Адабиёт
Дунёнинг фаол аёллари томонидан Зўравонликка қарши курашиш куни 1981 йилдан бери ўтказиб келинади. БМТ Бош ассамблеяси 1999 йили расман 25 ноябрни Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни деб эълон қилди. Бош котиби Кофи Аннаннинг мурожаатида шундай дейилганди: "Aёлларга нисбатан зўравонлик беҳисоб азоб-уқубатларни келтириб чиқаради, оилаларга қайғу олиб келади, ёш ҳам, қари ҳам азият чекади ва жамоаларни қашшоқлаштиради. Бу аёлларнинг потенциал имкониятларидан тўлиқ фойдаланишига тўсқинлик қилади, иқтисодий ўсишни чеклайди ва ривожланишга путур етказади".
Айрим эркаклар нима учун аёлларга нисбатан зўравонлик қилади? Бунга асосий сабаб сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: илмсизлик, болаликдаги руҳий жароҳатлар, оиладаги носоғлом муҳит, руҳий бузилишлар, ичкиликка берилиш, аёлларга нисбатан нафрат ва бошқалар. Афсуски, юртимизда хотин-қизларга нисбатан қайд этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 87 фоизи оилада кечмоқда. "Зўравонлик фақат жанг майдони билангина чекланмайман. Кўплаб аёл-қизлар ўзларини хавфсиз сезиши керак бўлган жой – ўз хонадонларида доимо қўрқув остида яшайдилар", дейди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.
Ҳар йили 25 ноябрдан 10 декабрга қадар "Aёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашнинг 16 куни" шиори остида тадбирлар ўтказилади. "Oyina.uz" портали аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш борасида зиёлиларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.
Ирина Матвиенко,
Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашадиган "Немолчи.уз" лойиҳаси асосчиси:
– Кўпчилик бизни бу масалада нималарнидир ҳал қила олади, деб ўйлайди. Тўғри, баъзи кейсларни ИИВга юборамиз, лекин алоҳида ҳисобот юритмаймиз, бизнинг аралашувимиз билан ҳал бўлган муаммолар ва улар кимнинг фойдасига ҳал бўлганини рўйхатга олмаймиз.
Мисол учун, аёлини боласининг тувакдаги ахлатини ейишга мажбур қилган эркакни бизнинг лойиҳамиз аралашуви билан қонун олдида жавоб беришга мажбур қилишди. Ёки педофилияга учраган сайхунободлик 8 ёшли қизалоқ. Шу масала юзасидан Нигора Адизова иккимиз қизчанинг оиласи билан учрашгани бордик. Жавобгар 10 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Шу ишни уч марта кўтарганимиздан сўнггина айбдорни жазолатишга эришдик.
Мен алоҳида ажратиб кўрсатиб, фалон иш ўзимга қаттиқ таъсир қилди, дея олмайман. Ҳар бир жабрдийдага юрагингизнинг бир парчасини бермасликнинг, ҳодисани кўзу қулоқ остидан шунчаки ўтказиб юборишнинг иложи йўқ. Истардимки, бутун дунёда ҳеч бир аёл зўравонликка учрамасин!
Мақсуда Хўжаназарова,
Тошкент шаҳар ИИББ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, майор:
– Хотин-қизларга нисбатан ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда уларнинг муаммолари ҳақида ўз вақтида хабар топиш ва тегишли идоралар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш жуда муҳим. Ўтган йилларда биз юзлаб аёлларга ёрдам бердик: ўз ишини ташкил этиш, ишга жойлашиш, касб эгаллаш, моддий ёрдам расмийлаштириш, даволаниш курсини қабул қилиш... Улар орасида оилада тазйиққа учраганлар, қариндошлари ишлашга рухсат бермаганлар, касаллиги ҳақида маълум қилишга журъат эта олмаганлар ҳам бор эди. Бу иш жуда нозик, чунки ўта эҳтиёткор бўлиш зарур. Акс ҳолда, ҳолат янада оғирлашиши мумкин.
Хотин-қизлар бизга дарров ишониб, муаммоларини маълум қилишмайди, шу боис аёлга қўл кўтариш кучсизларнинг иши эканини эрига, янги келиннинг таълим олиши келгусида оилага фойда бўлишини қариндошларига тушунтиролсак, буни муваффақият деб ҳисоблаймиз... Хотин-қизларга қандай маслаҳат беришни хоҳлардик? Биринчи навбатда – чидаб сукут сақлаб юрмасликни. Сизга нисбатан зўравонлик қилаётган кишини оқлашга уринманг ва ёрдам сўрашдан қўрқманг. 102 рақамига ёки зўравонлик қурбонлари ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини профилактикаси – 1169 ишонч телефонига қўнғироқ қилинг.
Алия Темурийзода,
Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашажиган "Немолчи.уз" лойиҳаси кўнгиллиси:
– Бу лойиҳага кўнгилли сифатида қўшилишим шу йилнинг май ойида юз берди. Умуман олганда, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш учун, албатта, бирор лойиҳага аъзо бўлиш талаб этилмайди. Атрофдаги барча одамларга инсонийлик юзасидан муомала қилишни, ҳар бир инсонни жинсидан қатъи назар шахс сифатида кўриб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилишни билишнинг ўзиёқ зўравонликка олиб борувчи йўлларда тўсиқ бўла олади.
Лойиҳамизда эълон қилинаётган мақолалар кўпинча аноним тарзида юборилади. Баъзилар ижтимоий тармоқларда шахсий хабар орқали ёзиб, маслаҳат сўрашади. Биз мурожаатларни таҳрирлаб, хатоларини тузатиб эълон қиламиз. Умуман олганда, зўравонликни бошдан ўтказганлар билан мулоқотда бўлиш, уларнинг дардини кўтариб юриш оғир. Айрим мурожаатлардан сўнг ўзимга келишим шунчалик қийин кечадики...
Калтакланган аёлларнинг моматалоқ бўлиб кетган тан жароҳатлари суратлари, видеотасвирлари... Молиявий, эмоционал зўравонликка, манипуляцияга учраётган хотинларнинг чорасизлиги... Ажримни ўлим билан тенг қаторга қўйиб, қизларнинг онгига сингдирилиши... Жамоат транспортларидаги тегажоғликлар, зўравонлик содир бўлганда зўравонни оқлаб, жабрдийдани айблаш ортидан келиб чиқадиган жазосизликлар, сукут сақлашлар... Айниқса, зўравонлик ҳақида хабар берган жабрдийдага нисбатан нафратини очиқ-ойдин баён этишларини кўриб, анчагача ўзимга келолмайман.
Лойиҳага аралашганимдан сўнг ҳаётимда жуда кўп нарса ўзгарди. Ҳамма нарсага тўғри ракурсдан, реал қарашни ўргандим. Тарбия билан сингдирилаётган жуда кўп "қадрият"лар, аслида, аллақачон кечиб юбориш керак бўлган "ортиқча юк"дан бошқа нарса эмаслигини тушуниб етдим. Ўзимдаги мизогиния – аёлларга нисбатан нафрат, виктимблейминг – зўравонлик ҳолатида қурбоннинг ўзини айблаш, шейминг – бир кишини одамлар орасида (публично) камситиш ва ерга уришга мойилликни йўқ қилишга эришдим. Қисқача айтганда, "Сукут сақлама" лойиҳаси менинг ҳаётимни тубдан ўзгартирди, дея оламан.
Сўнгсўз ўрнида: Зўравонлик қаердан бошланади? Атрофингиздаги ҳар қандай одам сиз ҳақиқий маънода ҳақли бўлган моддийлик ва маънавий оламингиздаги "сизники"ларга ҳақсиз равишда қўл узатганида бошланади. Сизнинг дунёнгиз чегараларини сиздан берухсат кесиб ўтишганида бошланади бу зўравонлик деганлари. Буни сезишингиз билан, ўша одамнинг ўзига ҳаммасини бас қилишини айтинг! Ҳеч қачон сукут сақламанг!
Раҳимжон Раҳмат,
адабиётшунос:
– Эсимни таниганимдан буён маҳалламиздаги деярли барча аёлларнинг кўзининг таги кўкариб юрарди. Назаримда, ўз умр йўлдошини итдай калтаклаш эркакнинг оилавий бурчи эди. Кичик синфда ўқирдим. Акам мендан бир ёш катта. Иккимиз милтиқ излаганмиз. Бизга милтиқ керак, деганмиз. Катталар: "Милтиқни нима қиласизлар?" деб сўраган. "Дадамни отиб ташлаймиз", деганмиз. "Нега отмоқчисизлар?" "Дадам онамни кўп уради", деганмиз акам икковимиз. Саккизинчи синфдалигимда дадам онамни урмоқчи бўлганида йўлини тўсганман: "Онамни урмайсиз", деганман ўта қатъият билан. Онамнинг ҳимоячисига айланганман. Ҳовлида телбадай қичқирганман: "Ҳеч ким онамга қўл кўтармасин. Аямайман. Шафқат қилмайман!.." Кўплаб ўзбек оилалари бўйнигача жаҳолатга ботиб яшайди: ишлайди, ароқ ичади, хотини ва боласини уради. Ўзбек оилаларига диний ва дунёвий маърифат етишмайди.
Ақида Хоним,
блогер:
– Куч ишлатиш на инсонийликка тўғри келади ва на мусулмонликка, умуман ҳеч қанақасига бу нарсани оқлаб бўлмайди. Аёлларни ҳимоя қилиш учун биринчи навбатда қонунни мустаҳкамлаб қўйиш керак, уларни қонунан муҳофазалаш зарур, зўравонликка қарши нормаларни кучайтириш керак. Зўравонлик доимо бўлган ва давом этиб келяпти. Нафақат Ўзбекистонда, бутун дунёда мавжуд. Қўшни давлатлардан ҳам зўравонлик бўйича жуда кўп ёзишади. Хуллас, давлатда қонунлар қанчалик яхши ишласа, зўравонлик ҳам шунча камаяди.
Барно Султонова,
журналист:
– Психологларнинг таъкидлашича, хотирадан энг қийин ўчадиган ёки йиллар давомида азоб берадиган ҳолат бу инсон ҳаётидаги зўровонлик экан. Охирги маълумотларга қараганда, ўтган 10 ой мобайнида республикамиздаги Реабилитация ва мослаштириш марказларига фуқаролардан жами 7 226 та мурожаат келиб тушган, уларнинг 6 515 таси хотин-қизлар, 272 таси вояга етмаганлар ҳамда 439 таси эса эркаклардан. Демак, зўровонликдан жабр чекканларнинг 90 фоизи хотин-қизлар.
Номусидан ажралган аёллар, ҳақиқат тополмай ўз жонига қасд қилган қизлар, ана шу адолатсизликлардан фоҳишага айланаётганлар... "Ўз қизига руҳий зўравонлик ўтказган ота беш суткага қамалди", "Ўқувчи қиз зўрланиши билан боғлиқ ҳолат бўйича жиноий иш очилди", "Бишкекда олиб қочилган қизнинг жасади топилди", "Калтакланган келин ўз жонига қасд қилди", "Аёл маст эри томонидан уриб ўлдирилди" – кунда-кунора мана шундай хабарларнинг кети узилмаяпти. Қизболани зўрлаш, олиб қочиш, ҳақорат қилиш, келинни калтаклаш, қиз туғдинг деб камситиш... Бундай мавзуларни муҳокама қилаётганлар орасида "Бир ўзига далада нима бор?", "Қиз бола кечаси кўчага чиқмаслиги керак эди", "Келин бекордан бекорга калтак емаган", деганларнинг кўпчилиги ҳам аёллар экани ачинарли.
Нима учун йигитларни бировга зўровонлик руҳида тарбияламаслик эмас, қизларни ўшалардан қўрқиб кўчага чиқармаслик ҳақида қайғуришимиз керак? Айнан мана шундай "ўзи айбдор", деган қарашлар аёлларимиз орасида учраши ўғил тарбиясида нуқсонни келтириб чиқармаяптими? Жамиятимиз бунинг учун жуда оғир бадал тўлаяпти. Масалан, оилага янги келин келди. Унинг овсини, қайнопаси, қайнсинглиси, қайнонаси бор. Нимагадир янги келинни шу хонадонга мослашиши йўлидаги қийинчиликлар айнан аёлни аёл тушунмаслиги туфайли бошланади. Оқибатда янги келин ёлғизланади, руҳий стресс олади. Муаммо чигаллашгандан чигаллашиб, кейин бунга оиланинг эркаклари аралашади ва эри томонидан зулм кўради. Айнан шундай зўровонлик юз беришига жабрдийданинг атрофидаги аёллар сабабчи эканини унутиб қўямиз. Ҳар қанақа вазиятдаям зўровонликни оқлаб бўлмайди.
Мурод Нажмиддинов,
юрист:
– Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши қонунларни қабул қилиш замонавий дунёда 55 йил аввал бошланган. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (1948) 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номуси, шаънига тажовуз қилиш мумкин эмаслиги, ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги таъкидланади. Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт (1966) 17-моддасида ушбу норма янада мустаҳкамланган. Аёлларга нисбатан камситишнинг барча турларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг (1979) 3-моддасида давлатларга барча соҳаларда, ҳусусан, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мажбурияти юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 27-моддасида ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовуздан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва тураржой дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг тураржойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар, телефон сўзлашувлари сирини ошкор қилиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Афсуски, бизда бировнинг шахсий ёзишмаларини, телефонидаги суратларини тарқатиб юбориш билан таҳдид солиш ҳолатлари урчиб бормоқда. Бу аёлларга нисбатан маънавий зўравонлик дейилади. Баъзи давлатлар қонунчилигида ишқий алоқалар сири алоҳида ҳуқуқ сифатида талқин қилинади. Жумладан, икки шахс ўртасидаги ишқий ва жинсий алоқалар шахсий сирни ташкил қилиб, уларнинг розилигисиз бу маълумотни тўплаш ва тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-1-моддасига асосан шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз, қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш БМҲнинг 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлилиги асрлар давомида турли жамият ва давлатларнинг оғриқли масалаларидан бўлиб келмоқда. Кўп ҳолларда тарози палласи эркаклар томонга ён босиши сабабли хотин-қизлар ўз ҳуқуқлари учун курашишга мажбур бўлишган. Бу кураш ҳозир ҳам давом этмоқда.
Дунёда эзгулик ва ёвузлик кураши тўхтамайди. Бироқ илм-маърифат ошса, маънавий юксалиш кучайса, қонунлар ишлай бошласа, зўравонлик ҳолатлари ҳам камайиб боради. Зўравонликка қарши кураш нафақат 16 кун, балки йил 365 кун давом этиши, ҳар бир инсон ён-атрофидаги зулмдан азоб чекаётган инсонларга эътиборсиз бўлмаслиги зарур.
Нодира ИБРОҲИМОВА
oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Raupova Munavvar
12:01 / 01.01.1970
Òzbekistondagi ayollar huquqlarini himoya qilish jamiyatini alohida vazirlik darajasiga kòtarish kerak