, насл-насаби тоза уч нафар ёш қизни ўз номидан Кастилия қиролига совға қилган. Уларга ўз элчиси Муҳаммад Кешийни ҳам қўшиб юборган. Унинг қўлида 1402 йил август санасида имзоланган ва қиролга аталган дўстона хат бор эди. Мактубда Темур Боязид устидан ғалаба қозонганини айтиб, насронийларга меҳр-оқибатли бўлишини баён этган.

 

Амир Темурнинг бизгача сақланиб қолган лотинча таржимадаги иккинчи мактубига ҳам 1402 йил 1 август санаси қўйилган. Иккала мактубни ҳам Султониянинг католик архиепископи Иоанн III Францияга олиб борган.

 

Карл VI нинг Амир Темур номига 1403 йил 15 июлда йўллаган биргина мактуби сақланган. Унда Франция билан Темур давлати ўртасида савдо алоқалари ўрнатиш масаласига катта ўрин берилади. Карл VI мактубидан унинг фуқаролари Темур мамлакатига бемалол бора олгани англашилади. “Амир Темур билан Карл VI ўртасидаги ёзишмадан маълум бўлишича, иккала подшоҳ ҳам савдо битими тузишдан манфаатдор бўлган” (Умняков И. Из истории международных отношений Средней Азии с Западной Европой в начале XV в. // Известия АН УзССР. 1960. №1. Стр. 7). Бироқ 1405 йил февралида Темурнинг вафот этиши бу ишни охирига етказиш имконини бермади.

 

Темур ва Мироншоҳ Англия билан дипломатик ёзишмалар олиб боргани маълум. Хусусан, Англия қироли Генрих IV (1399–1413) томонидан Мироншоҳ билан Темурга йўлланган икки лотинча мактуб сақланган. Генрих IV нинг мактубида Мироншоҳ Мирзо “Мирасса Амирасса” деб тилга олинган. Қирол Мироншоҳнинг “диний арбобларга ва франко-католикларга лутфи карам бахш этиб, насроний савдогарларнинг шахси ва фаолияти хавфсизлигини таъминлагани ва эвазига савдо ғаразига хайрихоҳлиги” учун миннатдорлик изҳор этган.

 

“Темур тузуклари”да Соҳибқироннинг пири бўлмиш Мир Саййид Шариф билан ёзишмалари ҳақида ҳам қайдлар мавжуд.

 

Низомиддин Шомий “Зафарнома” асарида мактубларнинг Соҳибқирон салтанатидаги ўрни, сиёсий муносабатларга таъсири ва ахборот алмашинуви жараёнларидаги тадрижи хусусида бундай ёзади: “Жаҳон салтанати бирмунча вақт номдор султонлар ва комкор маликлар соясидан холи қолиб, ҳар бир мулкда биттаси бош кўтарган бир пайтда жаҳон мамлакатларининг катталаридан бўлган Рум мамлакати Йилдирим Боязиднинг амру фармонига кирган эди. У бир қанча муддат ҳукмронлик ва улуғлик мақомида туриб, истиқлолдан дам урди ва у диёрларда ғалаба қозонди. Фирибгар дев унинг димоғига такаббурлик тухмини қўйди, у эса қувват ва шавкатига мағрур бўлиб, ўз мақоми чегарасидан чиқди, ўз қадри палосидан сиртга оёқ босди ҳамда номдор султонлару улуғ мартабали маликлар “қулингман, хизматкорингман” деб ёзиб турган ва замона сарварлари давлати остонасини қуллик лаби билан ўпиб турган шундай улуғ бир ҳазратга (Амир Соҳибқирон) сарварлик ва ҳукмдорлик лофини уриб бемаза мактублар ёзди, нотўғри хабарлар юборди. Шуларнинг барчасига қарамай, Соҳибқирон ҳазратнинг туғма мақтовли табиати бу бўяма сўзларга илтифот этмай, унга насиҳат қилди ва огоҳлантирди” (Низомиддин Шомий. Зафарнома. Тошкент, “Ўзбекистон”, 1996. 322-бет).

 

Тарихий солнома бўлмиш “Мин ши”да Соҳибқироннинг Хитой ва Ҳиндистон билан дипломатик муносабатлари хусусида маълумотлар мавжуд. “Хитой императори 1395 йили Самарқандга Амир Темур ҳузурига Фу Ань бошчилигида яна элчилар ва мактублар юборган ва улар орқали император муҳри босилган махсус мактуб ҳам йўллаган. Фу Ань бошчилигидаги элчилар 1395 йили Хитойдан йўлга чиққани ҳақида “Мин ши лу”да ҳам хабар бор” (Watanabe Hiroshi. An Index of embassies and tribute missions from Islamic countries to Ming China as Recorded in the Ming Shih In Classified According to Geographic Asia // Memoirs of the Research department of the Toyo Bunko. Tokyo, 1975. P. 347).

 

Испан элчиси Руи Гонcалес де Клавихо ҳам ўз битикларида Самарқанд шаҳридаги Дилкушо боғида Амир Темур билан учрашув ва дипломатик ёзишмаларга тўхталган: “Ўша ерда улардан Темурбек учун қиролнинг мактубини сўрашганда элчилар мактубни беришди. Мактубни набираларидан бири олди... Шунда Темурбек кейинроқ унга одам юбориб чақиришини, мактубни ўқиб, Испания қироли нимани хоҳлашини тушунтиришини айтди(Руи Гонсалес де Клавихо. Амир Темур Испания элчиси нигоҳида. У. Жўраев таржимаси. Тошкент, “Замин нашр”, 2019. 117-118-бетлар).

 

Бу факт ва далиллар Амир Темур даври ички ва ташқи сиёсатида ахборот алмашинуви ҳамда халқаро ҳамкорлик борасида мактубларнинг ролини ўрганишга бағишланган махсус тадқиқот яратишни тақозо этади. Жумладан, Темур даври халқаро ҳамкорлик хатларининг рўйхатини шакллантириш зарур. Соҳибқирон давридан мерос қолган ёзишмалар сақланаётган музейлар фондидаги мактублардан нусха олиб, махсус альбом чоп этмоқ лозим.

 

Шаҳло РАҲМОН, 

тадқиқотчи

 

“Тафаккур” журнали, 2025 йил 2-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18839
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//