Адабиёт
Акмал Икромов Ўзбекистон тарихидаги баҳсли ва зиддиятли шахслардан биридир.
Илк иш фаолиятини 1918 йилда Тошкент ва Наманган шаҳарларида ўқитувчилик қилишдан бошлаган Акмал Икромов дастлаб “Элхон” тахаллуси остида совет тузумига қарши шеърлар ёзган. Тошкент педагогика курсларида ўқиб юрган кезлари у илк бор социалистик ғоялар билан яқиндан танишган. 1920–1922 йилларда Фарғона, Сирдарё вилоятларида турли лавозимларда фаолият кўрсатгач, 1922–1924 йилларда Москва Коммунистик университетида таҳсил олган. 1929–1937 йилларда ЎзССР Марказий Қўмитаси биринчи котиби лавозимида ишлаган.
У большевикларнинг Туркистон Республикасида Янги Иқтисодий Сиёсатни (НЕП) амалга оширишида ташаббус кўрсатган, Сталиннинг “автономлаштириш” (совет республикаларини юридик жиҳатдан РСФСР таркибига қўшиш лойиҳаси)га қарши чиққан.
Акмал Икромовнинг қатағон қилиниши сабаблари хақида 1995 йил Москва шаҳрида чоп этилган Р.Исламбековнинг “Тревожные времена” китобида ҳам қизиқарли маълумотлар келтирилган. Китобдан ўрин олган “Стальной диктатор” боби “Тарихнинг номаълум саҳифалари” бешинчи китобида рус тилида эълон қилинган. Унда муаллиф ишончли фактларгагина тўхталиб қолмаган, қатағон қурбони Акмал Икромовнинг ўғли Комил Икромов билан бўлган суҳбат келтирилган. Комил Икромовнинг отасининг қатағон қилиниши сабаблари тўғрисидаги хотираларини айнан келтирмоқдамиз:
“К.Икромов: Энди мен сизга битта ҳужжатнинг нусхасини кўрсатаман ва нима учун эканлигини тушунасиз. Бу большевикларнинг Бутуниттифоқ Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси йиғилишининг “ўта махфий” грифли стенограммасининг нусхаси.
Бу менинг қўлимга қандай келганини кейинроқ айтиб бераман.”
Ҳужжат ниҳоятда қизиқ бўлиб чиқди: унда Икромов ва Сталин ўртасидаги ... буғдой учун можаролар тарихи акс этган.
“Сталин: Энди сўз Ўзбекистон Бутуниттифоқ Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби ўртоқ Икромовга.
Икромов: Ўртоқ Сталин! Бир илтимосим бор! Ўзбекистон энди Иттифоқнинг асосий пахта етиштирувчи республикасига айланаётгани ва шунинг учун барча суғориладиган ерлар пахта билан банд бўлиши, ғалла экиш учун майдон бўлмаслиги сабабли, Ўзбекистонга Россия билан тенг равишда марказлаштирилган ҳолда буғдой етказиб бериш тўғрисида партия қарори қабул қилишингизни сўрайман. Акс ҳолда, республикамизда аҳоли орасида очарчилик, нотинчлик бўлиши ва...
Сталин: Менга бир неча кун олдин республикангизга бир эшелон буғдой жўнатилгани ҳақида хабар беришди.
Икромов: Бир эшелон буғдой муаммони ҳал қилмайди! Бизга режали ва доимий таъминот керак, ўртоқ Сталин...
Сталин: Керак бўлса, яна буғдой поезди юборамиз, ўртоқ Икромов...
Икромов: Гапимни бўлманг, ўртоқ Сталин! Биринчидан, буғдой ортилган поездингиз Тошкентга умуман етиб бормади, Куйбишев шаҳри яқинида талон-торож қилинди. Иккинчидан, бир-икки, ҳатто ўн эшелон буғдой ҳам Ўзбекистон аҳолисининг нонга бўлган эҳтиёжини қондириш масаласини ҳал этмайди. Бизга саволнинг мукаммал ечими...
Сталин: Бу ҳақда кейинроқ ўйлаб кўрамиз, лекин ҳозир сиздан очиқ гапиришингизни сўрайман...”
Ва Сталин билан бундай суҳбат отамнинг ҳаётини йўқотди. Барча замонлар ва халқларнинг раҳбари ҳатто у билан баҳслашишга журъат этган ҳар қандай одамни йўқ қилди.
Р.Исламбеков: Комил Икрамович, қўлингизга қаердан келди бундай ҳужжат? Ахир, партия ва ҳукуматнинг барча ёпиқ қарорлари махфий ва уларга, шунингдек, ҳарбий идоралар ва ГПУ, КГБ ҳужжатларига кириш имкони йўқ-ку?
К.Икромов: Маълум бўлишича, отам бир қанча муҳим стенограммаларнинг нусхасини, агар ўзида бўлган бўлса, яширин жойга – хонасидаги паркет пол тагига яшириб қўйган экан. Ёки уларнинг мазмунини эслаб, эсдалик сифатида ёзиб олган ва юпқа йиғмажилдга солиб, ўша ерда сақлаган. Кечаси уни онам билан олиб кетишганида, онам бувимга бу йиғмажилдни зудлик билан Москвада яшовчи онам томонидаги холамга жўнатиб, Подмосковеда яшовчи узоқ қариндошлар далаҳовлисига хавфсизроқ жойга яшириш кераклигини пичирлашга муваффақ бўлган. Бу йиғмажилд ўнлаб йиллар давомида китоблар ортидаги танҳо жойда ётарди ва яқинда қариндошларим отам ҳақида китоб ёзишни бошлаганимни билишиб, уни менга беришди. Энди мен отамнинг қатл этилиши сабабларини билиб олдим”.
Советлар даврида Чўлпон, Қодирий, Фитрат ва бошқа халқпарвар аждодларимизни яширинча ҳимоя қилган ва ҳомийлик қилган аждодларимиз – Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов ва бошқа маҳаллий етакчиларимиз халқ манфаатини марказ манфаатидан юқори қўйганликлари сабабли қатағон қилинганлар. Улар доимий назоратда бўлганлар ва қулай вақт топилган заҳоти маҳв этилганлар.
Асқарбек ЭШПЎЛАТОВ,
Андижон давлат университети талабаси
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ