«Отасидан воз кечган ўғил мактуби». Амир Олимхоннинг уч фарзанди тақдири


Сақлаш
15:23 / 27.09.2024 218 0

Амир Сайид Олимхон 1920 йил сентябрда пойтахтни тарк этар экан, нафақат давлат хазинасини, балки ўз ҳарамини ҳам шаҳарда қолдиришига тўғри келади. Унинг Бухорода қолган барча қариндошлари, жами 118 киши Хожа Ориф (ҳозирги Шофиркон)да руслар томонидан асир олиниб, Бухоро шаҳридаги Хуржун мадрасасида уй қамоғига олинади.

 

Олимхоннинг 3 фарзанди ҳам руслар қўлига тушади. Большевиклар амир ўғиллар бўлган Саид Султонхон, Саид Шоҳмуродхон ва Саид Раҳимхон ҳамда амирнинг икки жияни Саид Раҳматулло ва Саид Сайфиддинларни турли усуллар орқали қийноққа солади. Қизил армия Бухорога киргач, амирнинг уч нафар бегуноҳ фарзанди тунги соат учдан эрталаб соат ўн биргача Девонбеги масжидида сўроқ қилинади. Соат ўн бирда амир болаларининг кийимларига форс ва ўзбек тилларида «Олимхон золим», «Амир жумҳуриятни истамайди», «Халқни қул бўлиб ишлашга мажбур қилади», «Қутилганларингга шукур қилинглар» деган сўзлар ёзилиб, бозор ва кўчалар бўйлаб айлантириб чиқилади. Аммо бу большевиклар кутган натижани бермайди. Аксинча, амирзодаларнинг бундай таҳқирланганлигини кўриб халқнинг амирга қарши қисми ҳам уларга ҳамдардлик билдиради.

 

Амир Олимхон мулозимлари билан русларга қарши курашда иттифоқчилар топиш, қурол-яроғ тўплаш мақсадида Афғонистонга кетган, Бухорода қолган оиласи, ўғиллари, амакилари ва онасининг тақдиридан хабари йўқ эди. Усмонхўжадан кейин ҳокимиятга келган Файзулла Хўжаев амирнинг 3 фарзандидан бошқа барча оила аъзоларини Афғонистонга қўйиб юборади. Файзулла Хўжаев Амир Олимхонга мактуб йўллаб, «агар сиз инқилобчиларга қарши курашни тўхтатсангиз ва мужоҳидларни қўллашни бас қилсангиз уч ўғлингизни ҳам Афғонистонга жўнатамиз. Акс ҳолда улар бизда қолади» дейди.

 

Файзулла Хўжаев шу тариқа амирни курашдан тўхтатмоқчи эди. Бироқ амир Олимхон бу русларнинг ҳийласи эканлигини ва Файзулла Хўжаев бу мактубни уларнинг босими остида ёзганини тушуниб, қаршиликни давом эттиради. Хатга жавобан эса «Менинг минглаб болаларим Бухорода руслар қўлида асир қолди. Сиз 3 фарзандим эвазига урушдан воз кечишимни истайсиз. Мен учун Бухорода қолган болалар ва 3 фарзандим ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Ғалаба қилсак ўз фарзандларим ва қолганлар ҳам Бухорода қолади. Мен учун энг муҳими Бухоро ва Туркистонни руслардан тозалаш» деган мазмунида жавоб йўллаб, таклифни рад этади.

 

Уч ойлик жисмоний ва руҳий қийноқлардан кейин, Саид Олимхон фарзандлари Москвага олиб кетилади. Катта ўғил Султонхоннинг бир оёғи ногирон бўлиб, ўша ерда вафот этади. Совет режимига нисбатан нафратини яққол намоён қилган кенжа ўғил Абдураҳимхон 1937 йил жосусликда айбланиб, отиб ташланади.

 

Ўртанча ўғил Шоҳмуродхоннинг тақдири эса, ўзгача кечади. 1922 йил Бухоро Халқ Совет Республикаси мутасаддилари Шоҳмуродни бир гуруҳ ёшлар қаторида Германияга ўқишга жўнатишга қарор қилади. Ҳатто, унга «Олимов Шоҳ Муротович» деб паспорт ҳам тайёрлашади. Бироқ, немис тилини мукаммал ўзлаштирганига қарамай, унинг Германияда ўқиш орзуси ушалмайди.

 

1929 йил 16 июнда «Известия» газетасининг навбатдаги сонида Амир Олимхоннинг ўғли Шоҳмуродхоннинг ўз отасидан воз кечгани ҳақидаги «Собиқ Бухоро амирига ўғлидан» мақоласи эълон қилинади. Замондошлари бу очиқ хат совет ҳукуматидан қўрқув ёхуд дўстлари ва севган қизи Жавҳар Башиеванинг қистови билан ёзилган бўлишини мумкинлигини тахмин қилади.

 

Шоҳмурод Олимов

 

Айнан ушбу отадан воз кечиш ҳақидаги мактубдан сўнг амирзода Шоҳмурод учун «порлоқ келажак» сари йўллар очилади. У ҳарбий билим юртига ўқишга қабул қилинади. Илмий жамиятларда эркин иштирок эта бошлайди.

 

Онаси Муҳаррам ойим Москвада ўқиётган ўғли Шоҳмурод билан дийдорлашиш учун рухсат сўраб, Кобулдаги шўро элчихонасига кўп бора мурожаат қилади. Бироқ, 1933 йил Шомуродхоннинг билим юрти унинг номидан «биз совет таълимини оляпмиз, сиз билан учрашиш биз учун табу» дея рад жавоб беради.

 

Шоҳмурод Олимов ҳарбий мактабдан сўнг Москва шаҳри, Короленко кўчаси, 23-уй, 7-хонадонда яшаб, ҳарбий заводга муҳандис бўлиб ишга киради. Кейинчалик Москвадаги ҳарбий-муҳандислик академиясида таҳсил олади. Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, қатор орден ва медаллар билан тақдирланади. 1944 йилда оғир ярадор бўлиб, бир оёғидан ажралади. Урушдан кейин ўзи таҳсил олган академияда фаолият юритади ва генерал даражасигача кўтарилади. Турмуш ўртоғи Лидия Михайловна хотирасига кўра, у баъзан ватани ва ота-онасини эслаб йиғлаган. Генерал Шоҳмурод Олимов 1985 йилда Москвада вафот этади.

 

Қуйида Шоҳмурод Олимовнинг «Известия» газетасининг 1929 йил 16 июндаги сонида чоп қилинган мақоласини эътиборингизга ҳавола этамиз:

 

Собиқ Бухоро амирига ўғлидан

 

(Очиқ хат)

 

Биз ўғилнинг отага хатини ҳавола қилмоқдамиз. Ота – собиқ Бухоро амирлиги ҳукмдори, рус подшоҳлигининг қўллаб-қувватлови билан Бухоро амирлигини бошқарган ва оқ подшоҳнинг содиқ қули бўлган амир Олимхон. Ишчи халқ томонидан Бухородан сургун қилинган амир узоқ вақт давомида Афғонистоннинг номаълум жойларида муҳожир бўлиб яшади. Яқинда у совет ҳокимиятига қарши уруш эълон қилди ва босмачи тўдалар бизнинг Гарм (Помир яқинидаги ҳудуд) шаҳри яқинидаги ҳудудимизга бостириб кирди.

 

Ўғил – Шоҳмурод Олимов бошқа жабҳадан. У Москва ишчи факультети талабаси. Отасининг янги натижасиз ҳаракатлари ҳақида эшитиб «собиқ ўғил» сифатида отасига «биринчи ва охирги» хатини ёзмоқда. Биз инсоният тарихида камдан-кам учрайдиган ушбу ҳужжатни чоп этмоқдамиз. Бу ҳужжат Бухорони сиёсий жиҳатдан топтаган монарх оиласининг бир вакилига социалистик ғоялар қанчалик тасир этганлигини кўрсатади.

 

«Сенга умрим давомидаги биринчи ва охирги хатни ёзяпман. Аслида ёзмоқчи эмасдим, ўртамизда қандайдир алоқа бўлишини хоҳламаган эдим. Лекин охирги кунлардаги воқеалар ноилож сенга юрагимнинг қони билан хат ёзишга мажбур қилди.

 

1917 йилда инсоният тарихида биринчи марта дунё иккита лагерга бўлинди: капитализм ва социализм лагери.

 

1918 йилга келиб, сенинг зулминг энг юқори нуқтасига етиб келгач, Регистон, сен қашшоқликка маҳкум қилган бечоралар, деҳқонлар ва шафқатсиз қатағонингга қарши бош кўтаришга журъат қилганлар қони билан тўлди.

 

Сен ўз кайф-сафоларинг билан банд эдинг. Ота-ўғил бўла туриб, йилда бир марта кўришар эдик. Бошқа вақтни биз (уч ака-ука) оналаримиз билан аёллар даврасида ўтказар эдик. Сен ўғилларинг бор йўқлигини ҳам билмасдинг. Мен бу нарсаларни тушунмасдим (у вақти 9 ёш эдим), лекин онамнинг қайғули ҳикоялари хотирамда жонли муҳрланиб қолганди.

 

Шоҳмурод Олимов

 

1920 йил. Бухородаги мустабид тузум – ярим мустамлака ва шафқатсиз реакцион ҳукумат ағдарилди. Сенинг муллалар ва бойлардан иборат ҳукуматинг ҳам қулади. Бухоро амирлиги ўлди. Ўрнига бошқа тузум келди – халқ ҳокимияти. Биз янги ташкил этилган Бухоро Халқ Совет Республикаси қарамоғига олиндик. У бизни боқди, ўстирди ва кийинтирди.

 

1923 йил биз совет Бухороси ишчи ва деҳқонларининг фарзандлари билан бирга Москвага ўқишга юборилдик. Марказий Осиё ишғол этилгач, Бухоро Совет республикаси, Туркистон автоном Совет Республикаси ва Хоразм Совет Республикалари билан биргаликда СССР таркибига тенг ҳуқуқли бўлиб кириб, Ўзбекистон ССРъни ташкил этди. Нафақат сен, балки сен тўғридан-тўғри тобе бўлган рус мустабид ҳокимияти томонидан зулм остида қолган Бухоро амирлиги ўлди. Бухоро ўзгарди, янгиланди. Энди ҳеч қандай зўравонлик ҳам, зулм ҳам йўқ. Бу ерда жаҳолат ва саводсизлик бартараф этиляпти, янги мактаблар сони кўпайяпти, уларда ўн минглаб батраклар ва меҳнаткаш аҳолининг болалари ўқиш ва ёзишни ўрганяпти, турли фанларни ўқияпти.

 

Большевиклар партиясининг моҳир раҳбарлиги остида халқ хўжалиги мустаҳкамланиб, янги жамиятга – коммунизм жамиятига ўтиш учун ўсиб боряпти.

 

Мана 6 йилдан бери Москвада, бутун иттифоқнинг сиёсий ва иқтисодий марказида ўқийман. Мен ишчилар факультетида таҳсил олдим. Факультетдаги ўртоқларим билан бирга яшаб мен катта совет жамиятининг умумий жамоасига қўшилдим. Мен сендан нафратлана бошладим. Мен умуман отам бўлмаган деб ҳисоблайман ва сенга ҳам ўғлинг борлигини унутишингни маслаҳат бераман. Лекин бошқа нарса бор. Нотаниш аммо кўзга иссиқ кўринадиган чеҳра. У янги тилда сўзлашадиган, ҳаётга янгича қарайдиган, янги инсон бўлиб, қайта туғилган.

 

Дунё иккита қутбга бўлинган.

 

Инқилобий ҳаракат нафақат Ғарбда, балки Шарқда ҳам кучайиб бормоқда: Хитой қашшоқлари империализм зулмига қарши исён кўтармоқда. Ҳиндлар ўзининг метрополиясига қарши чиқиб, мустақиллигини ҳимоя қиляпти. Бутун ер юзида инқилоб учқунлари алангаланиб, барча зарарли нарсаларни ёқиб юбормоқда.

 

Империализм миллатларни бир-бирига қарши қўяди. Уларни ўз мустамлакасига айлантириш учун алдайди.

 

Ва сен, инидан ҳайдалган қуён, империализмнинг қўли ва хоин Баччайи-Сако ҳукумати ҳимояси остида Бухорога ўтиш учун Совет Тожикистонига ҳужум қилмоқчисан. Бу сенга у ерда совет ҳокимиятини йўқ қилиб, яна Бухоро амирлигини тиклаш учун керак. Ягона фарқ шундаки, сен аввал халқнинг сувини сиқиб, уни рус чор ҳукумати билан баҳам кўрган бўлсанг энди буни дунёвий, ҳар доим оч ва йиртқич – Англия билан бирга қилмоқчисан. Бундай бўлмайди. Совет ҳокимияти Тожикистонда бор ва ҳар доим бор бўлади. Совет ҳокимияти шу қадар осон тикланмаганки, уни ҳар қандай сургун бўлган золим осонликча йўқ қила олса.

 

1920 йил Бухорони тарк этаётиб, Шарқий Бухоро бўйлаб босмачи уруғини сепдинг, лекин уларнинг охиргилари ишчи ва деҳқонлардан ташкил топган қизил армия ва миллий бўлинмалар томонидан бутунлай йўқ қилинди. Аммо совет ерларида яна босмачи тўдалари пайдо бўла бошлади. Бироқ бу сафар ҳам қизил армия одамларни алдайдиган бу қароқчиларни йўқ қилади. Совет Тожикистонининг орқасида буюк Совет иттифоқи 140 миллион аҳолиси билан турибди. СССР ортида эса Ғарб ва бутун мустамлака Шарқнинг ишчилар синфи турибди. Бу менинг сенга охирги сўзларим. Бутунлай ажраламиз. Агар тақдир менинг хоҳишимга қарамай бизни учраштирса, демак биз душман бўлиб учрашамиз.

 

Сенинг собиқ ўғлинг Шоҳмурод».

 

Амирнинг Бухорони ташлаб чиқиши, иложсизликдан бўлсада ўз фарзандларини душман қўлида қолдиришини оқлаш мумкин эмас, албатта. Аммо фарзандни ўз отасидан воз кечишга мажбур қилувчи, болалардан қурол сифатида фойдаланадиган жамиятни ҳам мақтаб бўлмайди.

 

Ушбу мактуб амир Олимхонга Афғонистоннинг СССРъдаги элчиси томонидан етказилган. Мактубни ўқиб чиққан Олимхон элчига қараб, жилмайиб, «бу мактубни ўғлим ёзганига ишонмайман» дейди.

 

Мактубни ёздиришдан мақсад, амирга русларнинг қўлида уни тийиб турувчи қурол борлигини эслатиб қўйиш ва бу қуролдан хоҳлаган пайти фойдалана олишини билдиришдан иборат эди. Яна бир сабаб, амирнинг 1927-1928 йилларда Бухоро аҳолисини русларга қарши курашга ундаб, жосуслар орқали йўллаган мурожаат мактублари эди.

 

Амирликнинг тугатилиши балки тўғри бўлгандир. Лекин буни советлар миллий зиёлилар қўли билан амалга оширганлиги халқимизнинг яна бир неча ўн йиллар давомида жипслашмаслигига сабаб бўлди. Амирлик қулагач советларнинг асосий иши амир шахсини қоралаш, халқнинг қолган қисмини ҳам бу фикрга ишонтиришдан иборат бўлди. Ва улар бу ишнинг уддасидан чиқди.

 

Навоий давлат педагогика институти таянч доктаранти

 

Маҳмуд Ҳамраев

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10337
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//