Ўтган асрдаги ўзбек миллиардери – Миркомилбой қандай яшаган?


Сақлаш
18:13 / 27.08.2025 185 0

Халқ орасида турли миш-мишлар, шов-шувларга сабаб бўлган, Миркомилбой номи билан машҳур Миркомилбой Мирмўминбоев ҳақиқатда бой эди. У “Рус-Осиё” банки муассисларидан бири ва янги замон ўзбек саноатчи бойларининг ёрқин вакили бўлган. Баъзи манбаларга кўра, Миркомилбойнинг катта бобоси Мирюнусбой Бухоронинг манғит амирлари хонадонидан бўлиб, Дониёлбийнинг амакиси бўлган. Тахт учун курашми ё бошқа фитналар боисми Мирюнусбой Бухорони тарк этиб, оиласи билан Андижонга кўчиб келган. Катта ер сотиб олиб зироатчилик билан шуғулланган. Кейинги авлодлар ҳам асосан деҳқончилик ва савдо билан машғул бўлиб, ўзларини ҳамиша сиёсатдан узоқ тутишган. Бунга асосли ва оғриқли сабаблар бор эди, албатта...

 

 

Мазкур сулола вакили бўлган Миркомил 1860 йил андижонлик йирик ер эгаларидан Мирмўминбой ҳожи Мирнодирбой ҳожи ўғли хонадонида дунёга келган. Отаси Мирмўминбой ҳожи 1899 йил вафот этган вақтда Миркомилбой аллақачон Туркистоннинг машҳур, давлатманд бойларидан бири сифатида танилган эди. Мирмўминбой ҳожи вафоти олдидан Андижон шаҳри, Олойлиқ қисмининг қозиси, меросхўрлари ва қўни-қўшниларидан бир неча кишини чақириб, Макка ва Мадинада иккита ғарибхона қурилиши учун 30 минг сўм ажратганини васият қилади. Дарҳақиқат, Миркомилбой XX аср бошларида Туркистоннинг энг йирик бойларидан бири бўлган. Унинг капитали 5 та завод, Андижонда 2 та, Қўқонда 1 та сарой-раста, Андижон бозорида 300 та дўкон, кўплаб уйлар, ҳаммомлар минглаб таноб ер, боғ ва узумзорлар, жами 10 млн сўмдан ортиққа баҳоланган. Бошқа маълумотларга қараганда, унинг капитали 1914 йили 17 млн сўмга яқин бўлган. Миркомил Мирмўминбоев “Ака-ука Шлосберг”, “Кноп”, “Ака-ука Степпун”, Москва ҳисоб банки, Рус-Хитой банки, Рус-Осиё банки ва бошқа савдо-сотиқ фирмалари, банклари билан ҳамкорликда фаолият олиб боради. У Берлин, Лондон, Париж ва Истанбул шаҳарларида бўлиб, Туркистон маҳаллий саноатчилар билан Европа мамлакатлари ўртасида савдо муносабатларини йўлга қўйди.

 

1901 йили Миркомилбой Андижон уезди бошлиғига ўз ҳисобидан қурмоқчи бўлган янги мадраса ҳамда эски мадрасани қайтадан тиклаш лойиҳаларини топшириб, шу ишларни бошлашга рухсат берилишини сўрайди. Миркомилбойнинг хайрли таклифидан ташвишга тушган уезд маъмурлари уни қуйидаги важлар билан рад этади:

 

“...Охирги пайтларда баъзи бир шаҳарлардаги (Андижон, Қўқон ва Ўратепада) мусулмонларнинг айрим мачит ва мадрасаларига ўқувчиларнинг мисли кўрилмаган даражадаги катта оқими кела бошлади. Бу давлат манфаатларига зид ҳолдир. Масалан, шундай мадрасаларнинг бирида муллаваччалар сони 160 кишидан бирданига 600 кишигача кўпайган. Андижон шаҳрида шундоқ ҳам мусулмон мактаблари керагидан ортиқроқдир...”. Шу боис мадраса қурилмай қолди, бироқ 1902 йил Андижонда содир бўлган даҳшатли зилзилалардан сўнг Миркомилбой шаҳарни қайта тиклаш ишида улкан саҳоват кўрсатади.

 

 

Миркомилбой 1913 йилнинг бошларида ҳам Андижон уезди бошлиғи Бржезицкий билан бўлган учрашувда Андижон шаҳрида хайрия сифатида баъзи иншоотлар қурмоқчилигини маълум қилади. У аризасида “Ўз она шаҳрим Андижоннинг Гултепа майдонига маданий кўриниш бериш, ҳам аҳоли фойдалана олсин деб, мен Миркомил Мирмўминбоев ўз ҳисобимдан турли миллат вакиллари – эркак ва аёлларга мўлжалланган, қирқ ўринли намунали шифохона қурмоқчиман. Унда қуйидаги бўлимлар бўлади: а) жарроҳлик; б) туғруқхона; в) ич касалликлари; г) секцион камералар ва ўликлар сақлаш учун ертўла; д) дезинфекцион камера ҳамда шифохона бошлиқлари, ходимлари ва турли хизматчилар учун махсус бино; е) шифохона биносини марказий иситиш бўлими ҳамда сувларни биологик тозалаш хизмати. 30 ўқувчига мўлжалланган, интернати бўлган, мадраса ўқувчиларини рус тилига ўргатиш бўлимига ҳамда зал ва ёрдамчи биноларга эга рус-тузем мактаби. 100 та ўқувчига мўлжалланган мадраса ва хонақоҳи бўлган намунали мактабхона. Европача нусхадаги, ертўла ва қоровулхона, учта ҳожатхонаси бўлган учта дўконлар тизими. Мана шу дўконлардан келадиган фойда юқорида кўрсатилган муассасаларни таъминлаш ва таъмирлаш ишлари учун ишлатилади. Маҳаллий халқ ва европаликлар учун алоҳида бўлимларга эга ҳаммом. Шу бинолар атрофида йўлкалар очиб, хиёбонлар барпо этиш, майдон марказида манзарали боғ барпо этиш. Кўрсатилган иншоотларни барини мен, Миркомил Мирмўминбоев, назоратимда тузилган ва тегишли ҳокимият томонидан тасдиқланган лойиҳа ва смета асосида уч йил давомида қуриб битказишни ўз зиммамга оламан… Шу билан бирга юқорида кўрсатилган барча бинолар, иншоот ва жиҳозларни қуриш учун ўз шахсий маблағимдан 500 минг сўм ажратаман” деб ёзади.

 

1913 йил 18 сентябрда Бржезицкийга топширилган ариза анча вақт жавобсиз қолдирилди. Фақат шу йил 10 декабрга келиб, Андижон уезд хўжалик бошқармаси мажлисида андижонлик 2-гильдия савдогари, М.Мирмўминбоевнинг уезд бошлиғи номига ёзган аризаси кўриб чиқилди. Афтидан, жиддий тайёргарликдан сўнг шаҳар депутати Ординец: “М.Мўминбоевдек маблағидан 500 минг сўм иона ажратувчи киши учун фақатгина Гултепа майдони ва унинг атрофидаги ерларни бу иншоотлар қурилиши учун талаб қилиб, шаҳарни бир қадар мураккаб мажбуриятлар билан боғламаган тақдирда у қилаётган иона менинг кўз ўнгимда олиҳиммат совға бўларди…” дейди. Тиббий хизмат вакили бўлган Куровский эса Андижон шаҳри аҳолиси учун мавжуд 30 касалга мўлжалланган шифохонанинг ўзи етарли, деб ҳисоблайди. Натижада тутруқсиз баҳоналар билан бу ариза ҳам рад этилди.

 

 

Миркомилбойнинг яна бир орзуси Андижон шаҳрида трамвай юргизиш эди. Бу эса мустамлакачи маъмурларни янада ташвишга соларди. Ўзларини Туркистон эгалари ҳисоблаган мустамлакачи маъмурлар маҳаллий бойнинг эл орасидаги обрўсининг ортиб боришига қарши янада жиддий чоралар кўришга киришади. Масалага Туркистон ўлка махфий полиция бўлими аралашиб, унда “1914 йил 29 апрель… санаси билан “Мир Калиш” (Миркомил Мирмўминбоев) жуда ақлли, айёр, уддабурон киши, эътиқоди бўйича панисломчи ва русларга қарши жуда ёмон муносабатда, Андижон шаҳри тижоратчилар партияси бошлиғи” деган ахборот пайдо бўлди.

 

1915 йил ноябрь ойига келиб, Туркистон генерал-губернаторлиги вилоятларида “Миркомилбой қамалганмиш” деган гап тарқатилади. Кимлардир Миркомилбой Туркияга бориб, Анвар пошо билан учрашганмиш, Россия билан уруш ҳолатида бўлган Туркия армияси учун катта миқдорда пул берган эмиш, мана шундан хабар топган Россия ҳукумати уни қамоққа олган эмиш деса, бошқалар Миркомилбой тижоратдаги ноҳалол ишлари учун қамалганмиш, дер эдилар. Тарқалган гап-сўзлардан ҳеч қанча ўтмай Миркомилбой ростдан ҳам сўроққа тортилади. Унинг турк султонига битган мурожаати ҳам “кашф этилади”. Мурожаатда “Салом, Ҳазрати олийлари Султон Рашидхонга, зоти олийлари генерал Анвар пошога, меросхўр Иззатдин Афандига, генерал Сендерсга жабр-зулм кўраётган рус фуқароларидан (?) ва Андижонда истиқомат қилувчи Миркомилбой Мирмўминбоевдан дуои салом. Сиз зоти олийлари билан учрашишга муяссар бўлганимда имконият бўлса, бизнинг шаҳарларимизни бир айланиб кетсангиз, деб таклиф киритган эдим, афсус мени қайтиб кетишим билан уруш бошланиб қолди. Биз Худодан хотиржамлик ва қудрат тилаб яшаяпмиз. Биз тарафга ёриб киришнинг иложи борми? Руслар бизни жуда хўрлаяптилар. Мени бир ўзим 100 минг сўмга яқин пул тўладим. Улардан қутулиб бўлмаяпти. Сиз юборган хат ва суратларни олдим. Шахсан ўзим руслардан қўрқмайман, лекин бошқа мусулмонлар руслардан жуда қўрқишади. Сизга Афғонистон орқали 200 минг сўм юбордим. Пулни олгандан сўнг менинг илтимосимни Султон ҳазрати олийларига етказсангиз. Почта хат олмаётганлиги учун ушбу хатни Абдул Ҳакимдан бериб юборяпман. Рўзномаларда босмаслигингизни сўрайман. Ўз имзоимни қўйиб: Миркомил Мирмўминбоев”.

 

 

М. Мўминбоев терговда гўёки 1913 йилда ёзилган мазкур хатдаги фақат имзогина ўзиники эканини тан олади. 1913 йил ёз ойида бир ярим ойча чет элда бўлгани, лекин Туркияга бормаганини айтади. 1914 йил 21 июнь куни эса “Андижондан йўлга чиқиб, июлнинг биринчи ярмида Москва, Киев ва Одесса орқали Истанбулга келгани, у ерда 4 кун туриб, шаҳарни томоша қилганидан сўнг кўзини даволатиш учун Карлсбадга жўнаб кетганини, бироқ Булғорияга келганида Россия консулидан уруш бошланганини эшитиб, сўнг Руминия орқали август ойининг биринчи ярмида Андижонга қайтиб келганини” маълум қилади.

 

Шундан сўнг фақат Андижондагина эмас, бутун Туркистон ўлкасида катта обрўга эга бўлган Миркомилнинг бўҳтон билан қамалишидан хавотирга тушган Фарғона вилояти ҳарбий губернатори энди вазиятдан чиқиш йўлларини излашдан бошқа чораси қолмайди. 

 

 

Миркомилбой 1916 йил 10 февраль куни қамоқдан озод қилиниб, Тошкентга қайтиб келади. Бу ерда бир муддат дўсти Орифхўжа бойнинг уйида қолиб, 10 май куни Андижонга қайтиб кетади. М.Мирмўминбоев “Мардикорликка қарши” халқ қўзғолонлари вақтида, табиийки, халқ томонида бўлади. Қўқон ва Марғилон шаҳарлари мингбошиларга хат йўллаб: “Шаҳрингиздаги аҳоли ва бойларга мардикорликка қарши чиқишларини айтинг. Русиёнинг аҳволи жуда танг. Шунинг учун ҳеч нарсадан қўрқманглар. Ҳаммангиз бир ёқадан бош чиқариб иш юритсангизлар, мардикор олинишига қарши қўзғолон кўтарилиши осон. Ҳозирги вазиятда ҳукумат амалдорларига пул бўлса бас, ҳамма ишни битирадилар. Шу боисдан сизлар ҳам ҳавотирланмай ҳаракат қилаверинглар”, деб ёзади. Июль ойида эса Андижон аҳолиси номидан Вадим Чайкин ва ҳуқуқшунос Убайдуллахўжа Асадуллахўжаевларни Петроградга вакил қилиб жўнатади. Улар Россия Давлат думасига мардикорликка сафарбарлик ишини текшириш учун Туркистонга комиссия юбориш масаласида ариза топширади. Шунингдек, Давлат Думаси аъзоларини Андижонга таклиф этишади. 1916 йил 23 августда Давлат Думаси аъзолари А.Ф.Керенский ва Қ.Б.Тевкелев Туркистонга, шу жумладан, Андижонга ҳам келадилар. Қ.Б.Тевкелев Андижон шаҳри аҳолиси билан учрашиб, юзага келган вазиятни юмшатиш бўйича бир қатор тадбирларни амалга оширади. Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев Самарқандда ўтказилаётган Жиззах қўзғалони иштирокчилари судига Миркомилбойнинг ҳисобидан Петрограддаги машҳур адвокатлар – ака-ука Атхамовларни жалб қилади. Улар эса Чор ҳарбийларининг Туркистонда амалга оширган ваҳшийликларини дунёга маълум қилди.

 

 

Орадан кўп ўтмай Россияда февраль буржуа революцияси амалга оширилди. Шундан сўнг Туркистон генерал-губернаторлиги ўрнига Вақтли ҳукумат Туркистон комиссариатини ташкил этди. Миркомилбой эса 1917 йил “Шурои ислом” ташкилотининг Андижон бўлимига раҳбарлик қилиб, жадид тараққийпарварларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Бироқ, Скобелев округ судининг прокурори М.Мирмўминбоевни судхўрликда айблаб, жиноий иш қўзғатади. 1917 йил 17 май куни Тошкентда солдат ва ишчи депутатлари Туркистон ўлка совети мажлисида М.Мирмўминбоевни Андижондаги “Шўрои Исломия” ташкилотида ноқонуний гуруҳ ташкил этиш, бир неча қозиларни ишдан олиб, уларнинг ўрнига ўзига тегишли одамларни қўйишда айблаб, қамоққа олиш учун Туркистон Қўмитаси ихтиёрига топширишади. Миркомилбой Мирмўминбоевга масала ҳал бўлгунига қадар Тошкентда, ўзи танлаган уйда ҳибсда туриш буюрилади. Кейинроқ Андижон солдат ва ишчи депутатлари кенгаши М.Мирмўминбоевни Туркистон ўлкасидан бадарға қилиш ҳақида қарор қабул қилади. 1917 йилнинг сентябрь бошларида бўлган Андижон мусулмонлари уезд-шаҳар ижтимоий ташкилотлари қурултойи қарори билан М.Мирмўминбоев Андижонга қайтиб келади. 1917 йил Октябрь инқилобидан сўнг у яна ҳибсга олинади. 1918 йил 22 февраль куни большевиклар эгалик қилаётган Скобелев округ судида бойнинг “иши” кўрилиши керак эди. Лекин уни судга олиб келмайдилар. Чунки у йўлдаёқ отиб ташланган эди. Архив ҳужжатларида у “ёвуз ниятли кишилар томонидан ўлдирилди” ёки “тўсатдан ўлди” деган маълумотларни учратиш мумкин. Комил Яшин эса “Ёднома” номли эсдаликларида Миркомилбойни революцион трибунал отишга ҳукм қилди, деб ёзади. Унинг ўлимидан кейин мол-мулки, бойликлари, ер-сувлари Андижон шаҳар солдат, ишчи ва мусулмонлар депутатлари кенгаши қошидаги “Миркомил комиссияси” томонидан мусодара қилинади...

 

 

***

 

Советлар Миркомилбойдан қўрқишганича бор эди. У Туркистонда жадид тараққийпарварлари орзу қилган истиқлол учун сиёсий, ҳарбий куч қидиришга киришган эди. Маҳаллий йигитларга ҳомийлик қилиб, улардан жаҳон савдо саноат бозорида ўз сўзини айта оладиган етук мутахассисларни тарбиялашга зимдан ҳаракат қиларди. Шу маънода бой Германияга фақат автомобиль олиб келиш учун бормаганди. У ҳатто Маккаи мунавварада улкан қурилиш бошлаб, турк мужоҳидларини қўллаб-қувватлашга ҳам каттагина маблағ йўллаган. Баъзи хотираларда эсланишича, Муҳаммад Аминбек (Мадаминбек қўрбоши) ҳақида эшитган Миркомилбой унга ўзи йиғган қуроллари жойини айтган ва маълум миқдорда пул ҳам берган. Хусусан, андижонлик тараққийпарвар Бурҳон Машрабийнинг 1923 йил 27 октябрь куни сўроқдаги гувоҳлиги ҳам юқоридаги фикрларимизни асослайди:

 

 

“1918 йил Туркистон Мухторияти нозири Обид Чатоқ Ҳусайн исмли турк офицери ва 60 нафар маҳаллий ёшни Миркомилбойнинг бир уйига жойлаштирган эди. Субай Ҳусайн Жигит ёшларга ҳарбий таълимдан дарс бера бошлайди. Уларнинг орасида кейинроқ Германияга ўқишга кетган Темурбек Қазбеков ҳам бўлган. Йигитлар Қўқонга йўлга чиқиш олдидан Туркистон Мухторияти ағдарилгани ва шаҳар бутунлай олов ичида қолгани ҳақидаги хабар етиб келади. Ҳусайн Субай йигитларни олиб тўғри истиқлолчилар ҳаракатига қўшилади. Айнан шу йигитлар 1923 йилгача Фарғона водийсида қизил армияга қарши курашнинг ўзаги бўлади. Субай Ҳусайн Жигит Маҳкамҳожининг йигитлари орасида ҳам юриб, уларни ҳарбий ўқувга тайёрлайди. Уларни моддий томондан Обид чатоқ, мафкуравий жиҳатдан эса Ҳасанхон ва Ҳусайнхон Ниёзийлар қўллаб турарди. Яширин йиғинлар ташкил этилиб, маҳаллий бойлар томонидан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинарди”. 

 

Хулоса сифатида ишонч билан айтиш мумкинки, Миркомилбой Мирмўминбоев Чор империяси даврида Туркистон минтақасидан етишиб чиққан илк саноатчи бойлардан бири ва айни пайтда миллий шуури юксак, миллатпарвар инсон бўлган. Бироқ, мустамлакачи тузум даврида ўта мураккаб шароитда фаолият олиб борди. 1902 йилдан бошлаб ҳали Фарғона (Скобелов), ҳали Марғилон, ҳали Тошкент шаҳарларида унинг савдо фаолиятига қарши ўнлаб суд ишларида ғалаба қозонди. Бу омадли, уддабурон ўзбек бойини Петроград, Москва шаҳарларида империянинг жуда қудратли кишилари ўзларининг рақиби деб билди. Туркистон ўлка махфий полицияси, маҳаллий Чор маъмурлари унинг ҳар қадамини кузатувга олди. Айни пайтда уларга ёлланган турли касбдаги махсус хуфялар билан бирга орамиздан чиққан хоинлар ҳам Миркомилбойнинг халқ орасидаги обрўсини йўқотиш учун жавлон уриб хизмат қилдилар. Қолаверса, Андижондаги савдо ҳамкорлари билан низо ва миш-мишлар яна авж олдирилди. У ҳарчанд ҳаракат қилмасин, вазиятни яхшилай олмади. Кетма-кет бир неча марта ҳибс ва терговлар бойнинг асабини тамом қилди. Ҳокимиятга куч билан келган большевиклар ниҳоят Миркомилбойни судсиз, сўроқсиз отиб ташлаб, бутун мол-мулкини ноқонуний тарзда талон-тарож қилди. Унинг ҳаётини, фаолиятини, маслагини ўрганарканмиз, тарихий адолатни қарор топтириш учун бугун олдимизда қандай вазифа турибди, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Аввало, айтиш керакки, миллат равнақи учун бир қадам ташлаган инсоннинг қадр-қимматини жойига қўйиш керак. Айтайлик, Миркомилбой коммунистлар ўйлаб топган туҳматларда айтилганидек, хасис бўлганида ҳам унинг совет ўғрилари томонидан тортиб олинган мулкларининг қонуний ҳуқуқини тиклаб қўйиш давлатнинг тарих олдидаги бурчидир.

 

 

Бугун Миркомилбой Мирмўминбой ўғли ва у каби бошқа маҳаллий бойларимизнинг қисматини тарихчилар томонидан махсус ўрганиш, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан холис баҳосини бериш лозим(Айни пайтда уларнинг турли мамлакатларидаги мулклари ва дунё банкларидаги миллий бойликларимизга нисбатан ҳам маълум даъво ҳуқуқи юзага келади). Шундагина ўтган асрда юз берган даҳшатларнинг ҳақиқий кўлами, қиёфаси, минтақани тарк этган миллионлаб муҳожирларнинг мудҳиш кечмиши янада ёрқинроқ намоён бўлади. Акс ҳолда, ҳали кўп йиллар Чор империяси бизга маданият, темир йўл олиб келди, советлар ижтимоий адолат ўрнатди, текин таълимни жорий этиб, халқни юз фоиз саводли қилди, каби қип-қизил ёлғонлар билан юраверишимиз мумкин.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

11:10 / 08.10.2025 0 15
Тафаккур карвонининг сарбони

Мафкура

18:10 / 02.10.2025 0 72
Аламим бор,,,





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 21912
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//